ИККИ ОРЗУ


Толиб ЁҚУБ


Аслида, менинг орзуларим бир талай. Энг асосийси эса – ватанга қайтиш! Аммо буни амалга ошириш амри-маҳол, чунки ўртоқ Ислом Карим яқинда ватандан чиқиб кетганлар олдига шлагбаум ташлабди. “Бирлик” ва “Эрк”да бўлган сафдошларимиздан Сулаймон Мурод, Абдуманноб Пўлат, Турсинбой Утамурат каби бир неча дўстларимиз хорижда вафот этишди – улар энди, афсус, ватанга қайтиб боролмайдилар. Мен қаридим, ёшим 75 да, нариги томон ҳам кўрингандай бўлиб турибди. Мени ватанга тортаётган қадриятлар ва одамлар бор – ота-онамнинг қабрлари, болаларим ва невараларим ҳамда шоир айтганидай

Ватанда ўз уйим, ўлан-тўшаким бор,
Сочин майда ўрган дилбари-бешаким бор.

Биз бир пайтлар ватанимизда эркин демократик ҳаёт ташкил қиламиз, деб коммунистик тузумга қарши кураш майдонига чиққан эдик. Бироқ, коммунистик тузум тиш-тирноғи билан қаршилик кўрсатди ва биз енгилдик – одамларимиз қамалди, ўлдирилди, бошқа юртларга қочишга мажбур қилинди. Ўзбекистонда коммунистик тузумнинг умри давом этаяпти ва у қачон тугаши ҳали номаълум. Бироқ, қачон бўлса-да унинг умри тугайди, ўзбеклар ватанига қайтади ва янги ҳаёт бошланади. Ҳозир ўзбеклар зеҳнияти (менталитети)да қуллик руҳияти (психологияси) сақланиб турибди – мазкур руҳиятни нафақат мавжуд тузум кучайтирган, балки узоқ ўтмишдаги мустамлакачилик (колониал) тузум қолдирган қуллик руҳияти таъсирини ўзидан нарига ҳали ҳам улоқтирган эмас. Янги ҳаётда ўзбеклар эркин ва қудратли миллатга айланиши керак ва у курашларда кечади. Кураш енгил бўлмайди – И.Каримдан қолган сарқитлар жон-жкҳди билан янгиликларга қаршилик кўрсатишади.

 

Ушбу мақолада биринчи навбатда ИСМ ва ШАРИФ (фамилия) ҳақида гап кетади. Маълум-ки, И.Каримгача бўлган даврда халқимиз бўйнига мустамлакачиликнинг даҳшатли бир сарқити илинган, яъни ҳаётнинг имкон қадар кўп соҳаларига руслаштириш киритилган. Инсоният тарихида бир қатор кичик халқлар руслаштириш, инглизлаштириш, французлаштириш (ва ҳоказо) натижасида ўз тилларини унутганлар. Ўзбек халқи ҳам шу сиёсатга дуч келган бўлса-да, бироқ ўзбек тили сақланиб қолди. Руслаштириш сиёсатининг хуружи ўз таъсирини ўзбекларнинг исм-шарифларида ўз кучини ҳанузгача сақлаб турибди. Шундан келиб чиқиб, мен ўзимнинг биринчи орзумни муҳтарам ўқувчиларга айтмоқчиман: ЎЗБЕКЛАР ЎЗЛАРИНИНГ АСЛ ИСМ-ШАРИФЛАРИНИ ТИКЛАШЛАРИ КЕРАК!!!

Бу – ўта оғир ва кенг, бироқ истак бўлса бемалол ҳал қилса бўладиган масаладир. Бу – биринчи навбатда халқнинг ғурурини тиклайди ва оширади. Дунёдаги бошқа миллат вакиллари инсон қайси миллатга тегишли эканини унинг исм-шарифидан билиб олишлари керак! Грузин, серб, арман, эстон, латиш, литва, румин, эронлик ва бошқа халқлар исм-шарифига қаранг – ҳавас қилгулик даражада! СССР даврида руслаштиришга энг кам учраган миллатлар айнан грузин, арман, эстон, литвалик ва латишлар бўлди – улар ўз имло (алфавит)ларини ва исм-шарифларини сақлаб қолишган эди. Совет пуллари устида пулнинг номи ва қиймати барча иттифоқдош халқлар тилида акс эттирилган бўлиб, эстон, литвалик ва латишлар тилидаги номланиш лотин имлосида, грузин ва арманлар тилидаги номланишлар ўз имлоларида, қолган бошқа миллатлар тилидаги номланишлар эса рус (кирилл) имлосида акс эттирилган эди. Коммунистик СССРнинг тугатилиши ва эркин ҳаётга ўтишда айнан болтиқбўйи республикалари ҳамда Кавказнинг икки республикаси асосий ролларни ўйнашди.

