ҚОНУН ВА МАФИЯ : Ўзбекистонда қайси бири зўр?


MafiaТолиб ЁҚУБОВ

Мана бу хабарни мен “Озодлик” Радиоси сайтида ўқидим: (Парча):

“Бу иш юзасидан бораётган терговга яқин Озодлик манбасига кўра, ўлдирилган Жаҳондор Марғилонда ўз тенгқурлари орасида “кўча боласи” сифатида танилган, қамоқдан жорий йил бошроғида чиққан. Бу манбанинг айтишича, 30 ёшли бу йигит бир неча йил аввал ҳам “криминал жанжалда” қатнашган, натижада фарғоналик бир йигит ҳалок бўлган. Жаҳондорга ўша ишда 19 йиллик қамоқ беришди. Уч-тўрт йил ўтириб, шу йил озодликка чиққан эди. Унинг ўлдирилишига сабаб бўлган жанжал Жаҳондор билан “Ўрам” чойхонаси эгасининг ўғли ўртасида чиққан”. (Парча тугади).

Парчадан ушбу нарсани англаш мумкин:

“Кўча боласи” Жаҳондор (Холматов) бир неча йил илгари “криминал жанжалда” иштирок этган, мазкур жанжалда бир йигит ўлган, Жаҳондор эса 19 йилга қамалган, 2015 йил бошларида қамоқдан чиққан.

“Кўча боласи” –  криминал (жиноят) оламида “кўча безориси”ни билдиради, яъни у, оддий тилда айтганда, “текканга тегиб, тегмаганга кесак отиб юрадиган инсон”дир. Бу “кўча боласи” юқорида айтилган криминал жанжал туфайли 19 йилга қамалган бўлса, у ўлдирилган йигитнинг қотили эканини англаш қийин эмас. Шу жойда табиий савол туғилади: Жаҳондор қамоқда қанча вақт ўтирган? 19 йил эмас, албатта! Чунки ўзи ўлдирилганда 30 ёшда бўлган. 10 йил ҳам ўтирган эмас! Чунки қамоқхонадан чиққанига ярим йил бўлганини ҳисобга олсак, у одам ўлдирган пайтда нари борса 19 ёшдаги ўспирин бола бўлади. Бунга ишониш қийин –  ишониш учун Ўзбекистон “одил” суди ва қамоқхоналари нималигини мутлақо билмаслик керак!

Шундай қилиб, юқоридаги англашувдан яна бир нарсани англаса бўлади: Ўзбекистон қамоқхоналаридан одам ўлдириб 19 йилга қамалган одам кўпи билан 5-6 йилда, ҳа майли, 7-8 йилда озодликка чиқарилиши мумкин экан!

