ЎЗБЕКЛАР ШЕЪРИЯТИ


Менда шоирликнинг «ш»си ҳам йўқ, бироқ шеъриятни ўлгудек яхши кўраман. Мақтаниш эмас  икки марта илҳом қуши елкамга келиб қўнди ва мен иккита шеър ёздим, иккаласини ҳам Андижонга бағишладим. Шеърни мароқ билан эшитиш ёшлигимга бориб тақалади.  Узоқ қиш кечалари сандал (танча) атрофида ўтирардик, отам токчадан араб имлосида битилган китобни олардилар ва Сўфи Оллоёрнинг шеърларини моҳирона ўқиб берардилар. Ухлаш қаёқда, дейсиз  тонг сал-пал ёриша бошлагач бирпас мизғиб олардик, холос. Ҳеч ким қуёш чиққунча ухламас эди.  Отам мол-ҳолга қарар, энам оилага нонушта тайёрлашга тушиб кетар, бизлар, болалар, апил-тапил юз-қўлимизни ювиб мактабга отланар эдик.

Уруш тугаб тинчлик замони бошланган бўлса-да, қишлоғимизда баланд симёғочга илинган радиокарнайдан бошқа ҳеч вақо йўқ эди. На телефон, на электр-свет, на бирорта кўнгилочар клуб! Қишлоғимизда фақат битта оилада патефон ва 3-4 та пластинка бор эди. Қишлоғимиздаги оилалар навбати билан, бола-чақасини эргаштириб ўша оилага борар ва бир-икки соат пластинкалардаги қўшиқларни қайта-қайта эшитиб, уйига қайтар эди.

 

Толиб ЁҚУБ

ШЕЪРИЯТ, СЕВГИ-МУҲАББАТ

ёҳуд

НАСЛ ҚОЛДИРИШ

 

МЕҲМОН

Йўқ эди ноз аҳлида султон ҳали,
Йўқ эди дил шаҳрида қурбон ҳали.

Меҳр сеҳри бирла кирдинг қалбга,
Бунча дилкаш бўлмаган меҳмон ҳали.

Эй ғазал баҳрида гавҳар, сен келиб,
Англадим, комил эмас девон ҳали.

Тушди қўлдан ихтиёр эшкаклари,
Бунча кучли бўлмаган тўфон ҳали.

Ошиғингман, ошиғинг бир мен эмас…
Билдим, анча қийналар бу жон ҳали.

Сиз билан қолгум дединг мангу, бу тун,
Бунча ширин бўлмаган ёлғон ҳали.

Офарин! Ушбу шеърни ўқиган ҳар қандай аёл қуёшда қолган музқаймоқдай «эриб» кетса керак! Шоирнинг севгилиси: «Бу тун сиз билан мангу қоламан» дея оддийгина ваъда беришини шоир «барча ёлғонлар ичидаги энг ширини» дея таърифлайди! Яна бир бор офарин!

Ўрисларда тамоман бошқача! Касби ўқитувчи бўлган ўрис шоири Александр Бившевнинг қуйидаги шеърига эътибор қилинг:

ПОСЛЕДНИЙ СОЛДАТ ВОЙНЫ

Всего себя отдав Отчизне,

И с чувством грусти и вины

Когда-нибудь уйдёт из жизни

Последний ветеран войны.

Той самой страшной и кровавой,

Когда всё было на краю,

Что на века покрыла славой

Страну великую мою…

Однополчан он вновь увидит

И всё былое вспомнит вмиг.

Встречать героя лично выйдет

Сам Михаил Архистратиг.

И скажет он с огнём во взоре:

«Настал, солдат, и твой черёд.

Ну вот, теперь мы в полном сборе.

Идём в поход – труба зовёт!»

Тўғри, ўрис шоирлар ҳам муҳаббат ҳақида шеърлар тўқишган, лекин уларнинг ижодида ватан, табиат, фалсафа, душманга нафрат, Яратганни улуғлаш кенг ўрин олган. Исми-шарифи эсимда йўқ – бир ўрис шоири ҳатто «Охирги трамвай» деган шеър ёзганини биламан! Яхши эсимда – буюк ўзбек шоири Юсуф Жуманинг «Бу бирликнинг ишидир» номли шеъри олдинги асрнинг 80-чи йиллари охирида «Бирлик» Халқ Ҳаракати (БХҲ)нинг ротапринт усулида босилган газетасида эълон қилинди. Ўша пайтларда ҳукумат одамлари жамиятда юз бераётган ҳар қандай негатив ҳодисани: «Бу – «Бирлик»нинг иши!» дея БХҲга тўнкашар эди. Юсуф Жума шеърининг матни эсимда йўқ, лекин унда, тахминан, шундай фикр айтилган эди:

«Сичқон нонни еб қўйди – бу «Бирлик»нинг ишидир,

Чақалоқ жойини ҳўл қилди – бу «Бирлик»нинг ишидир» [ва ҳоказо].

