СИЁСИЙ ФИРИБГАРЛИК


Толиб ЁҚУБ

СИЁСИЙ ФИРИБГАРЛАР ҲАҚИДА

ҚИССА

Мазкур мақолани ёзишдан олдин мени ушбу саволлар жуда қийнади: “Ўзбекистонда кимлар сиёсий фирибгар бўлган? Уларнинг сафига кимларни киритиш керак? Нега Ўзбекистонда сиёсий фирибгарлар итқовуннинг уруғидай кўп бўлган?” Мақолани ёзишдан олдин мен “фирибгарлик” тушунчаси билан яқиндан танишиш учун Википедияга қарадим ва унда фирибгарликнинг қуйидаги таърифига дуч келдим:

Фирибгарлик — ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки алдов йўли билан, ишончга кириб, ўзганинг мулкига эга чиқиш. Мазкур фаолият билан шуғулланувчи шахс фирибгар дейилади.

Бу – ҳар қандай жамиятда – демократик жамиятда ҳам, нодемократик жамиятда ҳам тез-тез юз бериб турадиган иқтисодий фирибгарлик бўлиб, уни амалга оширувчи шахслар жиноят дунёсининг ўзига хос зодагони [элитаси] ҳисобланади. Википедияда ёзилишича, одатда бундай одамлар юксак ақл-идрок [интеллект] ва руҳият [психология]да етарлича билимга эга бўлишади, ўзгалар билан алоқага киришиш ва инсонларни ўзига мойил қилиш хусусиятини мукаммал эгаллашади. Кўпинча фирибгарлар иқтисод, информацион технологиялар ва бошқа соҳаларда кучли мутахассисга айланишади. Бироқ, сиёсий фирибгарлик олдида иқтисодий фирибгарлик “ип ҳам ечаолмайди”. САВОЛ: Сиёсий фирибгарлик нима ва у Ўзбекистонда қачон пайдо бўлди? ЖАВОБ: 1989 йилнинг 23 июнида Қашқадарё вилояти коммунистик партияси 1-котиби, қип-қизил коммунист, Ислом Карим СССР коммунистик партияси Марказий Комитети (МК) тавсиясига мувофиқ Ўзбекистон ССР коммунистик партияси МКнинг 1-котиби лавозимини эгаллади. Мазкур лавозим ўша пайтда уни эгаллаган шахс республика раҳбари эканлигини англатарди. Шундай қилиб, “э” йўқ, “бэ” йўқ, И.Карим бюджети [СССР раҳбарияти ажратадиган пул маблағи] РСФСР ва Украина ССРдан кейин учинчи ўринда бўлган “қардош” республика раҳбарига айланди.

И.Карим Ўзбекистон ССР раҳбари лавозимини эгаллагач, у ўз фаолиятини сиёсий фирибгарликдан бошлади. Ўша пайтларда ҳамманинг ҳаёлидан ва оғзидан фақат битта: “СССРнинг яна қанча умри қолди экан?” деган савол аримас эди. Бу савол, табиий, И.Каримни ҳам қийнарди! Агар сиз, муҳтарам ўқувчи, “И.Карим СССР парчаланиб кетишини чин дилдан истар эди” дея ўйлаётган бўлсангиз, айтиб қўяй: И.Карим СССР парчаланишига тиш-тирноғи билан қарши эди! Бу иддаони исботлаш қийин эмас: 1] у 1991 йил март ойида ва шу йилнинг охирида [ойини эслай олмадим] 2 (икки)та референдум уюштирди – уларда аҳоли эътиборига ягона савол ҳавола этилди: “Сиз СССР парчаланиши тарафдоримисиз ёки СССР сақланишини истайсизми?” Қизиғи, иккала референдумда ҳам натижа деярли бир хил бўлди – март ойида ҳам 98%, йил охирида ҳам 98%, яъни, йил бошида аҳолининг 98% СССР сақланиши тарафдори экан-да, йил охирида эса аҳолининг 98% СССР тарқаб кетишини истаб қолибди! Бир йил давомида аҳолининг фикри кардинал [тубдан] ўзгарибди! Бўлиши мумкинми? “Мумкин эмас!” дейишди кўпни кўрган, бой тажрибага эга бўлган, қоронғуда ипни игна тешигидан ўтказа оладиган мутахассислар; 2] И.Карим СССР парчаланмасдан роппа-роса 3 (уч) ой олдин, яъни, 1990 йил 5 май куни “Известия” газетасининг мухбири Кондрашов [исмини эслай олмадим]га интервью бературиб: “Биз СССРни тарк этмаймиз, чунки биз унга катта қийинчилик ва азоблар билан эришганмиз!” деди. Ўша интервьюни интернетда ҳозир ҳам топиб ўқиса бўлади.

