БОЛАЛАР МЕҲНАТИ


Толиб ЁҚУБ

МАЖБУРИЙ МЕҲНАТ ва БОЛАЛАР МЕҲНАТИ ҲАҚИДА

Айни кунларда ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар, журналистлар ва хорижда яшаётган ватандошларимиз бир масалада, бир-бирига тескари фикрдаги икки гуруҳга бўлиниб олиб, жиққа-мушт бўлиб, бир-бири билан “ҳаёт-мамот жанги”ни олиб боришмоқда. Масала даққиюнусдан қолган болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга бўлган муносабатдан иборат бўлиб, у ўзбекларга советлар давридан мерос этиб қолдирилган. Ўзбекистонда илгари ҳам, ҳозир ҳам инсон ҳуқуқлари оммавий равишда паймол қилинаётгани сабабли АҚШ маъмурияти ўзбек пахтасига бойкот эълон қилибди. Ҳозир, юқорида айтилганидек, ўзбекистонлик ҳуқуқбонлар, журналистлар ва хорижда яшаётган ватандошларимизнинг ярми [бир қисми]: “Ўзбекистонда, янги президент Шавкат Мирзиё даврида, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат ҳамон давом этмоқда”, иккинчи ярми [иккинчи қисми] эса: “Йўқ, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат масаласи янги президент Шавкат Мирзиё даврида ижобий ҳал қилинган – у 2018 йилга пахта йиғим-терими пайтида кузилмади, Халқаро Меҳнат Ташкилоти (ХМТ) волонтёр [кўнгилли]лари пахта далаларида юришди, мактаб, коллеж, лицей, олий ўқув юртлари ва тиббиёт муассасаларига бориб текширишди” дейишмоқда.

Биринчи гуруҳда машҳур ҳуқуқбон Елена Урлаева ва журналист Малоҳат Эшонқул ўта фаоллик кўрсатишмоқда. Шу масалада мен ўз позициямни ёритишга аҳд қилдим ва болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат тарихига бир назар ташладим. Позициямни шартли равишда АВВАЛ ва ҲОЗИР сўзлари билан белгиладим. Шундай қилиб:

АВВАЛ

Яхши эсимда: мен 1958 йилда Низомий номли Тошкент давлат педагогика институти математика факультетида ўқий бошладим. Ўша пайтда, ҳар йили сентябрь ойи ўрталарида, Тошкентдаги барча олий ўқув юртлари ёпилиб, уларнинг студент ва ўқитувчилари пахта йиғим-теримига сафарбар этиларди. Кўзингиз олдига келтиринг: студент ва ўқитувчилар минган автобуслар колоннаси Тошкентдан пахтакор вилоятлар томон йўл олган, олдинги пешқадам автобус қаншарига қизил байроқ ўрнатилган, ҳар бир автобус биқинига ватанпарварлик руҳида ёзилган шиорлар илинган, охирги автобусга эса студентларнинг кўрпа-тўшаклари ортилган – ҳамма автобусларда рўбоб, дойра чалинган ҳолда ўйин-кулгу, қийқириқ ва шодиёналик ҳукм сурмоқда! Бу – советлар давридаги гап – аҳолини лақиллатиш бобида советлар пропагандаси [ташвиқоти] ўта кучли эди.

Мазкур мерос 1989 йил 23 июньда Москва [СССР коммунистик партияси Марказий Қўмитаси (МҚ)] томонидан илгари Қашқадарё вилояти коммунистик партияси 1-чи котиби лавозимида ишлаган қип-қизил коммунист Ислом Карим Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси [ЎзССР] коммунистик партияси МҚга 1-чи котиб этиб тайинлангандан кейин бир неча баробар “кучайди”. “Кучайди” сўзи қўштирноқ ичига олинганини тушунтираман: советлар даврида, пахта терими пайтида, студент ва ўқитувчилар яшайдиган шийпон-бараклар санитария ва гигиена талабларига жавоб бермаса-да, уларда пишиқ ва қалин тахталардан ясалган икки қаватли нар бўлиб, унинг юқори қаватида ўғил болалар, пастки қаватида эса қизлар ётишарди. Шийпон-барак 100 кишига мўлжалланган бўлиб, унинг ичидаги кичик бир хонада икки эркак ўқитувчи темир кроват ёки раскладушка устига ўзига жой тўшарди [советлар даврида аёл ўқитувчилар пахта йиғим-теримига жалб қилинмас эди].

