МУЛКДОР


        Толиб ЁҚУБ

 

МУЛКДОР

 

       Олимлар мулк ҳақида сўз юритганда уни шахсий ва хусусий мулкга ажратишади. Шахсий мулк ҳаммада бор болада ҳам, каттада ҳам, бойда ҳам, камбағалда ҳам. Масалан, инсон кийиб юрган кийими, миниб юрган велосипеди ёки машинаси, ўзи қурган ва яшаётган уйи, ҳовлисида боқаётган товуғи ёки қўйи унинг шахсий мулки ҳисобланади. Унинг томорқа дея аталадиган бир парча ери ҳам бўлиши мумкин у ҳам унинг шахсий мулки. Мулк (уй-жой, машина, кийим-кечак, қозонтовоқ, бир парча ер, товуқ, қўй ва ҳ.) унинг ўзини ва оиласини боқади ва турли бошқа эҳтиёжларини қондиради, бироқ фойда келтирмайди фойдаси шуки, ўзи ва оиласи очдан ўлмайди, аёзли кунларда ўзи ва оиласи совуқдан тараша бўлиб қолмайди, машинасида болалари билан тоғ сайрига чиқиши ҳам мумкин. Шахсий мулк билан қаноатланиб биров ундай, биров бундай яшайди, бироқ олигарх (ўта бой инсон)га айлана олмайди, чунки шахсий мулк фақат эҳтиёж учун ишлайди. Табиий, инсон яна-да яхши яшаш учун ҳаракат қилади у бодринг, сабзи, лавлаги, қовун,…, олма етиштираётган бир парча ерига, тухум туғаётган товуғига, семираётган қўйига қараб ўтирмайди кимгадир ишга ёлланади ёки давлат идораси (корхонаси)га ишга киради, бажарган ишига қараб қўлҳақи ёки маош олади. Бироқ, у …, яна такрорлашга тўғри келади Салимбой Абдувалиев бўла олмайди.

 

        Салимбой Абдувалиевни одамлар нега олигарх дейишади? Жавоб оддий: у ўз вақтида хусусий мулк эгаси бўлишга интилган! Хусусий мулкни биров ундай, биров бундай топади – биров уни ҳалол йўл билан (иш жойлари ташкил қилиб, ишчиларга яхши иш шароитлари яратиб, адолатли маош тўлаб, кам таъминланган оилаларга хайриялар бериб), биров ҳаром йўл билан (бировларни қонқақшатиб, мулкини тортиб олиб, кафангадо қилиб ёки ўлдириб) топиши мумкин. Хусусий мулки бўлмаган одам бировга ишлайди. Биров бу ё хусусий мулкли одам, ёки “давлат” деб аталувчи, на бош, на қўл, на оёқ ва на танали мавҳум бир ясама нарса. Хусусий мулки бўлмаган ишчи ўзининг меҳнатидан “биров” бойишини ёқтиравермайди. Шунинг учун хусусий мулк тарафдори, инглиз иқтисодчиси, файласуф Адам Смит (1723-1790) ўзининг “Халқлар бойлиги табиати ва сабаблари ҳақида тадқиқот” номли китобида хусусий мулки бўлмаган ишчи ўзининг меҳнатидан “биров” бойишини ёқтиравермаслиги сабабини: “Хусусий мулки бўлмаган одам, одатда, кам ишлаш ва кўп ейишдан манфаатдор бўлади” дея тушунтиради. “Кам ишлаш” ва “кўп ейиш” тушунчалари ёлланма ишчи учун иш қанча кам бўлса, озиқовқаи ва маош эса қанча кўп бўлса, шунча яхши – бу ҳаммага маълум. Хусусий мулки бўлган одам эса тинимсиз ўйлайди, изланади ва ишлайди у бирни икки, иккини тўрт қилишга, имкон қадар каттароқ фойда олишга интилади. Хусусий мулк эгаси фойда кўриш мақсадида ўз мулкини сотиши ҳам, тортиқ (совға) қилиши ҳам, бошқа мулкдор мулки билан алмашиши ҳам мумкин.

