ҚИСИБ ЮРАДИГАНЛАР ва ҚИСИБ ЮРМАЙДИГАНЛАР


Толиб ЁҚУБ

ҚИСИБ ЮРАДИГАНЛАР ва ҚИСИБ ЮРМАЙДИГАНЛАР

ҲАҚИДА ТАРИХИЙ ИЗЛАНИШ

Ўзбекистон Миллий Теле-Радио Компаниясининг собиқ журналисти Малоҳат Эшонқулова ўзига нисбатан мамлакат раҳбариятининг қилаётган ноҳақликларига қарши норозилигини билдира туриб, АҚШ элчихонаси олдида пикетга чиқиб, АҚШ ҳукуматига мурожаат қилган ҳолда сиёсий бошпана сўрабди. Малоҳат ўзининг бу қадами нақадар асосли эканини баён этган ҳолда бир мақола ёзибди ва уни Фейсбук (ФБ) ижтимоий тармоққа жойлаштирибди. ФБда кўп ўзбекистонликлар мазкур мақолага ўз муносабатларини билдиришиб постлар қолдиришибди – баъзилари позитив (қўллаб-қувватланиб), баъзилари негатив (қаҳрланиб, турли нарсаларда айблаб ва, ҳатто, ҳақоратомуз сўзларни ишлатиб) ўз фикрларини ёзишибди. Айниқса, Kamola Abdukadirova исм-шарифли синглимизнинг “муносабатларини” қуйида келтирмасликнинг иложи йўқ. МАНА УЛАР:

1) “Аллох сабр берсин. Кисиб юриш керак эди Опам. Окимга карши сузаолмайсиз”;

2) “Афсона Каримова огзимга хужайинлик килиш сангаямас Азизам. Бориб аравайни тортгин. Сиесатга карши чикиб, Ватанини сотадигон одамми окламеман”;

3) “Хар холда санга ухшаб ватан хоинимасман. Мани кимлигимми мухокама килиш сангаямас. Сан узийни йигиштир. Баттар болларинг. Итдек изгиб юрурларинг. Яна айтаман беш бадтар бол”;

4) “Санлар мани кузим билан Караганда очкуз писерсанлар. Саводли болганиз учун дарбадар болиб юрганакансизда. Санлар щантажчисанлар”;

5) “Тилни тийиб юриш керагиди. Мана бошка журналистлар ишлаб юриптику. Буни ва буларни шериги Саодат Амановасиям одам болмайди. Буларри томи кетган уже”;

6) “Сан акллисан. Сан Аёл болиб Эркакнинг Исм Фамилясини куйиб олган бефаросатсанда. Баттар болларинг. Бу хам кам санларга. Ифлос”;

7) “Робия билан Сафия бекордан бекори хайдамаган экан уйидан. Тогри килган экан. Фуу искирт. Сан хам одаммисан” (ва ҳоказо).

[Камола Абдукадированинг постлари айнан кўчирилди – стилистика ва орфография тўлиқ сақланди].

Ravshan Hakimov исм-шарифли укамиз бундай муносабат билдирибди: “Ўзбекистонда жиноят содир этиб, пулини еб чет элларда ҳуқуқ ҳимоячисига айланганларни ҳамма жуда яхши билади. Чет элда яшаш учун Ўзбекистонда ҳуқуқ ҳимоячисига айланиб, Ўзбекистонда таъқиб этиляпман, деб чиқиб кетганларнинг саноғи йўқ. Ўзини “ҳуқуқ” фаолиятини тирикчилик манбаига айлантириб олганига нима дейсиз. Андижон воқеаларида мамлакатда беқарорлик келтириш учун Малоҳат ва сизга ўхшаганлар четдан туриб қанча жой куйдиришгани номаълум деб ўйлайсизларми? Ўзингларни фаришта тутманглар илтимос! Миллат ўйлаган миллатни урушга чорламайди!”

Равшанбекнинг бу пости менга бироз тегиб кетди, чунки ҳукумат доиралари, айниқса, прокуратура ва милиция томонидан деярли ҳар кун таъқиб этилганларнинг бириман. Равшанбек ҳақорат қилиб пост ёзган бўлса-да, “буни ўқиса бироз ўйланиб қолар” деган мақсадда мана бу постни ёздим:

“Орамизда қисиб юрадиганлар кўп экан – Ravshan Hakimov деган яна биттаси чиқиб қолди. Хуш келибсиз, биродари азиз! Лекин бу буюк зотнинг юқоридаги иккита постини ўқиб аввал ажабландим, кейин “Бу гапларни кимдан эшитган эдим?” дея ўйланиб, дарров эсладим: бундай гапларни ҳукумат доиралари, хусусан, МХХ, милиция ва прокуратура идораларида ишлайдиган одамлардан эшитар эдим. Мас., Тошкент шаҳар ИИБ бошлиғининг ўринбосари Муҳаммаджон Деҳқонов мени ўз кабинетига тез-тез чақириб турарди, у мен билан узоқ сўҳбатлашарди, лекин сўҳбат пайтида негадир кабинетидаги телевизор овозини баланд қилиб қўярди. Гапни эса: “Толиб ака, сиз чет эллардан қанча мояна оласиз? Қайси ташкилотлар сизга грант беради? Сиз Ўзбекистонга қарши ишлаяпсиз-ку! Тинч юрсангиз бўлмайдими?” деган саволлардан бошлар эди. Сўҳбат давомида, ора-чорада, Каримовни онаси ҳам қолмай, отаси ҳам қолмай сўкиб ҳам қўярди – чамаси, у менга қўшилиб Толиб Ёқубов ҳам Каримовни сўка бошлайди, ҳаммаси диктофонга ёзилаяпти, сўкса дарров гирибонидан ушлайман” деб ўйлар эди, шекилли. Мен эса: “Муҳаммаджон ака, сиз Каримовни, давлат раҳбарини ҳақорат қилаяпсиз, биз эса уни ҳақорат қилмаймиз, биз уни танқид қиламиз” дердим. М.Деҳқонов ҳозир қаерларда юрибди, нима ишлар билан банд – билмайман. Равшанбек Ҳакимов қайси ташкилотда ишлашини англаш қийин эмас – чунки унинг ёзганлари подполковник М.Деҳқоновнинг айтганларига ҳасан-ҳусандай ўхшайди.

Шундай қилиб, Kamola Abdukadirova синглимизнинг Малоҳат Эшонқуловага қарата ёзган “ Кисиб юриш керак эди Опам” деган гапи ушбу, “ҚИСИБ ЮРАДИГАНЛАР ва ҚИСИБ ЮРМАЙДИГАНЛАР

ҲАҚИДА ТАРИХИЙ ИЗЛАНИШ” дея номланган мақолани ёзишга туртки бўлди. Қисиб юриш, асосан, инсонларга хос ҳатти-ҳаракат бўлиб, у қўрқув ёки қандайдир манфаат билан боғлиқ ҳис-туйғу эканлигини кўпчилик тушунса керак, деб ўйлайман. Қисиб юриш ҳайвонлар, масалан бўриларда борми? Бор! Бироқ у насл қолдириш инстинкти билан чамбарчас боғлиқ. Маълум-ки, ҳайвонот, жумладан одамзод дунёси, “эркак” ва “урғочи” шаклида яратилиб, қаралаётган ҳайвонот дунёси (бўри, айиқ, кийик, қора мол, парранда ва ҳ.) Ер юзидан йўқолиб кетмаслиги учун уруғ ташлагич “эркак” зоти қанча кучли бўлса, қаралаётган ҳайвонот зоти турли табиат синовларига шунча чидамли бўлади – буни биология (зоология) фани исботлаган. Бўрилар тўдасида насл қолдирувчи бўри фақат битта бўлади ва “гуйга келган” урғочи бўрини “уруғлаш” шу бўрининг ўзига юклатилиб, қолган эркак бўрилар эса асосий уруғловчи бўри кучсизланишини кузатиб юришади. Улар (қолган эркак бўрилар) (1) асосий уруғловчи бўри кучсизланганини сезишгач, ё уни ўлдирадилар, ё у кучсизланганини тан олиб чекинади; (2) тирик бўлган эркак бўрилар орасида лидерлик учун кураш бошланади – бу курашда 1-2та бўри ўлдирилиши ҳам мумкин, ё ўлим бўлмаса-да, битта бўри ғолиб деб “тан олинади”. Янги лидер кучсизланганча бошқалари ҚИСИБ ЮРИШАДИ! Филлар дунёсида ҳам шу! Кийиклар дунёсида ҳам шу! Ҳамма ёввойи ҳайвонлар дунёси шундай яратилган! Бу – табиат қонуни!