Хулоса №1: 1989 йилда Москва томонидан Ўзбекистон ССРга раҳбар этиб тайинланган И.Карим асосий, №1, сиёсий фирибгар эди.

1992 йил 2 февральда Абдуманноб Пўлат ташаббуси ва раҳбарлигида нафақат Ўзбекистон Республикасида, балки Марказий Осиёда ҳам биринчи, “Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти” [ЎИҲЖ] номли ҳуқуқбонлик ташкилоти тузилди. Аввал И.Каримнинг ўзи ҳам, унинг шотирлари ҳам, ЎИҲЖ қандай ташкилот эканини тушунишмади – чунки СССР даврида “инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш” тушунчаси бўлмаган. 1992 йил 16 мартда Ўзбекистон Республикаси Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ)га аъзо бўлди. БМТ Низомига кўра Ўзбекистон Республикаси ҳукумати ҳар 4 (тўрт) йилда БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси (ИҲҚ) ва Қийноқларга Қарши Қўмитаси (ҚҚҚ) мажлисларида мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва тергов изоляторлари ҳамда қамоқхоналарда ҳибсга олинган ёки судланган инсонларга нисбатан қийноқлар қўлламаслик масалалари бўйича ҳисобот беришга мажбур бўлди. Кейинчалик у сиёсий фирибгарлар синфини шакллантириш йўлида белига ғайрат камарини боғлади – ёмғирдан кейин қўзиқоринлар қандай потиллашиб кўпайиб кетишса, Ўзбекистонда сиёсий фирибгарлар ҳам шундай кўпайиб кетишди.

Аввал у дастур [программа]лари бир-бирига ҳасан-ҳусандай ўхшаш сохта партиялар тузишни ва уларнинг депутатларини Ўзбекистон Республикаси парламенти Олий Мажлис ва Сенатига жойлаштиришни йўлга қўйди. У, табиий, мухолиф сиёсий кучлар “Бирлик” Халқ Ҳаракати (БХҲ) ва “Эрк” Демократик партияси (ЭДП)ни таг-томири билан йўқ қилишни унутмади – мазкур ташкилотлар лидерлари, мос равишда, Абдураҳим Пўлат ва Муҳаммад Солиҳ зўрға чет элларга қочиб қутулишди. Шундан сўнг у сохта ҳуқуқбонлик ташкилотларини тузишга киришди – уларни тузишга сохта ҳуқуқбонлар Михаил Ардзинов, Отаназар Ориф, Марат Зоҳид ва Васила Иноятни жалб этди – натижада, “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари мустақил ташкилоти” [М.Ардзинов], “Шахс ҳуқуқлари ва эркинликлари жамияти”[М.Зоҳид] ва “Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти” [В.Иноят] каби сохта ҳуқуқбонлик ташкилотлари пайдо бўлди. И.Карим пайтидаги Адлия вазирлиги (АВ) бориб турган, қип-қизил, сиёсий фирибгарлар М.Ардзинов, М.Зоҳид ва В.Иноят бошлиқ ташкилотларни “шесть секунд”да давлат рўйхатидан ўтказди. ЎИҲЖ 4 (тўрт) марта қурултой ўтказган ва давлат рўйхатидан ўтиш мақсадида 6 (олти) марта АВга ҳужжат топширган бўлса-да, АВ ЎИҲЖни давлат рўйхатидан ўтказмади.