       

        Одам ҳам шахсий мулк бўлган пайтлар бўлган. Одамнинг шахсий мулк бўлиши қадим замонларда ҳам, яқин замонда ҳам ва, ҳатто, ҳозирги замонда ҳам кузатилади. Қадим замонларда икки қабила, икки халқ, икки армия (қўшин) бирбири билан урушганда асир тушган одам (аскар) қул қилиб сотилган. Инглизлар, испанлар, португаллар, французлар, голландлар, немислар, италиянлар Африка, Осиё, Австралия ва бошқа минтақаларда босқинчилик сиёсатини олиб боришганда миллионлаб одамларни қулликга солишган, қул қилиб сотишган, шахсий мулкга айлантиришган. АҚШда илгари қоратанли (негр)лар бўлмаган европалик мустамлакачилар африкалик қоратанли одамларни ҳар куни кемаларда АҚШдаги қуллар сотиладиган бозорларга жўнатиб туришган. Европаликлар АҚШдаги умумий номи ҳинду” бўлган апачи, сиу, ирокез, навахо (ва ҳ.) каби қизилтанли халқларни шафқатсиз урушларда қирғин қилишган, қул қилиб ишлатишган ва қул бозорларида сотишган. “Мажбурий меҳнат” қулликнинг энг “юмшоқ шакли ҳисобланади. Иш танлашда инсонни “мажбур қилиш” ва инсонда ишни “эркин танлаш” ҳуқуқи бўлиши қарамақарши, бирбирига зид тушунчалардир. Нодемократик давлатларда ҳар йили қўрқитиш, ишдан ҳайдаш, маошини камайтириш ва турли бошқа босимлар билан ҳукумат аҳолини, яъни ўқувчилар, студентлар, ўқитувчилар, шифокорлар, заводфабрика ишчиларини мажбурий меҳнатга жалб қилади.

 

        СССР даврида Ўзбекистонда мажбурий меҳнат пахта ва пилла етиштириш, илгари “коммунистик шанбалик” дея аталувчи ободончилик (кўча ва хиёбонларни тозалаш, у-бу ишларда давлатга текин ишлаб бериш ва ҳ.), коммунистик байрамларда колоннаколонна бўлиб иштирок этиш каби “ишлар” кенг кўламда қўлланилиб келди, афсус ҳозир ҳам, мустақиллик йилларида ҳам, қўлланилиб келмоқда. Мажбурий меҳнатга жалб қилинган одам ўзини ҳукумат томонидан “юмшоқ қуллик”га солинганини аксарият ҳолларда тушунмайди, тушунишни ҳам истамайди, қалбида ҳақсизликҳуқуқсизликга қарши исён ҳам пайдо бўлмайди, у борабора “давлат” деган маҳлуқнинг шахсий мулкига айланади. У фақат, Адам Смит айтганидек, кам ишлаш (кўзни шамғалат қилиб ишдан қочиш, ишдан бўйинтовлаш, сохта касалланиш ва ҳ.) ва кўп ейиш (ўғирлаш, ташмачилик қилиш, “биров”нинг мулкини ўзлаштириш, текинтомоқлик)га ўрганади, холос.

 

        Бу ўринда матбуот, радио, телевидениеда олиб бориладиган давлат пропагандаси (ташвиқоти) халқни унсиз, сассиз, овозсиз тўдага айлантиришга йўналтирилади, бу ташвиқот машинаси овозига маддоҳ шоирлар, ёзувчилар ва журналистлар овози жўр бўлади. Ўта кучли бир армия бир халқни йиллар давомида енга олмаган экан – босқинчи армия қумондонлари ҳайрон бўлиб турган, бу халқни енгиш йўли борми деган масала кун тартибига чиққан пайтда бир зукко одам: “Йўли бор! Бу халқни тўртта кучли журналист енга олади! Менга имкон ва пул беринг, мен тўртта кучли журналистни ёллаб келаман!” деб ҳайқирган экан. У бир ҳафтада тўртта журналистни топиб келади, журналистлар “иш” бошлайди, ярим йилга етмай енгилмас халқ босқинчилар қаршисида тиз чўкади. Армия енгилмас халқни қурол кучи билан тиз чўктирмоқчи бўлади, журналистлар эса халқ онгини “сўз”, “фикр” ва “ёлғон” билан ишғол қилишади.

