ЎИҲЖ ТАРИХИНИНГ БАЪЗИ ЛАВҲАЛАРИ


Толиб ЁҚУБ

Бугун, 2019 йил 20 апрельда, иқтидорли журналист синглимиз Малоҳат Эшонқул ВВС [Би-Би-Си] радиосига интервью бераётиб: “Мен Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)нинг раисиман” дея иддао қилганини эшитиб қолдим. Шу муносабат билан мен ЎИҲЖ тарихининг баъзи лавҳаларини муҳтарам ўқувчиларга эслатиб ўтишни лозим кўрдим. ЎИҲЖ нафақат Ўзбекистонда, балки Марказий Осиё (МО)да ҳам Биринчи ҳуқуқбонлик ташкилоти эди. “Биринчи” сўзи бош ҳарф билан ёзилганининг сабаби шу-ки, ХХ-асрнинг 90-чи йиллари бошида МОда – на Ўзбекистон, на Тожикистон, на Қирғизистон, на Туркманистон ва на Қозоғистонда – ҳуқуқбонлик ташкилоти бўлган эмас. Сабаби оддий: СССР пайтида “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” тушунчаси умуман бўлмаган – даҳрий [худосиз] СССРнинг коммунистик сиёсий тузуми лидерлари ҳар қандай инсоннинг сиёсий, иқтисодий, маданий, маънавий ва бошқа турли ҳуқуқлари Яратган томонидан берилганини тан олишмаган. Адольф Ҳитлер Германияси, Мао Цзедун Хитойи, Фидель Кастро Кубаси, Иосиф Жугашвили Совет Социалистик Республикалари Иттифоқи [ССРИ], Иосиф Броз Тито Югославияси, Ким Ир Сен Шимолий Қурияси, Николае Чаушеску Руминияси [ва бошқа] яккапартиявий тоталитар давлатлар эди.

СССР парчаланиши арафасида МОда, хусусан Ўзбекистонда, коммунистик партия яккаҳокимлигига қақшатғич зарба берилди – МОнинг деярли барча республикаларида дастлабки сиёсий ҳаракатлар ва партиялар дунё юзини кўрди – мас., Ўзбекистонда, 1988 йилда “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ), 1990 йилда эса “Эрк” Демократик партияси тузилди. ЎИҲЖнинг 1-чи раиси Абдуманноб Пўлат 80-чи йиллар охирида аспирантурадами, докторантурадами – эсимда йўқ, Москвада ўқиб юрарди. У Москвадан бир келганида Россияда ҳуқуқбонлик ҳаракати йўлга қўйилганини, Ўзбекистонда ҳам шундай ҳаракат тузилиши лозимлигини таъкидлади. Бу фикр ҳаммамизга маъқул келди. Мен эса “инсон ҳуқуқлари” деган тушунчани биринчи марта 1966-67 йилларда Москвада, В.Ленин номидаги Москва Давлат Педагогика Институтининг математика факультетида 2 йиллик стажировкани ўтаётган пайтимда эшитганман. Менинг илмий раҳбарим Леонид Львович Цинман деган ёш йигит эди. Бир куни у ишга келмади, орадан анча кун ўтди – ундан дарак бўлмади. Суриштириш бошланди. Кейин маълум бўлишича, у қамалган, у билан бирга эса, бир кечада, Москвада яшаб ишлайдиган яна 95 та етук математиклар қамоққа олинган экан.

96 математикнинг бир кечада қамоққа олиниши катта шов-шувга айланди. Сабабини менга илмий раҳбарим Л.Л.Цинманнинг ўзи гапириб берди – мени у ўз уйига таклиф қилди. Бордим. Воқеа бундай бўлган экан. Машҳур рус шоири Сергей Есениннинг бир хотини Наталья Есенина-Вольпин яҳуд миллатига мансуб академик Вольпин [исми эсимга келмади]нинг қизи бўлган. Академик Вольпиннинг коммунистик СССР раҳбарларини кескин танқид остига олган бир неча сиёсий мақолалари АҚШ газеталарида чоп этилгач, у руҳий касаллар касалхонасига ётқизилади, моҳиятан эса қамоқхонага олинади. Бу воқеа Москванинг 96 етук математикларини шок ҳолга туширади ва улар бир жойда тўпланишиб СССР соғлиқни сақлаш вазири номига петиция [талабнома, сўровнома] ёзишади. 96 олим ўз исми-шарифини ўз имзоси билан тасдиқлайди. Петициянинг бир нусхасини олимлар Би-Би-Си радиоси редакциясига юборишади. Ўша куни кечқурун радио ходими петициянинг тўлиқ матнини ўқиб беради, КГБ [Комитет Государственной Безопасности – Давлат Хавфсизлик Қўмитаси] эса уни ёзиб олади ва… ўша кечаси 96 математикни қамоққа олади. Эсимда қолгани – улар орасида академик Н.В. Ефимов ҳам бор эди. Хуллас, мен биринчи марта “инсон ҳуқуқи” [права человека] деган тушунчани илмий раҳбарим Л.Цинмандан эшитганман.

