НЕВАРАЛАРИМНИНГ ДУГОНАЛАРИ


Толиб ЁҚУБ

 

 

              Жиззах туманидаги Тоқчилиқ қишлоғи Ўзбекистондаги минглаб қишлоқлардан бири. Уни бошқа қишлоқлардан афзал қиладиган бирорта шоху-бутоғи йўқ – ҳамма ёқда гувала, ё хом ғиштдан қурилган бир қаватли уйлар, кўчалари асфальт қилинган бўлса-да, ўнқир-чўнқир кўчаларда машина ҳайдасангиз кўнглингиз айнийди – бу 2006 йилнинг гаплари, ҳозир аҳвол қандайлигини билмайман, чунки мен 2006 йил июлида Ўзбекистондан чиқиб кетганман. Францияга биринчи бўлиб ўғлим Олим чиқиб кетди (9 февраль 2006 йил). Сабаби оддий – 2-3 йил ичида милиция унга қарши уч марта маъмурий ҳуқуқбузарлик айби билан, бир марта жиноят содир этиш айби билан иш қўзғатди. Ислом Каримов пайтида ёзилмаган бир қоида бор эди – унга кўра ҳукумат кучишлатар органларга: “мухолиф фикрдаги одамлар – Юсуф Жума каби шоирлар, Мамадали Маҳмуд каби ёзувчилар, Бахтиёр Ҳамро каби ҳуқуқбонларнинг ўзига тегмайсан, бошида уларнинг яқинлари (фарзанди, ака-укаси, тоға-жияни ва ҳоказо)ни қамайсан, товба қилмаса ўзини қамайсан” деган кўрсатма эди.

 

              Чамаси, ҳукумат мени ҳам шу “машҳур” одамлар қаторида кўрган ва менга нисбатан эмас, ўғлимга нисбатан иш қўзғатаверди. Ҳамма ишда ўғлимни ўзим ҳимоя қилдим, ишлар уйдирма эканлигини тўлиқ исботладим – тергов ишларни ёпишга мажбур бўлди. Юсуф Жума И.Каримов ҳақида даҳшатли шеърлар ёзарди, ҳукумат эса унинг ўғилларини қамарди. Бахтиёр Ҳамро қўрқмас ҳуқуқбон эди, у ҳақиқатни рўй-рост гапирар эди – ҳукумат эса унинг ўғли Ихтиёрни қамади. Бунақа мисоллар жуда кўп эди – бу менга сабоқ бўлди ва мен биринчи имконият туғилган ҳамоноқ ўғлимни чет элга чиқариб юбордим. Ўғлим четга чиқиб кетгандан кейин роппа-роса 2,5 ой ўтгач ҳукумат куёвим Азамжонни қамоққа олди ва у 11,5 йил Жаслиқ қамоқхонасида ўтириб чиқди. Бу мен учун сигнал эди – ўзим ҳам чиқиб кетмасам қамалишим аниқ эканини тушундим ва мен Human Rights Watch ташкилотининг ёрдамида Францияга, ўғлимнинг олдига етиб бордим. Бир йил ўтгач, Франциянинг “Оилани бирлаштириш” қонунига асосан Францияга келинимни учта қизчаси билан чақиртириб олдик. Қўй қўзига қўшилди.

 

              Францияга келган невараларимнинг каттаси 7 ёшда, кичиги бир ёшдан энди ошган чақалоқ эди. Бошида ҳаммамиз битта кичикроқ зали, учта кичик-кичик хонаси бўлган уйда яшадик, бир йилдан кейин бизни катта (баҳайбат деса ҳам бўлади) залли, ётоқ учун мўлжалланган тўртта хонали уйга ўтказишди. Тилни билмаймиз, таниш-билиш йўқ, ўзимиз ўзимиз билан овора – бошида кунлар шундай ўтарди. Бир куни уйимизга бир араб йигит кириб келди ва у Олим билан қуюқ саломлашди – кейин билсак, унинг машинаси кўчада бузилиб қолиб, у хуноб бўлиб турганда унинг олдидан Олим ўтиб қолади. Олим аҳволни дарров тушунади ва 15-20 минутда машинани тузатиб беради – шундай қилиб улар танишиб қолишади. Худди шундай воқеа бир француз аёлда содир бўлган – унда ҳам Олим бузуқ машина олдида хуноб бўлиб турган аёлни тасодифан кўриб қолган ва машинасини юргизиб берган. Ўша аёл ҳам анча вақтгача биздан хабар олиб турди. Келин болалари билан келганда ҳеч нарсамиз йўқ ва уйимиз шип-шийдон эди. Бир куни уйимизга икки коробкани кўтарган бир француз аёл кириб келди – қарасак, ҳар иккала коробка идиш-товоққа тўла экан, рўзғоримиз бут бўлди-қолди. Орадан бир неча кун ўтгач, яна бир аёл болалар кийим-кечаги ва ўйинчоқлар солинган икки коробкани кўтариб кириб келди – қарасак, ҳаммаси яп-янги!

