ТИЛ БОЙЛИГИ — ЭЛ БОЙЛИГИ


Толиб ЁҚУБ

Рус тили дунёдаги энг бой тиллардан бири ҳисобланади. “У ниманинг, тўғрироғи, қайси тилларнинг ҳисобига бойиган?” деган табиий савол туғилади. Бу саволга жавоб беришдан олдин “тилда атрофимиздаги ҳар қандай нарса [предмет] ва ҳодиса ҳақида турли-туман тушунчалар қандай ва нима сабабдан пайдо бўлади?”, деган саволга жавоб топишимиз керак. Маълум-ки, қайсидир бир халқ [мас., ўрислар] бепоён ўрмон ичида яшаган, бошқа бир халқ [мас., французлар, инглизлар, испанлар, португаллар ёки марокашлик араблар] бепоён уммон [кўл, денгиз, океан] қирғоғида умргузаронлик қилган, яна бир халқ [мас., туареглар] бепоён саҳрода чексиз қум ва майда тош барханларидан бошқа ҳеч нарсани кўрмай туякашлик билан шуғулланган. Бепоён ўрмонлардаги ҳаёт ўрисларга нимани берди? Биринчидан, улар ёғочсозлик санъатини ўрганишди, дурадгорлик ўрислар учун асосий касбга айланди, ўрис ҳатто ўз кулбасини тўлиқ [тагкурси (фундаменти)дан тортиб томигача] тахта ва болордан тиклай бошлади. Иккинчидан, ўрислар ўрмон дарахтлари фани, яъни, биологиясини ўрганишди, ҳар бир дарахт тури ўз номига эга бўлди, ўрмон бутун бошли халқни боқабошлади –  ундаги глухарь каби улкан қуш, кийик каби баъзи ҳайвонлар гўшти, қўзиқорин ва турли ўсимликлар мевалари [малина, ежевика, черника, клюква ва ҳ.]дан тайёрланган компот ва жемлар ўриснинг асосий емагига айланди. Учинчидан, ўрмондаги мўйнали [олмахон, тулки], ёввойи [бўри, айиқ, йўлбарс ва б.] ҳайвонлар териларидан тикиладиган телпак, нимча, пальто, пўстин ва этик бозорда шу қадар “ходовой” бўлди-ки, уларни ҳатто чет давлат одамлари “кўзига суртиб” сотиб ола бошлашди.

Бепоён уммон қирғоғларида яшаган французлар, инглизлар, испанлар, португаллар, марокашлик ёки жазойирлик араблар нимага эришишди? Улар, биринчидан, машҳур денгизчиларга айланишди, иккинчидан, инглизлар дунё ҳудудининг ярмини забт этишди, французлар эса Африка қитъасининг салкам ярмини ишғол этишди – испанлар ва португаллар ҳам шу! Бепоён уммон қирғоғларида яшаган марокашлик ва жазойирлик араблар инглиз, француз, испан ва португаллар каби босқинчилик йўлини танлашмади – улар моҳир денгизчилар [ўрисча: мореход] сифатида тарихга киришди! Савол: Бепоён саҳрода чексиз қум ва майда тош барханларидан бошқа ҳеч нарсани кўрмай туякашлик билан шуғулланган туареглар нимага эришишди? Жавоб: деярли ҳеч нарсага –  улар ўрта асрлар пайтидаги яримёввойи халқлар зеҳниятини сақлаб қолишди, холос!

Асосий, тушунчаларнинг пайдо бўлиши мавзусига қайтамиз. Умри ўрмонда ўтган халқ тилида тушунчалар 99% ўрмон [дарахт, унинг номлари, турлари, табиати, ундан ясаладиган буюмлар, унда яшаётган қурту-қумурсқалар, қушлар ва ҳайвонлар, ўсаётган ўт-ўланлар, ундаги сув ҳавзалари ва ҳ.] ҳақида, 1% эса ўрмон билан боғлиқ бўлмаган нарса [предмет] ва ҳодисалар ҳақида бўлади – ўша 1%и ҳам умри ўрмонда ўтган халқнинг зиёли вакиллари китоб, газета ва журналлардан ўқиб, радио ва телевизордан эшитиб, узоқ-яқинга, ажнабий юртларга қилган сафарлари давомида кўрган-боққанларига таяниб ёзган мақолалари асосида шаклланади.

“Ўрмон халқи”, “уммон халқи” ва “саҳро халқи” тилларида шаклланган тушунчалар бир-биридан Ер билан Осмонча фарқ қилади – бири иккинчисини тушунмаслиги мумкин: гап тушунарсиз термин [сўз, ибора ёки жумла]да эмас, гап ўша терминнинг “ўрмон халқи”, “уммон халқи” ва “саҳро халқи” тилларининг бирида шаклланган, бошқасида эса ҳали шаклланиб улгурмаганига боғлиқ бўлади. Масалан, “ўрмон халқи” вакили “саҳро халқи” вакили билан бўлган сўҳбатда ўз гапида “малина” [ўзбекчаси: “маймунжон”] сўзини ишлатса, “саҳро халқи” вакили уни буғиб ўлдирсанг ҳам мазкур сўзни тушунмайди! Чунки, “маймунжон” саҳрода ўсмайди – у фақат ўрмонда ўсади! Шунинг учун “саҳро халқи” уни ўз сарҳадларида кўрмаган ва ҳатто эшитмаган ҳам! Худди шундай, “саҳро халқи” вакили “ўрмон халқи” вакили билан бўлган сўҳбатда: “Ошна, сиз туяқушнинг тухумини еганмисиз?” дея сўраса, “ўрмон халқи” вакили кўзини пирпиратиб тураверади – у, бечора, туяқушнинг тухумини ейиши уёқда туратурсин, у туяқуш қанақа парранда ёки “дарранда” эканини ҳатто эшитмаган ҳам бўлиши мумкин!