Пахта йиғим-терими арафасида ҳар бир колхоз ёки совхоз маъмурияти студент ва ўқитувчилар жойлашадиган шийпон-баракларда овқат пишириш учун улкан дош-қозонлар, темир ўчоқлар, челак-пақирлар, етарлича ўтин-чўп, йигит ва қизлар учун алоҳида-алоҳида ҳожатхоналар тайёрлаб қўйишга мажбур эди. Ҳар бир колхоз ёки совхоз маъмурияти ҳашарчи ёшларни жойлаштириш учун етарлича жиҳозланган бир нечта шийпон-баракни тайёрлаб қўяр, ҳашарчиларни озиқ-овқат билан таъминлаш учун махсус экспедиторлар командасини тузар эди. Экспедиторлар ҳар куни, канда қилмасдан, шийпон-баракларга гўшт, ёғ, картошка, пиёз, сабзи, гуруч, макарон ва чойни ўз вақтида етказиб беришар, студентлар орасидан танланган, ошпазлик санъатини эгаллаган ёш [асосан қиз]лар эса енг шимариб камида 100 ҳашарчига овқат тайёрлашга тушиб кетишарди. Совет байрамлари кунлари пахта йиғим-терими пайтига тўғри келса, сўзсиз, ўша кунлари шийпон-баракларда ош [палов] дамланар эди. Мазкур минимал қулайликлардан ташқари студент ва ўқувчилар терган пахтаси учун мўмайгина пул олишар ва ишлаб топган пулига орзу қилиб юрган нарсасини сотиб олишар эди.

Мен бу гапларни нечун ёзмоқдаман? Совет тоталитар сиёсий тузумини мақташ, уни осмону-фалакга кўтариш, муҳтарам ўқувчини лақиллатиш учунми? Йўқ! Яна бир марта йўқ! Советлар тоталитар сиёсий тузуми ўта аксилинсон ва аксилхалқ сиёсий тузум эди – мен буни, 2-чи жаҳон уруши тугаб “омон-омон” кунлар бошланган йиллар, мен, 6-7 ёшли болакай, ухламай, ота-она ва опаларим олдида ўтириб, кечаси билан кўсак чувиганимни яхши эслайман: ҳамма ёқни ярим метр қалинликда қор босган ўша пайтда, декабрь ойи тугаши арафасида, колхозимиз далаларида кўсак юлиш кампанияси бошланарди; ҳар куни кечга томон четан тикилган от аравада ҳар бир хонадонга бир арава кўсак ағдариб кетишарди; хонадон бир арава кўсакни ухламасдан, тонгга қадар, чувиш [кўсакдан пахтани ажратиш]га мажбур эди; биз, болалар ҳам, ота-онамиз ёнида ўтириб тонггача кўсак чувирдик.

Мен юқорида: Мазкур мерос 1989 йил 23 июньда Москва [СССР коммунистик партияси Марказий Қўмитаси (МҚ)] томонидан, илгари Қашқадарё вилояти коммунистик партияси 1-чи котиби лавозимида ишлаган, қип-қизил коммунист Ислом Карим Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси [ЎзССР] коммунистик партияси МҚга 1-чи котиб этиб тайинлангандан кейин бир неча баробар “кучайди”, деб ёзган эдим. И.Карим даврида пахта йиғим-терими соҳасида бирор ижобий ўзгариш юз бердими? Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга барҳам берилдими? Пахтани қўл билан эмас, АҚШдагидек машина ёрдамида теришга ўтилдими? Мазкур учта саволга битта сўз билан жавоб бериш мумкин, холос: ЙЎҚ! У советлар даврида жорий этилган ва моҳиятан текин ишчикучи, яъни, студент ва мактаб ўқувчилари меҳнатига асосланган пахта йиғим-теримини ташкил этишда ҳашарчиларга совет давридагидек минимал қулайликлар: шийпон-бараклар қуриш, озиқ-овқат билан таъминлаш, терган пахтасига муносиб ҳақ тўлашни йўлга қўйдими? ЙЎҚ! У борини ҳам йўқ қилди! Овқатни қўятуринг, пахта даласидан чарчаб чиққан болалар ва катталар 1-2 соат дам оладиган, минимал жиҳозланган дала шийпонлари қаровсиз қолдирилгани сабабли оч-юпун халқ уларни бузиб охирги михигача ташиб кетди.

Оддий халқни қишлоқ хўжалигида қулдай ишлатиш ғояси ашаддий коммунист Владимир Ульянов [лақаби “Ленин”] томонидан илгари сурилган – у 1917 йил октябрида Россия империясида давлат тўнтариши уюштириб ҳокимиятни эгаллайди ва ўзининг 1-чи декрети билан Россияда хусусий мулкга эга бўлишни таъқиқлайди. Ўша пайтда Россияда хусусий ерга эга бўлган 2,5 миллион деҳқон хўжалиги [крестьянское хозяйство] фаолият юритиб турган – бу хўжаликлар етиштирган бўғдой ва бошқа донли экинлар маҳсулоти деярли барча Европа давлатларига экспорт қилинган. В.Ульяновнинг 1-чи декрети кучга киргач, советлар Россиясида негадир очарчилик бошланади ва у тез орада фуқаровий уруш [гражданская война]ни келтириб чиқаради – миллионлаб инсонлар урушда ўлдирилади, миллионлаб одамлар очарчилик туфайли ҳаётдан кўз юмади, миллионлаб фуқаролар эса чет элларга қочишга мажбур бўлади.