Асосий сиёсий фирибгарнинг Ўзбекистон мухолифати лидерларига нисбатан соф ВЧКча муносабати

Москва томонидан Ўзбекистон ССРга раҳбар этиб тайинланган И.Карим бошқарувининг дастлабки йилларида мамлакатда, юқорида айтилганидек, Абдураҳим Пўлат раислигида “Бирлик” ХҲ ва Муҳаммад Солиҳ раислигида ЭДП сиёсий фаолият олиб боришаётган эди. И.Каримнинг олиб борган қатағон сиёсати туфайли мазкур мухолиф сиёсий кучларнинг лидерлари А.Пўлат ва М.Солиҳ чет элларга чиқиб кетишга мажбур бўлишди – бири АҚШда, иккинчиси Норвегияда сиёсий бошпана олди. Шу жойга келганда нигоҳимизни ХХ-аср 20-чи йиллари бошига, совет Россиясида бўлаётган воқеаларга, қаратайлик. ХХ-аср 20-чи йиллари бошида Россия империяси ҳудудларида дунё тажрибасида илгари кузатилмаган янги сиёсий тузум – советлар тузуми ашаддий коммунист В.Ульянов (Ленин) томонидан 1917 йил октябрида уюштирган давлат тўнтаришининг натижасида юзага келди. Ўша пайтда Россияда 2,5 миллионга яқин ўзига тўқ хусусий деҳқон хўжаликлари [крестьянские хозяйства] мавжуд бўлиб, улар Европа давлатларини бўғдой билан таъминлаб туришган. Қуролли қўзғолон воситасида давлат тўнтариши уюштириб ҳокиятни эгаллаган В.Ульянов [Ленин] ўзининг биринчи декрет [фармон]и билан Россияда хусусий мулкга эга бўлиш ҳуқуқини таъқиқлади.

Советлар Россиясида халқ ғалаёнлари ва очарчилик бошланди ва улар охир-оқибат фуқаролар урушига олиб келди. Ўзини коммунизм ғоясига асос солган К.Маркснинг содиқ ўқувчиси дея ҳисоблаган В.Ульянов инсонларнинг хусусий мулкга эга бўлиш ҳуқуқидан маҳрум этиш ҳақидаги декрети аксилинсон ва аксилхалқ ҳужжат эканини, кеч бўлса-да, тушуниб етди ва иккинчи декрети билан НЭП [Новая экономическая политика – Янги иқтисодий сиёсат]га ўтилганини эълон қилди: советлар Россиясида инсонларнинг хусусий мулкга эга бўлиш ҳуқуқи тикланди. Бироқ, уруш урушлигини кўрсатиб бўлган эди: миллионлаб одамлар чет элларга қочишга мажбур бўлишди. Қочоқлар АҚШ, Канада, Буюкбритания, Франция, Швейцария, Германия, Швеция, Финландия ва Испания каби давлатларда сиёсий бошпана олишди – натижада мазкур мамлакатларда россияликлар диаспоралари [ўзга мамлакат ҳудудида қочқин сифатида яшаётган бир халқ вакилларининг жамоалари] юзага келди. Табиий, мазкур диаспора (жамоа)ларда советлар репрессив тузумининг асл моҳиятини яхши тушунган сиёсий лидерлари бўлган ва улар советлар тузумининг асл моҳиятини ўз диаспорадошларига изчиллик билан тушунтиришга ҳаракат қилишган. Буни яхши тушунган Владимир Ульянов, Иосиф Жугашвили, Феликс Дзержинский, Вячеслав Менжинский каби совет раҳбарлари чет элларда шаклланган россияликлар диаспоралари аҳолисининг советлар тузумига бўлган муносабатини ўрганиш мақсадида яширин, махфий бир ташкилот тузиш режасини ишлаб чиқишади.

Натижада, 1917 йил 7 декабрьда ВЧК – “Всероссийская чрезвычайная комиссия” ташкилоти КГБ [Комитет государственной безопасности – Давлат Хавфсизлиги Қўмитаси]нинг “отаси” Феликс Дзержинский ташаббуси билан ташкил этилади. Бошида ВЧК ташкилоти олдига иккита: контрреволюция ва иқтисодий саботажни олдини олиш вазифалари қўйилди [Саботаж – ишдан бўйин товлаш, гўё ишлаётган бўлиб, ишга зарба бериш, зимдан қаршилик кўрсатиш, тўсқинлик қилиш, путур етказиш]. Эътибор қилинг: В.Ульянов бошлиқ коммунист-социалистларнинг ўзлари ҳокимиятни “Октябрь инқилоби” номи билан тарихга кирган зўравонлик, қуролли қўзғолон ёрдамида босиб олишганини ҳамма билса-да, улар ВЧК ташкилоти олдига “контрреволюция” [революция (инқилоб)]га қарши кураш масаласини қўйишади. ВЧК чет элларда шаклланган россияликлар диаспораларининг сиёсий лидерларига қарши ушбу ишларни амалга оширди: 1) ҳар бир диаспорада сиёсий мухолифат лидерлари кимлар эканини аниқлаш; 2) чет элдаги ҳар бир мухолиф сиёсий лидерга советлар Россиясида сиёсат, иқтисод, ижтимоий ҳаёт ва бошқа соҳаларда юз бераётган янгиликлар ҳақидаги ёлғон маълумотларни жўнатиб турадиган шахслар командасини тузиш.