Инсонлар дунёсида ҚИСИБ ЮРИШ нимани англатади ва у ниманинг оқибатида юзага келади? Тарихчиларнинг айтишича, инсоният тарихида “давлат” тушунчаси пайдо бўлганга қадар одамлар қабила-қабила бўлиб яшаганлар. Ҳар бир қабиланинг ўз эркак бошлиғи бўлиб, баъзиларининг ўнлаб (баъзида эса юзлаб) хотини бўлган. Табиий, шу қабила учун бошлиқ яккаҳоким бўлиб, унинг “айтгани айтган”, “дегани деган” бўлган! Аёлларни қўяверинг – уларда ҳеч қандай ҳақ-ҳуқуқ бўлмаган, қолган эркаклар ҳам бошлиқнинг гапини “икки” қилишга ҳаддилари сиғмаган! Қабила олдида қандай муаммо пайдо бўлмасин, уни фақат қабила бошлиғи ҳал қилган – бошқалар (эркаклар ва аёллар) эса ҚИСИБ ЮРАВЕРИШГАН! “Давлат” тушунчаси пайдо бўлгач эса, жамиятда давлатни бошқариш, унинг структуралари (бошқарув органлари)ни тузиш, моддий бойликлар (ер, сув, экин, олтин, кумуш, темир ва ҳоказолар)ни тақсимлаш, ташқи хавфдан муҳофаза қилиш каби СИЁСАТ бошланган. Давлатни бошқариш кимнинг қўлида кўпроқ мужассам бўлган бўлса, моддий бойликлар кимнинг қўлида кўпроқ тўпланган бўлса, ўша одам ҳукмини ўтказиб яшайверган – бошқа одамлар эса ҚИСИБ ЮРИШГА мажбур қилинган! Зулм билан бошқариладиган авторитар ва тоталитар давлатларда оддий одамларга ҳаддан зиёд қийин бўлган – бундай шароитда ҳукумат нуқтаи-назарига тўғри келмайдиган ўзгача сўз ҳам, фикр ҳам ва дунёқараш ҳам жазоланган, кўп ҳолларда эса сўз, фикр, дунёқараш эгасини ўлимга олиб келган. СССРдай тоталитар давлат шароитида Сталин ГУЛАГ [Главное Управление Лагерей – Сталин давридаги қамоқхоналар тизими]да миллионлаб одамлар ҳурфикрлиги, ҚИСИБ ЮРМАГАНЛИГИ учун ўлдирилди. Аҳолининг асосий қисми, яъни мамлакат аҳолисининг мутлоқ кўпчилиги ҚИСИБ ЮРИШга маҳкум эди. Бу – тарих ҳақиқатларидир!

Ўзбекистон тарихини ўрганишда Ислом Каримовгача бўлган совет даврини ҳамда бевосита И.Каримов бошқаруви даврини қараб ва ўрганиб чиқиш фойдадан холи эмас. Мен 1989 йил февралидан бошлаб, “Бирлик Халқ Ҳаракати” (БХҲ)га аъзо бўлганимдан кейин сиёсатга қизиқа бошладим – унгача оддий совет студенти ва зиёли (ўқитувчи)си бўлганман, холос. 1989-90 йилларда БХҲнинг кўпминг сонли митинглари натижасида халқ онгида янгича фикрлаш ва коммунистик совет тузумининг асл моҳиятини англаш жараёни кечаётганини кузатиб турган ҳукумат чуқур саросимага тушди. БХҲнинг раҳбарлари Абдураҳим Пўлатов, Муҳаммад Солиҳ ва бошқа нотиқларнинг митинглар минбаридан майдонга йиғилган халққа қарата сўзлаётган алангали нутқлари майдонни дам жимжитликка солса, дам вулқондай портлатарди. БХҲ митингларини ўз кўзлари билан кўриш, ўз қулоқлари билан эшитиш ва, имкон туғилса, нутқ ирода этиш одамларда шу қадар кучли эди-ки, улар поезд ва автобусларда буёғи Термиздан, буёғи узоқ Намангандан етиб келишарди. Бир гап билан айтганда, бу воқеалар салкам 90 йиллик коммунистик истибдод натижасида летаргик уйқуга кетган халқ кўзини оча бошлаган, уйқуси қоча бошлаган пайтда содир бўлаётган эди. Бироқ, Ўзбекистонда ҳали коммунистик совет режими ҳукм сурарди, боз устига 1989 йил 23 июнида Москва Ўзбекистон ССРга Ислом Каримовни раҳбар этиб тайинлади. Жамият иккига бўлинди – бир томонда летаргик уйқудан уйғонаётган халқнинг катта қисми турган бўлса, иккинчи томонда партбилетини ён чўнтагида олиб юрган ва уйғонаётган халқни бостириш йўлида, сўзсиз, И.Каримовни қўллаб-қувватлайдиган бир неча миллион коммунистлар турарди. Яхши эсимда: Республика бошлиғи сифатида И.Каримов чиқарган биринчи фармонлардан бири давлат идоралари, шу жумладан, милиция, прокуратура ва КГБ [Комитет Государственной Безопасности – СССРдаги дастлабки махсус хизмат органи ВЧКнинг давомчиси] ходимларининг маошини 3 (уч) баробарга оширди. Моддий манфаатдорлик, табиий, барча ҳукумат идоралари ходимларини И.Каримов томонга ўтишида катта роль ўйнади. Зулм кучайди, қатағонлар бошланди, минглаб одамлар қамоқхоналарга тиқилди.