 

              Аста-секин невараларимнинг дугоналари пайдо бўла бошлади. Биринчи бўлиб катта неварам Доножоннинг синфдош дугонаси Жаянэ аяси билан кела бошлади – улар Шри-Ланка давлатидан экан. Биласиз, Шри-Ланка орол давлат бўлиб, у Ҳиндистон жанубида, Ҳинд океанида жойлашган. Шри-Ланкаликлар ҳам ҳиндлар каби қорамтирроқ халқ экан. Бир кун Жаянэ аяси ва дадаси билан келди. Тилни билмаганим учун мен сўҳбатга аралашмай эшитиб ўтирдим. Лекин сабрим чидамай ўзбек тилида гапира бошладим ва: “Сизларнинг давлат бошлиғингиз Сиримаво Бандранаике хоним бўлсалар керак-а?” дея сўрадим. Табиий, улар “Сиримао Бандаранаике”дан бошқа ҳеч нарсани тушунишмади, бироқ уларнинг хурсанд бўлишганини кўрсангиз! Жаянэ дадасининг юзидан нур ёғилар эди, у хурсандлигини яшира олмас эди ва бир неча марта давлат бошлиғининг номини тилга олиб менинг елкамни қўли билан силаб қўйди. Кейинчалик улар бир қишлоққа кўчиб кетишди – келиннинг айтишларича Жаянэнинг дадаси ва аяси ўша қишлоқдан яхши иш топишган экан. Яқинда автобусда Жаянэнинг аясини кўриб қолдик – улар яна биз яшайдиган Angers шаҳрига кўчиб келишибди.

 

              Иккинчи неварам Аложоннинг Минел исмли, жазойирлик араб дугонаси бизнинг уйимиздан 50 м нарида жойлашган уйда яшайди. Унинг ёши Аложон ёшига тенг – 15 да, лекин гавдасига қарасангиз унинг ёши камида 18-19 да, аллақачон бўйетган қиз деб ўйлайсиз. У бизникига ҳар куни келади, билмаган одам уни шу оиланинг фарзанди бўлса керак, деб ўйлаши аниқ. Минелнинг аяси ва дадаси ҳар ёзни бола-чақаси билан Жазойирда ўтказишади – улар аввал машинасида Марсель шаҳрига, Франциянинг Ўртаер денгизи қирғоғида жойлашган энг жанубий портига боришади, у ердан паромга ўтириб Жазойирнинг шимолий портида тушишади. Минел ҳар ёзда Аложонни Жазойирга боришга таклиф қилади, лекин мен унинг таклифини рад этаман – қиз бола-да, ожиза, билиб бўладими, ўғил бола бўлса бошқа гап.

 

              Аложоннинг яна бир дугонаси деярли ҳар куни уйимизга келади – у Сильвия исмли жуссаси кичик албаниялик қизча. Сильвия “ас-салому алайкум”, “яхшимисиз?”, “хайр” каби бир неча ўзбекча сўзларни ўрганиб олган. У мени жуда ҳурмат қилади, кўришганда дарров бошимни силайди, мен ҳам унинг бошини оҳиста силаб қўяман. Унинг айтишича, албанларнинг ярми мусулмон, ярми эса насроний экан. Сильвиянинг ота-онаси ҳам бизга ўхшаб ватанига бора олмас экан – у мамлакатда ҳам сиёсий қатағон кучли экан. Собиқ коммунистик системадан чиққан мамлакат бўлгани учун бўлса керак.

 

              Энг кичик неварам Холиданинг ҳам бир дугоначаси бизникига тез-тез келиб турарди – унинг исми Воюрана (Voyurana). Уларнинг оиласи Африка қитъасининг шарқий соҳилидан унча узоқда бўлмаган, Ҳинд океанида жойлашган Мадагаскар деган орол давлатдан келишган. Воюрана жуссаси ўта кичкина қизча – ўсмай қолган, унинг бўйи Холиданинг ярмича келади, лекин унинг сочи шу қадар тарвақайлаб ўсган-ки, сочи ўзидан каттадай кўринади. Ҳозир кўринмай қолди. Францияда одамлар қаердан яхши иш топса, ўйлаб ҳам ўтирмай ўша ёққа кўчиб кетаверишади. Чамаси, улар ҳам кўчиб кетган бўлса керак. Кўчиб кетиш сабаблари турлича бўлиши мумкин. Мас., Доножон 5-чи синфда ўқиб юрган пайтда Камий (Сamille) исмли бир дугонаси бизникига ҳар замонда келиб турарди. Уларнинг оиласи Жанубий Америка қитъасининг шимолий-шарқида жойлашган Француз Гвианаси деган мамлакатдан кўчиб келган экан. Қизчанинг бўйи ҳайратли даражада узун эди, шунинг учун бўлса керак мактаб маъмурияти уни шаҳардаги баскетбол секциясига жойлаштирди. Камийнинг дадаси ҳам ўта баланд бўйли йигит бўлиб, у Француз Гвианасининг чемпиони бўлган экан. Бир пайт Камий бизникига келмай қўйди, сабабини Доножондан сўрасам, Франциянинг баскетбол қизлар терма командасининг базаси Нант шаҳрида бўлиб, терма команда раҳбарлари Камийни терма командада ўйнатиш учун барча оила аъзолари билан Нантга кўчириб олиб кетишибди.