Исм-шариф масаласида турли ёндашувлар бўлиши мумкин. Мас., французларда биринчи ИСМ, иккинчи ШАРИФ ёзилади (айтилади) – бу қонун! Европанинг деярли ҳамма мамлакатларида шу қонун амалда. Ўзбеклар биринчи навбатда ўз шарифларидаги “ов”, “ев”, “ова” ва “ева”лардан воз кечишлари керак. Оралиқ “отасининг исми” (отчество)ни нима қиламиз? Русларнинг ўзи “отчество”га қарши эканлигини бундай ифода этишади: “Отчество” патриархат даврнинг унсури. “Патриархат” сўзи қадимги юнон тилида айнан “ота ҳукмдорлиги”ни билдирган ва πατριάρχης сўзи, яъни “халқлар отаси” ёки “халқлар доҳийси” сўзидан келиб чиққан. Мас., инсоният тарихида ўтган золим ҳукмдорлардан бўлган В.Ленин ва И.Сталин ана шундай улуғланган. Бу эса қип-қизил тоталитаризм билан боғлиқ тузумга етаклайди. (Тамом).

Ҳозирнинг ўзида И.Каримни “отам”, “отамиз” деяётганлар кам эмас. Бошқача айтганда, исм-шарифда “отчество”ни сақлаш бевосита бўлмаса-да, билвосита доҳийчиликни улуғлашга олиб боради. “Отчество” мусулмон халқларида бўлган эмас, собиқ совет республикаларидан фарқли ўлароқ туркий ва мусулмон халқларда “отчество” ҳозир ҳам йўқ. Европа халқларида эса “отчество” азалдан бўлмаган. Демак, ўзбеклар келажакда исм-шариф танлаган (ҳужжатга ёздирган)да русча “отчество”ни исм-шарифга яқинлаштирмасликлари керак.

Зиқнароқ ўқувчи “Нега ўзингиз исм-шарифингизни ўзгартирмагансиз?” дея сўраши мумкин. Мен исм-шарифимни ўзгартиришга 1991 йилда киришганман. Биринчи қадамим Юнусобод туман “Фуқаролик ҳолатини қайд қилиш” (ЗАГС) бўлимига исм-шарифимни “Толиб Ёқубзода”га алмаштиришни сўраб ариза билан мурожаат қилганман, бироқ ЗАГС ходимлари “Ҳукумат исм-шарифлар ҳақида ҳали қонун қабул қилгани йўқ, биз бу ишни қонунсиз амалга ошира олмаймиз” деган ёзма жавоб беришди. Мен ўша пайтлар Низомий номли Тошкент давлат педагогика институтининг математика факультетида ишлар эдим. Факультет йўлаги (коридори)га дарс жадвали осилган бўларди. Жадвал катакчаларга бўлинган бўлиб, ҳар бир катакчада бир “пара” (90 минутлик) дарс, синф (аудитория) рақами ва ўқитувчининг исм-шарифи ёзилган бўларди. Мен деканатга кириб “Бундан буён дарс жадвалига менинг исм-шарифимни “Толиб Ёқубзода” каби ёзасизлар” деган талаб қўйдим. Аввал жанжал бўлди, бироқ мен ўз талабимдан қайтмадим ва мақсадимга эришдим – дарс жадвалида “Толиб Ёқубзода” ёзуви 1992 йил 30 ноябргача, сиёсий фаолиятим туфайли мени ишдан ҳайдаганларигача турди. (Тамом).