Абдуманноб Пўлат Москвадан қайтгач, дарҳол ўз режасини амалга ошириш учувн ҳаракат бошлади – у 10-12 одамдан иборат команда тузди – улар орасида мен ҳам бор эдим. Команда ҳар ҳафтада йиғилар ва бўлажак ташкилотнинг Низоми ва бошқа ҳужжатлари матнини муҳокама қилар эди. Ташкилотнинг таъсис Қурултойи 1992 йил 2 февраль куни Абай кўчасида жойлашган клубда бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг турли вилоятларидан келган 70 дан ортиқ делегат қатнашди – қизиғи, ЎИҲЖнинг таъсис Қурултойида бизнинг Тоқчилиқ қишлоғимиздан уч делегат: мен, Мамир Азим ва Холмурод Элмурод иштирок этдик. Ўша йили Тошкентда АҚШнинг йирик бир ҳуқуқбонлик ташкилоти МОда биринчи марта инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалаларига бағишланган халқаро конференция уюштирмоқчи бўлди, бироқ ашаддий коммунист Ислом Карим мазкур ташаббусга тиш-тирноғи билан қарши бўлди. Ўша пайтда Қирғизистон Республикасининг президенти Асқар Ақай эди. АҚШлик ҳуқуқбонлар мазкур масалада Асқар Ақайга мурожаат қилишди ва масала бир кунда ҳал бўлди – конференция Бишкекда ўтадиган бўлди, Абдуманноб эса конференция ташкилий ҳайъатининг директори лавозимига сайланди.

Бишкекда ўтган конференцияда Ўзбекистондан 17 делегат қатнашди, лекин ўзбекистонлик ҳуқуқбонларнинг асосий муаммоси конференция тугаган куни бошланди. Абдуманноб конференциядан чиқиб кўчада меҳмонхона томонга кетаётганда орқадан бошига зарба берилади – Абдуманноб йиқилиб ҳушидан кетади. Илгарироқ И.Карим Абдуманнобни Бишкекдан ўғирлаб келиш учун Тошкентдан икки машина ва МХХнинг бир неча вакилини жўнатган бўлади, улар пайт пойлашади, ҳужумни эса конференция тугагач уюштиришади. Абдуманноб “йўқолиб” қолди – бир ойгача бирор инсон: “Мен Абдуманноб қаердалигини биламан” демади. Бир ойдан кейин Абдуманноб Ховос шаҳридаги УЯ 64/3 тергов изоляторида сақланаётгани маълум бўлди. Абдуманнобнинг суди 1993 йил 23 январь куни бўлиб ўтди. Америкалик ҳуқуқбонлар Абдуманнобни судда ҳимоя қилиш учун Россиянинг энг машҳур адвокати Юрий Шмидтни ёллашди. Абдуманноб ҳимоясига дунёнинг 64 давлатидан телеграммалар келди – суд залида йиғилган одамлар судьядан телеграммаларнинг барчасини ўқиб беришни талаб қилишди – судья телеграммаларни ўқиши учун бир соат вақт сарфлади. Гарчи суд Абдуманнобни оқлаган бўлмаса-да – чунки судья орқасида И.Карим турибди – судья уни 3 (уч) йил қамоқ жазосига ҳукм қилди, бироқ амнистия актини қўллаб уни суд залида озодликга чиқарди. Одамлар Абдуманнобни суд залидан ташқарига елкаларида кўтариб олиб чиқишди.