 

        Совет даврининг оммавий ташвиқоти дунёда энг кучли ташвиқот ҳисобланган. Энг кучли ташвиқот эса халқни “зомби”га, яъни ўз онги ва танасини назорат қила олмайдиган, ёки кимларнингдир буйруғига тўлиқ бўйсунувчи тўдага айлантиради. Одам ва ҳатто халқ давлатнинг шахсий мулкига айланиши учун у айнан “зомби” ҳолатига тушиши керак “зомби”ни қаёққа ҳайдасанг ўшаёққа кетаверади. “Зомби” одам хусусий мулк эгаси бўлишга қодир эмас, у хусусий мулк нималигини тушунмайди, тушунишни истамайди, унинг унча-мунча шахсий мулки бўлса бўлди – яшайверади. Шахсий ва хусусий мулклар ҳамма вақт “ким кимни енгади” деган мусобақада қатнашиб келишган. Тарихда бу мусобақани ўрганган, таҳлил қилган ва “семизсемиз” китоблар ёзган файласуфлар ўтган. Адам Смит хусусий мулк табиатини ёритувчи битта китоб ёзган, холос, ва у иқтисод фани билан жиддий шуғулланувчи ҳар қандай инсоннинг столи устида туради. Марксизм асосчиси, XIX-асрда яшаб ўтган Карл Маркс, XVIII-асрда ижод қилган ва ягона китоб ёзган А.Смитдан фарқли ўлароқ, ўнлаб китоблар ёзган, унинг 3 томли ўта “семиз” асари “Капитал” бошданоёқ капиталистик ишлабчиқариш назариясини танқид қилишга бағишланганини ва хусусий мулкни ашаддий инкор этувчи асар бўлганлигини иқтисодчилар айтиб келишади.

 

        1917 йил октябрида Россия империясида ҳарбий давлат тўнтариши уюштириб ҳукуматни эгаллаган В.Ленин К.Маркснинг ашаддий мухлиси бўлиб, унинг назариясини Россияда амалга ошириш йўлини танлайди. В.Ленин давлат раҳбари сифатида ўзининг дастлабки декретларининг бирида Россияда хусусий мулкни бекор қилинишини эълон қилиб, ерни давлат фойдасига мусодара қилади. ХХасрнинг бошида, большевистик инқилобгача, Россияда хусусий мулк (ер)га эга бўлган икки миллионга яқин деҳқон хўжаликлари мавжуд бўлиб, улар ғалла маҳсулотлари билан Европани тўлиқ таъминлаб турган эди. 1917 йилнинг ўзидаёқ В.Лениннинг буйруғи билан давлат мулкига қарши бўлган синф сифатида ўзига тўқ деҳқонларни йўқ қилиш қатағонлари бошланади, юзмингдаб деҳқонлар қатл этилади, унданда кўп деҳқонлар қулоқ [молмулкини давлатга топширмаган, яширган ёки атайлаб ишдан чиқарган ва ҳ.] сифатида болачақаси билан узоқ Сибирь сарҳадларига сургун қилинади. Россияда норозилик кучаяди, Фуқаровий уруш бошланади, мамлакат ҳарбий коммунизм” сиёсати шароитида бошқарилади. Бу сиёсат Россия иқтисодининг таназзули ва очарчиликни келтириб чиқаради. Россия халқ ғалаёнлари ичида қолгач, В.Ленин чекинади ва 1921 йилда хусусий тадбиркорликни ҳамда иқтисодда бозор муносабатларини йўлга қўйишга, яъни Янги Иқтисодий Сиёсат (ЯИС)ни бошлашга қарор қилади. Россия мисолида, биринчи марта амалда, К.Маркс таълимоти ўлик ғоя эканлиги исботланди.

