КАСАЛ ТЕККАН ЖАМИЯТ


Толиб ЁҚУБ

ҚОНУН УСТУВОРЛИГИ

КАСАЛ ТЕККАН ЖАМИЯТ

Қонун устувор бўлмаган давлатда жамият сўзсиз оғир касалликга дучор бўлади – давлат идораларидаги коррупция, порахўрлик, таъмагирлик ва бошқа ижтимоий иллатлар касалликнинг мана-ман деган белгиларидир. «Томчи тошни кемиради” дея айтиб ўтишган зукко донолар. Томчининг тошни кемириши кўзга кўринмас жараён бўлганидек, ижтимоий иллатлар ҳам жамият ва давлатни кемириши деярли сезиларсиз, кўзга кўринмас жараёндир. Бу жараённи сезган ва тушунганлар ҳам бўлади, бироқ сезмаганлар сони жамиятда кўпроқ бўлгани сабабли ҳамма бунга ўрганиб қолади. Бундай жамиятни мутахассислар касал теккан жамият дейишади. Қишлоғимизда бир ўта камбағал оила бор эди. Оиланинг бу ҳолатини ҳар куни юзлаб одамлар кўрарди, бироқ бирортасининг ҳаёлига “Нега бу оила ўта хароб аҳволда яшайди?” деган фикр келмас эди – одамлар ўрганиб қолишган эди!

Қўшни қишлоқда бир йигитча Тошкент юридик институтини битириб келди ва вилоят прокуратурасида ишлай бошлади. У хушмуомала инсон эди. Лекин у негадир бир-икки йил ичида одамларга муомаласини кескин ўзгартирди. Илгари у қишлоқнинг тўй-маъракаларида кўриниб турарди, кейинчалик эса тўй-маърака ва дафн маросимларидан оёғини узди. Орадан икки-уч йил ўтгач прокурор ўзига данғиллама иморат қура бошлади, атрофини темир панжара билан ўради, бора-бора одамлар у ишга қачон кетиши ва ишдан қачон қайтишини ҳам билмай қолишди – одамлар бунга ҳам ўрганиб қолишди! Бутун дунёда прокуратурага қонун устуворлигини назорат қилувчи давлат ташкилоти дея қаралади. 1-2 йиллик фаолиятдан сўнг юқорида айтилган қаҳрамонимизнинг ўзи давлат қонунларини безбетларча буза бошлади. Аслида бу касал теккан жамиятнинг бир белгиси эди, холос.

Хўш, қонун устуворлиги нима? Қандай жамиятларда қонун инсонлар учун хизмат қилади? Қандай жамиятларда қонун давлат мулозимлари фойдасига ишлайди?

Инсонлар жамияти ўз ҳаётини қандайдир қонунлар асосида ташкил этишади. Моллар подаси учун қонун бўлиши шарт эмас – молларга ўт бўлса бўлди, қаёққа ҳайдасанг ўша ёққа қараб кетаверишади. Қатор араб мамлакатлари, Афғонистон ва Эрон ҳаётни шариат қонунлари асосида ташкил қилишган – бу мамлакатларда инсон ҳаёти уч пулча ҳам қадри йўқ. Эронда ҳозирги кунгача одамларни дорга осиб қатл этиш амалда – қатл куни бирваракайига 20-30 одам дорга осилади. (Қаранг: http://fishki.net/anti/73409-publichnaja-kazn-v-irane-14-foto.html; ёки https://amnesty.org.ru/ru/2016-08-04-iran/ ). Эронда шариат қонунлари бўйича одам жосуслик, қотиллик (одам ўлдириш), болалар ва аёлларга нисбатан жинсий тажовуз қилиш, қурол билан қўрқитиб (ёки ишлатиб) босқинчилик қилиш, Худога ҳурматсизлик, наркотиклар савдоси билан шуғулланиш, фоҳишалик, эр ва хотиннинг бир-бирига хиёнати, сотқинлик, порнографик расмларни тарқатиш (ва ҳ.) каби қилмишлари учун ўлим жазосига тортилади. Эронда дуч келган одамни сўраб-суриштирмай дорга освораверишадими? Йўқ, жиноятда гумонланган одамни тергов қилишади, айбини бўйнига қўйишади, маҳкама (суд)га тортишади ва … дорга осишади. Юқорида келтирилган жиноятлар учун Эронда қамоқ жазоси йўқ! Мусулмон давлати ҳисобланган Эронда жамиятни қўрқувда ушлаб туриш учунгина осиб ўлдириш жазоси йўлга қўйган – асло жиноят содир этган инсонни қамоқ орқали тарбиялаб, маънавий соғлом ҳолатда жамиятга қайтариш эмас!

