НАҒЗИ  ТЎҚ  ХАЛҚ


Tolib YoqubovТолиб ЁҚУБОВ

    Жиззахликлар шевасида »нағзи тўқ инсон» деган ибора бор, бироқ мен »нағзи тўқ» иборсини бошқа бир ўхшаш ибора билан ифода эта олмайман. Мен бу иборани одамлар оғзидан кўп маротаба эшитганим ва бу ибора кимга қарата айтилган бўлса, ўша одамларни яхши таниганим учун мазкур ибора инсон энг яхши ҳислатларга эга эканини англатишини тушунган эдим. Шундай қилиб, ҳикоямнинг давомида »НТИ», »НТХ», »НТД» қисқартмалар мос равишда »нағзи тўқ инсон», »нағзи тўқ халқ» ва »нағзи тўқ давлат» ибораларини билдиради. Ҳикоямни »нағзи тўқ инсон»нинг кимлиги, унинг табиати қандай эканлигини тушунтиришдан бошлайман.

    НТИ ҳеч қачон бировнинг мулкига, пулига ва бошқа моддий бойлигига кўз олайтирмайди, хусусан, НТИ ҳеч қачон ўғрилик қилмайди. НТИ ҳамма вақт ночор одамларга қўлидан келган қадар ёрдам беради. НТИ тушкунликка тушган одамни ҳамма вақт яхши сўз билан кўнглини кўтаради, уни тўлақонли ҳаётга қайтаради.  НТИнинг деярли душмани бўлмайди – унинг НТИ эканини билган одамлар унга душманлик қилишдан уялишади, ўзларини тийишади. Билмаганлар у билан бўлган биринчи сўҳбатдаёқ қаришисида НТИ турганини дарров англашади.  НТИнинг оиласи бахтли яшайди, унинг оиласида уруш-жанжални ҳеч қачон кўрмайсиз ҳам, эшитмайсиз ҳам. НТИ лаганбардорликни умуман ёқтирмайди, лаганбардордан хафа бўлиб юз ўгирмайди – у икки оғиз луқма билан уни мулзам қилади, бироқ шахсига тегмайди, унинг ҳурматини жойига қўйиб гапиради. НТИнинг ўзи ҳам бировга лаганбардорлик қилмайди – сўҳбатда бебурд сўҳбатдошни бўлар-бўлмасга мақтамайди, унга яхши кўринай, пайти келганда ундан манфаат кўришим мумкин, дейишни ҳаёлига ҳам келтирмайди.

    Жамиятда НТИ оз бўлиши ҳам мумкин, кўп бўлиши ҳам мумкин. Жамиятда НТИлар сони 90%дан ошса, жамият НТХга айланади. Афсус-ки, ҳозир ўзбеклар орасида НТИларнинг салмоғи 5-10%дан ошмайди. Мен 90-чи йиллар бошида НТИларни диндор йигитлар орасида кўп кўрганман. Ўша пайтларда машина борда бор, йўқда йўқ эди. Жума номозларида мачит ва мачит ҳовлиси намозхонларга лиқ тўлар, жой етишмаганда намозхонлар кўчага жойнамоз ёзиб намоз ўқиганини кўп кўрганман. Обидхон-қори (Эскишаҳар), Тўлқин-қори (Чуқурсой) ва ёш уламо Абдулваҳҳоб (исмлари аниқ эсимда йўқ; Генерал Узоқов кўчаси) мачитларига жума намозига бораётганларнинг кети узилмас эди. Машинасида бораётган намозхон машинасида бўш жой бўлса, албатта тўхтаб одам оларди. Прогрессив диний олимлар саъй-ҳаракати билан 90-чи йиллар бошида жамиятда НТИлар сони ўсишга бошлаган эди, бироқ диндорларга нисбатан юргизилган репрессив сиёсат натижасида уларнинг кўпчилиги қамалиб кетишди.