Ҳар қандай ақли расо инсон ўз-ўзига “Қандай қилиб одам ўлдириб 19 йилга қамалган одам Ўзбекистон қамоқхонасидан шунчалик тез чиқиб кета олади? Шунчалик тез озодликка чиқарилиши учун қотилнинг ўзи ва унинг ота-онаси ёки ёру-биродарлари қандай омиллардан фойдаланган бўлишлари мумкин?” деган саволларни беришга ҳақли. Қонунлар шундаймикин? Йўқ! Бирорта қонунда одам ўлдириб катта муддатга қамалган одамни қисқа муддатда қамоқдан озод этиб юбориш йўли кўрсатилмаган. Жиноят оламининг “браток”лари ўз “браток”ини қутқариш учун Қамоқхоналар Бош Бошқармаси (ҚББ) бошлиқлари, прокурорлар ва юқори лавозимли милиция ходимларига босим ўтказдимикин? Ёки орада пул ўйнаганмикин? Бу икки ҳол ҳақиқатга яқинроқ. Коррупция ва порахўрлик ҳакалак отиб кетган мамлакатда бундай нарсалар оддий ҳолга айланади. Одатда, жиноят оламининг пули “общак” деб аталувчи кассада тўпланади. “Общак”да бениҳоя катта пул тўпланади ва унинг катта қисмидан “браток”ларни қамоқдан чиқариб олиш учун пора сифатида фойдаланилади. Бир мисол. Бухоро вилояти, Қизилтепа шаҳарчасидаги УЯ 64/25 қамоқхонаси маҳбуси, россиялик “вор в законе” Борис Левин “общак” эгаси бўлиб, қамоқдан чиққач, Россияга кетади. Ватанига кетишдан олдин у сақлаб бериш учун “общак”ни Бухоро вилояти ИИБ бошлиғи полковник Х.Мирзараҳимовга топшириб кетади. Бироқ россиялик “браток”лар Б.Левиндан “общак”ни олиб келишни талаб қилишади. Б.Левин Бухорога келади. Бироқ “общак”ни Мирзараҳимов ҚББ бошлиқлари билан бўлишиб олишган бўлади. Б.Левин уни “браток”лар ҳукмига топширишини айтади. Қўрқиб кетган Мирзараҳимов милиция нарядини юбориб Б.Левинни қамоққа олади ва УЯ 64-25 зонасида ўлдиртириб юборади. (Тамом). [Бу ҳақдаги тўлиқ маълумотни мен ФЕЙСБУК саҳифамда келтирганман].

Ўзбекистон қамоқхоналари тизимида, кўринмас тарзда, баҳайбат миқдорда пул айланади. Бу пулларнинг катта қисми “общак” кўринишида бўлиб, у қамоқда сақланаётган жиноят оламининг одамларини қамоқдан чиқариб олишга сарфланади. Мазкур пулларнинг бир қисми амнистия билан боғлиқ бўлиб, маҳбусни амнистияга тушириш учун унинг яқинларидан пул талаб қилинади. Шунинг учун ҳам амнистия эълон қилинганда озодликка биринчи навбатда жиноят оламининг вакиллари, ўғрилар, порахўрлар ва ноқонуний йўллар билан бойиб кетган кимсалар чиқишади. Айланаётган пулларнинг учинчи қисми қамоқхоналар таъминоти билан боғлиқ –  давлат бюджетидан барча қамоқхоналар, тергов изоляторлари ва ҳибс этилганларни вақтинчалик сақлаш изоляторларига озиқ-овқат, кийим-кечак ва бошқа эҳтиёжлар учун маблағ ажратилади. Бироқ бу маблағнинг учдан бири (1/3) ҳам маҳбусларга етиб бормайди –  улар шерикчилик қилувчи одамлар ва корхоналарга сотилади. Мамлакатдаги қамоқхоналар тизими Ўзбекистонда ҳукм сураётган сиёсий тузумнинг юзидир –  зулм ва истибдод, коррупция ва порахўрлик, ёлғон ва қалбакилик иккаласида ҳам бирхил. ХУЛОСА: Одам ўлдириб 19 йилга қамалган марғилонлик Жаҳондор Холматовнинг 7-8 йилда қамоқдан озод этилганига ажабланмаса ҳам бўлади!

Мен буларни нега ёзаяпман? Мен Жаҳондор Холматов ҳақида ўқиб ўйланиб қолдим ва турли саволлар гирдобига тушдим. Нега 12 йилга қамалган Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати Мурод Жўраев 21 йилдан бери қамоқда ўтирибди? Нега иқтисод фанлари доктори, профессор, иқтисод бўйича 300 дан кўп китоблар, монографиялар ва мақолалар ёзган, Ўзбекистонда биринчи марта хусусий банк ташкил этган Рустам Усмонов 17 йилдан бери қамоқ дарвозасидан озодликка чиққан эмас? Нега 1993 йилда судланган Ўзбекистон Олий Мажлиси депутати, йирик бизнесмен Самандар Қўқонов ҳанузгача, 22 йилдан бери, қамоқда қолмоқда? Нега наманганлик Ҳакимжон Сатимов қамоқхонада сақланаётганига 23 йилдан ошган бўлса-да, ҳамон озодлик юзини кўрмаяпти? Нега журналист Муҳаммад Бекжон 16 йилдан буён қамоқдан чиқарилмаган? Нега мутлақо айбсиз Азам Фармонов 9,5 йилдан бери ноқонуний қамоқда ушланиб турилибди? Бу одамларнинг бирортаси одам ўлдирган эмас! Уларнинг бирортаси кўчада “разборщик”лик қилган эмас! Уларнинг ягона “айби” барча ривожланган ва маданийлашган мамлакатларда йўлга қўйилган сиёсий ва ҳуқуқбонлик кураши орқали Ўзбекистонда давлат бошига келган коммунистик тузумни демократик тузум билан алмаштириш бўлган, холос! Одам ўлдириб қамалган ва тез орада озодликка чиқарилган Жаҳондор Холматовнинг нимаси ҳукуматга ёққан экан?