Сурия, Ироқ каби мусулмон мамлакатларда қонунлар ишлаш-ишламаслигини қўятурайлик, ҳатто улар бор-йўқлигини билиб ҳам бўлмайди: мусулмон ҳисобланган инсонлар сунний ва шиа мазҳабларига бўлиниб бир-бири билан қирғинбарот урушиб ётишибди. Баъзи мусулмон мамлакатлари (Ўзбекистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбойжон ва ҳ.)да зўр қонунлар ишлаб чиқилган, Бош қонунни улар Конституция деган чиройли сўз билан ҳам номлашган, «демократия”, “инсон ҳуқуқлари”, “қонун устуворлиги” каби тушунчаларни «қўрқмай” Конституцияларига ҳам киритишган, бироқ доноларнинг “ҚОНУН АМАЛИ БИЛАН ЧИРОЙЛИ” деган буюк фикридан бу мамлакатларда асар ҳам йўқ. “Давлат мулозимининг гапи = Қонун” тенгламаси мазкур давлатларда ҳукумат томонидан ҳам, халқ томонидан ҳам дастур-ул-амал сифатида қабул қилинган. Мазкур тенглама мамлакатда эркинлик ва фаровонликни эмас, қип-қизил яккаҳокимлик (диктатура)ни шакллантиради, холос. Диктаторлиги бир-биридан ошиб тушадиган Ислом Каримов, Сапармират Ниязов, Эмомали Раҳмон, Нурсултон Назарбаев, Илҳом Алиев ва Гурбангули Бердимуҳаммедов айнан мана шу тенгламанинг маҳсулидир. “Давлат мулозимининг гапи = Қонун” тенгламаси ва “Қонун устуворлиги” тушунчаси орасида зиғирча ҳам ўхшашлик ва маънодошлик бўлиши мумкин эмас.

Қозоғистон ва Қирғизистонда мазкур тенглама ҳамма вақт ҳам бажарилавермайди. Аҳён-аҳёнда улар революция (инқилоб) ҳам қилиб туришади. Буни тушуниш қийин эмас. Қозоқлар ва қирғизлар азалдан кўчманчи халқлар дея таърифланган. Қозоқлар бепоён чўлу-саҳроларда чорва, туя ва йилқи ортидан юриб умргузаронлик қилишган, бундай ҳаётнинг асосини эса эркинлик ташкил этган – қозоқ ҳеч қачон ўзбек каби бир ер (жой)га “михланиб” қолмаган, бугун у ўтовини мана бу қудуқ ёнига тиклаган бўлса, бир ҳафтадан кейин эса ўтовини туяларга ортиб ўнлаб чақирим наридаги қудуқ ёнига тиклаб яшайверган. Асл ватани Енисей (Энасой) дарёси сарҳадлари бўлган қирғизлар ҳам ҳаётини кўчманчилик билан ўтказишган. Қирғизлар ҳозир яшаб турган ҳудуд эркин кўчиш натижасида пайдо бўлган – улар ҳам қозоқлар каби чорва ва йилқи ортидан юриб айни ҳудудда ерлашиб қолишган. Эркин ҳаёт, эркин ҳаракат, кенг сарҳадлар қозоқ ва қирғизларда ўзига хос менталитет (зеҳният) шакллантирган. Кўчманчи халқ шаҳар қурмайди, ўтроқ халқ сингари ғалла ва мева-чева етиштирадиган деҳқончилик, иморат ва бошқа иншоотларни тиклайдиган устачилик, олтин, кумуш ва қимматбаҳо тошлардан ясалган ноёб санъат асари бўлган тақинчоқлар ижод қиладиган заргарлик каби турли касбларни эгаллашга уринавермайди.

