ТУРКМАНИСТОН ПРЕЗИДЕНТИ ЎЗИНИНГ ОТИ ҲАҚИДА АШУЛА КУЙЛАДИ


Толиб ЁҚУБ

http://miniprox.org/browse.php?u=aRS%2FCPmDE1fZL8%2BXHXM%2FeCZLgO48iOsbB3A5SBcmontZPmg%3D&b=5

Yoki: https://www.youtube.com/watch?v=OxBiM6T2Aps

Юқоридаги линкда шу қўшиқ видеотасвири келтирилган – линк “Озодлик” радиоси рус хизмати сайтида 2019 йил 29 апрель куни нашр этилган.

Каждый сходит с ума по своему

(русская народная пословица)

Ҳар ким ўзича ақлдан озади

(рус халқ мақоли)

Тоталитар СССР парчалангач, Марказий Осиё [МО] ҳудудида бир нечта миллий авторитар давлатлар вужудга келди. МОда “Ўзбекистон”, “Қозоғистон”, “Қирғизистон” ва “Туркманистон” номи остида тўртта туркийзабон ҳамда “Тожикистон” номи остида ягона форсийзабон давлат шаклланди– уларнинг ҳар бири ўзининг миллий хусусиятига эга эди. Қирғизистондан бошқа МОдаги барча мамлакатларда давлат бошига қип-қизил автократ президентлар келган бўлса-да, шу маънода ҳам қардош туркман халқига омад кулиб боқмади. Туркманлар фақат халқлар онгида советларча зеҳният [менталитет]нинг шаклланиши бобида “илғорлик” қилишди – сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий зулмга чидамлилик, давлат бошлиғини илоҳ даражасида улуғлаш, советлар типидаги оммавий ахборот воситаси [ОАВ]га кўр-кўрона ишониш ва бошқалар шулар жумласидандир.

Қип-қизил коммунист Ислом Карим 1989 йилда Москва томонидан Ўзбекистон ССР [совет социалистик республикаси]га бошлиқ этиб тайинланганда “Бирлик” Халқ Ҳаракати [БХҲ] сиёсий мухолиф ташкилотининг митинглари республикани зилзиладай титратиб турган, худди шундай, шаклан бошқачароқ, ижтимоий-сиёсий жараёнлар Қозоғистон, Тожикистон ва Қирғизистонда шиддат билан ўтаётган пайтда Туркманистонда жим-житлик ҳукм сурарди. Туркманистоннинг 1-чи президенти қип-қизил коммунист Сапармырат Нияз автократиклик бобида И.Каримдан ўтса ўтарди-ки, асло ортда қолмас эди – уларнинг иккаласи ҳам В.Ленин ва И.Сталин томонидан “ясалган” [“қурилган”] коммунистик уяда туғилиб ўсган, полопон бўлгач эса Москва томонидан бошқача ном остида ўз уяларини яратиш учун уларнинг бирини Тошкентга, иккинчисини эса Ашгабатга “учирилди”.

Туркманистон ва Ўзбекистон президентлари С.Нияз ҳамда И. Карим ўз мамлакатларини барча соҳаларда демократик ривожланиш йўлига бурган Литва, Латвия ёки Эстониядек давлатлар президентлари каби оддийгина президентлар эмас – улар демократик ривожланиш йўлига тупурган бўлса-да, бироқ китоб ёзадиган давлат бошлиқлари эди. С.Нияз “Руҳнома” номли ягона китоб ёзган бўлса, И.Карим ёзган китоблар сони 20 (йигирма)дан ошиб кетди. Икки “олим” президентлар китоблари негадир ўрта мактаблар юқори синфлари, коллеж, лицей ва олий ўқув юртларида мажбуран ўқитиладиган ҳамда имтиҳонлар топшириладиган бўлди. Бир томондан қарасангтз С.Нияз ва И.Карим ҳасан-ҳусандай бир-бирига ўхшаш бўлса, иккинчи томондан қарасангиз улар бир-бирига мутлақ ўхшамас эди. С.Нияз ўз юртида ўзига олтин “суви” юритилган юзлаб ҳайкал ва ҳайкалчалар ўрнаттирди – бу С.Ниязнинг ўзига хос ақлдан озиши эди, И.Карим эса ҳали ақлдан озмаган пайти бўлиб, у ўзига ҳайкал қуришни таъқиқлаб қўйди. Бу ниманинг белгиси? Ўзбекистон президентининг бу қадами нимани англатади?