    Халқнинг 90%дан кўпи НТИлардан иборат бўлса, НТХ ўз мамлакатини НТДга айлантиради. Мен, ўғлим, келиним ва учта неварам НТДда яшаётганимизга 10 йилдан ошди. Франция ҳар йили 100.000 (юз минг)дан зиёд келгинди-муҳожирларни қабул қилади, уларга оиласига қараб уй-жой ва ишга жойлашгунча пособие (ёрдам пули) ажратади, уларнинг болалари мактаб, коллеж ва лицейларда ўқий бошлайдилар. Мактаб, коллеж ва лицейларда ҳаёт, ўқиш бир текис, зерикарли, кўнгилни совутадиган эмас – мазкур масканлар маъмурияти тез-тез ўқувчилар учун узоқ масофалар (бошқа шаҳарлар)га экскурсиялар уюштиришади. Мактаб, коллеж ва лицейлар маъмуриятига бундай тадбирлар учун давлат пул ажратмайди, бироқ жамият НТИлардан иборат бўлгани учун мактаб, коллеж ва лицейлар маъмурияти ўқувчиларнинг ўзини ишга солади. ЙЎҚ, улар ўқувчиларнинг ота-онсидан бир тийин ҳам пул сўрамайди! Маъмурият гул, асал, ўйинчоқ ва бошқа нарсалар билан савдо қиладиган хусусий магазинлар эгаларига мурожаат қилишади. Бир сафар менинг невараларим ўқийдиган мактаб маъмурияти гул магазини эгасидан мактаб учун 500 та букет (гулдаста) ажратишни сўради. Магазин олдида гул ташувчи мотоцикллар қатор қилиб териб қўйилган – ана шу мотоциклларда магазин ходимлари 500 та букетни мактабга »шесть секунд»да етказиб берди. Маъмурият букетларни ўқувчиларга тақсимлади, ўқувчилар эса гулларни қўни-қўшниларига сотишди. Қўни-қўшнилар: »Йўўўқ, бизга гул керак эмас» дейишмайди, чунки улар, биринчидан, НТИ бўлгани, иккинчидан, йиғилаётган пул болаларнинг фойдали экскурсияси учун йиғилаётганини қалбдан тушунишгани учун дарҳол гулни сотиб олишди. Магазин эгаси тушган пулнинг бир қисмини мактаб маъмуриятига берди, маъмурият эса ўша пулдан автобус ёллади, ўқувчилар ётадиган меҳмонхона заказ (буюртма) қилди, ўқувчиларни экскурсия пайтида овқатлантирди. Экскурсия 3 кун давом этди, у тугагач, автобус болаларни мактаб олдига тушириб кетди. Ҳаммага фойда – гул сотувчи магазинга ҳам (бирданига кассага дўржи маблағ тушгани учун), автобус паркига ҳам, болаларга ҳам – ҳамма хурсанд! Болаларнинг ота-онаси бир тийин ҳам пул тўлашмади, ҳамма харажатни НТИлар кўтаришди.