Лекин, 1988-91 йилларда Ўзбекистонда ҚИСИБ ЮРМАЙДИГАНЛАР кескин кўпайди – буни БХҲ митинглари, ўша пайтда юзага келган, 1992 йил 16 январьда ҳукумат аскарлари томонидан отилган Студентлар Ҳаракати яққол кўрсатди. Баъзи шаҳарларда ҚИСИБ ЮРМАСЛИК урф бўла бошлади – масалан, Наманганда Ҳакимжон Сатимов бошлиқ “Адолат”, Қўқонда эса Қаҳрамон Ҳамидов бош бўлган “Одамийлик ва инсонпарварлик” номли ҚИСИБ ЮРМАЙДИГАНЛАР гуруҳлари тузилди, масжидларда эса Абдували-қори Мирзаев ва Обидхон-қори Назаров каби уламолар ҚИСИБ ЮРИШни кескин қораладилар, ўзлари ҳам амру-маъруфларида номозхонларни ғайридин коммунистик сиёсий тузумга қарши бўлишга чақирдилар. ҚИСИБ ЮРМАСЛИК айниқса Наманганда кучли эди. 1991 йил 10 декабрьда наманганликлар И.Каримовни, ўн кун илгари “Мен наманганликлар билан учрашув ўтказаман” деб алдаб, Намангандан Тошкентга учиб кетгани учун Тошкентдан Наманганга учиб келишга мажбур қилдилар, у қайтиб келгач, компартиянинг шаҳар бўлими биносининг залида юзлаб ҚИСИБ ЮРМАЙДИГАНЛАР митинг ўтказишга тўпланишди, И.Каримов, Исмоил Жўрабеков ва бошқа ҚИСИБ ЮРАДИГАНЛАР эса митинг пайтида чўккалаб ерда ҚИСИБ ЎТИРИШДИ. Бироқ, коммунистик тузумнинг қули бўлган ва шу туфайли давлат бошига келган И.Каримов бундай ҳурматсизликни осонгина ҳазм қила олмас эди – у 1991 йил 29 декабрьда ўтказилган умумхалқ сайловида “ғалаба” қозонгандан роппа-роса 17 кун ўтгач, яъни 1992 йил 16 январьда аввал “бебош” студентларни оттирди, яна икки ой ўтгач эса, “Адолат” ва “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилотларига қарши мисли кўрилмаган қама-қама кампаниясини бошлади. Минглаб одамлар Тожикистонга қочиб ўтди, юзлаб одамлар қамоққа ташланди, ўнлаб одамлар ўлдирилди, Тожикистондан Афғонистонга қочиб ўтган наманганликлар “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати”ни тузишди. 1992 йил мартида қамалган Ҳ.Сатимов, айтишларича, ҳозирга қадар қамоқхонада қолмоқда – у Ўзбекистоннинг энг узоқ муддат қамоқда сақланаётган фуқароси бўлса керак! Қўқонлик Қаҳрамон Ҳамидов ва унинг икки укаси И.Каримовнинг шотирлари томонидан қамоқхонада ўлдирилди.

Зулмкор тузумга қарши курашишнинг икки йўли бор, холос: биринчиси сўз билан курашиш, иккинчиси қурол билан курашишдир! Бошқа йўли йўқ! И.Каримов яратган зулмкор тузумга қарши Тоҳир Йўлдош ва Жума Намангоний бошчилигида қурол билан курашганлар шармандаларча ютқазишди – уларни ҳозир ҳеч ким эсламайди. Бироқ, сўз билан курашганлар ҳали тирик ва улар курашни давом эттирмоқдалар! Чунки сўзнинг кучи ҳар қандай қуролнинг кучидан таққослаб бўлмас даражада кучлидир! Бундан биринчи хулоса шу-ки, ҚИСИБ ЮРМАЙДИГАНЛАРнинг зулм, адолатсизлик ва ҳақ-ҳуқуқсизликга қарши курашининг ягона қуроли СЎЗдир. Малоҳат Эшонқулова синглимиз ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун сўз билан курашмоқда. Бирор жойда, бирор мамлакатда журналист автомат кўтариб юрганини кўрганмисиз? Йўқ! Малоҳат эса журналист – у қўлида фақат қалам, дафтар ва нари борса диктофон ёки фотоаппарат кўтариб юради – унинг бошқа қуроли йўқ! Шундай бўлса-да, давлатнинг баъзи амалдорлари Малоҳатдан ўлгудек қўрқишади! Чунки:

1) Малоҳатнинг ҚИСИБ ЮРИШ одати йўқ! Ўрганмаган!

2) Малоҳатнинг юзидан нур ёғилиб турган (раҳматли) онаси бор эдилар. Ҳамма “айб” ана шу онада – қизига ёшлигидан ҚИСИБ ЮР деб ўргатмаганлар!

3) Мен аминман – агар Малоҳат амалдор олдига (қабулига) автомат кўтариб борса, амалдор қўрқувдан бунчалик титраб-қақшамас эди! Тушунарлими Kamola сингилгинам?