Маълум-ки, ислом дини одамнинг расмини чизишни, ёки унга ҳайкал ўрнатишни маън қилади. Фикримча, Ўзбекистон муфтийси, И.Карим даврида арзанда бўлган Муҳаммадсодиқ Муҳаммадюсуф ҳазратлари онда-сонда президент билан учрашиб сўҳбатлашиб турган. Яна бир нарса маълум-ки, советлар даврида И.Карим ҳам, С.Нияз ҳам қип-қизил атеист [даҳрий, яъни, худосиз] бўлишган – чунки улар туғилиб-ўсган СССР давлати айнан атеизмга асосланган тоталитар мамлакат эди. Назаримда, И.Карим ва муфтий ҳазратлари бир сўҳбатда шу масалани, яъни, инсонга, хусусан давлат раҳбарига ҳайкал ўрнатиш мумкинми-йўқми деган масалани муҳокама қилишган – муфтий ҳазратлари давлат бошлиғига инсонга ҳайкал ўрнатиш гуноҳи-азим бўлишини Қуръони-карим сураларининг оятлари асосида, ишонарли қилиб, астойдил, тушунтирган бўлиши мумкин. Туркманистонда М.Муҳаммадюсуф ҳазратлари даражасидаги, президентга ҳаётда ҳам, сиёсатда ҳам нима ҳалол, нима ҳаром эканлигини тушунтирадиган диний уламо бўлмаган – диний таълим олишни орзу қилган яккам-дуккам туркманлар эса Бухоро ёки Самарқандга йўл олишган. Шунинг учун ҳам бўлса керак, Туркманистонда воқеалар драматик [фожеавий] тус олди – негадир С.Нияз бир кечада тўсатда ўлиб қолди.

Баъзи конспиролог [ўта мавҳум воқеалар содир бўлиши сабабларини ўрганувчи мутахассис]ларнинг иддао қилишича, С.Ниязни унинг дантист [тиш духтир]и Гурбангули Бердимуҳаммад, аввал президент тансоқчилари бошлиғи билан келишган ҳолда, заҳарлаб ўлдиради ва зудлик билан “сайлов” уюштириб президент лавозимини эгаллайди. Туркманистон нефть ва газ конлари заҳираси бўйича МОда энг бой мамлакат ҳисобланади. Демократик [Швеция, Франция, Норвегия, АҚШ, Буюкбритания, Япония ва бошқа] давлатларда мамлакатнинг табиий бойликлари биринчи навбатда жамият фаровонлигини оширишга сарфланади, президент ёки бош вазир эса ҳар йили табиий бойликлар қандай мақсадлар йўлида сарфлангани ҳақида парламент депутатлари [халқ вакиллари] олдида ҳисобот беради. И.Карим Ўзбекистонни 27 йил, С.Нияз Туркманистонни 16,5 йил, Г.Бердимуҳаммад эса 12 йил бошқаришди. Туркманистоннинг 2-чи президенти мамлакатни ҳанузгача бошқармоқда.

САВОЛ: улар ўз мамлакатлари халқ вакиллари олдида табиий бойликларни [мас., Хитой ва бошқа яқин-узоқ давлатларга] сотишдан тушган пуллар қандай мақсадлар учун сарфлангани ҳақида ҳисобот беришдими? ЖАВОБ: Бир марта ҳам ҳисобот бепришган эмас! Битта масалада, яъни, табиий бойликлар [нефть, газ, олтин, кумуш, уран ва ҳоказо]ни сотишдан тушган пуллар кимларнинг ҳамёнига бориб тушди, деган масалада жавоб АНИҚ: Ўзбекистонда ўша пуллар И.Каримнинг қизлари ҳамёнига бориб тушди, Туркманистонда эса … э-э-э, кечирасиз, Ўзбекистондагидек Туркманистонда Бош прокуратура томонидан тергов жараёни ўтказилганми-йўқми – буни билмайман. Орқаворотдан эшитишимча, бундай тергов Туркманистонда ўтказилмаган, яъни, ёпилди қозон ёпиқлигича қолаверган. Политология [сиёсатшунослик] фанида сиёсий тузумнинг авторитарлик [ёки тоталитарлик] даражаси тушунчаси мавжудлиги айтилади. Демак, шундан келиб чиқилса, Туркманистон Ўзбекистонга нисбатан “авторитарроқ” давлат эканлиги кўринади.