Хусусий мулкни инкор этувчи коммунизм ғоясини яратган германиялик Карл Маркснинг “Капитал” асарини Швейцария кутубхоналарида астойдил ўқиб ўрганган В.Ульянов аҳолини хусусий мулкга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этиш тубдан хато эканини кеч бўлса-да тушуниб етади ва ўзининг бошқа декрети билан 1-чи декретни бекор қилади ҳамда ўзининг “Янги иқтисодий сиёсат” [Новая экономическая политика (НЭП)]ини эълон қилади – советлар Россиясида очарчилик ҳам, фуқаровий уруш ҳам тўхтайди. В.Ульянов отиб ўлдирилгач, ҳокимияни унинг кўпйиллик сафдоши Иосиф Жугашвили [лақаби “Сталин”] эгаллайди. В.Ульянов кеч бўлса-да инсонларнинг хусусий мулкга эга бўлиш ҳуқуқи иқтисоднинг баркамол ривожланишининг асоси эканини тушуниб етади, бироқ В.Ульяновнинг “ўнг қўли” ҳисобланган, гуржи миллатига мансуб бўлган, И.Жугашвили, К.Маркс каби, инсонларнинг хусусий мулкга, айниқса хусусий ерга, эга бўлиш ҳуқуқига тиш-тирноғи билан қарши бўлади. У 30-чи йиллар бошида СССРда, қишлоқ хўжалигида, “коллективлаштириш [колхоз – “коллективное хозяйство – жамоавий хўжалик] сиёсати”ни: ер – давлат мулки эканлиги, деҳқонга шахсий мулк сифатида томорқа ер берилиши мумкинлиги ва у ҳар куни, дам олиш кунисиз, камида 8 (саккиз) соат колхоз далаларида меҳнат қилишга мажбурлиги эълон қилади.

Гарчи СССР коммунизмнинг дастлабки (биринчи) фазаси социализмни бошидан кечираётган бўлса-да, мазкур сиёсат уни ўрта асрлар феодал тузумига қайтарди – колхоз раиси феодал, колхозчи унинг қароли (қули)га айланди. Мен студент бўлган 1958-63 йилларда Н.С.Хрушчёв КПСС Марказий Қўмитасининг Бош Котиби лавозимида ишларди, яъни, бошқача айтганда СССРни бошқарар эди. У СССР раҳбарлари орасида биринчи марта қонхўр диктатор И.Сталин шахсига сиёсий баҳо берди – Н.Хрушчёв уни шахсга сиғиниш [поклонение к личности]да айблади, бироқ у юзминглаб инсонларни қатл эттирганини четлаб ўтди. Н.Хрушчёвнинг бу қадами СССРда И.Сталин шахсига нисбатан қарама-қарши муносабатларни келтириб чиқарди. Мас., баъзилар И.Сталинни очиқдан-очиқ “қотил” деган бўлса, баъзилар эса: “Ҳа, шахсга сиғиниш бўлган, бироқ ШАХС ҳам бўлган” [Да, поклонение к личности было, но была и ЛИЧНОСТЬ] дейишди.

И.Сталин ўлганда И.Карим 15 ёшли ўспирин йигитча бўлган. У вояга етиб Ўзбекистон ССРда биринчи раҳбарлик лавозимига тайинлангач, давлат идораларида ишлашни хуш кўрган ва коммунистик ғояга содиқ қолган фуқаролар учун ташкил этилган марксизм-ленинизм институтини аъло баҳолар билан битиради, марксизм ва ленинизм ғояларини астойдил ўрганади, марксизм ва ленинизм классиклари асарларини синчковлик билан ўқийди. И.Карим бошдан-бош русзабон “ўзбек” бўлгани сабабли ўқиган, ўрганган ва ўзлаштирган ҳамма асарлари рус тилида бўлган. Унинг иккала хотини ҳам рус миллатига мансуб бўлгани 1989 йилда Москва томонидан уни ЎзССР коммунистик партияси Марказий Қўмитасининг 1-чи котиби, яъни, республика раҳбари лавозимига тайинланишида асосий рольлардан бирини ўйнади. У шунинг учун ҳам Ўзбекистонда узоқ йиллар И.Сталин чизиб берган коллективлаштириш йўли, яъни, советлар типидаги “колхоз” ва “совхоз” [советское хозяйство – совет хўжалиги]ни сақлаб турди – “колхоз” ва “совхоз” қулликга асосланган феодал сиёсий тузум бўлгани учун, табиий.

