ПОЧЧАЛАРНИНГ ҲАММАСИДАН ҚУТИЛДИК


Толиб ЁҚУБ

 

Менинг учта: Марҳамат, Каромат ва Ўғилой исмли опаларим бўлган. Улар омадли бўлишган – бирининг, яъни, Марҳамат опамнинг, турмуш ўртоғи Аҳмаджон Сағди тарих фанлари номзоди бўлиб, аввал доцент, кейин профессор, маълум бир вақт тарих ва география факультети декани лавозимларида ишлаган. Поччам Аҳмаджон Сағди ва опам Марҳамат уч ўғил ва икки қизни дунёга келтирган ота-она бўлишди. Опаларимнинг ўртанчиси Кароматнинг турмуш ўртоғи Абдуғани Абдураҳим ўрта мактабнинг оддий ўқитувчиси бўлса-да, ўтакетган “бетгачопар” бўлиб, танқид масаласида ҳатто ўз отасини ҳам “аяб” ўтирмасди. Каромат опам ва Абдуғани поччам уч қиз ва олти ўғилни дунёга “совға” қилишди. Эр-у – хотин орасида жиддий бир фарқ мавжуд бўлиб, эр жисмоний “ишёқмас” эди – у эрталабдан кечгача турли газета ва журналларни ўқиб ўтиришни хуш кўрарди. Каромат опам эса деярли саводсиз аёл бўлиб, кетмон кўтариб далада у-бу нарса экиб, суғориб, парваришлаб юришдан бошқасига ярамас эди – деҳқончилик касби Каромат опамга отам мулла Ёқубдан “юққан” бўлиши мумкин.

1989 йилда қип-қизил коммунист Ислом Карим Ўзбекистон ССРга Москва томонидан бошлиқ этиб тайинлангандай, Ўғилой опам, ўзи билиб-билмай, қип-қизил коммунистга турмушга чиқди – у пайтларда очарчилик тез-тез “бош кўтариб” турган бўлса-да, расмий пропаганда [ташвиқот] тинимсиз, ҳар куни, ҳар сонияда: “СССР гуркираб ўсмоқда” дея халқ онгини бошқа томонга буриб юборишга ҳаракат қиларди. У пайтда коммунистлар жамиятнинг “бирлаштирувчи”, “жипслантирувчи” ва “етакчи” кучи – коммунистик партиянинг сўзи сўз, гапи гап эди. Коммунистик партияга аъзо бўлиш фахр ҳисобланарди – коммунистик партияга тўлақонли аъзо бўлиш учун талабгор коммунистик партия бошланғич ташкилоти раисига пора беришга ҳам тайёр эди. Тез орада И.Карим ўз партиясининг номидан воз кечди – у Ўзбекистон ССР коммунистик партиясининг номини “Ўзбекистон Республикаси Халқ Демократик Партияси” қилиб ўзгартирди. Партиянинг номи ўзгарди, холос – моҳият эса ўзгармади: ўша-ўша лўттибозлик, ёлғон ва кўзбўямачилик.

Лекин, ҳаёт бир текисда ўтавермайди, ижобий ёки салбий ўзгаришлар ҳам бўлиши мумкин. Шундай ўзгаришлардан бири ҳаж билан боғлиқ – коммунистлар гарчи Худосиз бўлсалар-да, ўзлари ҳам ҳажга борадиган бўлишди. Биз, ҳуқуқбонлар, ҳожи бўлишни эмас, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан овора бўлиб юраверибмиз. Бу – бизга қимматга тушди: қатағонлар кучайгандан кучаяверди – ҳар куни қува-қув, қоча-қоч, ушла-ушла, кимдир қамалган, кимдир калтакланган, кимдир эса қаттиқ қўрқитилган. Лекин коммунистлар ҳеч қандай тўсиқсиз Макка-ю Мадинага парвоз қилаверишди. 2006 йилда ўғлим Олим иккаламиз ҳажга эмас, Францияга чиқиб кетишга мажбур бўлдик. Мен 12 йил Ўзбекистонда бўлмадим, телефонни ҳисобга олмаганда, Ўзбекистон билан алоқамиз деярли тамоман узилди. Шу орада коммунист Эргаш поччам ҳажга бориб келибди – шундан бошлаб Эргаш поччамга одамлар: “Эргаш ака”, “Эргаш амаки” ёки “Эргаш тоға” эмас, “ҳожи ака”, “ҳожи амаки”, “ҳожи бобо” дея мурожаат қила бошлашибди. “Зўр-да, шундай эмасми?” Шундай! Шундай бўлган-да, қандоқ? Э-э-э, нима қиласиз, мени қийнаб? Зўр дедим-ку, ахир!