Туркистон чор Россияси мустамлакаси бўлган пайтда ҳам, СССР даврида ҳам ўз миллий исм-шарифини сақлаб қолган шоир, ёзувчи ва бошқа тоифа зиёлилар кам бўлмаган – Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий, Абдурауф Фитрат, Абдулҳамид Сулаймон ўғли Чўлпон (асли шарифи руслаштирилган Юнусов бўлган, бироқ шоир ундан деярли фойдаланмаган), Абдулла Қодирий, Ҳамид Олимжон, Ғофур Ғулом, Акмал Пўлат, Ёдгор Обид, Мирза Кенжабек, Юсуф Жума каби юзлаб (балки минглаб) ижодкорларни эслаш мумкин.

Миллатга муносабатни, ким қандай миллатпарварлигини исм-шарифдан-да яхши англатадиган унсур йўқ. СССР қулагандан кейин исм-шарифларини миллийлаштириш сиёсати Озарбойжон ва Тожикистонда олиб борилди, бироқ охирига етказилмади. Тожикистонда бу жараён тўхтаб қолганининг сабаби маълум – тожиклар шарифларидан “ов”, “ова”, “ев” ва “ева”ларни олиб ташлай бошлашганда тожикистонлик меҳнат муҳожирлари Россияда қаттиқ босимга учрашди, руслар уларга иш бермай қўйишди. Қозоғистон, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қирғистонда эса бу ҳаракат умуман бошланмади – чамаси, Тожикистон мисоли уларни бу ишни бошлашдан чўчитди.

Шу ишга чин сидқи-дилидан қатнашишни истаган олим ва уламолар, тилчи ва адабиётчилар, шоир ва ёзувчилар жамиятимизда етарлича топилишига менинг ишончим комил. Айниқса, бу ишга ёшларни кенг жалб қилиш керак. Ишни нимадан бошлаш керак? Маълум-ки, ўзбекларда исм ҳам, шариф ҳам исмдан иборат. Мас., “Толиб Ёқубов”да “Толиб” ҳам исм, “Ёқуб” ҳам исм, “Муртазо Бўрибоев”да “Муртазо” ҳам исм, “Бўрибой” ҳам исм. Бироқ, ўзбекларда “Анвар Тулкиев”ни ҳам, “Тулки Анваров”ни ҳам тополмайсиз. Русларда бундай эмас – “Сергей Орлов”да “Сергей” – исм, бироқ Орёл (бургут) деган исм йўқ. Демак, менинг фикримча, биринчи навбатда, исмлар мутлақо тўғри ёзилган ҳолда исмлар каталог (жадвал)ини ишлаб чиқиш керак. Каталогда Ўзбекистоннинг турли минтақаларига хос исмлар ҳам акс эттирилиши лозим. Мас., “Тоғай”, “Қоржов” исмларини мен сурхандарёликларда кўп учратганман, бироқ бу исмлар Жиззахда қўйилмайди. Иккинчидан, бачкана исмлар (Учқун, Ўткир ва ҳоказо) жадвалга киритилмаслиги, исм салмоқли бўлиши керак. Мас., “Шокир” ва “Зокир” исмлари болани чақирганда ҳам, улар кексайган пайтда “Шокир бобо” ва “Зокир бобо” дейилганда ҳам салмоқли жаранглайди. Болани ёшлигида “Тойчоқ” десангиз ҳам бўлаверади. Кейин-чи? “Учқун” исм бола ёшлигида ўзига ярашади, бироқ кексайганда “Учқун бобо” дейиш эришдай туюлади.