ЖАВОБ  ОЙДИН:  Ўзбекистонни 1990 йилдан бошлаб қонхўр ва очкўз собиқ коммунистик мафия бошқармоқда!! Мафия учун, совет давридагидек, давлат қонунлари чақачалик аҳамиятга эга эмас, у 1) унинг башарасини очувчи ҳар қандай танқидга чидамсизлик билан қарайди, 2) жамиятда ўзига рақиб, айниқса сиёсий рақиб одамлар бўлишини истамайди, 3) ҳар қадамда уларнинг овозини ўчиришга ҳаракат қилади, 4) уларни ўз югурдакларига калтаклатади, қамайди, ўлдиради. Коммунистик мафияга қарши курашган одамлар бўлганми? Бўлган, албатта! Шулардан бири Мурод Жўраевдир. Мен М.Жўраевни яхши танийман, 1989 йили мен унинг уйига икки марта борганман –  у ўша пайтда Муборак шаҳар ижроқўмининг раиси эди. Раиснинг ҳовли-жойи ўта камтар ва фақирона ахволда эди. Сўҳбат чоғида у шаҳарни ўзиники қилиб барча иқтисодий объектларни эгаллаб олган коммунистларга қарши курашиш катта қийинчиликларга дуч келаётганини гапирди [у пайтда “мафия” сўзи деярли ишлатилмас эди]. “Коммунистлар кучишлатар тизимини ҳам эгаллашганига қарамай биз иқтисодни халқ томон буришга ҳаракат қилаяпмиз” –  деди у. М.Жўраевнинг инқилобий қадамларидан бири шундай иборат бўлди-ки, у шаҳар депутатлари кенгашининг қарори билан Муборак шаҳар коммунистик партияси бўлими фаолиятига чек қўйди. Нега инқилобий қадам? Эътибор қилинг, бу воқеа 1989 йилда, совет даврида, мустақилликдан ҳали гап ҳам бўлмаган пайтда юз берган эди. Бу инқилобий қадам Ўзбекистон тарихида БИРИНЧИ ва ОХИРГИ қадам бўлди. Айни пайтда И.Каримов Қашқадарё вилоят компартиясининг 1-чи котиби, ҳозирги терминология тилида айтган, вилоят ҳокими эди. Коммунистик бошқарув қон-қонига сингган И.Каримов учун М.Жўраевнинг бу қадами бошига гурзи билан ургандай из қолдирди. Бу –  сиёсий гурзи эди.