Бу ишлар билан кимлар шуғулланган? Улар мухолиф сиёсий лидерларни ёлғон маълумотлар билан “таъминлаш”да қандай воситалардан фойдаланишган? Мазкур икки масалани ечишда ВЧК раҳбарлари астойдил ҳаракат қилишган: (1) улар бу ишга энг иқтидорли [талантли] эркак ва аёлларни жалб этишган; (2) уларнинг “мухолифат лидерларини алдаш, уларга ёлғон маълумотлар бериш маҳоратини ошириш йўлида ҳар қандай харажатни аяшмаган; (3) улар Россияда чет элларда яшаётган мухолиф сиёсий лидерлар ишончини қозонган сохта мухолифат гуруҳларини тузишган ва Россиядан мазкур гуруҳлар вакилларини мухолиф сиёсий лидерлар билан учрашиб сохта “музокаралар” олиб бориш, баъзида эса сиёсий қотилликларни уюштириш учун чет элларга дам-ба-дам жўнатиб туришган. Савол: И.Карим даврида шаклланган ўзбек мухолифати лидерлари А.Пўлат ва М.Солиҳга бу гапларнинг қандай алоқаси бор? Жавоб: Бевосита! Тўғридан-тўғри! Кўп йиллар Рустам Иноят бошқарган Ўзбекистон Республикаси Миллий Хавфсизлик Хизмати (МХХ) Москванинг ВЧКсининг андоза [копия]си бўлиб, ВЧК россиялик мухолифат вакилларига қарши қандай усулларни қўллаган бўлса, МХХ ҳам А.Пўлат ва М.Солиҳга нисбатан худди ўша усулларни қўллади – МХХ Ўзбекистон ҳаётида юз бераётган воқеалар ва янгиликлар ҳақида мазкур лидерларга ЁЛҒОН маълумотлар жўнатиб турадиган одамлар гуруҳини тузди: Ўзбекистон ҳаётида юз бераётган воқеа ва янгиликлар ҳақида А.Пўлатга Васила Иноят, М.Солиҳга эса Отаназар Ориф “ҳақиқий” маълумотларни жўнатиб туришди.

Мен 2001 йилда Бирлишган Миллатлар Ташкилоти (БМТ) Инсон Ҳуқуқлари Қўмитаси (ИҲҚ)нинг Нью-Йорк шаҳрида бўлиб ўтган йиллик сессиясида қатнашиш учун АҚШга бордим – сессияда И.Каримнинг маддоҳи Акмал Саид бошчилигида Ўзбекистон Республикаси делегацияси мамлакатда инсон ҳуқуқлари ҳукумат томонидан қанчалик ҳурмат қилиниши ҳақида маъруза қилди – маърузани эшитсангиз “эриб” кетасиз: гўё-ки демократик тузумнинг ўрнатилиши ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш бўйича АҚШ биринчи ўринда бўлса, Ўзбекистон эса сўзсиз иккинчи ўринда экан, деб ўйлайсиз! Сессия тугагач, мен А.Пўлатнинг Вашингтонга яқин уйида бир ҳафта меҳмон бўлишга қарор қилдим. Иккаламиз Вашингтон кўчаларини пиёда айландик. Мен унга Ўзбекистондаги ҳақиқий ахволни, И.Карим олиб бораётган қатағон сиёсатни тушунтиришга ҳаракат қилдим – у эса нуқул В. Иноят жўнатиб турган “чиройли” маълумотларга урғу бераверди. Мен А.Пўлат тамоман В.Иноят жўнатган ёлғон маълумотлар гирдобига тушиб қолганини сездим ва у билан алоқани тамоман уздим. Отаназар Ориф 70-чи йиллар бошида Ленинград [ҳозирги Санкт-Петербург] шаҳридан Ўзбекистонга резидент сифатида жўнатилган КГБ полковниги Михаил Ардзиновнинг “соя”си эди – одам қаёққа юрса, соя ҳам унга эргашгандай! М.Ардзинов учига чиққан сиёсий фирибгар эди – агар сиёсий фирибгарлар университети ташкил этилса, уни қўрқмасдан мазкур университет ректори лавозимига сайласа бўлаверарди. Сиёсий фирибгарликда В.Иноят М.Ардзиновдан ўтса ўтарди, асло ортда қолмасди.