Бўйеган невараси бўлса-да, Гурбангули Бердимуҳаммад келишган, ғайратли ва мақтовни ёқтирадиган йигит – у отда чопишни, велосипед минишни, ҳар куни эрталаб вазирлар қатор туриб, навбатма-навбат унинг олдига келиб қўлини ўпишларини хуш кўради. Бу ҳам ўзига хос ақлдан озиш ҳисобланса-да – қизиғи, туркманлар Г.Бердимуҳаммаднинг И.Карим 1993 йилда, президент саройида, Олий Мажлис спикери Шавкат Йўлдошни орқа [думба]сига тепиб қувиб урганига ўхшаш ўзига хос “қилиқлари”га ўрганиб қолишган. Г.Бердимуҳаммад ҳамма соҳа [спорт, мусиқа, бирорта ҳам одам яшамайдиган кўпқаватли иморатлар қуриш, табиий бойликларни чет элларга сотишдан тушадиган маблағларни ўзлаштириш ва ҳ.]да илғор бўлишни ёқтиради. Тарихчиларнинг айтишича, Амир Темур ўз олдида лаганбардорлик қилаётган мулозимни ўлгудек ёмон кўрар, баъзида эса жаллодга унинг калласини танасидан жудо қилишга буюрар экан. Табиий, Г.Бердимуҳаммад Амир Темурнинг тукига ҳам арзимайди, лекин у Амир Темур замонида унинг мулозими бўлиб, Амирнинг қўлини эрталаб ҳар куни эмас, бир марта ўпишга ҳаракат қилса ҳам [“ўрганган кўнгил ўртанса қўймас” (ўзбек халқи мақоли)], ўша заҳотиёқ Амир жаллодга унинг танасини калласидан енгиллатишга буйруқ берган бўларди.

И.Карим мулозимлар ўзининг олдига навбатма-навбат келишиб, ҳар куни эрталаб қўлини ўпишлари одатини ҳаётга жорий этмади. Туркманистоннинг ўл[дирил]ган президенти ҳам ўз мамлакатида мазкур одатни ҳаётга тадбиқ этмади. Бундан, демак, президент Г.Бердимуҳаммад И.Каримдан ҳам, С.Нияздан ҳам авторитарроқ давлат раҳбари эканлиги аён бўлади. Ўзбеклар И.Карим даврида президентга ёлчимагани каби туркманлар С.Нияз даврида ҳам, Г.Бердимуҳаммад пайтида ҳам президентга ёлчимади. И.Карим 2016 йил августи охирида, Бразилиянинг Рио де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган олимпиада ўйинларидан олтин, кумуш ва бронза медаллари билан қайтган ўзбекистонлик спортчилар билан бўлган учрашувда бўкиб ичмаганда ва ўша йил 2-чи сентябрида ўлмаганда, ўзбеклар ҳанузгача президентга ёлчимасликда давом этаверишар эди.

Ўзига хос ақлдан озиш масаласида Г. Бердимуҳаммад “олдига тушадиган” дунёда президент топилмаса керак. Мана, ўзигиз ўйлаб кўринг: президент маошидан воз кечган, президент яшаши лозим бўлган ҳашаматли бинода эмас, Монтевидео [Уругвай давлати пойтахти] шаҳри яқинида жойлашган кўримсизгина қишлоқда яшайдиган, ХХ-асрнинг 30-чи йилларида Германиянинг Фолксваген заводида ишлабчиқарилган, эркалаб “Қўнғиз” дея аталган жажжигина машина миниб юрадиган, қудуқдан сувни уйига ўзи ташийдиган Уругвай давлати президенти Хосе-Марио Мухико ҳам Г.Бердимуҳаммад олдида “ип еча олмаса” керак. Уям президент, буям президент – бири ўзига хос ақлдан озишдан ҳазар қилса, иккинчиси эса ўзининг оти ҳақида ашула айтишдан мазза қилади. Бирининг менталитети [зеҳнияти] соф автократик, яъни, инсонни инсон ўрнида кўрмаслик, халқни менсимаслик, мамлакат табиий бойликларини чет элларга сотишдан тушган пулларни ўзлаштириш йўли билан фақат бойлик орттириш, иккинчисининг менталитети [зеҳнияти] эса соф демократик, яъни, инсонпарварлик ва халқпарварлик, жамиятга имкон қадар кўпроқ эркинлик бериш орқали мамлакатда ҳартомонлама [сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий] ўсишни таъминлаш томонга йўналган эканлигини англаш мумкин.

Мақола охирида мен муҳтарам ўқувчини эринмасдан юқорида келтирилган линкни очиб, Туркманистон президенти невараси бобосининг оти [от байталми ёки уюрми – менга номаълум] ҳақида басталаган куйини бобоси билан бирга ижро этганини тамошо этишга чақираман. Мазза қиласиз. Президент бўлишга ҳавас уйғонади. Ҳаракатни ҳам бошлашингиз мумкиндир, балки. Энг қизиғи, сиз Туркманистон президенти мисолида ким қандай ўзича ақлдан озишини билиб оласиз.

(Тамом) 2019 йил, 30 апрель;

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

 

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s