Эргаш поччамнинг ўлимидан бир кун илгари мен уни кўргани аввал касалхонага, кейин уйига бордим. Поччам касалхонанинг реанимация бўлимида ётган экан – табиий, реанимация бўлимига ҳеч ким киритилмайди. Ўша кечаси духтурлар поччамни уйига жўнатиб юборишибди – улар ўлим яқин эканини билишган бўлса керак. Касалхонадан мен поччамнинг уйига йўл олдим – поччам ўта оғир ахволда экан. Кўнглини кўтариш мақсадида, ҳазиллашдим: “Почча, одамлар ҳажга бир марта эмас, такрор ва такрор боришади. Сиз ҳажга энди бир марта борибсиз, ҳали олдингизда қанчадан-қанча ҳажлар турибди. Бардам бўлинг”. Бугун, 2019 йил 2 июнь “ фотиҳа куни” бўлганлиги сабабли почамнинг ҳовлисига ҳамма қатори мен ҳам бордим. Одам – қийғоч, ҳаммаси қорин қўйган, оҳиста-оҳиста қадам ташлашмоқда, ўй-ҳаёл иссиқ чой ва мазали овқатда – билиниб турибди. Менга кўзи тушгандан, Ўғилой опамнинг ягона ўғли Ғулом пиққиллаб йиғлай бошлади. Мен унга дарров раваллиқлик диний уламо мулла Аҳмаджон домланинг гапларини эслатдим – у муборак зот ўлим билан боғлиқ тадбирларда одамларни йиғламасликга чақирар, йиғлаш Худо амрига исъён эканини эслатар, “кўзингиз эмас, фақат қалбингиз йиғласин” дер эдилар. Бу тарихни биринчи марта эшитган жияним Ғулом дарҳол йиғлашдан тўхтади.

Бугун, яъни, 2019 йил 1 июнь куни, Раваллиқ ва Тоқчилиқ қишлоғларимиз аҳли ҳам коммунист, ҳам ҳожи бўлган энг кичик поччам Эргаш Сиддиқни қабрга қўйиб келди. Ҳам коммунист, ҳам ҳожи 91 ёшда оламдан ўтди. Тумонат одам – юриб бўлмайди. Бунинг устига имом жаноза номозини ўқиётганда сим-сим ёмғир ёғворди – лекин ҳеч ким тарқаб кетмади. Шуниси қизиқ. Қизиқлиги шунда-ки, ҳам коммунист, ҳам ҳожининг вафотидан об-ҳаво ҳам изтироб чекди, шекилли, сим-сим “йиғлаб” юборди. Эргаш Сиддиқ СССР даврида Ислом Карим каби қип-қизил коммунист эди. Мен Францияда яшаб юрганимда, яъни, 2006 йилдан кейин, поччам ҳажга бориб келибди. Ундан олдин, 1990 йилда, СССР 15 бўлакга ажраб кетганда, поччам коммунистик партияга аъзолигини тасдиқловчи ҳужжатини: “СССР қайтадан тикланади, ўшанда сен менга яна хизмат қилаверасан” дея сандиққа солиб қўйганини менга шахсан ўзи айтган эди.

Коммунистик эътиқод – кучли эътиқод. Унга марксизм-ленинизм асосчилари К.Маркс, Ф.Энгельс, В.Ленин ва И.Сталин сўзсиз ишонишган – ана шу ишонч Россия империясида миллионлаб инсонларни отиб ўлдиришга, узоқ Сибирь сарҳадлари ва Қозоғистон чўлларига сургун қилишга ҳамда сунъий очарчилик ташкил этишга олиб борган. Коммунистик эътиқод – наркотик, у ҳатто демократия йўлини танлаган сиёсатчиларни ҳам “заҳарлайди”. Битта мисол: 1988 йил. “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ)нинг митинглари Ўзбекистонни зилзиладай титратиб турибди. Тошкент шаҳар, Куйбишев туман коммунистик партиясининг бюроси БХҲ раҳбари Абдураҳим Пўлатни партия сафидан ўчириб юборгани ҳақидаги маълумот яшин тезлигида тарқалди. А.Пўлат талвасага тушиб қолди ва ўз сафдошларини Куйбишев туман коммунистик партиясининг бюроси биноси олдида норозилик митингида қатнашишларини қатъиян талаб қилди. Ваҳолан-ки, бошқа бир бирликчи – шоира Гулчеҳра Нурулла компартия билетини намойишкорона ёқиб юборган эди.