ХХ-аср 30-чи йиллари бошидан ХХI-аср бошигача советлар “колхоз” ва “совхоз” сиёсий ва иқтисодий тузуми шароитига ўрганиб қолган [адаптация бўлган] ўзбек деҳқони бошида И.Карим “ўйлаб топган” “фермер хўжалиги” деган иборани тушунмади, чунки СССР пайтида “фермер” тушунчаси ишлатилмасди, “колхозчи” ва “совхоз ишчиси” тушунчалари эса ҳар қадамда ишлатиларди. Йўқ, мен адашдим – “фермер хўжалиги” иборасини И.Карим эмас, ХVIII-асрда яшаган буюк шотланд иқтисодчи олими Адам Смит ҳам ишлатган. Бора-бора ўзбек деҳқони қишлоқ хўжалигида И.Карим ўтказган “реформа”нинг асл моҳиятини тушуниб етди: 1) Ўзбекистонда феодал сиёсий ва иқтисодий тузум қайтадан тикланибди; 2) туман ва вилоят ҳокимлари феодал, фермер эса уларнинг қарол [қул]ига айланибди. Бор гап – шу!

ҲОЗИР

Мен Франциядан Ўзбекистонга 2018 йил сентябрьининг охирги кунида – пахта йиғим-терими энг авжига чиққан пайтда учиб келдим. Ярим ой ҳовлимдан мени кўргани ва сўҳбатлашгани келган қўни-қўшни, қишлоқдош, узоқ-ёвуқдан келган ёру-биродарлар оқимининг кети узилмади. Мен бир нарсага эътибор қилдим: меҳмонлар мен билан салом-алик қилиб 2-3 минут сўҳбат қилишади-да, кейин бир-бирига юзланиб мавзуни … пахта йиғим-теримига буриб юборишади! Меҳмонларнинг мен билан 3 копейкалик иши бўлмай қолади! Уларни нималар қизиқтираётганини эшитиб ўтираман. Тез орада ҳамма нарса аён бўлди:

1) 2018 йилда мактаб, коллеж, лицей ўқувчилари ва ўқитувчилари, олий ўқув юртлари талабалари ва домлалари пахта йиғим-теримига жалб қилинмабди;

2) Тиббиёт ходимлари, завод-фабрика ва бошқа саноат корхоналари ишчилари ҳам пахта теришга чиқарилмабди – ҳамма ўз иши билан шуғулланибди;

3) ХМТ ҳуқуқбон ва журналистларни ёллаб Ўзбекистонда ҳукумат доиралари болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан қанчалик фойдаланаётганини аниқлаш учун мониторинг [кузатув] ташкил этибди;

4) волонтёрлар ҳар куни тонгда Тошкент ва Сирдарё вилоятларига бориб ХМТ қўйган талабларни ҳукумат вакиллари қанчалик жиддий ва самарали бажаришаётганини теримчилар билан гаплашиб аниқлашар ва ХМТ штабига ёзма маълумот беришар экан;

5) волонтёрларнинг айтишича, фермерлар ҳар куни теримчи ишлаб топган пулни даланинг ўзида санаб теримчилар қўлига тутқазаётган экан – яъни, моддий манфаатдорлик ишлаш учун асосий стимул [рағбатлантирувчи куч]га айланибди экан;

6) табиат ва жамиятда ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий фаолиятни қисқа муддат ичида амалга ошириш мушкул – баъзилари йиллар ва, ҳатто, ўнлаб йиллар ўтишини талаб этади. Табиат ва жамиятда тез амалга ошириладиган иш (фаолият)лар ҳам бор: мас., хўроз товуқ билан жинсий алоқани 1-2 секундда амалга оширади; ислом дини инсон бандаликни бажо келтирганда маййитни имкон қадар тезроқ дафн этишга чақиради.

Совет тоталитар тузуми ва И.Карим авторитар бошқаруви қолдирган иллатлардан батамом халос бўлиш учун қанча вақт ўтиши керак? “Совет тоталитар сиёсий тузумининг умри тугади” деб эълон қилинганига салкам 20 йил бўлди. Амалда у тугадими? Йўқ, тугаган эмас! У Литва, Латвия, Эстония, Гуржистон ва Арманистон каби собиқ совет республикаларида тугади, холос! Айни кунларда Россиянинг тажовузкор ҳужумига қарамасдан Украина советлар зеҳнияти [менталитети]дан қутилиш йўлида астойдил ҳаракат қилмоқда. Туркманистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Беларусь каби давлатлар ҳақида мен гапирмай қўяқолай – уларда ҳақиқий демократик, халқпарвар ва инсонпарвар сиёсий, иқтисодий ҳамда ижтимоий тузумлар шаклланишига ҳали анча йиллар бор. Курашиш ва кутиш, кутиш ва курашиш – бошқа йўли йўқ!

(Тамом) 27 апрель, 2019 йил;

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s