Кураш ўзгарди


АБДУРАҲИМ ПЎЛАТОВ НЕГА ҚОПИБ ГАПИРАДИТолиб  ЁҚУБОВ 

АБДУРАҲИМ ПЎЛАТОВ КАРИМОВ РЕЖИМИГА ҚАРШИ КУРАШНИ ТЎХТАТДИ.

У ЯНГИ ФРОНТ ОЧДИ 

              1989-1992 йилларда Ўзбекистонда учта асосий куч бор эди –  1) Халқ, 2) Ислом Каримов бошчилигидаги ҳукумат, 3) Абдураҳим Пўлатов бошчилигидаги “Бирлик” халқ ҳаракати (БХҲ). Кейинги иккитаси икки гапнинг бирида “Менинг орқамда халқ турибди” – дерди. И.Каримовнинг орқасида ўнминглаб, балки юзминглаб, милиция, армия, прокуратура, давлат хавфсизлик комитети (ДХК), суд ва бошқа идоралар ходимлари ҳамда уларнинг оилалари турарди. А.Пўлатовни эса Тошкентда ўтадиган митингларда қатнашиш учун ҳатто Ўзбекистоннинг узоқ регионларидан келадиган одамлар ва Тошкент шаҳридаги олий ўқув юртларининг талабалари қўллаб-қувватларди.  Улар ҳам кам эмас эди – ўзини “бирлик”чиман деганларнинг сони ярим миллионга яқин эди. И.Каримов қўлида Ўзбекистоннинг истаган нуқтаси билан боғловчи алоқа (телефон, телеграф, почта), халққа И.Каримов сиёсатини кўкларга кўтариб мақтайдиган радио, телевидение ва матбуот, юзлаб маддоҳ журналистлар ва асосийси пул бор эди. А.Пўлатовда буларнинг бирортаси ҳам йўқ эди – ягона бор нарса “бирлик”чилардаги кўтаринки рўҳ эди, холос.

Бу икки шахсда Ўзбекистонни бошқариш амбицияси ўта кучли эди. Бири ўша пайтда амалда бўлган Ўзбекистон Совет Социалистик Республикаси (ЎзССР) конституциясини қўпол бузган ҳолда 1990 йилнинг мартидаёқ, ҳали ЎзССР  СССР таркибидан чиқмасданоқ, ЎзССР Олий Кенгаши мажлисида ўзини “президент” қилиб сайланишига эришди. 1990 йил мартида Олий Кенгашда бўлган коллизияни тушунтираман:  (а) СССР конституциясида ҳам, СССР таркибига кирган республикалар конституциясида ҳам сиёсий тузумни тинч йўл билан ўзгартириш механизми бўлмаган, яъни КПСС Марказий Комитети (МК)нинг Бош котиби СССРнинг, иттифоқдош республика компартиясининг 1-чи котиби эса шу республиканинг давлат раҳбари ҳисобланган; (б)  Иттифоқдош республика компартиясининг 1-чи котибини тайинлаш КПСС  МК бюросининг ихтиёрида бўлган; (в) СССР ва иттифоқдош республикалар конституцияларида “Президент” лавозими бўлмаган. Шу сабабли, “1-чи котиб” лавозимини “Президент” лавозими билан алмаштириш конституцияни қўпол бузиш, яъни давлат тўнтариши, сиёсий тузумга тажовуз қилиш, уни қасддан ўзгартириш категориясига киради.

Ўзбекистон Республикасининг 1995 йилнинг 1 апрелида кучга кирган Жиноят кодексида 159-модда, яъни “Ўзбекистон Республикасининг конституциявий тузумига тажовуз қилиш” моддаси бор. Ўзбекистонда шу модда қўлланилиб минглаб одамлар қамалди ва қамалмоқда.  Бироқ, айнан СССР конституциявий тузумига тажовуз қилган И.Каримов “Президент” лавозимига сайланди. 1990 йил мартида иқтидорга келган парламент (Олий Кенгаш) депутатларининг аксарият қисми колхоз раислари, совхоз директорлари, ишлабчиқариш илғорлари, шоир-ёзувчилар, ўқитувчилар ва бошқа касб эгалари бўлиб, уларда етарлича юридик билим бўлган эмас, қонунларни эса И.Каримов ёллаган ҳуқуқшунослар тайёрлашган. Табиий, И.Каримов бундан усталик билан фойдаланган.  А.Пўлатов кибернетик олим бўлиб, унда ҳам, ҳаммамиз қатори, юридик билим саёз эди. 1990 йил мартида Олий Кенгашда йўл қўйилган коллизияни А.Пўлатов бошлиқ “бирлик”чилар ҳам сезмай қолишди. Олий Кенгашнинг бирор депутати бу коллизияни сезгани ва қарши чиққанини мен эшитмаганман.