ҚИСИБ ЮРИШ ва МИГРАЦИЯ (ЧЕТ ЭЛГА “ҚОЧИШ”)

Мамлакатда зулм чўққисига чиққанда аҳолининг бир қисми чет элларга қочиши азал-азалдан кузатилган. Зулм кучайса, ҳатто, эр хотинга, хотин эса эрга ишонмай қолади. Венгриялик этнограф, шарқшунос, кўп тилларни мукаммал эгаллаган олим Арминий Вамбери XIX-асрда дарвиш қиёфаси ва кийимида Марказий Осиёга сафар қилади, Хива хонлиги, Бухоро амирлиги ва Самарқанд ҳоким (ҳукмдор)и ҳудудларида бўлади, хонлик, амирлик ва халқ ҳаётини ўрганади. У ўзининг “Бухоро ёки Трансоксаниянинг қадим вақтлардан то ҳозирга қадар тарихи” китобида бундай ёзади: “Ҳукмдорларнинг зулми шу қадар кучли эди-ки, бир тўшакда ётган эр ва хотин бу ҳақда гапиришга ҳам қўрқишар эди”. Табиий, бундай шароитда аксар аҳолининг ҚИСИБ ЮРИШдан бошқа имкони бўлмаган, бироқ шундай шароитда ҳам жамиятда ҚИСИБ ЮРИШни истамаган одамлар (оилалар) етарлича кўп бўлган. ҚИСИБ ЮРИШ жонга текканда нима қилиш керак? Тўғри – чет элларга қочиш керак! Марказий Осиёни чор Россияси босиб олмасдан илгари Бухоро амирлиги ҳамда Хива ва Қўқон хонликлари ҳудудларидан чет элларга аҳолининг қанча қисми, неччи марта ва қачон чиқиб кетганини мен билмайман, буни тарихчилардан сўраш керак. Лекин, советлар даврида Марказий Осиё, шу жумладан, ҳозирги Ўзбекистон ҳудудидан ХХ-асрнинг 30-чи йилларида минглаб оилалар Афғонистон ва Қашғар томонларга қочганини мен яхши биламан (эшитганман, ўқиганман, ўрганганман). ЧУНКИ: баъзи оилалар русларнинг руслаштириш сиёсатини қабул қила олмаган, баъзи оилалар ғайридинлар мамлакатни бошқаришини хоҳламаган, баъзилари эса Kamola синглимиз тили билан айтганда ҚИСИБ ЮРИШни истамаган!

Ўзбекистонда миграциянинг иккинчи оқими 1992 йилда юзага келди. 1992 йилдан бошлаб мухолифатнинг раҳбарлари ва аъзолари, ҳуқуқбонлар, журналистлар, диний уламоларнинг оммавий равишда чет элларга чиқиб кетиши бошланди – Ўзбекистондан ҳаммадан олдин (20 декабрь 1992 йил) БХҲ раиси А.Пўлатов чиқиб кетди, 1993 йилда эса, ҳатто, президент сайловида номзод сифатида қатнашган, “Эрк” партиясининг раиси Муҳаммад Солиҳ ҳам чиқиб кетди. Чиқиб кетишмаса иккаласи ҳам қамаларди, умрининг бир қисми қамоқхонада ўтар эди. Қамоқхонада ўлдириб қўйишмаса, албатта! “Қамоқхонадан фалон вилоят (туман, шаҳар, қишлоқ)лик йигитнинг ўлигини милиция ходимлари ими-жимида оиласига олиб келиб топширишибди. Тонг азонда ими-жимида кўмдиришибди” деган гапларни тез-тез эшитиб турардик. Мас., 1997-99 йилда УЯ 64/71 (Жаслиқ) қамоқхонасидан 80 га яқин ўлик чиқди. Ўликлар орасида БХҲнинг Андижон вилояти бўлимининг раиси Жўравой Азимов ҳам бор эди. Олий Мажлис депутати, қашқадарёлик Шавриқ Рўзимуродовга одамлар бир неча марта: “Ҳой, Шавриқ! Чет элга чиқиб кет! Бепарво бўлма – ўлдирворишлари ҳам мумкин!” дейишди, бироқ у унамади. Жуда юраги ботир йигит эди. Нима бўлди? Уни 2001 йил 7 июнида Ички Ишлар Вазирлиги ертўласида қийнаб ўлдиришди.И.Каримовнинг асл мақсади Ўзбекистонда ҳаммани ҚИСИБ ЮРУВЧИ қилиб қўйиш эди ва у ўз мақсадига эришди – қамоқхоналар тўлиб-тошди, янги қамоқхоналар қурилди, уларга ҳам одамлар сиғмай қолди, катор қамоқхоналарда иккиқаватли шконкалар учқаватли шконкаларга айлантирилди [шконка – қамоқхонада маҳкумлар ётадиган иккиқаватли темир кровать]. Аста-секин, бир ҳовуч ҳуқуқбонларни ҳисобга олмаганда, Ўзбекистон ҚИСИБ ЮРУВЧИЛАР маконига айланди. 2005 йилги Андижон воқеаларидан кейин эса ҳуқуқбонлар ҳам мамлакатдан жуфтакни ростлай бошлашди – мен, масалан, 2006 йилда Францияга чиқиб кетдим.