Аёлларнинг исми гўзал ва ҳикматли бўлиши керак. Кейинги пайтларда аёллар исмида бачканалик ҳакалак отиб кетди. Одамлар қиз бола ҳам қариши мумкинлигини ва уни одамлар номига “момо” сифатини қўшиб чақира бошлашлари лозимлигини унутиб қўйдилар. “Лайло” ҳар қандай қизчага ярашадиган исм, бироқ “Лайло момо” деб мурожаат қилиш, масалан менга, мутлақо ножиддий туюлади. Фазилат, Маҳфират, Ҳикоят ва шу каби бошқа исмлар унутилиб кетди. Бундай исмларни тикламасак тарихни тиклаш қийин бўлади. Илгари “Боймат”, “Шермат”, “Нормат” каби исмлар кўп бўларди. Тушунарли-ки, бу исмлар “Боймуҳаммад”, “Шермуҳаммад”, “Нормуҳаммад” каби исмларнинг бузилган шаклидир. Исм-шарифларни тиклаш лойиҳасида қатнашувчилар “Боймат”, “Шермат”, “Нормат” каби исмларни “Боймуҳаммад”, “Шермуҳаммад”, “Нормуҳаммад” каби исмларга алмаштириш керакми-йўқми, деган савол устида баҳс ўтказганлари маъқул. Балки икки шаклни ҳам сақлаган маъқулдир? Ўзбекларда қўшалоқ исмлар жуда кўп учрайди – юқорида айтилган “Боймуҳаммад”, “Шермуҳаммад”, “Нормуҳаммад” каби исмлар шулар жумласига киради. “Темурмалик”, “Муҳаммадқодир”, “Мирзапўлат” каби исмлар илгари кўп бўлган. Болаларга қўшалоқ исмлар, масалан, немисларда кўп берилади: “Ганс-Юрген”, “Марк-Георг” каби исмлар ҳар қадамда учрайди.

Хуллас, исм-шарифларни қайтадан шакллантиришда мен учта йўл кўраяпман: (i) исм ва шариф кўринишида (бачканаликдан тозаланган, анъанавий исмлар тикланган ва ҳоказо) – бунда шариф “зода”, “ий”, “ўғли”, “қизи” каби қўшимчалар билан тўлдирилган ҳолда бўлади; (ii) исм, отасининг исми (отчество) ва шарифи кўринишида; (iii) ҳеч қандай қўшимчасиз, французларникидай, қатъий биринчи ўринда ИСМ, иккинчи ўринда ШАРИФ турадиган ҳол. Биринчи йўл бўйича исм-шарифларга, мас., “Олим Толибзода”, “Дилобар Эркинзода”, “Азизбек Шокирий”, “Ҳикоят Умарий”, “Тоҳир Абдуғани ўғли”, “Гулноза Илҳом қизи”ни мисол қилиб кўрсатса бўлади. Иккинчи йўлни англаш учун “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий”ни таҳлил қилиб кўрайлик. Билишимча, “шоҳзода” сўзи “шоҳнинг ўғли”, “шоҳнинг насли” ёки “шоҳнинг вориси” каби мазмунга эга. У ҳолда “Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий” нимани билдиради? Юқоридаги “шоҳзода”дан келиб чиқсак, Ҳамза Ҳакимнинг ўғли (насли, вориси), яъни Ҳаким Ҳамзанинг отаси эканлиги келиб чиқади. Демак, буюк мутафаккир шоир Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ўзининг исм-шарифида (А): ўзининг исми, (Б): отасининг исми (отчествоси) ва (В): шарифига эга бўлган (Ниёз балки бобосининг исмидир?).

Иккинчи йўл бирмунча мураккаб, хатолар кўпайишига мойил ва, руслар айтганидай, патриархат даврининг маҳсулидир. Шахсан мен бу йўлни танламас эдим. Учинчи йўл менга энг рационал ва ихчамдай туюлади. Ойдин Абдулла, Қосим Файз, Зилола Баҳром, Турдимурод Эргаш – рационаллик ва ихчамликни сезаяпсизми? Биринчи ўриндаги Ойдин, Қосим, Зилола ва Турдимурод – исмлар, Абдулла, Файз, Баҳром ва Эргаш шарифлар бўлиб, мос равишда Ойдин, Қосим, Зилола ва Турдимуродлар отасининг исмидир.

Орамизда миллатпарвар, миллий қадриятларимизни тиклашни чин қалбдан истаган инсонлар жуда кўп. Мас., оғзи коскироқ бўлса-да, “Бирлик” партияси раиси Абдураҳим Пўлат исм-шариф масаласида қатъий фикр (позиция)га эга, унинг укаси Абдуманноб (раҳматлик) ҳам айни фикрда эди. Абдураҳим кўп йиллардан бери Ўзбекистон раҳбарларининг исми-шарифини “Ислом Карим”, “Шавкат Мирзиё”, “Рустам Иноят” каби, худди шунга ўхшаш Қозоғистон президентининг исми-шарифини “Нурсултон Назарбой” каби ёзади. 31 миллионли Ўзбекистонда исм-шарифларни ўзгартириш иши осон эмас – бунинг учун биринчи навбатда ўзбек халқида ўз-ўзини англаши, яъни дунёда исми-шарифидан ўзбек миллати мавжуд экани билиниб турган халқ борлигини намойиш этиш даражасига етиши лозим.