Бироқ! “Саҳро халқи” вакили илгари эшитмаган “маймунжон” сўзини, “ўрмон халқи” вакили эса илгари эшитмаган “туяқуш” сўзини биринчи марта эшитишди ва мазкур сўз [термин]ларни ўз сўз лўғатига қўшиб қўйди. Бу – ниманинг белгиси? Тўғри, бу бир тил иккинчи тилдан битта муайян тушунчани қабул қилиб олди ва ўзини бойитди, деганининг белгисидир!

Мақола бошида “рус тили дунёдаги энг бой тиллардан бири ҳисобланади, у ниманинг, тўғрироғи, қайси тилларнинг ҳисобига бойиган?” деган табиий саволни қўйдик. Бу саволни тушуниш учун “а” ҳарфидан бошланадиган сўзлар рўйхатига бир назар ташлаш етарлидир – мазкур рўйхатда фақатгина 2 (икки)та соф ўрисча сўз бор, холос: “авось” ва “авоська” – қолган сўзларнинг барчасини ўрислар ажнабий тиллардан олишган! Ишонмасангиз – маслаҳат: “Словарь иностранных слов” китобини олинг-да, унинг “а” ҳарфидан бошланадиган сўзларига кўз югуртириб чиқинг!

Аввало, “авоська” ва “авось” сўзларини тушунтираман: майда-чуйда солиб кўтариб юриладиган, одатда ипдан тўқилган халтани ўрислар “авоська” дейишади. “Авось” сўзи “авоська” сўзининг бир қисми бўлса-да, бу сўзларнинг маъноси бир-биридан тубдан фарқ қилади: “авоська”сўзи, юқорида айтилганидек, тўр халтани англатади, “авось” сўзининг ўзбекча эквиваленти “балки” сўзига тўғри келади, уни тушунтириш учун эса иккита мисол келтираман: 1) “Учёные и агрономы говорят, что в этом году будет страшная засуха – АВОСЬ пройдёт стороной! [“Олим ва агрономлар бу йил даҳшатли қурғоқчилик бўлади, дейишмоқда – БАЛКИ ёнбошдан ўтиб кетар!]; 2) “Видные мировые астрономы предсказывают, что в этом году близ планеты Земля пролетит огромный астероид-камень и вероятность его столкновения с Землёй огромна! Но мы думаем: астероид-камень АВОСЬ пролетит мимо Земли, не причинив ей вреда [Дунёнинг атоқли астрономлари жорий йилда Ер планетаси яқинидан баҳайбат тош-астероид учиб ўтади ва унинг Ерга келиб урилиши эҳтимоли жуда катта, дейишмоқда. Бироқ, биз: тош-астероид БАЛКИ Ерга зиён етказмай учиб ўтиб кетар, дея фараз қилмоқдамиз].

Шундай қилиб, ўрис тилида “а” ҳарфидан бошланадиган фақат иккита соф ўрисча сўз мавжуд бўлиб, улар “авось” ва “авоська” сўзларидир! “Абажур” (французча), “абцисса”(француз), “авиация” (лотин), “автомобиль” (юнон ва лотин), “агрономия” (юнон), “астрономия” (юнон), “аннотация” (лотин), “акробатика” (юнон), “алкоголь” (араб ва лотин), “апостроф” (француз – юнон), “азимут” (араб), “алкология” (француз-итальян) каби юзлаб терминларни ўзлаштирган ўрис тили турли чет тиллар ҳисобига бойиган! Бу – яхшими, ёмонми? Яхши бўлса – нега, ёмон бўлса – нега? Ўзбек тили бойми ёки ночорми? Ўзбеклар ўз тилини ажнабий тиллар сўзларини ўзлаштириш ҳисобига бойитиши яхшими, ёмонми? Бир пайтлар “фуқаро” сўзи араб тилида “қашшоқ” сўзини англатиши маълум бўлди ва у аввал СССР, 90-чи йиллар бошидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси ҳукумати томонидан аҳолига берилаётган ўзбек паспортларида “гражданин” [“гражданка”] сўзи ўрнида ишлатила бошлади. Қозоқлар “гражданин” сўзини “азамат” сўзи билан алмаштиришди – ҳар бир қозоқ азаматга айланди. “Фуқаро”, яъни, “қашшоқ” сўзи ўзбекларга оғир ботди, ўзбеклар ҳам “қашшоқ” сўзини қозоқлар каби чиройли сўз билан алмаштириш ҳаракатига тушишди – бири эркаклар учун “бек” [аёллар учун “бека”] сўзини таклиф этди, яна бири “фуқаро” сўзининг арабча маъносига эътибор бермай “гражданин” [“гражданка”] сўзини “фуқаро” деяверишга урғу берди – натижа 0 (ноль) бўлди. Қозоқлар ва ўзбеклар туркий халқлар гуруҳига киради – дини, зеҳнияти [менталитети], маданияти ва маънавияти бир хил эканини ҳисобга олсак [тиллари фақат шева билан фарқ қилади], “гражданин” [“гражданка”] сўзини ўзбеклар ҳам “азамат” сўзи билан алмаштиришса қозоқ биродарлар суюнса суюнарди-ки, асло хафа бўлишмас эди! Ҳозир, айни пайтда, ҳар бир қозоқ –  аёлу-эркакнинг ҳаммаси АЗАМАТ, ҳар бир ўзбек –  аёлу-эркакнинг ҳаммаси ҚАШШОҚ бўлиб турибди!

(Тамом)

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй;

3 апрель, 2019 йил.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s