Францияга келиб қарасам, бу давлатда ҚИСИБ ЮРАДИГАН бирорта одамни кўрмадим. Қизиқ бир нарсани гапириб берай. Францияга бормасимдан илгари офиси Парижда жойлашган йирик бир халқаро ҳуқуқбонлик ташкилоти вакиллари мени яхши танишарди. Улар мени ташкилоти Парижда уюштирилаётган турли тадбирларга таклиф этиб туришарди. Бир куни шуларнинг бири: “Толиб, бекордан-бекор юраверасанми, сен бошқарган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)ни Францияда давлат рўйхатидан ўтказсанг бўлмайдими? Биз ҳужжатларни тайёрлашда ёрдам берамиз” деб қолди. ЎИҲЖ 1992 йилнинг 2 февралида Абдураҳим Пўлатовнинг укаси Абдуманноб Пўлатов ташаббуси билан тузилган эди. ЎИҲЖни Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказиш масаласида 6 (олти) марта [1992 йил мартидан 2001 йил октябрь ойигача, яъни салкам 10 (ўн) йил давомида] ҳужжат топширдик, бироқ ЎИҲЖни давлат рўйхатига олишмади. Францияда ҳужжатларни тайёрлаш қийин бўлмади – уларнинг ҳаммасини французлар француз тилида тайёрлаб беришди. Давлат рўйхатидан ўтказиш маросими мен яшаётган Angers шахрининг префектурасида бўлиб ўтди ва у … ярим соатга чўзилди, холос. Бироқ, қизиғи бу эмас, қизиғи бошқа нарсада! ЎИҲЖ давлат рўйхатидан ўтгач, орадан бир ойча вақт ўтиб, дафъатандан мени шаҳар полиция бошқармасига чақириб қолишди. Қўрқиб кетдим: “Оббо, бирор хато иш қилиб қўйдикми? Нега полиция чақираяпти?” дедим ўзимга ўзим. Бордим. Тилни билмайман. Таваккал қилиб полиция бошлиғининг кабинетига кирдим – қарасам, кабинетда бир аёл ўтирибди, у мен билан русча саломлашди. У ўзини таништирди – у ўзимизнинг Янгиер шаҳримизда яшаган ва Франциядан сиёсий бошпана олган қочқин аёл экан. У таржимонлик қилди – француз тилини яхши ўрганган экан. Полиция бошлиғи мендан: “Мусье Якубов, сизнинг ташкилотингиз митинг ёки кўча юришлари уюштирадими?” деб сўради. Мени совуқ тер босгандай бўлди, Тошкентда бўлган бир воқеа кўз олдимга келди. 90-чи йилларнинг бирида [ҳозир аниқ эсимда йўқ] “Эрк” партиясининг 20 тача аъзоси кўча юриши уюштирмоқчи бўлиб бир жойда йиғилишди. Кўча юриши бошланиб, эркчилар 50 метр ҳам юриб улгурмасдан, уларни мўри-малаҳдай бир тўда милиционерлар ўраб олишди ва дубинка билан аямай савалай бошлашди. Калтак зарбидан дод-вой қилиб бақирганлар қанча, қочиб қутулишга ҳаракат қилганлар қанча! Қий-чув! Ур-йиқит!

Мен қўрқа-писа: “Жаноб бошлиқ, менга бу саволни нега бераяпсиз? Сабаби нима?” деб сўрадим, ичимдан зил кетиб эса: “Яна бошланади, шекилли. Тошкентда кўчага чиқишим биланоқ орқамдан фуқаровий кийимда иккитаси итдай эргашарди [уларни МХХ ёки милициянинг “ташқи кузатув ходимлари” дейишарди]. Францияда ҳам шу экан-да!” дея жавобни кутдим. Полиция бошлиғи мен ташвишланаётганимни сезди, шекилли, кулимсираб бундай деди: “Мусье Якубов, мен айтмоқчи бўлган нарса шу-ки, аҳоли – кўпсонлими, камсонлими, фарқи йўқ – кўчага ёки майдонга митингга, ёки намойишга чиқса, у норозилик намойиши бўладими, байрамона намойиш бўладими, фарқи йўқ, биз уни қўриқлашимиз керак. Кимдир провокацияга қўл уриши, кимдир муштлашувлар уюштириши, кимдир билиб-билмай ёнғин чиқариши мумкин, баъзан намойишчилар орасига “томи кетганлар” ҳам суқилиб кириши мумкин, билиб бўладими улар қандай нағма кўрсатишлари мумкин! Полиция ана шу намойишларни қўриқлаши керак. Бизнинг полициячиларимиздан ташқари ёнимизда ўтўчирувчилар ва духтурлар ҳам туришади”. Бу жавобдан кейин менга жилмайиш навбати келди ва хурсанд бўлиб полиция бошлиғи билан хайрлашдим. Францияда тез-тез ишташлашлар, норозилик намойишлари, петициялар ташкил этишлар бўлиб туради. Онда-сонда невараларим ўқишга бормай уйда ўтиришади, сўрасам: “Бугун мактаб (коллеж, лицей)имизда ўқитувчилар ишташлаш бошлашган. Ҳамма мактаб (коллеж, лицей)ларда ўқиш тўхтатилган – у уч (тўрт, беш) кун давом этади” дейишади. Ўша пайтда мактаб (коллеж, лицей)лар олдидан ўтсангиз катта ҳарфлар билан ёзилган, мактаб (коллеж, лицей)лар деворига илинган “ИШТАШЛАШ” сўзига кўзингиз тушади. Шаҳар маъмурияти дарҳол ишташловчилар билан музокара бошлайди ва аксарият ҳолларда уларнинг талабларини қондиради.