    Бизнинг оиламиз Даниель исмли бир НТИ француз аёлга дуч келди. Бу француз аёлга бизнинг ўтказиб қўйган жойимиз йўқ, биз унга еттиёт бегонамиз, лекин у 2008 йилдан бери биздан хабар олиб туради. Ҳар сафар Даниель келганда болалар кўринмай қолишади. Мен келиндан: болалар қани, нега кўринмай қолишди? деб сўрасам, келин: болаларни Даниель кино (театр, зоопарк, …)га олиб кетди, дейди. Океан биздан 150 км нарида. Ҳар йили ёзда Даниель болалар ва келинни океанга олиб кетади. Даниельнинг океан яқинидаги шаҳарчада дугонаси бор, болалар, аяси ва Даниель ўша аёлнинг бўш квартирасида туришади. Бешовлон ўша квартирада 3-4 кун яшаб, океанда чўмилиб, дам олиб қайтишади, барча харажатни Даниель кўтаради. Мен келинга: Даниельга унча-мунча пул бердингизми? десам, келин: пул берсам олмайди, олмаса нима қилай, деб гапиради ўксиниб. Қиз бола бўлса-да, энг кичик неварам ўлгудек отни яхши кўради, от расми туширилган китоб ва откриткаларни йиғади. От боқиладиган ферма шаҳримиздан анча нарида экан. Даниель неварамни бир ҳафтага ўша фермага олиб кетди. Неварам бир ҳафта давомида от миниб, оғзи қулоғида қайтиб келди. Даниель уйимизга келса, уч қиз бўйнига осилишади. Даниель математик, нафақага чиққунча шаҳримизнинг энг нуфузли лицейида дарс берган. Унинг уйи биздан 40 км нарида бўлишига қарамай ҳафтада, нари борса 10 кунда келиб туради. Ўзбеклар каби французлар ҳам бирор хонадонга боришса қуруқ боришмайди  – албатта битта тортми, 1 кг шоколадми, хуллас, бир нарса олиб боришади. Даниель ҳам шу – у ҳеч қачон қуруқ келмайди. Биз Францияга келганимизда устимиздаги кийимимиздан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ эди. Кимдан ёки қаердан хабар топишган – билмадим, 3-4 кундан кейин қўлида 2 катта коробка кўтарган бир нотаниш аёл кириб келди ва французчалаб, нималарнидир гапириб, коробкаларни очди. Коробкалар чинни тарелка ва бошқа рўзғор анжомларига лиқ тўла экан – бир зумда рўзғоримиз бут бўлди-қолди. Ўша кунлари бошқа бир аёл болаларга кийим-кечак ва турли ўйинчоқлар ташлаб кетди. Биз ўзимиз каби қайси муҳожир билан гаплашсак, улар ҳам шу ҳодисага дуч келишганини айтишди. Бундай ҳодисалар фақат НТИ, НТХ ва НТД шароитида юз беришига мен ишонч ҳосил қилдим.

    Франциянинг Ўзбекистондан яна битта муҳим фарқи бор. Ҳукуматнинг асосий вазифаси халқдан келаётган ариза, шикоят, мурожаатнома, илтимоснома каби хатларига ўз вақтида ва батафсил жавоб қайтаришдан иборатдир, чунки халқ ҳукуматни »мулозимларинг келтириб чиқарган муаммоларимизни ўз вақтида ечасан» деб сайлаб қўяди. Ўзбекистонда »Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида» номли ҳатто қонун ҳам бор. Бироқ у ишламайди! Мен ишлаган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти бир неча вилоятларда сўров ўтказди ва одамларга битта савол билан мурожаат қилди: »Сиз давлат идораларига юборган  шикоят, мурожаатнома, ариза, ва илтимосномаларингизга ҳукумат идораларидан жавоб келдими?» Одамларнинг жавоби бизни салкам шок ҳолатига туширди – ҳукумат 100 та хатнинг фақат 10 тасига жавоб қайтарар экан!! Ҳукумат халқни одам ўрнида кўрмас экан!! Қўпол қилиб айтганда, »сенинг гапинг – менинг фалоним» сиёсати олиб борилар экан. Ваҳолан-ки, қонунда: »Фуқаронинг мурожаатига давлат мулозими 15 кунда жавоб бериши ШАРТ» деб ёзилган. Шавриқ Рўзимуродов ўлдирилганда мен Бош прокурор, президент аппарати ва ҳукуматнинг бошқа идораларига ўндан ортиқ хатлар ёздим, бироқ бирортасига жавоб келмади. Бундан чиқди, Ўзбекистонда »ҳукумат – халқ» муносабати »ЖАВОБ  БЕРМАЙСАН!» деган формула устига қурилган экан! Францияда эса бошқача. Мен бир масалада Франция ташқи ишлар вазири Бернард Кушнерга хат билан мурожаат қилдим ва … 20 кунда вазир имзоси чекилган жавоб хатини олдим! Уни мен сақлаб қўйганман! 2015 йилда мамлакатимизда Бош прокурор ўзгарди – Рашид Қодиров ўрнига ундан анча ёш Ихтиёр Абдуллаев тайинланди. Мен »Ўзбекистонда яхши томонга ўзгаришлар бошланибди, шекилли» дея қувондим ва қамоқдаги куёвим Азам Фармонов масаласида таваккал қилиб янги Бош прокурорга икки марта ариза юбордим ва … иккаласига ҳам жавоб олдим!!! Эсим оғиб қолаёзди! Тошкентдалигимда мурожаатларимнинг бирортасига ҳам жавоб беришмас эди – қонунда жавоб бермаган давлат мулозимини судга бериш мумкинлиги айтилган бўлса-да, мен жавоб олмасликка ҳатто ўрганиб ҳам қолган эдим. Ихтиёр Абдуллаевдан эса жавоблар Франциядаги уйимга келди! Ё алҳазар! Ё пири комил! Менинг хатларимни янги Бош прокурор куёвимга нисбатан қўзғатилган биринчи жиноий ишни қайта кўриб чиқиш учун Сирдарё вилояти прокурори Я.М.Очиловга, иккинчи жиноий ишни қайта кўриб чиқиш учун Қорақалпоғистон Республикаси прокурори И.А.Палвановга юборибди. Биринчи хатни ёзганимга бир йилдан, иккинчисини ёзганимга эса саккиз ойдан ошди – жавоб йўқ. »ЖАВОБ БЕРМАЙСАН!» сиёсати Ўзбекистонда ҳалиям кучда экан.