Сал фурсат ўтмай бири мамлакатга президент (1990 йил), иккинчиси эса Олий Кенгашга депутат бўлди (1989 йил). Президент ўзини тарбиялаган компартиядан воз кечди ва унинг ўрнида тузилган Ўзбекистон Халқ-демократик партиясига бош бўлди, иккинчиси эса 1990 йилда тузилган “Эрк” демократик партиясига аъзо бўлди ва унинг етакчиларидан бирига айланди. 1992 йилдан бошлаб Ўзбекистонда сиёсий мухолифатга қарши қатағон бошланди –  сиёсий мухолифат ўз кураш фаолиятини Олмаота (Қозоғистон), Москва, Киев ва Истамбул (Туркия)га кўчирди. “Эрк” газетасини Олмаотада чиқараётган М.Жўраев 1994 йилда Қозоғистон махсус хизматлари ёрдамида Ўзбекистонга тутиб берилди. М.Жўраевнинг фаолияти сиёсий кураш эди, холос. Сиёсий курашнинг бундай йўлидан И.Каримовнинг жонажон коммунистик доҳийси В.Ульянов (Ленин) ҳам ижобий фойдаланган –  у ҳам Россиядан ташқарида яшаб коммунистларнинг “Искра” газетасини нашр этиш, уни Россияга жўнатиш ва тарқатишни бошқарган. М.Жўраевнинг “айби” шу, холос –  яна такрорлайман: у Жаҳондор Холматов каби одам ўлдирган эмас, кўчада “разборщик”лик қилган эмас!

Иқтисод фанлари доктори Рустам Усмонов ҳам одам ўлдирган эмас, кўчада “разборщик”лик қилган эмас. Унинг “айби” нимадан иборат бўлган?  Унинг “айби” шундан иборат бўлган-ки, у иқтисод бўйича И.Каримовдан бир калла юқори бўлган –  ҳокимият тепасига келган пайтда И.Каримов мажбурий меҳнатга асосланган коммунистик иқтисод (саноатда: завод, фабрика ва бошқа корхоналар давлатники, қишлоқ хўжалигида: ер колхоз ва совхозлар давлатники)ни билган бўлса, Р.Усмонов тараққиётнинг асосини эркин иқтисод ва хусусий мулкчилик ташкил этишини тушунган олим бўлган! Фарқ –  ер билан осмонча! Бири давлатни “бошқараяпти”, иккинчиси “Жаслиқ” қамоқхонасида ўтирибди! Бири умрида одамга ҳатто қўл кўтармаган, иккинчиси минглаб одамларнинг бошини еган! Ўзбекистон халқ депутати Самандар Қўқонов одам ўлдирганми? ЙЎҚ! У йирик бизнесмен ва айни пайтда “Эрк” партиясининг аъзоси бўлган, холос. Ўзбекистон “одил” суди томонидан унга қўйилган айбловлардан бири “Эрк” партияси эҳтиёжлари учун маблағ ажратгани айтилади. Сиёсий кураш олиб бораётган партиялар фаолиятини рағбатлантириш мақсадида бизнесменлар томонидан молиявий грантлар ажратиш демократик дунёда ҳар қадамда учрайди. Террористик гуруҳлар тузиш, банклар ва бой хонадонларга босқинчилик ҳужумларини уюштириш, пул ташувчи фургон ва вагонларни талаш билан РСДРПнинг кассасини тўлдириш коммунист-большевиклар Ленин ва Сталин даврида бўлган –  буни Ўзбекистон компартиясининг 1-чи котиби лавозимида ишлаган И.Каримов жуда яхши билади.