1993 йил мартида АҚШ Конгресси Абдуманнобни мамлакатга таклиф этди – у Конгресс мажлисида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари беҳаёларча топталаётгани ҳақида нутқ сўзлади ҳамда конгрессменларнинг кўп сонли саволларига жавоб берди. Конгресс Абдуманноб Пўлат АҚШда сиёсий бошпана олиши лозимлигини бир овозда тасдиқлади. Абдуманноб Тошкентга 1996 йил 21 августда Нью-Йоркдан учиб келди – уни Тошкент аэропортида 50 дан ортиқ сафдошлари кутиб олишди. Абдуманно дарҳол ЎИҲЖнинг 2-чи Қурултойини ўтказиш учун ҳаракат бошлади ва у 6 сентябрь куни бўлиб ўтди. Қурултой Абдуманнобни ташкилот раиси, мени эса ташкилотнинг Бош котиби лавозимига сайлади. Абдуманноб Тошкентга иккинчи, охирги марта, волида (она)си вафот этгандан бир кун ўтгандан кейин кириб келди – онсининг маъракаларини ўтказиб қайтиб кетди ва бошқа қайтиб келмади. Абдуманноб 2010 йил 22 ноябрьда узоқ давом этган касалликдан кейин АҚШда вафот этди.

ЎИҲЖнинг 3-чи ва 4-чи Қурултойлари мос равишда 2000 йил 5 октябрь ва 2002 йил 2 октябрьда бўлиб ўтди. Ўша пайтда Адлия вазирлиги (АВ) қошидаги нодавлат, нотижорат ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўлимининг бошлиғи Жамшид Абдукарим [исм-шарифида адашаётган бўлишим мумкин!] эди. Унинг кўзи ғалати эди – ҳар қандай инсон ўз кўзини дам-ба-дам юмиб туради – бу табиий ҳолат! Ж.Абдукарим эса кўзини ҳеч қачон юммас эди – у олдидаги одамга бақрайиб қараб тураверар эди. Мен Франциядалигимда Тошкентдаги бир танишимдан хабар келди: Ж.Абдукарим пора билан қўлга тушиб қамалиб кетибди. ЎИҲЖ ташкил этилгандан бошлаб унинг раҳбарлари ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш мақсадида 6 (олти) марта Ўзбекистон Республикаси АВга тегишли ҳужжатларни топширди – ҳаммасида мен шахсан қатнашганман.  АВдан келган жавобларни умумий маҳражга келтирсак ушбу жумла келиб чиқаверди: “ЎИҲЖни давлат рўйхатидан ўтказиш учун асос топилмади”. Топилмаса нима қилайлик? Зоримиз бор – зўримиз йўқ! “У”-“бу” дегунча 2006 йил келиб қолди, И.Каримнинг зўғими кучайди, Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишни қўятуринг – оддий кун кечириш қийин бўлиб қолди. 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин айниқса!

2006 йилда Францияга бош олиб кетишга тўғри келди. Бизга Франция ҳукумати аввал Angers шаҳрида сиёсий бошпана ва квартира берди, кейин 310 евро ижтимоий ёрдам пули бера бошлади, бора-бора ижтимоий ёрдам пули 800 еврога етди. Angers шаҳрида муҳожир [келгинди]лар ҳуқуқини ҳимоя қилувчи кичик бир ташкилот бор экан. Бир куни шу ташкилотнинг раҳбари мадам Лассаль билан тасодифан танишиб қолдим. ЎИҲЖ тарихини унга гапириб бердим. Ўзбекистон Республикаси АВ ЎИҲЖни давлат рўйхатидан ўтказишни 6 марта рад этгани уни ҳайратга солди. Бир учрашувимизда мадам Лассаль: Толиб, бир эксперимент [тажриба] ўтказмаймизми? Angers шаҳрида худди шу номда [ЎИҲЖ] ҳуқуқбонлик ташкилотини тузайлик, унинг ҳужжатларини давлат рўйхатидан ўтказиш учун Angers шаҳри префектурасига топширамиз. Кўрайлик-чи, Францияда бу ишни қандай ва қанча муддатда бажаришар экан! Келишдик: 1) мен ҳамма ҳужжатларни рус тилида тайёрлаб берадиган бўлдим; 2) улар таржимон топиб барча ҳужжатларни рус тилидан француз тилига ўгириб берадиган бўлишди. Шунга бир ой вақт кетди – менинг ишим осон кечди, чунки мен Ўзбекистондан чиқиб кетаётганимда Тошкентдаги компьютеримда турган ЎИҲЖнинг архивини флешкага ўтказиб ўзим билан олиб кетган эдим.