Иккинчидан, ўз олдига мазкур масала билан шуғулланишни мақсад қилиб қўйган миллат жонкуярининг улкан армияси пайдо бўлиши керак – бу йўналишдаги асосий машаққат айнан ана шу инсонларнинг гарданига тушади. Учинчидан, исм-шарифларни ўзгартиришнинг иқтисодий муаммолари мавжуд – бу иш катта маблағни талаб қилади. Мазкур ишни, яъни исм-шарифларни ўзгартиришни Ўзбекистонда биометрик паспортлар жорий қилинган йили амалга оширишда энг қулай пайт эди, бироқ руслаштириш қон-қонига сингиб кетган мавжуд ҳукумат бу ишга қўл урмади.

МАТБУОТ ХАБАРИ:

В Таджикистане официально запретили русифицированные фамилии и отчества в документах этнических таджиков. Заместитель Службы записи актов гражданского состояния Джалолиддин Рахимов сообщил в интервью нашей радиостанции, что новые правила были в марте утверждены президентом Эмомали Рахмоном.
По новым нормам, дети этнических таджиков, родители которых носят фамилию, оканчивающиеся на «-ов или -ова», теперь будут получать свидетельство о рождении с таджикской фамилией.
Сам президент поменял русифицированную фамилию Рахмонов на таджикскую Рахмон в 2007 году.)

Менинг иккинчи орзуим – ЎЗБЕК ТИЛИНИ ЖИДДИЙ ИСЛОҲ ҚИЛИШдан иборатдир. Бошдаёқ айтиб ўтай – тилнинг бойлиги гўзаллик ва муҳаббатни чиройли сўзлар билан ифодалашда эмас, тилнинг бойлиги тил ёрдамида ифодаланиши мумкин бўлган информация ҳажми билан ўлчанади.

Дунёдаги ҳар қандай нарса – предмет, воқеа, ўй-ҳаёл, гўзаллик, муҳаббат ва ҳоказолар – информациядир. Бизнинг ўзимиз информация манбъасимиз ва бир пайтда ҳамма вақт информация ичида юрамиз. Информацияни биз сезги органларимиз ёрдамида оламиз (англаймиз). Машинани кўрсак, дарҳол ҳаёлга кўплаб информация келади – автомобилнинг маркаси, катта-кичиклиги, ранги, ҳайдовчининг таниш-танишмаслиги ва ҳоказо, ва ҳоказо.

Уйда ўтирган одам кўчадан келган овозни эшитибоқ, предметни қўрмаса ҳам, бу товуш ниманики эканини англай бошлайди. Тил (сўзлар ва жумлалар) воситасида тушунчалар ҳосил қилинади. Мас., “Амакивачча – ака ва уканинг болаларидир”, “Муайян йўлнинг берилган вақт оралиғида босиб ўтилиши тезлик дейилади” ва ҳоказо. Битта тилни билган одамга нисбатан икки тилни билган одам салкам икки ҳисса кўп информацияга эга бўлади. Бир тил информацияга бой, иккинчи тил эса камбағалроқ бўлиши мумкин. Беш юзта одамдан иборат, бироқ ўз тилига эга бўлган халқ (қабила)да бирорта бошқа халқ (қабила)да учрамайдиган тушунча бўлиши мумкин.

Бир халқнинг қандайдир жумласини сўзма-сўз таржима қилсангиз, натижа тушунарсиз бўлиши мумкин. Мас., рус тилидаги “Большому кораблю большое плавание” деган жумлани “Катта кемага катта сузиш” каби сўзма-сўз таржима қилсангиз тушунарсиз бир “жумла” келиб чиқади, уни “Катта кемага катта сафар” дея таржима қилсангиз ҳаммаси жой-жойига тушади.