Совет ва Ўзбекистон қамоқхоналарида энг узоқ муддат ўтирган одам Аҳмаджон Одилов десак, Ўзбекистон қамоқхоналарида энг узоқ муддат ўтирган инсон наманганлик Ҳакимжон Сатимов бўлса керак, деб ўйлайман –  у 1992 йилнинг мартида қамалган! Кўз олдингизга келтираяпсизми –  унинг қамалганига 23,5 йил бўлди. Бир новқирон йигитнинг умри! Ҳ.Сатимов Наманганда, адашмасам, 1990 йилда тузилган “Адолат” ташкилотининг раҳбари бўлган. Ўша пайтлари Наманган совет даврининг ижтимоий иллатлари (ўғрилик, порахўрлик, босқинчилик, фоҳишабозлик ва ҳоказо) кенг қулоч ёзган регионларидан бири эди. Табиий, ўша пайтларда республикада демократик тартиб ўрнатиш ҳақида оддий гап-сўз ҳам йўқ бўлса-да, бироқ жамият катта тезликда тушкунлик ва таназзул томон кетаётганини одамлар сезар ва бу муаммони муҳокама қилар эди. Сиёсий майдонга “Бирлик” Халқ Ҳаракати чиққач эса демократия ҳақидаги гап-сўзлар республика бўйлаб кенг тарқала бошлади. Ижтимоий иллатларга қарши кураш масаласига ислом дини нуқтаи-назаридан ёндошган одамлар ҳам Наманганда кам эмас эди. Тез орада “Адолат”дан Тоҳир Йўлдошев бошчилигида “Ислом лашкарлари” ташкилоти ажралиб чиқди. “Адолат”чилар тузилгандан то 1992 йил мартигача маҳаллий милиция билан биргаликда ишлади –  ҳар кеча “адолат”чилар милиция ходимлари билан шаҳар бўйлаб патрульлик қилишар, ўғри, хусусан машина ўғрилари, фоҳишахоналар ва қиморбозлар масканлари одамларини тутишар эди. Мен 1992 йил март ойида Наманган педагогика институтига борганимда шаҳар тамоман ўзгарганига гувоҳ бўлдим –  машиналар қулфланмай кўчаларда турар, сутканинг исталган пайтида одамлар шаҳарда бемалол юрар ва ҳеч қандай босқинчиликка учрамас экан. “Бизда ўғрилар қолмади, ҳаммаси бошқа вилоятларга қочиб кетишди” дейишди наманганлик танишларим менинг ҳайратимни кўриб.

Ҳ.Сатимов ва Т.Йўлдошев тарафдорлари орасида Ўзбекистоннинг келажак сиёсий тузилиши (ҳолати) ҳақида жиддий келишмовчилик юзага чиққан –  Т.Йўлдошев тарафдорлари Ўзбекистон келажагини исломий давлат билан боғлашган ва бу фикрда қатъий туришган. 1991 йил декабрь ойи бошида И.Каримов Наманганга сайловолди сафарига борганда Т.Йўлдошев тарафдорлари уни учрашувга таклиф этишган, бироқ аввал учрашувга розилик билдирган И.Каримов уларни алдаб Тошкентга учиб кетади. Бундан ғазабланган оломон шаҳар кенгаши биносини ишғол қилишади ва И.Каримов келмагунча бинодан чиқмасликларини эълон қилишади. Интернетда кенг тарқалган видеони катта кўпчилик яхши эслайди –  бино залида митинг кетаяпти, микрофон олдида Т.Йўлдошев типпа-тик ҳолда нутқ сўзламоқда, унинг ёнида ерда (полда) чўккалаб И.Каримов, И.Жўрабеков ва бошқа мулозимлар ўтиришибди. Т.Йўлдошев ўз нутқида И.Каримов олдига қатор шартлар қўяди, асосий талаб эса у президент бўлиб сайланса Ўзбекистонни исломий давлат деб эълон қилиши лозимлиги бўлган! Ана, шармандалик! И.Каримовни шарманда қилган ўша митингда Ҳ.Сатимов қатнашганми? Йўқ, қатнашмаган! Ҳ.Сатимов ва Т.Йўлдошев орасида принципиал келишмовчилик кузатилган пайтда “адолат”чилар бошлиғининг “Ислом лашкарлари” бошлиғи уюштирган митингга бориши мутлақо ўринсиз бўлар эди.

