ТОВЛАМАЧИЛИК


Толиб ЁҚУБ

БОШ ПОРАХЎР РАШИД ҚОДИРОВ ҲАҚИДА

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси (ЖК)нинг 165-моддаси “Товламачилик” дея номланган. 2006 йил 29 апрель куни қамоққа олинган менинг куёвим Азамжон Формонов Жиззах вилояти прокуратурасининг алоҳида ишлар бўйича катта терговчиси Қаҳҳор Маллаев ва Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси (ИИБ) Тергов бўлимининг катта терговчиси подполковник Бозорбой Қодиров чиқарган қарорларга асосан айнан шу битта (ягона) модда билан айбланди. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)га 20001 йилда аъзо бўлган Азамжон 2006 йилга келиб Сирдарё вилоятида фермерларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида кўзга яққол ташланадиган ҳуқуқбонга айланди. Бу – вилоят ва Гулистон шаҳар раҳбарларини ташвишга солиб қўйди ва улар … уни узоқ йиллар қамоқда сақлаш режасини ишлаб чиқишди. Бу гапни унга Сирдарё вилоят ИИБ терроризмга қарши кураш бўлимининг бошлиғи полковник Мусо Ражабов айтди: у Азамжонни кўча-куйда кўриб қолса, тўхтатиб бир неча марта: “Ҳой бола, кўзингга қараб юр! Агар ўзингни уёққа-буёққа ташлайверсанг, сени Жаслиқда чиритаман!” деди.

Ишга Қ.Маллаев киришди. У Азамжонга қарши кўргазма берадиган одамни қийналмасдан топди. У бу ишга Даштобод туманидаги автозаправка экспедитори Ўктам Маматқуловни жалб этди. Ўктам Жиззах вилояти ИИБ бошлиғи Ж.Оқбоев номига: “Азам Формонов мени шантаж қилди. Агар менга 600.000 сўм бермасанг, мен сенинг қинғир ишларингни интернетда эълон қиламан, деб қўрқитди” деган мазмунда шикоят аризасини ёзиб топширди. Тўғрироғи, аризани Қ.Маллаев ўз қўли билан ёзди, Ў.Маматқулов эса унга имзо чекди, холос. “Жиноий иш” резонансли [шов-шувли] бўлиши учун бу ҳали етарли эмас эди, шунинг учун у Сирдарё вилояти Ички ишлар бошқармаси (ИИБ) Тергов бўлимининг катта терговчиси подполковник Бозорбой Қодировга телефон қилди ва у ҳам Азамжон Формоновга нисбатан жиноий иш (ж/и) қўзғатишшни таклиф этди. Ҳуқуқбонга қарши ж/и ни Жиззахда Қ.Маллаев, Гулистонда эса Б.Қодиров қўзғатди. Янгиер шаҳар суди раиси Эркин Хидирбоев эса шу икки қарорга асосланиб Азамжонни 9 (тўққиз) йиллик қамоқ билан жазолашга ҳукм чиқарди.

Яхши эсимда: ўша пайтда Сирдарё вилояти прокурори лавозимида менинг маҳалладошим Азимжон Эргашев, Ўзбекистон Республикаси бош прокурори лавозимида эса Рашид Қодиров ишлар эди – яхши эслашимнинг сабаби эса оддий эди: мен куёвим масаласида ёзган шикоят ва аризаларимнинг бирортасига ҳам улар жавоб бермади. Яшаб турган дунёмизни донолар “қайтар дунё” дейишади – мазмуни оддий: “сен бировга нимани соғинсанг (тиласанг), шу нарса ўзингга қайтиб келади”. Бировга яхшиликни тиласанг – ўзингга яхшилик, бировга ёмонликни тиласанг – ўзингга ёмонлик қайтиб келади. Бугун “Озодлик” Радиоси сайтини ўқиётиб бир нарсага эътибор қилдим: Ўзбекистон Республикаси Бош Порахўри Рашид Қодировга нисбатан ЖКнинг 165-моддаси (Товламачилик) ва бир неча бошқа моддалар қаторида 242-модда бўйича ҳам (Жиноий уюшма тузиш) айб эълон қилишибди. Бу – оғир модда. У 165-га қараганда 10 баравар оғир модда. Бир сўз билан айтганда: Рашид Қодировнинг минглаб инсонларга, шу жумладан, менинг куёвим Азамжон Формоновга нисбатан қилган ёмонликлари ўзига қайтиб келибди.

Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора содир этган ўнлаб жиноятлар орасида “Товламачилик” алоҳида ўрин эгаллайди – унинг отаси мамлакат президенти, яъни, давлат бошлиғи бўлган. Давлат бошлиғининг пушти-камаридан бўлган фарзанд бировга: “Менга фалон миллион доллар берасан!” деб товламачилик қилиб турса, ўша биров: “Йўқ, бу пулни бера олмайман, бундай пул менда ҳеч қачон бўлган эмас!” дея оладими? Йўқ, айта олмайди – ҳовли-жойини, молини, уйидаги охирги гиламини сотса ҳам у ўша пулни қўшқўллаб товламачига олиб бориб беради. Ўзбекистон одил суди қилиқларига ҳайрон қоламан – Азамжон олмаган пул учун Жаслиқдаги УЯ 64/71 қамоқхонада 11,5 йил ўтириб чиқди, миллиард-миллиард доллар пулни ўмарган Гулнора эса бор-йўғи уй қамоғида ўтирибди. Ўзбекистон одил суди Бош Порахўр Рашид Қодировни суд қилса, унга неча йиллик жазо тайинлар экан? У жазони қаерда ўтар экан? Жаслиқдами, ёки Гулнора каби уй қамоғидами? Қизиқ-а!

Мен беҳисоб жиноятлар қилган ва беҳисоб жиноятларни яширган, бироқ, кейинчалик товба қилган бир прокурорни биламан, мен унинг кабинетида ҳам бўлганман – у Жиззах вилояти прокурори Равшан Муҳитдинов эди. У узоқ йиллар Жаслиқ қамоқхонасида ўтириб чиқди. Р.Муҳитдинов ётадиган жойи, туалети, овқатланадиган столи ўлчами 4 м X 3 м. бўлган хонада бир ўзи 1,5 йил ўтирган. У 1,5 йилдан кейин қолган муддатни Азамжон билан бирга битта отрядда ўтаган. Азамжоннинг айтишича, у мени эслабди ва .. кўзига ёш олибди. Рашид Қодиров 4 м X 3 м. ўлчамли хонада бир ўзи 1,5 йил эмас, 10 йил ўтирса ҳам камлик қилади – у ҳаддан кўп инсоннинг бошини еган, умрига зомин бўлган, бола-чақасини қон-қақшатган! Ал-қасосу минал-Ҳақ!

2 март, 2019 йил;

Жиззах вилояти, Ш.Рашидов тумани, Тоқчилиқ қишлоғи, Ҳамид Олимжон кўчаси, 27-уй.

Advertisements

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google photo

You are commenting using your Google account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s