 

        Коммунизм ғояси дастлаб Европада пайдо бўлди. “Европада бир шарпа кезиб юрибди бу коммунизм шарпасидир” деган жумла Коммунистик партия Манифестининг асоси қилиб олинди. Аслида коммунизм тирик организм эмас, балки бир шарпа эканлиги маълум бўлди. Бу шарпа Россияда коммунизмнинг бир кўриниши бўлган социалбольшевизмни, Германияда националсоциализм (нацизм)ни, натижада эса мисли кўрилмаган, ўнлаб миллион инсоннинг ёстиғини қуритган очарчилик ва қаҳатчиликларни, салкам 60 миллион инсоннинг умрига зомин бўлган 2-Жаҳон урушини келтириб чиқарди. Яқинла кимдир “Капитализм фақат ғоялар билан яшай олмайди. Марксизм эса яшай олади” деган фикрни ёзганини ўқиб қолдим. Оддий, бироқ ўта маъноли гап. “Марксизм = Коммунизм” ва “А.Смитизм = Капитализм” формулалари шахсий ва хусусий мулк, сув ва аланга, муз ва вулқон, уруш ва тинчлик каби бирбирини “жинидан баттар” ёқтирмайдиган тушунчалардир. Бу ҳақиқатни илгари аксилинсон ва аксилхалқ сиёсий тузумлар ҳукм сурган, 2-Жаҳон урушидан кейин эса демократик ривожланиш йўлини танлаган Европанинг қатор мамлакатлари, Япония, Жанубий Қурия, Сингапур каби давлатлар намойиш этишди.

 

        Иқтисод ва сиёсатда Капитализм ва Коммунизм ғоялари асосан Европада шу тартибда олдинмакейин пайдо бўлди. Асосида “коммуна” тушунчаси ётган “коммунизм” ғояси инсониятга: “умуммулк ва умуммеҳнатга асослаган инсонлар жамоаси [коммуна]да ҳар ким қобилияти [имконияти]га яраша ишлайди, ишлабчиқарилган моддий бойлик эса ҳар кимга эҳтиёжига қараб тақсимланади”, деган жозибали ваъдани берди. Мазкур ваъдани оддий тилга ўтказсак у ушбу кўринишга келади: 1) Хусусий мулкга эга бўлмаган, фақат шахсий мулк (кийимкечак, идиштовоқ, товуқ, қўй ва ҳ.)га эга бўлган инсонлар жамоасида ҳар бир инсон имконияти қадар ишлайди; бунда у оладиган маошини оқлайдиган қилиб чин сидқидилдан ишлайдими ёки ўзини ишлаётгандай кўрсатиб, яъни симуляция [айёрлик] қилиб ишлайдими? “Биров”га ишлайдиган инсон, одатда, кам ишлашга ва кўп ейишга интилади, деб А.Смит бекорга айтмаган-ку!; 2) Коммуна аъзосининг эҳтиёжи ҳакалаб отиб кетган бўлиши мумкинми? Мумкин! У битта, иккита, …, ўнта нонга қаноат қилмаслиги мумкинми? Мумкин, албатта! Берган маошинг кам деб жанжал қилаверадиганлар биттаяримта топилиши мумкинми? Биттаяримта эмас, ўнлаб ва юзлаб топилиши мумкин! Коммунада бундай одамлар битта ёки иккита эмас, юзлаб ва ҳатто минглаб бўлса, унда нима бўлади? Бу саволларга [Марксизмда] жавоб йўқ! 3) Инсоннинг ишлаш қобилияти (имконияти) билан топган маблағи ебичиш, кийиниш, болачақа боқиш, тўйтамошо қилиш каби беҳисоб эҳтиёжларини қондиришга етарли бўладими? Хусусий мулксиз [яъни? “биров”га ишлайдиган] одамда камроқ ишлаш истаги ҳам, кўпроқ ейиш истаги ҳам муттасил кучайиб боради бу Адам Смит изланишлари натижасида пайдо бўлган аксиома.