Юсуф Жуманинг мазкур шеъри мен дуч келган биринчи сиёсий шеър эди. Юсуф Жума сиёсий шеърлар ёзишга ўта моҳир эди – мен унинг қалами билан ёзилган «Ҳам коммунист, ҳам ҳожи» шеърини қайта-қайта ўқиб тураман. Мана, ўша шеър:

Қойил! Мaнaви тождор –
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.
Мeнинг бир устозим бор:
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.

Тонгдa Мaсковнинг гaрдин
Билгaн Каъбa, гултожи.
Туш пaйти ҳaжгa борди,
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.

Худосиз художўйдир,
Гўё миллaт ривожи.
Ҳaм бўридир, ҳaм кўрдир,
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.

Тилим тилингaн, ночор,
Шеърдир ёлғиз иложи.
Юсуф – осий гуноҳкор,
Ҳaм коммунист, ҳaм ҳожи.

«Менинг бир устозим бор:

Ҳам коммунист, ҳам ҳожи»

деганда Юсуф Жума кимни назарда тутган бўлиши мумкин? Менинг фикримча, у ҳамма вақт ароқ ичиб, кайфу-сафо қилиб юрадиган буюк шоир, коммунист, Абдулла Орифни назарда тутган бўлиши мумкин. Бироқ, у (А.Ориф) ҳажга борганми-йўқми билмайман. Қишлоғимизда ёши 90 дан ошган бир чол бор, мен уни яхши танийман – у советлар даврида қип-қизил коммунист эди, СССР парчаланган кунлари у партбилетини апил-тапил: «Ҳали керак бўлиб қолади, СССР тикланади» дея сандиққа солиб қўйганини ўз оғзидан эшитганман. Франциядан қайтгач эшитсам – у ҳажга, Маккаи-мунавварага бориб келибди! Қишлоғимиз одамлари ҳозир уни «Ҳожи бова» дейишар экан! Юсуф Жума «Ҳам коммунист, ҳам ҳожи» дея узоқни кўра олганини қаранг!

Советлар тузуми даврида ташкил этилган Ўзбекистон «Ёзувчилар уюшмаси»[ЁУ]га бухоролик шоир Жамол Камол раислик қиларди. 80-йиллар охири, 90-чи йиллар боши, мамлакатни ғирт коммунист Ислом Карим бошқарарди. Ж.Камол бошқарган ЁУ нодавлат ташкилоти бўлса-да, унинг раиси давлат раҳбарига ёқиш учун унга ялтоқланиб «у-бу нарса ёзиб турсам ёмон бўлмайди» деган қарорга келади ва … «Аввал ватан, кейин жон» номли шеър ёзиб, уни «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетасида чоп этади. Шеър матнини тўлиқ келтириш шарт эмас – у кимга ва нимага бағишлангани унинг номидан кўриниб турибди! Биров эътибор қилди, биров эътибор қилмади – шеърнинг ёнидан ўтиб кетаверди. Юсуф Жума бепарво ўтиб кетмади – у ўзининг қуйидаги шеърини ёзди [унинг шеъри «Ўзбекистон адабиёти ва санъати» газетаси юзини кўрмади – у «Бирлик» Халқ Ҳаракати (БХҲ)нинг кафтдакгина газетасида босилди, холос].

Сенга қийин, қийин Ватан,

Қадринг чақа, тийин Ватан.

Аввал курси, аввал унвон,

Аввал жон-у, кейин Ватан.

Шоҳга эгдик бўйин, Ватан,

“Юрт – жон”, – демак – ўйин, Ватан.

Аввал қозон, аввал палов,

Аввал патир, кейин Ватан.

Айтсам диллар сирин, Ватан,

Сендан майиз ширин, Ватан.

Сендан авло бир отим нос,

Аввал айрон, кейин Ватан Болаларинг хоин, Ватан,

Ўпмоқда шоҳ пойин, Ватан.

Ишонмагин сўзларига,

Аввал қорин, кейин Ватан.

Юсуф Жуманинг мазкур шеъри мен «Менталитет» номли мақола ёзишимга туртки бўлди – уни Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ) www.huquqbon.wordpress.com сайтида ўқиш мумкин.