Ўтроқ халқ бир жойга “михланиб” яшайди. Агар ўтроқ халқ ҳаётида давлат сиёсати деспотик (зулмли) бўлса, бундай халқда эркин кўчиш, эркин ҳаёт, эркин ҳаракатдан асар ҳам бўлмайди – ҳатто баъзилар ўзининг маҳалласи (тумани, вилояти)дан ташқарига чиқмай дунёдан ўтиб кетиши мумкин. Мустақил Ўзбекистонга раҳбар этиб сайланган И.Каримов 1991 йилдаёқ мамлакат йўлларида сон-саноқсиз блок-постлар қурдирди, барча давлат идоралари, вокзаллар ва банклар биноларини темир панжаралар билан ўраттирди, СССРдан мерос қолган прописка ва ОВИР системаларини сақлаб қолди. Мақсад – Ўзбекистон халқини эркин ҳаракат, эркин савдо, яшаш жойини эркин танлаш ва чет элларга эркин чиқишдан маҳрум қилиш эди. Марказий Осиё ва Қозоғистоннинг кенг сарҳадларида асосан ўзбеклар ва тожиклар ўтроқ халқ ҳисобланишган. Ўтроқ халқлар ўзига хос қонунлар асосида яшашган: маҳалла, туман ва вилоятларда инсонлар қоғозга туширилмаган (ёзилмаган) қонунлар амалда бўлган – тўй ҳам, аза ҳам, инсонлар орасидаги иқтисодий ва ижтимоий муносабатлар ҳам ёзилмаган қонунлар асосида ўтказилаверган (ҳал этилаверган).

Қонунлар қизиқ нарса – одамлар уларни ҳар хил тушунишади, ўзларича талқин ва амал қилишади – бу жамиятда қандай сиёсий, иқтисодий, маънавий ва маданий тузум ўрнатилганига боғлиқ. 1978 йилгача Хитойда қип-қизил коммунистик сиёсий тузум ва қонунлар ҳукм сурарди – доҳийчилик, хусусий мулкга мутлоқ тақиқ, ҳар қадамда коммунистик шиорлар, очарчилик, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини менсимаслик ва тан олмаслик, дунёни фақат оқ-қора рангда кўриш, ўзини-ўзи дунёдан иҳоталаш (изоляция қилиш), … 1978 йилда Хитойнинг коммунистик раҳбари Дэн Сяопин биринчи марта халқига иқтисодий эркинлик берди. Хитойда “Иқтисодда билганингни қил!” деган чақириқ остида ягона эркинлик амал қила бошлади. Сиёсатда ҳам озгина эркинлик берилди – коммунистик раҳбарият ҳар 10 йилда тубдан (тўлиқ, тамоман) алмашадиган бўлди. Хитой 30-40 йил ичида дунёнинг иқтисодий энг кучли давлатларидан бирига айланди, космосни ўзлаштириш соҳасида хитойликлар АҚШдан кейин иккинчи ўринга чиқишди, бу соҳада Россиядан анча ўзиб кетишди, айни кунларда хитойликлар Марс планетасида доимий ишлайдиган база яратиш устида илмий ва амалий ишлар устида бош қотиришмоқда.