 

        27 йиллик бошқаруви пайтида И.Каримов ер, беҳисоб каттакичик корхоналар, савдосотиқ дўконлари, банклар ва бошқа объектларга хусусий мулк мақомини беришни ҳаёлига ҳам келтирмади. У ҳар нутқида: “Халқимиз бой ва фаровон яшамоқда” деб қайтақайта гапирди, бироқ миллионлаб ўзбекистонликлар иш излаб ўзга юртларга чиқиб кетгани ҳақида ломмим демади. Агар у А.Смитнинг “Халқлар бойлиги табиати ва сабаблари ҳақида тадқиқот” асарини ўқиганда эди, халқ бой бўлиши табиати ва сабабларини, балки тушунган бўларди. Бироқ, у А.Смит китобини ўқиш уёқда турсин, ҳатто қўлига ушлаб ҳам кўрмади. У ўзини доно, зукко ва билимдон қилиб кўрсатиш учун ўнлаб китоблар ёзишга тушди, студент ва аспирантлар, ўқитувчи ва шифокорлар, инженер ва агрономлар, артист ва ёзувчилар гарданига унинг бир тийинга қиммат китобларини ўқиш ва имтиҳон топшириш юклатилди. У ўлгач эса, унинг китоблари китоб дўконлари пештахталаридан улоқтирилди, бир қисми макулатурага топширилди, бир қисми қаерлардадир чанг босиб ётибди. А.Смит эса бир дона китоб ёзди ва тарих саҳифаларидан жой олди.            

           Ўзбекистон ҳамма соҳаларда ислоҳотларга муҳтож. И.Каримов коммунистик тузум “сути” билан ўсди, коммунистик мактаб ва институтда ўқиди, у коммунистик китоблардан бошқа китобларни ўқимади, у мулк хусусий бўлиши мумкин эканини кўрмали, чунки унинг ёшлигида ҳам, етуклик йилларида ҳам ер давлат мулки бўлган, колхоз ва совхоз ерлари ҳам давлатники эди, шу сабабли ҳам у совет колхоз ва совхозларидан зўрға, истаристамас воз кечди. Ерни “фермер”ларга берган бўлсада, ер хусусий мулкга айланмади у давлат мулки бўлиб қолаверди. Ўзбекистон асосан аграр мамлакат эканлигидан келиб чиқсак, биринчи навбатда ер ислоҳоти ўтказилиши лозим ер давлат мулки бўлмаслиги, ер хусусий мулк бўлиши керак. Ер билан боғлиқ масала бу билан тугамайди. Ер хусусий мулкга айлангандан кейин ҳам унинг янги эгалари И.Каримов пайтидаги “фермер” каби ҳоким, прокурор ва милиция ходимларининг ҳақоратлари, таҳқирлашлари остида умрини мутлақо бемаъни мажлисларда ўтказишга мажбур қилинишларига, ҳамма вақт “план” деган давлат буюртмаси остида юришига чек қўйиш, улар эркинликга зор бўлиб юрмасликлари керак. Улар ерга нима экиш, маҳсулотини қаерда, кимга ва қандай нархда сотиш, топган маблағини нимага сарфлашини ўзлари ҳал қилиши, давлат билан фермер орасида эса фақат “сен солиқ тўлайсан мен сени ва ишингни ҳимоя қиламан” муносабати ўрнатилиши керак.