Яхши эсимда: ўша йили, яъни 2010 йилда, аёлим биринчи марта Францияга борган эди. Angers шаҳрида ташкил этилган ҳуқуқбонлик ташкилотининг ҳужжатларини кўтариб 2010 йил 20 октябрь куни Angers шаҳри префектурасига мен, аёлим ва мадам Лассаль бирга бордик. Ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказиш жараёни 1 (бир) соат давом этди. Францияда давлат рўйхатидан ўтган ҳар қандай ташкилот – у давлат ташкилотими, ёки нодавлат ташкилотими, у ҳуқуқбонлик ташкилотими ёки савдо-тижорат ташкилотими – фарқи йўқ – махсус журнал саҳифасида қайд этилади ва ташкилотга махсус рақам [номер] ва шу журналдан бир нусха берилади. Менга берилган журнал Швецияда сиёсий бошпана олган дўстим Ҳазратқул Худойберди уйида сақланмоқда. Ҳазратқулга хат ёзвораман – балки ўша журнални посилка қилиб менга жўнатворар. Журнални олсам, юқорида ёзилган ҳамма фактлар ўз исботини топади. Энди асосий саволга жавоб бераман. Асосий савол: 1992 йил 2 февральда Тошкент шаҳрида ташкил этилган ЎИҲЖ билан Angers шаҳрида 2010 йил 20 октябрьда давлат рўйхатидан ўтган ташкилот [номи ЎИҲЖ номи билан бир хил, фақат француз тилида] орасида қандай ўхшашлик ва қандай фарқ бор? Жавоб: ўхшашлик олдинги жумлада айтилди – НОМЛАР БИР ХИЛ! Фарқ-чи? Фарқ жуда катта! Фарқ шунда-ки, Тошкентда тузилган ЎИҲЖ Ўзбекистон Республикаси фуқаровий жамиятини, Angers шаҳрида тузилган худди шу номдаги ташкилот эса Франция Республикаси фуқаровий жамиятини тамсиллайди [“тамсиллайди” сўзининг русчаси: “представляет”] – фарқ ер билан осмонча! Бир-бирига ҳеч қандай алоқаси йўқ!

Angers шаҳрида ЎИҲЖ номи остидаги ҳуқуқбонлик ташкилотини бир соатда давлат рўйхатидан ўтказиб биз битта нарсани исбот қилдик: ҳуқуқбонлик ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказиш мамлакатда шаклланган сиёсий тузумга чамбарчас боғлиқ экан – тузум деспотик [зулмкор] бўлса, давлатнинг мутасадди ташкилоти [мас., Адлия вазирлиги] бошига қилич тортсангиз ҳам ҳуқуқбонлик ташкилотини давлат рўйхатидан ўтказмайди [бундан, турган гап: Михаил Ардзинов, Марат Зоҳид ва Васила Иноят бош бўлган сохта ҳуқуқбонлик ташкилотлари истисно], сиёсий тузум демократик бўлса, ташкилот раҳбарлари: “итлар ҳуқуқини ҳимоя қиламиз” деса ҳам давлатнинг мутасадди ташкилоти уни давлат рўйхатидан ўтказаверади!

2011 йил май ойида Angers шаҳрида тузилган ташкилотнинг 1-чи Конгресси бўлиб ўтди. Конгресс Ирландия Республикасида сиёсий бошпана олган Абдужалил Бойматни ташкилот раиси лавозимига сайлади. Абдужалил Боймат асосан битта мавзуни ҳурмат қиларди ва шу мавзуга атаб қатор мақолалар ҳам ёзиб турди. Мавзу уч одам: Ўзбекистон Республикаси президенти Ислом Карим, “Бирлик” ХҲ раиси Абдураҳим Пўлат ва “Эрк” партияси раиси Муҳаммад Солиҳ ҳақида бўлиб, уларнинг ҳар бири узоқ йиллар давомида ўзлари эгаллаб турган лавозимни ҳеч кимга бермай келаётгани Абдужалил Боймат томонидан танқид остига олиниб, уларга “диктатор” тамғаси босилган эди. Аслида, “диктаторлик” демократик лидерлар орасида ҳам оз эмас: мас., “Москва Хельсинки Гуруҳи” ҳуқуқбонлик ташкилотининг раиси Людмила Алексеева ташкилотни 1996 – 2018 йиллар давомида [22 йил] бошқарган.