И.Каримов тезликда коммунистик партиядан воз кечди ва уни “Ўзбекистон халқ демократик партияси”га айлантирди, яъни илгари ўзи бошқарган партияни замон руҳига мослаб, ўз мақсади йўлида ишлата бошлади. А.Пўлатов эса БХҲни жон-дилидан ортиқ севарди, бироқ партиявий ишлар олиб бориш учун партия тузишга тиш-тирноғи билан қарши эди. БХҲдан ажраб чиққан фракция эса қўрқмасдан “Эрк” демократик партиясини тузди. Бироқ, А.Пўлатовнинг қаршилигига қарамасдан бир гуруҳ “бирлик”чилар Ўзбекистон Фанлар Академияси аспиранти, наманганлик Юсуфжон Оппоқов бошчилигида партия тузишга ҳаракат бошлаган эди.  “Эрк” тузилгач, А.Пўлатов пайтавасига қурт тушди. Ю.Оппоқов партиясининг барча ҳужжатлари компартия “Ўзбекистон халқ демократик партияси” (ЎзХДП)га айлантирилмасдан илгари ишлаб чиқилган бўлиб, унга “Ўзбекистон халқ демократик партияси” деган ном берилган эди. Бу партия тузилиш арафасида эканидан хабар топган ҳукумат компартияни шу номга ўтказди.

Гап шунда-ки, Ю.Оппоқов партияси таъсис қурултойини ўтказгач, давлат рўйхатидан ўтиш учун ҳужжатларни Адлия вазирлигига топшириши аниқ эди. Бироқ, янги қонунга кўра бир хил номли ташкилот тузиш маън этилган бўлиб, бири давлат рўйхатидан ўтказилса, иккинчиси ўтказилмас эди. Худди шундай вазиятга кейинроқ А.Пўлатов “партияси” дуч келди. Юмшоқ характерли, содда Ю.Оппоқовни алдаб ундан тайёрланган ЎзХДП партияси Дастури ва Низомини тортиб олиш А.Пўлатовга қийин бўлмади. Мазкур икки ҳужжатни тайёрлашда қатнашган 15 тача одамларнинг баъзилари А.Пўлатовнинг бу ишини кескин қоралади. Тузилажак янги партиянинг таъсис қурултойи Инқилоб хиёбони ёнида, Матбуот уйи рўпарасида жойлашган, “бирлик”чи адвокат Миролим Одиловнинг адвокатурасида уюштирилди. Қурултойда тахминан 50 тача таъсисчи қатнашди. Ташаббусни қўлга олган А.Пўлатов қурултойни тамоман ўз фойдаси томонига бурди – партия номини ўзгартирди, Дастур ва Низомга ўзига маъқул бўлган ўзгартиришлар киритди, партияга ўзи раис бўлди, Ю.Оппоқов гуруҳидан деярли ҳеч кимни партия раҳбариятига киришга йўл бермади.

А.Пўлатов партияси тузилганга қадар давлат рўйхатидан ўтказиш учун Адлия вазирлигига БХҲ ҳужжатлари топширилган эди, бироқ турли асоссиз сабабларни кўрсатиб вазирлик мутасаддилари бу ташкилотни рўйхатга олишдан бош тортиб келишаётишган эди. Бунинг устига вазирликка яна битта мухолиф ташкилот, яъни “Бирлик” партиясининг ҳужжатларини топширишга ҳаракат бошланди. Машмаша ана шундан кейин юзага келди. Гарчи “Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракати” ва “Бирлик” партияси” ибораларида фақат битта сўз умумий бўлса-да, шу ҳолат вазирлик партия ҳужжатларини қабул қилмаслиги учун етарли бўлди. А.Пўлатовнинг таклифи билан партия номидаги қўштирноқлар олиб ташланиб партия ҳужжатлари қайтадан машинкадан чиқарилди ва вазирликка топширилди. 1991 йил август ойида Москвада Янаев бошчилигида “Фавқулодда ҳодисалар бўйича давлат комитети”нинг М.Горбачёвга қарши уюштирган давлат тўнтариши СССРда мисли кўрилмаган сиёсий ва ижтимоий тарангликка олиб келди. Бироқ бу исъён уч кун ичида бостирилди. Ҳали СССР таркибида бўлган Ўзбекистон раҳбарияти, яъни И.Каримов ва унинг ҳукумати бу ноконституцион ҳатти-ҳаракатни қўллаб-қувватланиши И.Каримовга катта зарба берди.