Поччаларим Аҳмаджон Сағди, Абдуғани Абдураҳим ва Эргаш Сиддиқ бирин-кетин оламдан ўтишди – уларнинг аёллари, яъни, менинг опаларим, мос равишда, Марҳамат, Каромат ва Ўғилой ҳам алла қачон оламдан ўтишган – поччам Аҳмаджон Сағди ва опам Марҳамат Тошкент шаҳридаги қабристонларнинг бирида ёнма-ён қабрда ётишибди – улардан 2 қиз, 3 ўғил, иккинчи поччам Абдуғани Абдураҳим ва опам Кароматдан 3 қиз, 6 ўғил қолди – эр-хотин Тоқчилиқ қишлоғи қабристонида ерга берилган, ва, ниҳоят, учинчи поччам Эргаш Сиддиқ ва опам Ўғилой 8 қиз ва бир ўғилнинг ота-онаси бўлишди – бугундан бошлаб эр-хотин Раваллиқ қишлоғи қабристонида ёнма-ён қабрларда ётишади.

КОММУНИСТИК ЭЪТИҚОД

Коммунистик ва диний эътиқодлар бир-биридан “иссиқ ва совуқ”, “плюс ва минус”, “чиройли ва хунук” каби диаметрал фарқ қилади. Коммунистик ва диний эътиқодлар антиподлардир. 90-чи йиллар бошида, Михаил Горбачёв советлар сиёсатини бироз юмшатганда, баъзи тадқиқодчиларга ВЧК (КГБ) архивлари ўз эшигини очишди – шу тадқиқотчилардан бири, ҳарбий тарихчи, генерал Волкогонов В.Лениннинг сир сақланган мақолалари, брошюралари, телеграммалари ва китоблари билан батафсил танишади. Унинг ёзишича, В.Ленин жўнатган телеграммаларнинг ҳар бирида битта: “отиб ташлансин!” жумласи ишлатилган. Кимларни отиб ташлаш буюрилган? Жавоб: Россия империяси ҳудудларида советларга қарши бўлган ҳар қандай унсур – ўзига тўқ деҳқонлар, православ ва мусулмон диндорлар, советларга қарши курашаётган “оқ”лар ва “қизил”лар шулар жумласидандир.

Коммунистик эътиқод ўз вақтида шу қадар инсонни ақлдан оздирган-ки, 2-чи жаҳон уруши пайтида немислар амбразураси ўқ ёғдириб турганда, совет аскарлари ўз командирларига: “урушда ўлсам, мени коммунистик партия аъзоси сафига ёзиб қўйишингизни, коммунист дея ҳисоблашингизни илтимос қиламан” деган ёзув қолдиришган.Улар шу ғоя билан урушга киришган, шу ғоя ортидан ўлим топишган, ҳеч бўлмаса тарихда изимиз – ҳайкалимиз, суратимиз ёки портретимиз қолади, дея ўйлашган. Марказий Осиё (МО)га ўрислар томонидан олиб кирилган коммунистик ғоя ўта юқумли касаллик сифатида Ўзбекистонгача етиб келди ва аҳолининг катта бир қисмини заҳарлади.

ДИНИЙ ЭЪТИҚОД

Бошида, мусулмон диндорлар мазкур касалликга қарши жиҳод уюштиришди, бироқ ўрислар уларга “босмачи” дея ном қўйишди – натижада МОда қуролли қирғин бошланди. Қуролли қирғин 30-чи йилларнинг ўртасигача давом этди. Ўзбеклар ва МОнинг бошқа халқлари табиатига тамоман ёт бўлган коммунистик ғоя моҳиятини мазкур халқлар тўлиқ тушуниб етмадилар ва унинг ортидан кўр-кўрона эргашдилар. Мазкур кўр-кўрона эргашиш 2-чи жаҳон уруши пайтида юзминглаб марказий осиёликлар умрига зомин бўлди. Республикани жиззахлик Шароф РАШИД бошқарганда ҳам, самарқандлик Ислом Карим бошқарганда ҳам коммунистик ғоя жамият ҳаётидан нари кетган эмас – у фақат туси ва номини ўзгартириб турди, холос.

Қуйидаги шеър қоракўллик Юсуф Жуманинг қаламига мансуб. Ажойиб шеър! Юсуф Жума ўз “қаҳрамони” юз-у-кўзи, афт-у-башарасини аямасдан очиб ташлайди – у коммунистни ўз номи билан коммунист, ҳожини эса ўз номи билан ҳожи, дейди. Айни пайтда, Юсуф Жума “коммунист” ва “ҳожи” бир-биридан фарқ қилмаслигини уқтиради.

Қойил! Мaнaви тождор –
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.
Мeнинг бир устозим бор:
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.

 

Тонгдa Мaсковнинг гaрдин
Билгaн Каъбa, гултожи.
Туш пaйти ҳaжгa борди,
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.

 

Худосиз художўйдир,
Гўё миллaт ривожи.
Ҳaм бўридир, ҳaм кўрдир,
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.

 

Тилим тилингaн, ночор,
Шеърдир ёлғиз иложи.
Юсуф – осий гуноҳкор,
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.

 

(Тамом) 1 июнь, 2019 йил;

 

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

 

Advertisements

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s