ЎИҲЖ Низомида ташкилот раҳбарининг раҳбарлик муддати ҳақида бундай ёзилган: “Ташкилот Қурултойи ҳар 2 (икки) йилда бир марта ўтказилади [чақирилади] ва унда ташкилот раиси сайланади. Ташкилот раиси мазкур лавозимни 2 (икки) муддат, яъни, 4 (тўрт) йилдан ортиқ эгаллаб туриши мумкин эмас” [Эслатма: айни пайтда менда ЎИҲЖ Низоми йўқлиги сабабли мен олдинги, қўштирноқ ичидаги иддаони тахминан ёздим]. И.Карим, А.Пўлат ва М.Солиҳни диктаторлик, ўз лавозимини ноқонуний ҳолда узоқ сақлаб туришда айблаган А.Бойматнинг ўзи ЎИҲЖни 8 (саккиз) йил “бошқарди”! А.Боймат ЎИҲЖни 8 йил бошқаргандан кейин “уялди” шекилли, бир вақт: “Абдужалил Боймат Малоҳат Эшонқул ва Елена Урлаева билан қурултой ўтказиб ЎИҲЖ раиси лавозимини журналист М.Эшонқулга топширибди” деган гапни эшитиб қолдик. Ростини айтсам, мен бу хабардан мамнун бўлдим. Мен дарров э-майл орқали Малоҳат Эшонқул билан боғландим ва Адлия вазирлигига ЎИҲЖни давлат рўйхатидан ўтказиш учун ариза билан мурожаат қилиш лозимлигини ёздим. Бироқ, негадир у жимиб кетди.

Мен Франциядан қайтгач, Ўзбекистон қамоқхоналарида узоқ йиллар ўтирган Олий Мажлис депутатлари, ёзувчи, ҳуқуқбон ва журналистларни Жиззахдаги ҳовлимга бир пиёла чойга таклиф этдим: Cамандар Қўқон ва Мамадали Маҳмуд менга номаълум бўлган сабабларга кўра меҳмондорчиликга келишмади, журналист Дилмурод Саййид ва ҳуқуқбон Ағзам Турғун эса бир қанча дўстлар билан ҳовлимга ўз вақтида етиб келишди. Улар орасида қамоқда бир кун ҳам ўтирмаган журналист Малоҳат Эшонқул борлиги мени ажаблантирди. Сўҳбат узоқ давом этди. Журналист бўлгани учун бўлса керак Малоҳатнинг оғзи гапдан тинмади. Cўҳбат давомида ЎИҲЖ ҳақида ҳам гап кетди. Малоҳат Эшонқул журналист эканига, ҳуқуқбон эмаслигига урғу берди – буни йиғинда қатнашганлар тасдиқлаши мумкин. Бошқача айтганда, Малоҳат Эшонқул ҳуқуқбонлик ишига хуши йўқ эканини билдирди.

Менга бир нарса: ҳар қадамда “Мен журналистман, ҳуқуқбон эмасман” дея гапириб юрган инсон нега Би-Би-Си радиосига “Мен ЎИҲЖнинг раисиман” дея интервью бергани тушунарсиз бўлиб турибди. У Абдужалил Бойматдан Angers шаҳрида тузилган ва Франция Республикаси фуқаровий жамиятини тамсил этувчи ташкилотни раислигини қабул қилиб олган – у ташкилотнинг Абдуманноб ва унинг сафдошлари Тошкентда таъсис этган ЎИҲЖга ҳеч қандай алоқаси йўқ! Чамаси, Малоҳат Эшонқул “фуқаровий жамият” тушунчасини тушунмаса керак, акс ҳолда у “Франция фуқаровий жамияти” ва “Ўзбекистон фуқаровий жамияти” тушунчалари бир-биридан тубдан фарқ қилишини тушунган бўларди.

Табиий савол туғилади: Абдуманноб ва унинг сафдошлари тузган, унинг Бош котиби Толиб Ёқуб Францияга чиқиб кетгандан кейин ўз фаолиятини тўхтатган ЎИҲЖ фаолиятини қайта тиклаш учун журналист Малоҳат Эшонқул нима иш қилди? Жавоб: Ҳеч нарса! У, ҳатто, “анави ердаги чўпни мана бу ерга олиб қўйган эмас”! Агар у мен ўз вақтида, Францқиядалигимда айтган, яъни, Адлия вазирлигига ЎИҲЖни давлат рўйхатидан ўтказишни сўраб ариза ва бошқа ҳамма ҳужжатларни топшириш лозимлигини англаган ҳолда иш тутганда эди, табиий, юқоридаги савол туғилмас эди. Бир гап, шўбҳасиз, ўринли: эртами-кечми ЎИҲЖ тикланади! Бироқ бу ишни журналист Малоҳат Эшонқул ва шарлатан Абдужалил Боймат эмас, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан астойдил шуғулланган инсонлар қилишади!

(Тамом)                             20 апрель,  2019 йил;

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s