 

              Невараларим Францияда билим олаётганларини кўриб дам хурсанд бўламан, дам хафа бўламан. Хурсанд бўлишимнинг сабаби шу-ки, бу мамлакатда “Сенинг миллатинг нима, қайси давлатдан келгансан?” дейишмайди, инсонни билимга чанқоқлиги, тиришқоқлиги, ақлу-заковатига қараб баҳолашади. Мас., Доножон олдинги ўқув йилида лицейнинг 2-чи курсини олий баҳолар билан якунлади. Францияда ўқув йили тугагач, маҳаллий газетада лицейларни энг юқори бал тўплаб битирган ўқувчилар рўйхати эълон қилинади. 2017 йил ёзида эълон қилинган рўйхатда Доножон биринчи ўринга қўйилди. Рўйхатда 1-3 ўринни эгаллаган ўқувчиларга шаҳар мэрияси мукофот пули беради – Доножон 800 евро мукофот пули олди. Ҳеч ким: “Сен ўзбексан, сен келгиндисан” дегани йўқ. Насиб этса, Доножон 2018 йилда лицейни битиради ва университетга ўқишга киришга ҳаракат қилади – у юрист бўлмоқчи. Хафа бўлишимнинг сабаби шу-ки, у ўз билимини туғилган ватани Ўзбекистон учун сарфлай олмаслиги мумкин, чунки аяси (келиним) яхши ишда ишлайди, уйимиз ва шаҳримиз зўр, келин Франция фуқаролигини олишга ҳужжат топширган ва, демак, оила умрбод Францияда қолиб кетишининг эҳтимоли жуда катта.

 

              Ундан-да ташқари, мени ўғлим ва келиним кимлар билан қуда-андачилик қилишаркин, деган ўй-ҳаёл қийнайди. Гўрингда қўппос теккур И.Каримовнинг зўравонлик сиёсати бўлмаганда, бизнинг оилага ўхшаган минглаб оилалар бошқа юртларда сарсону-саргардон бўлиб юрмас эди. Ёвуз одамнинг бир қилиғи ортиқ, дейилгани шу бўлса керак. Ўз юртингда бўлсанг ўзингга муносиб оилалар билан қуда-андачилик, борди-келди қиласан – ёвуз И.Каримов эса минглаб оилаларнинг тақдирини билиб-билмай ўзгартириб юборди. Мен Францияда яшаётганимга салкам 12 йил бўлди. Ўзбекистонга қайтиш ниятидаман. Мамлакатнинг янги раҳбари Шавкат Мирзиёев ватанга қайтиб боришимга йўл очиб беради, деган умиддаман. Бунга хурсандман. Лекин Францияда қолаётган ўғлимнинг оиласини ўйласам юрагим эзилади – наҳот-ки улар Франция жамиятига сингиб кетиб йўқ бўлиб кетишар экан! Астағфуруллоҳ, И.Каримов дастидан қандай кунларга қолдик?

 

              Энди асосий гапни айтмоқчиман. Мақола бошида мен қишлоғимиз Тоқчилиқ ҳақида унча-мунча айтиб ўтдим. Бирор нарсаси билан машҳур бўлмаган қишлоқдан бир оила Францияга бориб қолади, унда оила болалари ўқийди, қишлоқдан болаларнинг бувиси уч марта, икки аммаси эса бир мартадан келишиб 2-3 ой туриб кетишади, деган гап 12 йил илгари ҳеч кимнинг ҳаёлига ҳам келган эмас. Тоқчилиқ қаёқда-ю, Франциянинг Angers шаҳри қаерда! Ҳаммаси менинг “ахмоқлигим” туфайли бўлди. “Ахмоқлигим” эса 1989 йилда “Бирлик” Халқ Ҳаракатига аъзо бўлиб сиёсий фаолиятда иштирок этганим, 1992 йил 2 февральда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)ни ташкил этишда қатнашганим, 1996 йил 6 сентябрьдан бошлаб ЎИҲЖнинг Бош Котиби, 2001 йил октябридан 2009 йил 6 майигача эса унинг Раиси лавозимида ишлаганим бўлди. Яна битта сабаб – менга ўхшаган минглаб ўзбекистонликлар тасодифан давлат бошлиғи лавозимини эгаллаган Ислом Каримовнинг …га пахта қўйишни ўрганмадик, пахта қўйишдан ҳазар қилдик. Коммунистик жаллод эса бунга чидаб туролмади, кечирмади, қувғин қилишга ўтди – минглаб одамлар турли мамлакатда жон сақлашди. Бор гап – шу!

 

              19 март, 2018 йил                                         Франция

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s