Юсуф Жумадан олдинми, кейинми – билмайман, баъзи ўзбек шоирлари ноишқий шеърлар ёза бошлашди. Масалан, буюк шоир Ёдгор Обиднинг «Қабристон қушлари» номли шеъри фалсафий акс-садо беради. Мана ўша шеър:

Қабристон қушлари

Тош оғир. Тош совуқ. Тош бежон. Йиллар ўтган сайин нурайберади. Кимларнинг шакли бу: Сағирми, султон. Қушларга барибир. Сайрайберад

Вужуд ер қаърида. Руҳ қайда сарсон. Тош кўзин ўргимчак ўрайберади. Сассиз нидоларни босса ҳам хазон… Қушларга барибир. Сайрайберади.

Одамлар келади йўқлаб ҳарзамон. Гоҳ эслаб, гоҳ эснаб жўнайберади. Ўзи шундай бўлгач аслида инсон. Қушларга барибир. Сайрайберади.

Уларнинг қабри йўқ. Йўқ сўнгги макон. Дунёдан кулгандай яйрайберади. Бу ер хайкалзорми ёки қабристон. Қушларга барибир. Сайрайберади.

УРУҒ ва ЗАМИН

Мен Франциядалигимда «Уруғ ва Замин» номли мақола ёзган эдим. Биологик мавжудодлар Ер юзида йўқ бўлиб кетмаслиги учун Яратган [Табиат] уларга «кўпайиш» механизмини инъом этган: урғочи балиқ ҳовуз, кўл, дарё, денгиз, океан каби сув ҳавзасининг бирор нуқтасида ўзининг уруғи (икраси)ни қолдиради (сочади) – «она» балиқ икра сочиб бўлгач, икраларни эркак балиқ ўз спермаси билан «сийлайди». Мазкур амалиётлар тугагач, она балиқ ҳам, ота балиқ ҳам улар (икралар)нинг тақдирига тамоман бефарқ бўлади, маълум бир вақт ўтгач, икралар ёрилади ва улардан итбалиқсифат мавжудодлар ажралиб чиқади – бора-бора улар митти балиқчаларга айланади. Бу – биологик мавжудод (балиқ)нинг Ер юзида йўқ бўлиб кетмаслигини таъминловчи механизмдир.

Шундай биологик мавжудодлар бор-ки, улар «иккига бўлиниш» орқали кўпаяди, яъни, ҳар бир шундай биологик мавжудод иккига бўлинади, ҳосил бўлган 2 баробар кўп мавжудодлар иккига бўлинишни давом эттирадилар (ва ҳ.). Учар қушлар ва учмас парранда (товуқ, тустовуқ, бедана ва ҳ.)лар хас-чўп, латта-путта, лойдан уя ясаб тухумлар қўйишади, улар тухумларни ўз тана ҳарорати билан иситиб тухум сариғи «жонланишига» эришишади – маълум бир вақт ўтгач, қуш чақаси ва парранда жўжаси тухум қобиғини ўзи ёриб ёруғ дунёга чиқади. Инсоният, примат (маймун)лар ва тўртоёқли ҳайвонлар жинсий алоқа воситасида кўпайишади, бола-чақа орттиришади. Улар, яъни, инсоният, примат (маймун)лар ва тўртоёқли ҳайвонлар «эркак» ва «аёл» [«эркак» ва «урғочи» ёки «эркак» ва «мода»]лардан иборат бўлиб, Ер юзида йўқ бўлиб кетмаслик учун «эру-хотин» бўлиб яшайдилар. «Эркак», одатда, жисмонан кучли, танаси йирик, феълан жангари, руҳан бошлиқ (лидер), аёл эса жисмонан заиф ва нозик, паст танали, бироқ ўта хушрўй (чиройли) қилиб яратилган – мутахассисларнинг айтишича, «эркак» ва «аёл» орасидаги муносабат магнитнинг икки қутби кабидир – бир хил қутблар [«эркак» ва «эркак», ёки «аёл» ва «аёл»] бир-биридан итарилади, турли қутблар эса [«эркак» ва «аёл»] бир-бирига тортишади.

