ЮРТГА ҚАЙТИШ МУАММОСИ


Толиб ЁҚУБ

 

(Ярим ҳазил, ярим чин)

 

Шу кеча-ю кундузда мени ватанга, юртимиз Ўзбекистонга, қайтиш масаласи чулғаб олган. Бу ҳақиқий, чин масала – ҳазили йўқ! Бундан 1,5 йил илгари бу масала ҳаёлимга ҳам келмасди. Салкам 2 йил илгари Ўзбекистонда “келсанг ютаман” дейдиган исми Ислом, шарифи Карим бўлган аждаҳо бор эди. Ҳозир у йўқ – у ўлди! У 27 йил давомида яратган сиёсий тузум ҳам аста-секинлик билан ўлиб бораяпти, дейишмоқда Ўзбекистонда яшаётган таниш-билишлар. Илоҳим, шундай бўлсин! Чет элларда менга ўхшаган минглаб (балки ўнминглабдир?) ўзбекистонликлар шу орзу билан юришибди. Мен шу масала бўйича ҳар куни Озодлик Радиоси сайтини титкилайман. Кеча бундай хабар чиқди: “2005 йилдан буён Қирғизистон ва Россияда, 3 йилдан бери эса, Туркияда яшаётган Маъмура Раҳматова турмуш ўртоғи, қизи, ўғли, келини ва икки набираси билан Ўзбекистонга қайтишга қарор қилди…. Туркиядаги Ўзбекистон Бош консули ёрдамчисининг айтишича, агар Маъмура Раҳматова мурожаат қилса, унга ва оиласига Ўзбекистонга қайтиши учун қонун доирасида кўмак кўрсатилади.

Асака туман ички ишлар бўлими зобити, агар Раҳматова оиласи билан Ўзбекистонга қайтса, Тошкент аэропортида шахсан ўзи кутиб олишини билдирди”.

 

Юқорида айтганимдай, мен ҳам Ўзбекистонга қайтишга қарор қилдим. Мени Жиззах туман ички ишлар бўлими зобити кутиб олмаса ҳам майли — хафа бўлмайман. Кутиб оладиган одамларим – болаларим, невараларим, қариндош-уруғларим, ёру-биродарларим кўп! Менинг ўғлим, келиним ва учта неварам ҳали Франциядан Ўзбекистонга қайтишмаса керак, чунки катта неварам бу йил университетга ўқишга кириш ҳаракатида, иккинчиси коллежни битириш арафасида, учинчиси ҳам коллежда ўқийди. Лекин мен ОЗОД ҚУШман! Хоҳласам уёққа учаман, хоҳласам буёққа! Лекин мен Ўзбекистонга учмоқчиман! Учишга-ку тайёрман, бироқ ИККИ МУАММО кўндаланг бўлиб турибди. БИРИНЧИСИ: Франциядан сиёсий бошпана олган одамнинг паспорти офиси Парижда жойлашган OFPRA ташкилотида сақланади – менинг паспортим ҳам 2007 йил апрелидан бери шу ташкилотда сақланмоқда. Қизиғи, паспортимни OFPRA ташкилотидан олиб бўлмаяпти! “Паспортни қайтиб беринглар” деб минг марта телефон қилдик, хат ёздик – жимжитлик! На “Ҳа” бор, на “Йўқ”. Францияга, французларга ёқиб қолганманми – билмадим, OFPRA ташкилоти паспортимни бергиси йўқ. Точно! Ёқиб қолганман! Ўзингиз ўйлаб кўринг. Ҳар куни икки маҳал – эрталаб соат 7-30 да, кеч 5-30да – ҳамширалар диабетга қарши укол қилгани келишади. 2009 йил 1 январьдан бери бир марта ҳам, эшитаяпсизми, бир марта ҳам канда бўлган эмас! Ёқмасам, 9 йил-у 5 ойда ҳеч бўлмаганда бир марта канда бўларди-да! Якшанба ва байрам кунларидан ташқари ҳар куни чой ичгани, овқатлангани ва у-бу харид қилгани уйимиздан бир бекат наридаги баҳайбат [номи шундай!] Geant магазинига бораман. Geant да ҳамма мени танийди – кассирлар ҳам, кафе ва кафечалар ходимлари ҳам менга кўзлари тушган ҳамоноқ жилмайишади! Ёқтиришмаса – жилмайишармиди? Турган гап – ҳўмрайишарди!

 

ИККИНЧИ муаммо биринчисига қараганда жиддийроқ кўринади. Ўзбекистонга кетворсам, Франция ва французлар тақдири нима бўларкин, деб ўйлайман. Ғалаён, инқилоб, революция бўлиб кетмасмикин? Халқ кўчага чиқиб кетса-я! Ҳамма: “Ҳой, Макрон! Толиб Ёқубни Францияга қайтарсанг қайтардинг, қайтармасанг умумхалқ ишташлаш акциясини бошлаймиз!” деган транспарант-шиорларни кўтариб Парижнинг асосий майдони Бастилия томон йўл олишса-я! Макрон – Франциянинг 40 ёшли Президенти эканини билсангиз керак. Турган гап: қийин-қийин – Эммануэль Макронга қийин бўлади! Европа Иттифоқида бундай гаплар бир зумда юқумли касалдай тарқайди. Ёдгор Обид “Толиб кетса, мен ҳам кетаман!” деб туриб олсалар Австрия кўтарилиб кетмасмикин? У ерда ҳам инқилоб, “ур-ҳо-ур!”, “сур-ҳо-сур!” бошланиб кетса-я! Швецияда Ҳазратқул Худойберди, Эркин ака Худойберган ва Муҳаммадсолиҳ Абут, Норвегияда Улуғбек Бакир ва Абдулла Абдураззоқ, Швейцарияда Алишер Тўқсон ва Сафар Бекжон, Данияда Акбарали Ориф ва Ҳасан Темир, Туркияда Номоз Нормўмин, Голландияда Зафар Мавлон ва Нодир Шамс, Германияда Умида Ниёз, Англияда Аҳмадҳожи Хоразмий ва Шоҳида Тўлаган, Чехияда Абдусалом Карим ва ака-ука Бобожонлар Ўзбекистонга қайтамиз, деб йўлга чиқишса, Европа инқилоб уёқда турсин, олов ичида қолиб кетиши аниқ!

 

Ўйланиб қолдим: НИМА ҚИЛИШ КЕРАК? Таваккал, кетворсаммикин? Сиз нима дейсиз?

 

12 май, 2018 йил; Франция.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s