Хулоса №2: М.Ардзинов ва В.Иноят моҳиятан И.Карим Ўзбекистонда олиб борган қатағон сиёсатнинг вакиллари эди.

Хулоса №3: М.Ардзинов ва В.Иноят мухолиф Ўзбекистон “Бирлик” ХҲ, “Эрк” Депмократик партияси ва ҳуқубонлик ҳаракатига МХХ, прокуратура ва милиция томонидан биргаликда берилган зарбадан кўпроқ зарба беришди.

Хулоса №4: М.Ардзинов, айтишларича, айни пайтда Россиянинг Санкт-Петербург шаҳрида Россия ФСБ [Федеральная Служба Безопасности – Федерал Хавфсизлик Хизмати] нафақасини майда чайнаб яшамоқда экан – у 90-чи йиллар бошида унинг гарданига юклатилган, Ўзбекистонда қилиши лозим бўлган, яъни, мамлакатда энди куртак отиб келаётган мухолиф сиёсий ташкилотлар ва ҳуқуқбонлик ҳаракатига зарба бериш вазифани аъло даражада бажарди.

Исмат Хуш – Ислом Карим эркаси

“Журналист” Исмат Хуш ўз вақтида И.Каримнинг эркатойи эди – у Олий Мажлис депутати бўлмаса-да, унинг ҳамма сессияларида Олий Мажлис залига ўрнатилган ҳашаматли креслоларнинг биринчи қаторида оёғини алмаш қилиб ўтирарди. И.Каримнинг эркатойи Исмат Хуш кутилмаганда Канаданинг Торонто шаҳрига бориб қолди – кўп ўтмай демократик Канаданинг ҳукумати унга сиёсий бошпана ҳам берди. Абдураҳим Пўлат сиёсий бошпана сўраб истаган мамлакат ҳукуматига мурожаат қилишга маънавий ҳаққи бор эди, чунки Чилонзор тумани прокуратураси ҳовлисида И.Каримов шотирлари темир таёқ билан уриб бошини ёришди – у 3 (уч) кун кома ҳолатида ётди – унга аввал Туркия, кейин АҚШ сиёсий бошпана берди. Исмат Хуш-чи? Уни ҳам И.Карим шотирлари ўласи қилиб калтаклашдими? Йўқ! И.Карим шотирлари унинг тукига ҳам тегишган эмас! Бироқ у дунёнинг энг демократик давлатларидан бири Канададан сиёсий бошпана олди.

Ҳамма нарсани вақт кўрсатар экан! Канада АҚШ билан чегарадош, машинангга миниб “шесть секунд”да АҚШ ҳудудига ўтиб кетаверасан – ҳеч ким мушугингни “пишт” демайди. Канадада Ўзбекистон элчихонаси йўқ, АҚШ пойтахти Вашингтонда эса Ўзбекистон элчихонаси ишлаб турибди. Исмат Хуш баъзан, билиб-билмай, ўзининг у-бу сирларини оммага айтиб қўядиган одати бор. Мас., у бир неча марта Вашингтонга боргани, Ўзбекистон элчиси ҳамма вақт унинг келишини пойлаб паловхон-тўра тайёрлаб тургани, элчихонага борганда эса паловхон-тўра устида ароқ ичишгани ҳақида завқланиб ёзганини ўқиганман. Хулосани ўзингиз қилаверинг – менинг хулосам эса ушбудир: Исмат Хуш сиёсий қочқинликга ҳеч қандай алоқаси йўқ – у устози И.Карим каби қип-қизил сиёсий фирибгар эди! И.Хушнинг Канададаги фаолиятига назар ташласангиз ҳайратдан ёқа ушлайсиз – бир қарасангиз у Канададан Муҳаммад Солиҳни зиёрат қилгани узоқ Туркияга йўл олади, бир қарасангиз араб мамлакатларининг бирига саёҳатга жўнайди, яна бир қарасангиз … Ўзбекистонга, ҳа, ҳа – тўғри эшитдингиз, айнан Ўзбекистонга, бир пайтлар раҳбари океанорти Канадага “қочишга мажбур қилган” юртга бориб қайтади! И.Хушни Тошкент аэропортида – “ўнлаб” десам адашаман – юзлаб одамлар гуллар билан кутиб олишди, у Қашқадарёга, ўзи туғилиб ўсган қишлоғига бемалол бориб келди, уни Тошкент аэропортида Канадага юзлаб одамлар кузатиб қўйишди.