Шу кунларда Хитой Африканинг Марокаш давлати ҳудудида электро-энергия ишлаб чиқарувчи дунёда энг катта Қуёш батареялари станциясини қурмоқда. Мазкур лойиҳа шу қадар улкан-ки, ишлаб чиқарилажак электро-энергия нафақат Марокашнинг ўзини салкам текин электр энергияси билан таъминлайди, балки электро-энергия Африканинг қатор давлатларига ва ҳатто Европага ҳам узатилади. Қоммунистик қонунларнинг нормал инсоний қонунларга алмаштирилиши Хитойни дунёдаги гегемон давлатлар (АҚШ, Буюкбритания, Франция, Германия, Канада ва ҳ.) қаторига олиб чиқди. Куба, Шимолий Қурия, Вьетнам, СССР, Шарқий Германия, Чили, Венесуэла ҳамда Африка, Осиё ва Европанинг қатор давлатлари ўз вақтида марксиз-ленинизмни ўзларига дастур-ул-амал қилиб олишди, бироқ бу мамлакатларнинг аҳолиси тўқ ва фаравон ҳаётни кўрмади. Хитойда коммунистик партия, коммунистик ғоя ва коммунистик тузум ҳалигача ҳукмрон. Хитойда иқтисодий эркинлик сиёсий деспотия (зулм) билан ҳаёт-мамот курашини олиб бормоқда. Бир неча кун олдин хитойлик ёзувчи, ҳуқуқбон, университет профессори, Нобель мукофоти совриндори, 2009 йилда гўё Хитойга қарши қўпорувчилик фаолияти билан шуғуллангани учун 11 йилга қамалган Лю Сябо жигар циррозидан вафот этди. Нобель мукофоти унга 2010 йилда, у қамоқхонада ётган пайтда берилган эди. Хитой ҳукумати Лю Сябо Норвегияга бориб мукофотни олиш маросимида қатнашишга рухсат бермади. Гарчи тергов органлари Лю Сябонинг хотини Лю Ся хонимга ҳеч қандай айб қўйишмаган бўлса-да, уни 2009 йилдан бери (эри қамалган кундан бошлаб) уй қамоғида сақлаб келмоқдалар. Мен бу аянчли воқеани Хитойда иқтисодий эркинликга йўл берилганига қарамай ҳанузгача коммунистик истибдот давом этаётганини таъкидлаш учун келтирдим.

Ҳиндистон асрлар давомида инглизларнинг мустамлакаси шароитида яшади. Тўйиб нон (овқат) емагани сабабли қоқ суякга айланган Махатма Ганди раҳбарлигида ҳиндлар “қаршилик кўрсатмаслик” тактикасини ишлатиб Англиянинг мустамлакачилик сиёсатига қарши кураш бошлади. “Қаршилик кўрсатмаслик” тактикасининг маъноси эса оддий ва халқга тушунарли эди: 1) мутлақо ишламаслик; 2) инглизлар ялинадими, сўкадими, урадими – фарқи йўқ – “вой-вой”лаб ерда ағанаб ётавериш! Мазкур тактика маъносини бошда инглизлар тушунишмади, кейинроқ … тушуниб қолишди ва уларни ваҳима босди! Ўзингиз ўйлаб кўринг: миллионлаб мустамлакачи инглизлар (мустамлакачи армия, маъмурий ходимлар, савдогарлар ва ҳоказо)ни боқишнинг ўзи бўладими? Бирорта ҳинду ишламаса! Миллионлаб инглизларнинг ҳаммасига озиқ-овқат, кийим-кечак, асбоб-ускуналарни кемаларда Англиядан етказиб бериш ўлим-ку! Бир ой, беш ой, боринг-ки бир йил етказиб бериш мумкиндир, лекин бу ишни йиллар оша қилиб бўлмайди-ку! Инглизлар вазият “швах” (дабдала) эканини тушунишди ва .. Ҳиндистондан чиқиб кетишди. Бироқ улар ҳиндуларга: 1) Инглиз тили; 2) Инглиз суд-ҳуқуқ системаси каби икки буюк қадриятни қолдиришди – иккаласи ҳам дунёда энг илғор қадрият ҳисобланади.