    Французлар »мусье» (жаноб, тақсир), »мадам» (хоним), »бонжуғ» (ассаломуалайкум), »пағдон» (кечирасиз), »меғси» (раҳмат) ва »оғва» (хайр) сўзларини эрмакка айтишади [французлар лотинча r ҳарфини ўзбекча ғ каби талаффуз қилишади]. Бири иккинчисини билмасдан туртворса, туртган ҳам, туртилган ҳам бир-бирига шошиб-пишиб »пағдон» дейишади. Автобусга чиқаётганингизда ҳайдовчи сиздан олдин сизга салом беради. Мен олдимиздаги кафега овқатлангани бораман. Кафе ходимлари мени кўргандан менга жой тайёрлашади – бири уни олиб келган, бири буни олиб келган …, имкон қадар менинг кўнглимни олишга ҳаракат қилишади, дам-ба-дам олдимга келиб »бон аппети» (ёқимли иштаҳа) деб кетишади. Улар-ку мени ҳар куни кўравериб ўрганиб кетишган, бироқ мутлақо нотаниш хўрандалар ҳам ёнимдан ўтаётганда »бон аппети» деб ўтишади. Фикримча, НТХ ўта маданиятли НТИлардан иборат бўлар экан. 10 йил давомида мен бирорта ҳўмрайиб юрган французни кўрмадим. Шу давр ичида кўча-куйда, транспортда ва ё бошқа жойларда ёқама-ёқа бўлиб, жанжаллашиб, муштлашиб, сўкинишиб турган одамларни кўрмадим. Бундан кўп йиллар илгари шаҳримизда ўғрилик содир бўлди – кечаси ўғрилар бир офис деворини тешиб, офис ичидаги бир нечта компьютерни олиб кетишибди. Эртаси куни эрталаб полиция ўғриларни ушлади – улар қоратанли келгиндилар экан. Бу воқеани телевизорда эълон қилишди. Шу, – шаҳримизда яна ўғрилик бўлибди деган гапни эшитмадик. Кун давомида кўчада бирорта полиция ходимини кўрмайсиз, лекин полицияга телефон қилсангиз узоғи билан 5 минутда айтган жойингизга полиция машинаси етиб келади.