Табиий, инсоният ва ҳайвонот дунёси кўпгина биологик жиҳатлар бўйича бир-биридан кескин фарқ қилади. Мас., ҳайвонлар [фил, йўлбарс, арслон, айиқ, бўри, тулки, қорамол, қўй, эчки, хўроз (товуқ), қуш ва б.] оламида «эркак» ва «урғочи» [«мода»] орасидаги муносабат «эркак» ҳайвоннинг лидерлик хусусиятига, яъни, жисмонан энг кучли, энг эпчил ва руҳан энг айёр бўлиш ҳуқуқига асосланади. Мас., бўрилар тўдасида «урғочи» бўриларни «қочириш» [буғоз қилиш, уруғ (сперма) сочиш] жисмонан энг кучли ва энг эпчил ҳамда руҳан энг айёр эркак бўрининг монополияси [тегишли]дир. У ҳамма вақт ёш эркак бўрилар назорати остида юради. Унинг қариганлиги, жисмонан заифлашгани, эпчиллиги ва руҳан айёрлиги пасайганини сезгани ҳамоноқ ёш бўрилар уни ўртага олишади ва: ё ўлдиришади [ғажиб ташлашади], ёки чекиниш [лидерликдан воз кечиш]га мажбур этишади. Шундан кейин ёш бўрилар орасида лидерлик кураши бошланади – бу кураш давомида баъзи ёш бўрилар ўлиб кетиши ҳам мумкин. Шундай қилиб, ҳайвонлар тўдасида «кўпхотинлилик» юзага келади.

Латифа: Тулки хўрозни тутиб олгач, унга: «Мен сени ўлдириб, гўштингни маза қилиб ейман» деса, хўроз ёлвориб: «Айбим нима?» дея сўрабди. Тулки жавобан: «Сенинг иккита айбинг бор: биринчидан, ҳамма ширин уйқуда ётганда қичқириб уйғотворасан, иккинчидан, ҳаммада хотин биттадан бўлса, сенда эса бир ҳовли хотин» дермиш (Тамом).

Яратувчи [Табиат] инсоният Ер юзида йўқ бўлиб кетмаслиги учун уни [инсонларни] нафақат «эркак» ва «аёл» шаклида яратган, балки ҳайвонот дунёсидан фарқли ўлароқ унга «сўз» ва «кўз» ҳам ато этган! «Сўз» ва «кўз»нинг вазифаси нима? Сўздан бири қисқа, бири узун жумлалар тузилади. Жумла маъноли бўлиши ҳам мумкин, маъносиз бўлиши ҳам мумкин. Баъзи маъноли жумла [гап] қўпол бўлса, баъзиси ўта ширин, жозибали, инсон [асосан, аёл]ни ром қиладиган даражада бўлади. Мен юқорида Алишер Муқим қаламига мансуб «Меҳмон» шеърини бекорга келтирган эмасман! Мазкур шеърни ўқиган [эшитган, тинглаган] ҳар қандай аёл музқаймоқдек «эриб» кетиши аниқ! Мен уни қайта эслатмасдан иложим йўқ!

Йўқ эди ноз аҳлида султон ҳали,
Йўқ эди дил шаҳрида қурбон ҳали.

Меҳр сеҳри бирла кирдинг қалбга,
Бунча дилкаш бўлмаган меҳмон ҳали.

Эй ғазал баҳрида гавҳар, сен келиб,
Англадим, комил эмас девон ҳали.

Тушди қўлдан ихтиёр эшкаклари,
Бунча кучли бўлмаган тўфон ҳали.

Ошиғингман, ошиғинг бир мен эмас…
Билдим, анча қийналар бу жон ҳали.

Сиз билан қолгум дединг мангу, бу тун,
Бунча ширин бўлмаган ёлғон ҳали.

Юқорида инсонлар жинсий алоқа орқали кўпайиши айтиб ўтилди. Унинг натижасида дунёга янги инсон [чақалоқ, бола] туғилади. Савол: Шу жараёнда энг оғир машаққат кимнинг гарданига тушади? Тўғри, аёлнинг гарданига тушади – у болани 9 ой 9 кун ўз ичида ўстиради, минг азоблар билан уни туғади, йиғласа кўкрак тутади, тунларни бедор ўтказади, болани ювиб-тарайди, касал бўлса ўзи ҳам касалланиб юради. Бу азобларнинг қанча фоизи эркакнинг гарданига тушади? Жавоб: Миллиондан бири ҳам тушмайди! У оилани боқувчи, холос! Бошқа оғирлиги йўқ! Битта оғирлик – аёлни ўзига ром қилиш! Бўлди! Бу – қийин иш! Аёлни ром қилиш учун эркакга сўз қатори кўз ҳам керак. Эркак кўзида сеҳр кўп – у ҳайвонларда бўлмайди. Ҳайвонларда асосий қурол – куч, эпчиллик ва айёрлик. Эркак машуқасига тикилиб қараса, у кўзини олиб қочади, эркакга ўхшаб бездай бўлиб тикилиб қараб туравермайди.

Мақола ҳам аччиқ ичакдек чўзилиб кетди. Уни мен ўзбеклар шеъриятига бағишламоқчи эдим – эплай олдимми-йўқми – билмайман! Буёғи муҳтарам ўқувчига боғлиқ – у нима деса – шу! (Тамом)

16 март, 2019 йил;

Жиззах вилояти, Ш.Рашид тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s