Бироқ Ҳиндистон ўз ўтмишидан ҳалигача қутула олгани йўқ – мазкур мамлакатда аҳоли “зодагон” ва “қўл теккизиб бўлмайдиганлар”дан иборат: “Зодагон” – тушунарли, бу қатламга кирувчилар иқтисодий бой одамлар, ҳамма ҳуқуқлари бекаму-куст таъминланади, улар иккинчи қатлам билан “қиз олиб, қиз беришмайди” (қон бузилармиш!). “Қўл теккизиб бўлмайдиганлар” (неприкасаемые) аҳолининг энг қашшоқ қатлами бўлиб, уларнинг кўпчилиги сал туртворсанг вайронага айланадиган кулбачаларда яшашади. Бироқ! Ҳиндулар космонавтика соҳасида мана-ман деган давлатларни қувиб етди, баъзиларидан эса ўтиб ҳам кетди. Ҳиндистонда инглиз тилини фақат чақалоқлар билмаслиги мумкин, қолганларнинг ҳаммасида инглиз тили ҳинд тили билан бирга чиқади. Ҳиндистон тиббиёт (медицина) энг ривожланган мамлакатлар қаторига киради. Кейинги йилларда ўзбекистонликлар ҳам даволаниш учун Ҳиндистонга серқатнов бўлиб қолишган. Эскилик сарқитларидан қутулиш осон эмас, қутулиш учун эса халқ зеҳнияти (менталитети) ўзгариши керак. Ҳиндулар ана шундай ўзгариш бўсағасида туришибди. Бу давлатда инсонлар қадр-қимматини тенглаштирувчи қонунлар қабул қилинишига фақат зодагонлар қаршилик кўрсатмоқда.

Қонун устуворлигини, масалан, Францияда кўриш мумкин. Тушунтиришни қўпол бир мисолдан бошлайман. Францияда итлар ҳам, ит боқувчилар ҳам кўп. Масалан, биз яшаётган 4 қаватли уйда бир неча хонадон ит боқишади. Ҳатто битта хонадонда уй эгаси (ёлғиз аёл) 8 та мушук (пишак) боқади – ҳаммаси ювилган-таралган, озода, баъзиларининг бўйнига чиройли лентачалар тақиб қўйилган. Итлар ўта ювош, бегона одамга қайрилиб ҳам қарамайди. Бошда мен тушунмадим: нега бу итлар ҳурмайди, нега бу итлар одамни қопмайди, деб ўйлаб юрдим. Кейин бир одам тушунтирди – маълум бўлишича, ҳар йили Францияда итларга укол қилинар ва танасига жангарилик (агрессивность) ва қопағонликга барҳам берадиган юборилар экан! Ўша одамнинг айтишича, бу усул Европанинг барча демократик мамлакатларида қўлланилар экан. Бундан чиқди – бу усул АҚШда ҳам, Канадада ҳам, Австралияда ҳам, қўйинг-чи, ҳамма демократик давлатларда амалда экан. Мен бир кун ўйга толдим: нега французлар характери ўта юмшоқ, хушмуомала, меҳрибон, менга ўхшаган ногиронларга ҳамдард, миллат танламайдиган ва болажон халқ? Ё ҳар йили итларни укол қилгандай одамларни ҳам укол қилишармикин булар? Лекин Францияга келганимизга 11 йилдан ошган бўлса-да, бизларни укол қилишган йўқ-ку! Мен бизларга ўхшаган келгинди одамлардан: “Сизларга ҳар йили қандайдир укол қилишадими?” дея сўраб кўрдим. Йўқ, укол қилишмас экан! “Касаллансак ўзимиз укол қилдирамиз” дейишди.