КИМЛАР ҚИСИБ ЮРАДИ?

1) Авторитар сиёсий тузум шароитида инсон давлат лавозимида ишласа, у, сўзсиз, ҚИСИБ ЮРАДИ ёки ҚИСИБ ЮРИШга мажбур этилади – акс ҳолда ё ўлдирилади, ёки қамалади; Мавлон Умурзоқов (И.Каримовнинг давлат маслаҳатчиси), Сапарбой Қозоқов (Президент қўриқчилари гуруҳининг собиқ бошлиғи, МХХ Контрразведка Бош Бошқармаси бошлиғи), Аъзамхон Баҳромов (Самарқанд вилояти ҳокими), Тошкент вилоятига ҳокимлари Мирзамашраб Куччиев, Рустам Холматов, Аловиддин Ниязов; Самарқанд вилояти ҳокимлари Аъзамхон Бахромов, Пўлат Абдураҳмонов, Азиз Носиров; Тошкент шаҳар ҳокимлари Адхамбек Фозилбеков, Козим Тўлаганов, Рустам Абдурахмонов; Андижон вилояти ҳокимлари Қобилжон Обидов, Сайдулло Бегалиев; Сурхондарё вилояти ҳокимлари Тошмирза Қодиров, Жўра Норалиев; Кашкадарё вилояти ҳокимлари Озод Пармонов, Темирпўлат Хидиров, Шуҳрат Бегматов; Бухоро вилоятига ҳокими Самойиддин Хусейнов; Сирдарё вилояти ҳокими Равшанбек Хайдаров; Жиззах вилоят ҳокимлари Убайдулла Ёмонқулов, Ўктам Исмоиловлар шулар жумласидандир. Булар қамалган юқори лавозимли одамларнинг бир қисми, холос – туман ва шаҳар ҳокимлари, прокуратура, МХХ, милиция ва бошқа давлат органлари қамалган ходимларининг сони бор саноғи йўқ!
2) Авторитар сиёсий тузум шароитида инсон тадбиркорлик билан шуғулланса, у ё ҚИСИБ ЮРАДИ ёки ҚИСИБ ЮРИШга мажбур этилади – акс ҳолда у ё ўлдирилади, ё қамалади, ёки бизнеси тортиб олинади. Ўлдирилган тадбиркорлар сони ҳақида ҳеч жойда ҳеч қандай маълумот эълон қилинмади, бироқ бизнеси тортиб олинган (йўқ қилинган) Аҳмаджон Одилов (20 йил), Рустам Усмонов эса (19 йил) қамоқда ўтириб чиққанини, андижонлик 23 тадбиркор эса 2005 йилдан бери ҳанузгача қамоқда ўтиришганини ҳамма билади.

3) Авторитар сиёсий тузум шароитида инсон давлат лавозимида ишламаса ҳам, бироқ ижтимоий-сиёсий ҳаётга ўта бефарқ бўлса, ёки, ундан-да ёмони, ўта қўрқоқ бўлса, у, сўзсиз, ҚИСИБ ЮРАДИ – бундайларнинг шиори ва фалсафаси: “Қисиб юрсанг – бой бўласан!”дан иборатдир.

4) ҚИСИБ ЮРУВЧИларнинг яна бир катта тоифасининг фалсафаси ва шиори: “Фалончанинг бошига иш (кулфат) тушибди, деб эшитдим. Ўлиб кетмайдими – менга нима!”дан иборат бўлиб, бегоналарни қўятуринг, улар, ҳатто, ўз ота-онаси, ака-укаси, опа-синглиси ёки бирор қариндош- уруғининг бошига иш (кулфат) тушганда ҳам ялло қилиб юраверишади. Мен бундайларнинг талайини кўрганман, ўз бошимдан ҳам ўтказганман – улар еб-ичишдан бошқа нарсани кўрмайди ҳам, ўйламайди ҳам. Уларга еб-ичиш бўлса бўлди – бошқаси билан иши йўқ – юраверишади. Мол каби. Мол ёнгинасида унинг ота-онаси, ака-укасини қассоб калла қилаётганини кўриб турса-да, индамай хашагини еяверади.