Ўша кезларда Наманганда жиноят устида ушланган одамларни судсиз-сўроқсиз таҳқирлаш, сазойи қилиш, симёғочга боғлаб дарралаш ва бошқа ноқонуний жазолашлар бўлганми? БЎЛГАН! Бироқ бундай жазоларни ислом қадриятларини қўллаш ниқоби остида “Ислом лашкарлари” гуруҳи амалга оширган. Аслида ўша пайтларда қонуннинг ўзи бўлмаган, тўғрироғи, давлат қонунларига на давлат мулозимлари ва на жиноят оламига қарши курашга отланган “Ислом лашкарлари” каби гуруҳлар амал қилишган –  давр шундай бўлган. Ҳ.Сатимов раҳбарлигининг  асл моҳияти шундан иборат бўлган-ки, у “адолат”чиларни бундай қабиҳ ҳаракатлардан тўхтатган. Т.Йўлдошев Афғонистонда тузган “Ўзбекистон Исломий Ҳаракати” (ЎИҲ) ўз сафларида бўлган, бироқ шўбҳа остига тушган одамларни қўйни сўйгандай буғизлаганларини акслантирган фотосуратлар интернетдан кенг тарқади –  бундай ёвузликлар олдида Наманганда қилинган дарралашлар, сазойи қилишлар ва бошқа амаллар нима! Ҳ.Сатимов суд қилинганми-йўқми, суд қилинган бўлса, суднинг биринчи инстанцияси унга қанча жазо муддати белгилагани ҳақида менда маълумот йўқ. Бироқ у йигирма уч ярим (23,5) йилдан бери қамоқда ўтирибди. У Жаҳондор Холматов каби одам ўлдирган ёки Т.Йўлдошев каби қўлига қурол олиб И.Каримов режимига қарши курашган эмас. Нега, ундайда, у ҳанузгача қамоқда қолмоқда? И.Каримов нимадан қўрқаяпти?

Мен узоқ йиллар ноҳақдан Россия қамоқхоналарида ўтирган бир одамни биламан. У қамоқдан чиққач, ўлганига қадар қамоқхонада ўтказган ҳаёти ва азоблари ҳақида бирор одамга бирорта ҳам сўз айтмаган. Унинг ўғлининг айтишича, отаси ҳар куни яширинча қамоқда ўтказган кунлари ҳақида ёзар, барча ёзувлари эса бир неча китоб бўлишга татир экан. Ўғли отасининг қолдирган маълумотлари асосида Россия раҳбарлари, хусусан Жазони Ижро Этиш Федерал Хизмати (ЖИЭФХ, русчаси ФСИН – Федеральная Служба Исполнения Наказаний) раҳбарларини Гаага Халқаро Жиноий судига тортиш мақсади борлигини айтди. Бу –  табиий, чунки бундай зулмлар инсониятга қарши жиноятлар туркумига киради. Ҳ.Сатимов, С.Қўқонов, М.Жўраев, Р.Усмонов, М.Бекжон ва қамоқхоналарда узоқ йиллар ўтирган бошқа маҳбуслар озодликка чиқишса, ўзлари бўлмаса-да, уларнинг болалари юқорида айтилган рус маҳбуси ўғлининг йўлини танлашлари мумкинми? МУМКИН! Ҳозир бу муаммо эмас! Буюк рус ёзувчиси А.И.Солженицинни СССР раҳбарлари нега чет элга бадарға қилишди? А.Солженицин СССР қамоқхоналарида кўп йиллар ўтириб чиққач, ўзининг машҳур “Архипелаг ГУЛАГ” [Изоҳ: ГУЛАГ – Главное управление лагерей (Қамоқхоналар бош бошқармаси)] асарини ёзди. Бироқ бу асар СССР раҳбарларининг ўтакасини ёриб юборди ва у СССР да тақиқланди. Ўртоқ Каримов нимадан қўрқаётгани муҳтарам ўқувчига тушунарли бўлса керак!

Мен мақола номини “ҚОНУН  ВА  МАФИЯ –  Ўзбекистонда қайси бири зўр?” дея  атадим. Зукко олимларнинг айтишича, қонун устивор бўлган давлатда мафияга ўрин йўқ бўлиб, ва, аксинча, давлатни мафия бошқараётган бўлса, бундай давлатда қонунлар мутлоқ ишламас экан. Хулосани муҳтарам ўқувчининг ўзи чиқаради, деган фикрдаман.

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s