Ўйлаб қарасам, инсонпарвар сиёсий тузум, мукаммал ишланган Конституция ва қонунлар, уларга сўзсиз амал қилиш, инсонни ҳайвон ўрнида эмас, айнан инсон ўрнида кўриш аҳолини, юқорида айтилгандай, ўта юмшоқ, хушмуомала, меҳрибон, ногиронларга ҳамдард, инсоннинг миллати, тили, дини, терисининг ранги, кийиниши, маданиятини ҳурмат қиладиган халққа айлантирар экан! Саналганларнинг ҳар бири алоҳида мақола ёзишга лойиқ хислатдир. Мен бунга тўхтаб ўтирмайман. Мен муҳтарам ўқувчига на Конституцияга ва на бошқа қонунларга киритилган иккита “қонун” ҳақида гапириб бермоқчиман, холос. Бу “қонун”ларнинг бирини сиз Франциянинг ҳар бир автобекатида, ҳар бир темирйўл вокзалида, ҳар бир дарё ва денгиз портида ва ҳар бир аэропортида кўришингиз мумкин. Мас., “қонун” автобекатнинг шаффоф пластикдан ясалган айвончасининг деворига ёпиштириб қўйилган. Бу – автобусларнинг қатнаш жадвали (графиги) бўлиб, унда автобус айни бекатга қачон келиши соати ва минутигача ёзиб қўйилган. Ҳозир телефон замони бўлгани учун одамлар жадвал расмини телефонига тушириб олишади. Улар телефонга қараб-қараб туришади, керакли автобус бекатга қачон келишини аниқлаб, кўчага чиқиш ҳали эрта бўлса, уйида бемалол чой (кофе) ичиб ўтираверишади – чунки улар автобус бекатга айнан жадвалда кўрсатилган вақтда келишини билишади.

Шаҳримизда IRIGO номли автокорхона бор. Шаҳримиз кўчаларида юрадиган барча автобуслар шу автокорхонага тегишли. Айтишларича, шаҳримиз ҳудуди (территорияси) бўйича Францияда 4-чи ўринни [баъзилар 5-чи дейишади] эгаллар экан. Автокорхона офиси шаҳар марказида жойлашган, олдида кенг майдонча бўлиб, унда орқа ойнасига катталиги бир қарич келадиган ҳарфлар билан автокорхона номи ёзилган ўнлаб енгил машиналар териб қўйилган. Автобус ҳайдовчиси ҳар 3 (уч) соатда алмашади – алмашиш жадвали (графиги) ҳамма ҳайдовчиларга берилади ва улар жадвални сумкаларида олиб юришади. Мен деярли ҳар куни 9-чи маршрут бўйича юрадиган автобусларнинг “GEANTE” магазини олдидаги охирги бекатида автобус кутиб ўтираман. Бир вақт бекат олдида автокорхона енгил машинаси келиб тўхтайди. Дарров хулоса чиқараман: 1 минут, нари борса 2 минутдан кейин автобус келади! Худди шундай бўлади! Енгил машинадан сумкасини кўтариб янги ҳайдовчи тушади ва автобус олдига келади, автобусдан сумкасини кўтариб ҳозир автобусни бошқариб келган ҳайдовчи тушади ва енгил машинага миниб жўнаб кетади. У тўғри автокорхона олдидаги майдончага боради, машинани майдончага қўйиб, майдончада қолдирган ўзининг машинасига миниб уйига кетаверади.

Ҳайдовчиларнинг алмашиши беҳудага ўйлаб топилган эмас. Уч соат серқатнов кўчалар бўйлаб узунлиги ўнлаб километр бўлган маршрутда автобус рулида юриш ҳайдовчини чарчатади, стресс юзага келади, кутилмаган тўсиқ, воқеа-ҳодисаларга нисбатан реакцияси пасаяди, авария содир қилиши эҳтимоли ошади, йўловчилар ҳаётига хавф туғилади – бундай “борди-келди” ўбдон ўрганилган ва ҳайдовчиларнинг алмашиш вақти 3 соат қилиб белгиланган. Бу ҳам – қонун, у изчиллик билан амалга оширилади, бундай қонунлар Францияда юзлаб қабул қилинган. Бироқ, улар Конституцияга киритилмаган, қонун чиқарувчи парламент қабул қилмаган, уларни IRIGO каби турли ташкилотлар қабул қилишган. Ҳеч ким “Бу қонунни сен нега қабул қилдинг, уни бажараяпсанми?” демайди – қонун чиқарган ташкилот ўзи билиб-билиб уни амалга ошираверади. Алдамайди. Алдаш хаёлига ҳам келмайди. Бураб қўйилган соатдай ишлайди.