    НТДда аҳолининг энг эътиборли қатлами ногиронлар ва болалар ҳисобланади. АҚШда ҳам шундай экан – мен бунга 2001 йил АҚШга борганимда амин бўлган эдим. Мен кексалик ва касаллик туфайли кўчада юришим қийин – тез чарчаб қоламан, ўтириб дам олишим керак. Ҳамма жойдаям скамейка бўлавермайди, ерда ўтириш ноқулай. Менга ногиронлар учун ясалган аравача сотиб олишни тавсия қилишди. Аравачанинг ғалтаксифат иккита »қўли» бор – аравачанинг »қўли»дан ушлаб, ғалтакка ўхшаб итариб, ҳайдаб кетаверасиз. Аравачанинг олд қисмида юк соладиган ғалладон-сеткаси, ва, энг муҳими, устида юмшоқ ўриндиғи бор – истаган жойда тўхтаб, ўтириб дам олаверасиз. Францияда йўл ҳаракати қоидаси »ҳайдовчи- пиёда» муносабатини қатъий пиёда фойдасига ҳал қилишни кўзда тутади, яъни пиёда »зебра»га қадам қўйгандаёқ машиналар ҳаракати тақа-тақ тўхтайди. Бир куни мен шаҳар марказида, икки томонлама серқатнов кенг кўчада »зебра»га кирайми-йўқми, деб иккиланиб қолдим, чунки машиналар уёққа ҳам, буёққа ҳам тинимсиз ўтиб турган эди. Мени иккита француз кампир кузатиб туришган экан. Иккаласи мендан олдин »зебра»га кириб, қўлларини шлагбаумдай икки томонга ёйиб турволишди – ҳаракат тақа-тақ тўхтади, мен аравачани итариб ўтиб кетдим. Энди кампирлар кетса керак, десам – йўқ, улар кетишмади, мен ўтиб кетгунимча қарши ҳаракатни ҳам тўхтатиб туришди. Мен ҳайратдан ёқа ушладим – мен бу кампирларга кимман? Ҳеч ким эмасман-ку! Бироқ дарров тушундим – улар НТИлар бўлгани учун шундай қилишган! Улар бир ногирон одам »зебра»га киришга иккиланиб турганини сезиб, мен илтимос қилмаган бўлсам-да, дарров ёрдам беришга шошилишган. Деярли ҳар куни автобусга чиққан-тушганимда, айниқса аравачам ғалладонида юк бўлганда одамлар, мен айтмасам ҳам, ёрдам қўлини чўзишади – аравачамни кўтариб автобусга ортишади ёки тушириб беришади. Бу ҳислат фақат французларга тегишли эмас – бу ҳислат Францияда яшаётган қоратанлиларга ҳам, арабларга ҳам, туркларга ҳам, кўзиқисиқ хитойлик ва вьетнамликларга ҳам хос. Яна такрорлайман: уларнинг кўзи қийналаётган ногиронга тушса – бўлди, дарров ёрдам беришга шошилишади. Эркаги ҳам, аёли ҳам! НТХ ва НТД ҳар қандай наглый (безбет) одамни ҳам НТИга айлантирар экан, чамаси.

    Афсус, кейинги пайтда Францияда қабиҳ террористлар бош кўтариб қолишди. Улар ислом дини вакиллари бўлиб, Франциянинг собиқ мустамлака мамлакатларидан келиб Францияда муқим яшаётган одамлар экан. Уларнинг миллионлаб юртдошлари Францияда эмин-эркин ва тўқ яшашади, болалари эса мактаб, коллеж, лицей ва университетларда ўқишади. XVIII-асрда қирол зулмининг рамзи сифатида қаралган Бастилия қамоқхонасини бузиб ташлаган халқ қўзғолони кунини Франция 14 июльда миллий байрам сифатида нишонлайди. Битта араб айнан 14 июль куни, Ницца шаҳрида байрам қилиш учун майдонга чиққан 86 одамни юк машинасида босиб-янчиб ўлдирди. Бундай нафрат қаёқдан пайдо бўлди экан? Динимиз шунчалик абгор аҳволга тушдими? Ё динимиз ичида одамхўр фанатиклар пайдо бўлдими? Бир қарасангиз улар инсонларни қўй каби сўйишмоқда, бир қарасангиз ўнлаб ва юзлаб бегуноҳ инсонларни отиб, портлатиб юбормоқда. Мабодо уларнинг мақсади Франциядай НТДни ИШИД каби ваҳший »давлатга», французлардай НТХни Башар Асад бошчилигидаги алавийлар каби қаттол халққа, НТИларни эса Норвегиялик Брейвик каби қотилга айлантириш эмасмикин? Ваҳшийликни намойиш қилаётган Покистон, Афғонистон, Сурия, Ироқ, Ливия, Нигерия ва бошқа давлатлар олов ичида – ҳаммаси мусулмон давлатлар! ЙЎҚ, ваҳшийлар мақсадига эриша олмайди!

 

   

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s