Табиий савол туғилади: И.Хуш Туркия, араб мамлакатларининг бири, Ўзбекистон ва бошқа юртларга сафар қилишга маблағни кимдан олган? Мен 12 йил мухожиротда, Францияда, яшадим ва муҳожирлик ҳам иқтисодий, ҳам сиёсий, ҳам маънавий нуқтаи-назардан нақадар оғир синов эканини ўз бошимдан кечирдим. Франция ҳукумати менга бошида ҳар ойда 310 евро иқтисодий ёрдам пули бериб турди. Ўғлим ишсиз эди – у ҳам 310 евро ёрдам пули оларди. Бир йилдан кейин келин учта фарзанди билан қаторимизга қўшилди. Келин ҳам ишсиз, чунки француз тилини билмайди. Болалар ёш – “еярмон-ичармон” пайти. Баъзан ҳаёлга: “Бугун-ку еб туришга бир бурда ноним бор. Ҳамён бўм-бўш. Эртага нима ейман?” деган фикр келарди. Туркия ёки араб мамлакати тугул – Ўзбекистонни-ку қўятуринг – ҳатто қўшни Швейцария ёки Испанияга сафар қилиш ҳаёлимизга ҳам келган эмас!

Чет элларда Ўзбекистонга қайтиш орзусида юрган минглаб ўзбекистонликлар яшамоқда. Шулардан бири менинг дўстим, каттақўрғонлик, Ҳазратқул Худойбердига Швеция ҳукумати сиёсий бошпана берган. У ватанга қайтиш масаласида давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёга бир неча марта хат ёзган, бироқ Президент Маҳкамаси: “Ҳа” деб ҳам, “Йўқ” деб ҳам жавоб бермаган! Қизиқ, сиёсий қочоқлар Баҳодир Чори [АҚШда сиёсий бошпана олган] ва И.Хуш Ўзбекистонга кўнгли туcаган пайтда бориб келиши мумкин-у, нега Ҳ.Худойберди: “Борсам майлими?” деб ялиниши керак?! Тушунарсиз! Наманганлик Обидхон-қори Назар инсонни қўятуринг, у ҳатто мушукга ҳам озор бермайдиган диний уламо эди – у Ўзбекистонда бирорта катта ёки кичик жиноятга қўл урмаган бўлса-да, И.Каримнинг шотирлари: (1) унинг ўғли Хусниддинни ўғирлаб кетишди – унинг дараги ҳозиргача номаълум; (2) ватанни тарк этишга мажбур қилишди; (3) узоқ Швециядан сиёсий бошпана олган Обидхон-қорини ўлдириш учун И.Карим шотирлари Швецияга ўрис қотилни жўнатишди – отилган уламо 2,5 йил комада ётди.

Диний эътиқоди туфайли умрининг катта қисми Ўзбекистон ва Россия қамоқхоналарида ўтган диний уламо, Швециядан сиёсий бошпана олган қорақалпоғистонлик Муҳаммадсолиҳ Абут ҳам ватанга қайтиш орзусида юрибди. Давлатни И.Карим бошқариб турган пайтда унинг айбсиз укаси Саидкамол ҳам узоқ йиллар қамоқхонада ўтирди – яқинда озодликга чиқиб ўз оиласи бағрига қайтди. Муҳаммадсолиҳ Саидкамолни ҳали бағрига босган эмас!

(Тамом) 10 март, 2019 йил;

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

Advertisements

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s