 

        Ер ислоҳотида бу ҳам етарли эмас. Мен қуйида баъзи таклифларимни келтириб ўтмоқчиман.

        1) Ўзбекистон иқлими ноёб, бетакрор иқлим ҳисобланади битта камчилиги сувнинг етарли эмаслигидир. Ўзбекистон ИҚЛИМи ва халқнинг юксак ТАЖРИБАси пахта майдонларини аста-секин камайтириб, тут плантациялари майдонини кўпайтириб, мамлакат ўзининг қишлоқ хўжалиги иқтисодий сиёсатини жуда кўп ер, сув, техника, ёқилғи, ўғит, мажбурий меҳнат (айниқса болалар меҳнати) ва салкам бир йил вақтни талаб этадиган пахта етиштиришдан бу ресурсларга унчалик, баъзиларига эса умуман эҳтиёжи бўлмаган ва нисбатан жуда оз, узоғи билан 1,5 ой вақт талаб этадиган пилла етиштиришга йўналтириши имконини беради;

       2) Буни амалга ошириш учун юқори билимли ва малакали мутахассислар гуруҳини яратиш керак. Пилла етиштиришда Хитой дунёда биринчи ўринда бўлиб, у йилига камида 500.000 тонна пилла етиштиради. Ёш, иқтидорли йигит ва қизларнинг етарлича катта гуруҳи давлат стипендияси билан таъминланиб пиллачилик бўйича билим ва тажриба ўрганиш учун Хитойга жўнатилиши лозим. Бунда, яъни Хитойга жўнатиладиган номзодлар ошна-оғайничилик йўли билан “танланган” эмас, балки порага учмайдиган, юқори малакали мутахассислар кўриги ва имтиҳонидан ўтган йигит ва қизлар бўлиши керак;

       3) Пиллачиликда тут новдаларини кесиш, новдадан баргни ажратиш, баргларни ипак қурти сақланаётган хона сўкичаклари устига ташлаб чиқиш (ёйиш), қурт пилла ўрашга ўтирганда сўкичаклар устига даста босиш ва, ниҳоят, пиллани дасталардан териб олиш каби иш (меҳнат) жараёнларини механизациялаш қийин эмас бу каби операцияларни бажариш махсус минитракторнинг қўлидан келади”, ўзбек тракторсозлик инженерлари эса бундай минитракторни қийналмасдан ихтиро этишлари ва уни оммавий ишлабчиқаришни йўлга қўя олишлари мумкин;

        4) Ипак қурти ўта нозик жонзод бўлиб, у ҳарорати мўътадил ва бирдан исиб ёки бирдан совуб кетмайдиган хоналарда боқилиши керак бу ҳаммага маълум; демак: (А) Қурт боқилаёиган хонада ҳароратни ўлчайдиган, назорат қиладиган ва, хона ҳарорат нормасини таъминлайдиган аппарат (электропечка)ни автоматик тарзда ишга тушурадиган ёки ўчирадиган мослама ўрнатилган; (Б) Хонанинг икки қарамақарши деворига сўкичаклар устига барг сочадиган тележка (аравача) юрадиган рельсли йўлакчалар ўрнатилган бўлиши керак; (В) Мазкур аравачалардан қуртлар пилла ўраши учун даста босиш ва пиллали дасталарни йиғиштириб олишда ҳам фойдаланиш мумкин;

       5) Ўзбекистонда пилла қуртини асосан аҳоли ўзининг шахсий хонадонида боқади. Май ойининг бошида пилла қурти уруғи тарқатилаёиган пайтда хонадон эгалари бир неча хоналарини бўшатишларига тўғри келади бу эса хонадон ҳаётини камида бир ойга “ишдан чиқаради”, безовталик ва ноқулайликларни келтириб чиқаради. Бундан қутулишнинг энг осон йўли аҳолига қулай, бўш жойларда 1 (бир) ёки 2 (икки) қаватли, етарлича узун, бинолар қуришдир. Бундай бинода бир неча оила ишлабчиқариш кооперацияси асосида бирлашиб ипак қурти боқишни ташкил этишлари мумкин, пилла териб олингач эса, мазкур бинолар пиллани дастлабки қайта ишлаш, ёки қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан консерва, қуруқ мева, компот, жем ва бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқарувчи ва сақловчи цехларига айлантирилиши мумкин буни оддий халқ тилида ҳам хўрдани, ҳам бурдани уриш” дейилади, яъни хонадонлар ҳам тинч, қуртлар ҳам боқилмоқда;