5) ҚИСИБ ЮРИШ инсоннинг саводга ҳам боғлиқ. Саводи йўқ ёки саводи жуда ночор одам ҳаётда ўз ўрнини топиши ўта қийин, аксар ҳолларда бундай одамлар ҚИСИБ ЮРИШни хуш кўришади. ЧУНКИ: 1) улар ўз саводсизлигини ошкор бўлишидан қўрқишади; 2) улар саводсизликларидан нафақат қўрқишади, улар биринчи бўлиб, саводлиларга қарши кимўзарга тош ота бошлайдилар. Мисол тариқасида ушбу мақолани ёзишга туртки бўлган Kamola Abdukadirova синглимизнинг фейсбукда қолдирган баъзи постларини келтириб ўтаман. Мана улар:

“Афсона Каримова огзимга хужайинлик килиш сангаямас Азизам. Бориб аравайни тортгин. Сиесатга карши чикиб, Ватанини сотадигон одамми окламеман”; “Хар холда санга ухшаб ватан хоинимасман. Мани кимлигимми мухокама килиш сангаямас. Сан узийни йигиштир. Баттар болларинг. Итдек изгиб юрурларинг. Яна айтаман беш бадтар бол”;

“Санлар мани кузим билан Караганда очкуз писерсанлар. Саводли болганиз учун дарбадар болиб юрганакансизда. Санлар щантажчисанлар”;

“Тилни тийиб юриш керагиди. Мана бошка журналистлар ишлаб юриптику. Буни ва буларни шериги Саодат Амановасиям одам болмайди. Буларри томи кетган уже”.

Муҳтарам ўқувчи, айтинг-чи, шу аёл саводлими, саводсизми? Саводли бўлса – нега, саводсиз бўлса – нега? Мен фақат унинг имло хатоларини назарда тутаётганим йўқ – мен уларни санашдан зерикиб кетдим – мен унинг умумий саводи ҳақида сўрамоқдаман. Бу аёл ғирт саводсизлигига мен унинг постларини ўқиганимдаёқ амин бўлдим.

6) ҚИСИБ ЮРИШ масаласида мусулмон биродарларнинг қандай амаллари, фикрлари ва позициялари ҳақида қисқача айтиб ўтдим. Мен ҳуқуқбонлик фаолиятим давомида жуда кўп диндор инсонлар билан мулоқотда бўлдим, чунки И.Каримов даврида таҳқирланган, калтакланган, қийноққа солинган, тўҳмат балосига учраган ва қамоқларда умри ўтганлар ҳам диндор йигитлар эди. Уларнинг ота-оналари, ака-укалари менинг уйимга ёрдам сўраб кўп келишарди. Баъзиларига ёрдам бердик, бироқ мутлоқ аксариятига ёрдам бера олмадик. Бир сафар менинг миямга бир фикр келди ва мен уни ёрдам сўраб келганларга такрор ва такрор айтавердим. Сўҳбат бундай кечарди:

Мен: Тошкет шаҳрида қамалган диндор йигитлар қанча деб ўйлайсиз?

Ёрдам сўровчи: Тахминан 2000 та бўлса керак.

Мен: Шу 2000 та қамалган йигитларнинг ўз оилалари бор, албатта. Шу оилаларнинг 100 таси ҳар куни Президент ва Бош прокурор номига норозилик шикояти битилган хатларни почта орқали, уведомление қилиб, жўнатиб туришлари мумкинми?

Ёрдам сўровчи: Нега мумкин бўлмасин? Мумкин, албатта!

Мен: Буни ким уюштириши мумкин? Ахир кимлардир маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб шу ишни қилишга кўндириши керак-ку! Кўз олдингизга келтиринг – ҳар куни Президент Аппарати (ПА) ва Бош прокурор (БП)га турли оилалардан 100 та шикоят хати боради! ПА ва БПдагилар хатларни ўқиши керак, уларга жавоб ёзиши керак. Бир кун чидайди, икки кун чидайди, бир ҳафта чидайди, боринг-ки, бир ой чидасин! Сизлар ҳам тўхтовсиз ёзаяпсизлар! ПА ва БПдагиларнинг қиладиган бошқа иши йўқми? ПА ва БП ходимлари ана шуни тушунганларидан кейин ҳақиқий бошланади! Қачон бошлайсизлар хат жўнатишни?

Бошлашмади. Қадамларини босмай қўйишди. Сабабини билмайман. ҚИСИБ КЕТИШДИ дейишга уяламан.

2 ноябрь, 2017 йил; Франция.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s