Муҳтарам ўқувчига мен гапириб бермоқчи бўлган иккинчи “қонун” тиббиёт (медицина) билан боғлиқ. Франциянинг ҳамма жойидагидек бизнинг шаҳримизда ҳам менга ўхшаган нотавон (юролмайдиган, кўзи яхши илғамайдиган, оғир касалликка учраган қари-қартанг ёки ётиб қолган одамлар учун ўзига хос тиббиёт хизмати ташкил қилинган. Мазкур хизмат одамлари касалхона, поликлиника ёки шунга ўхшаш тиббиёт масканларида ишламайди. Бундай хизмат шаҳарнинг ҳар бир туманида ташкил қилинган. Табиий, юролмайдиган, кўзи яхши илғамайдиган, оғир касалликка учраган қари-қартанг ёки ётиб қолган, укол олишга, ярасини дорилаб перевязка (бинт билан боғлаш)га муҳтож одамлар шаҳарда етарлича топилади. Тиббий хизмат вакиллари ҳар куни ана шундай одамларга, уйма-уй юриб, тиббий хизмат кўрсатишади. Мен қандли диабетнинг оғир формаси билан касалланганман: ёшим салкам 80 да, кўзим ғира-шира кўради, юришим қийин – аравача билан юраман, даволовчи шифокор (врач)им 2009 йил 1 январьдан бошлаб инсулин укол олишим кераклиги ҳақида қарорга келди ва… уйимга ҳар куни икки маҳал (эрталаб соат 7-30, кечқурун соат 17-30 да) укол қилишга ҳалиги хизматнинг одамлари келадиган бўлди. Ҳар куни 2 маҳал! 8 йил-у 7 ойдан бери! Бир марта ҳам канда бўлган эмас! Ўз вақтида! Эрталаб соат 7-30, кечқурун соат 17-30 да! Уларнинг келишига қараб соатни (тўғри юраяпдими-йўқми, деб) текшириш мумкин. Бу ҳам – қонун! Французлар бу қонунни оғишмай амалга оширишади.

Қизим Тошкент педиатрия институтида ўқиб юрганда домлалар талабаларни касалхоналарга практикага олиб боришар экан. Унинг айтишича, касалхонада ётган аёллар ва эркаклар талаба қизлардан: “Қизим, укол қилиб қўй” деб илтимос қилишар экан. Қизим: “Касалхонада ишлайдиган ҳамширалар укол қилиб қўйишмайдими?” деб сўраса касаллар “Ҳамширалар укол қилганига пул сўрашади. Биз касал бўлсак, пулни қаердан оламиз?” деб жавоб беришибди. Мен қизимга: “Агар касаллар укол қилиб қўйишни илтимос қилишса ҳеч ҳам йўқ дема, савоби тегади” деб уқтирдим. Шундай пайтларда ногаҳон гулистонлик шоир Тўра Сулаймоннинг “Сохтадин сохта” шеърининг ушбу қатори эсга тушади: “Табиб риё, ҳаким баднафс табобат сохтадин сохта”. Мазкур шеърнинг тўлиқ матни эса ушбудир:

Не учундирким бу элда саодат сохтадин сохта,
Хиёнат авжида, ёраб, диёнат сохтадин сохта.

Иззат-икром, ҳаё, меҳру оқибат сохтадин сохта.
Илтижолар ижобатсиз ибодат сохтадин сохта.
Сўфийлари сўғон ерлар тариқат сохтадин сохта.
Табиб риё, ҳаким баднафс табобат сохтадин сохта.
Ўзин билмас хотин-қизда назокат сохтадин сохта.
Ҳалол – афкор, ҳаром — ғолиб тароват сохтадин сохта.
Онанг пулдир, отанг пулдир тижорат сохтадин сохта.
Фозил ҳам таъмагир банда китобат сохтадин сохта.
Қалам ахли риёзатда ҳикоят сохтадин сохта.
Жафокаш деҳқондин ўзга тумонат сохтадин сохта.
Қози фатвоси, шоҳ ҳукми ниҳоят сохтадин сохта.
Тахтию тожи, туғроси, салтанат сохтадин сохта.

17 июль, 2017 йил; Франция

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s