        6) Пиллачилик йўлга қўйилса, ҳукуматнинг молиявий ёрдамида хусусий тадбиркорлар зудлик билан ипак ип йигириш, ипак маътолар, биринчи навбатда ўзбек атласини, улардан эса хотин-қизлар учун кўйлак, лозим, яктак, дурра ва бошқа кийимкечаклар ишлаб чиқарадиган фабрика ва цехларни қуришга киришишлари керак – ўзбекларнинг соф ипакдан тикилган кийим-кечаклари дунё мода трендига айланишига мен аминман.  

       

        Пахта майдонларини қисқартириб, пахта етиштириш камайтирилиб асосий урғцни пилла етиштиришга берилса, кутиладиган қуйидаги афзалликларни ҳеч ким инкор эта олмайди:

 

        (A): беҳад катта ер майдонлари бўшайди; бўшаган ерда мева боғдорчилигини ташкил этиш, экспортбоп полиз экинлари (қовун, тарвуз, помидор, сабзи, картошка, карам, ерток (узум), писта (кунгабоқар), ерёнғоқ, қовоқ ва ҳ.) экиш имконияти пайдо бўлади;

        (B): юқорида келтирилган 6 та банднинг биринчисида айтилган ер ҳайдайдиган, чигит экадиган, культивация қиладиган, пахта терадиган, пахтани қабул пунктларига ташийдиган техника (тракторлар) ва унга тиркаладиган мосламалар (плуг, сеялка, культиватор, пахта териш комбайни, пахта ташийдиган тележкалар ва ҳ.) га ҳожат қолмайди, катта миқдорда ёқилғи (солярка, бензин) ва мойлаш материаллари (солидол, литол ва ҳ.) тежалади;

        (C): катта миқдорда сув тежалади уни боғдорчилик ва полизчиликга йўналтириш мумкин;

        (D): тракторчилар, қатқалоқ юмшатиш, чопиқ қилиш, яганалаш ва суғориш ишларига жалб қилинадиган ишчи, мироб ва пахта терувчилар каби ишчикучи кескин камаяди бу эса болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатдан воз кечишга йўл очади;

        (E): атроф-муҳит экологияси кескин соғломлашади, ер эррозияси камайиши (ва, ҳатто, йўқолиши) мумкин;

        (F): мамлакатда қишлоқ хўжалик маҳсулотларини [5), 6) ва (А) бандларига қаранг] қайта ишловчи минглаб йирик ҳамда минизавод, миницех ва ипак ип йигирув, ипак (шойи) мато ишлабчиқарувчи, шойи матодан кийимбош тикувчи фабрикалар қурилади ва ишлай бошлайди;

        (J) Мазкур корхоналарда миллионлаб одамлар иш билан таъминланади ва меҳнат муҳожирлигина чек қўйилади.

 

        Табиий, иқтисоддаги ислоҳотлар бу билан чегараланмайди, иқтисодда ислоҳот қилиниши зарур бўлган соҳалар жуда кўп. Юқорида мен фақат битта соҳа пахтачиликни камайтириб, пиллачиликни юксалтириш ҳақида ёздим, холос.

        Худо хоҳласа, кейинги мақолаларимда бошқа соҳаларда ўтказилиши зарур бўлган ислоҳотлар ҳақида ҳам ёзажакман.

 

        18 сентябрь, 2017 йил;   Франция.      

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s