Тил ислоҳоти инсониятга маълум бўлган барча фанлар бўйича терминология (тушунчалар тўплами)ни ишлаб чиқишни талаб қилади. Афсус-ки, фундаментал фанлар бўйича ўзбек тилида терминология ишлаб чиқилган эмас. Шундай экан, демак, Ўзбекистонда оламшумул кашфиётлар пайдо бўлмайди, Нобель мукофоти номзодлари ва совриндорлари чиқмайди, халқимиз умумий тараққиётдан орқада қолиб кетаверади.

Инглиз тили бир неча марта ислоҳ қилинди, ихчам ҳолга туширилди ва … дунё тили даражасига кўтарилди. Рус тилини ҳам тил-жонкуярлари камида уч марта ислоҳ қилишди. Рус тилига эътибор қилсангиз унда ажнабий тиллардан олинган сўзлар ғиж-ғиж эканини кўрасиз. Рус тилида “а” ҳарфидан бошланадиган соф русча сўзлар бор-йўғи иккита – “авось” ва “авоська”: қолганларининг ҳаммаси бошқа тиллардан олинган! “Зато” рус тили бой тиллардан бирига айланди. “Автомобиль”, “революция”, “функция”, “авиация”, “медицина”, “биология”, “марка”, “конверт”, “концерт” каби минглаб сўзлар рус тили орқали ўзбек тилига кириб келди. Бу билан ўзбек тили камбағаллашдими? Йўқ – бойиди! Ўзбек тилида форс ва араб тилларидан кириб келган сўзлар кам эмас, тилимизда уларнинг ўрни беқиёс даражада. Хулоса оддий: бирор информацияни ўзбек тилида ифодалай олмасангиз, уни бошқа тиллардан изланг! Айби йўқ! Фойдаси кўп!

Бир тилдан иккинчи тилга матнни таржима қилиш ҳозирги замоннинг асосий масалаларидан биридир. Ўзга тилда ёзилган матнни тушуниш ўша тилни билмаган кенг омма учун оғир нарса. Бироқ, миллат ривожланиши учун ўзга тилларда ёзилган матнларни ўқиш ва тушуниш ўта зарур эканлигини ҳеч ким инкор эта олмайди. Кенг омманинг ўзга тилларда ёзилган турли хил информацияни ўқиши, ўрганиши, ўз ижодида (мас., илмий ва амалий ишларида) фойдаланиши миллат ривожланишида муҳим роль ўйнайди.

Бироқ, ўзга тилларда тарқатилган информациялар шу қадар кўп-ки, ҳатто дунёдаги асосий тиллар дея саналган инглиз, немис, француз, испан, рус ва араб тилларида тарқатилган информацияни профессонал таржимонлар ўзбек тилига таржима қилиб улгурмайди. Нима қилиш керак? Бундай пайтда “машина таржимаси” (машинный перевод) олдинги планга чиқади, яъни бир тилдан иккинчи тилга таржима қиладиган программалар тузиш (ишлаб чиқиш) асосий масалага айланади.

“Машина таржимаси”нинг битта “нозик” томони бор: машина, яъни компьютер, инсондан фарқли ўлароқ таржима қилиниши лозим бўлган матнга “ижодий ёндошишни” билмайди – у (матн) программада қандай ёзилган бўлса шундай таржима қилиб кетаверади! Мас., рус тилидан “Большому кораблю большое плавание” жумлани компьютер “Катта кемага катта сузиш” дея таржима қилади, инсон эса бу жумлага “ижодий ёндашади” ва уни “Катта кемага катта сафар” дея таржима қилади.

Демак, “машина таржимаси” билан шуғулланувчи (программа ишлаб чиқарувчи) олимлар олдида ўта мураккаб масала – программани жонли тилга максимал яқинлаштириш – масаласи кўндаланг бўлади. Бунинг йўли битта – тилни ислоҳ қилиш, уни максимал ихчам ҳолга келтиришдир.

Ким қилади бу ишларни? Шу улуғвор ишга журъат боғлаган ўзбеклар орасида олимлар топиладими? Наҳотки 31 миллионли аҳоли орасида бир гуруҳ жасур инсонлар чиқмаса! Чиқади! Мен аминман!

30 апрель, 2016 йил; Франция.

Advertisements

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s