Бироқ Ўзбекистон мухолифати давлат тўнтариши эълон қилинганининг биринчи соатларидаёқ уни кескин қоралаб баёнот тарқатган эди. И.Каримов тамоман ўзини йўқотиб қўйган эди – у ҳатто сентябрнинг бошида Москвада бошланадиган СССР халқ депутатларининг навбатдаги сессиясига ҳам бормади.  Сиёсий устунлик мухолифат қўлига ўтди, И.Каримовнинг оёғи бир этикка тиқилиб қолди. 3 сентябрь куни “Эрк” партияси давлат рўйхатига олинди – бу И.Каримовнинг ўзбек мухолифатига ютқаза бошлаётганининг биринчи белгиси эди. Бироқ, БХҲ ва “Бирлик” партияси ҳақида Адлия вазирлиги ҳамон жим эди. Вазият ноябрь ойи бошида ўзгарди – ўша пайтда Адлия вазири бўлган Муҳаммадбобур Маликовнинг таклифидан кейин вазирликка БХҲнинг раисдоши Бекжон Тошмуҳаммедов, иккинчи раисдош А.Пўлатов ва Пўлат Охунов боришган (мен бу гапни М.Маликовнинг ўзидан эшитганман). Сўҳбат қайси ташкилотни давлат рўйхатига олиш ҳақида бўлган – БХҲними, “Бирлик” партиясиними! Вазир И.Каримов “Бирлик” партиясини давлат рўйхатига олишни айтганини “бирлик”чиларга маълум қилган. Бу – сўзсиз, И.Каримов ўша пайтда нокдаун ҳолатда бўлганлигининг яна бир белгиси эди ҳамда унинг бу ҳолати мухолифат учун анча-мунча перспектива очиши мумкин эди.

Бироқ, А.Пўлатов Пўлатовлигича қолди – жоҳиллиги, манманлиги ва қайсарлиги туфайли у вазирнинг, аслида И.Каримовнинг, вариантини кескин рад этди. Гарчи бу вариантни БХҲнинг раисдоши Бекжон ака ва П.Охунов қўллаб-қувватлаган, вазир эса: “Яқинда президент сайловлари бўлади, “Бирлик” партияси рўйхатга олинса қонун бўйича партия ўз номзодини президент лавозимига тўғридан-тўғри қўйиши мумкин бўлади, агар БХҲ рўйхатга олинса, у ҳолда Ташаббус Гуруҳи (ТГ) тузишга, ТГ эса кўпминглаб имзолар тўплашига тўғри келади” деб тушунтиришига қарамай, А.Пўлатов “Йўқ, БХҲни рўйхатга оласан!” деб тураверган. 11 ноябрьда БХҲ давлат рўйхатидан ўтди.  Президент сайловига 48 кун қолган эди. Расмий нодавлат ташкилотига айланган БХҲ  ТГ тузди, имзолар тўплаш бошланди, одамлар ухламай, дам олмай маҳаллама-маҳалла юришди – қўрқмаганлар имзо чекишди, қўрққанлар давозаси эшигини ёпиб қўяқолишди. Имзо тўплаш бутун Ўзбекистон бўйлаб олиб борилаётган эди. Бироқ, мақоланинг биринчи абзацида айтилгандек, И.Каримов одамларининг имконияти беҳад катта эди – ўша кунлари улар уйма-уй юриб аксташвиқот юритишди, радио, телевидение ва матбуот орқали тўҳматлар уюштиришди.

Имзо тўплаш қийинлашиб кетди. А.Пўлатовнинг буйруғи билан юзлаб сохта имзолар қўйилган ведомостьлар тайёрланди. Барча ведомостьларни сайлов комиссиясига топширишнинг охирги муддати белгиланган эди. Шу муддатга бир неча соат қолганда ҳам БХҲ штабида сохта имзолар қўйиш давом этаётган эди. Бир неча папкага жамланган ведомостьлар сайлов комиссиясига олиб борилганда унинг аъзолари эшик-тешигини бекитиб кетворган экан. БХҲ президент сайловида ўз номзоди билан қатнаша олмади, “Эрк” партияси эса қийналмасдан сайловга ўз номзодини қўйди. БХҲнинг хатлари, баёнотлари, мурожаатлари ва бошқа кўпгина ҳужжатларини тайёрлашни А.Пўлатов менга топширар эди. Сайловга 10 кун қолганда БХҲ раҳбарияти “Эрк” партияси номзоди Муҳаммад Солиҳга мурожаат юборди – унинг матнини мен ёзганим учун бу мурожаатни яхши эслайман. Биз “бирлик”чиларнинг сайлов ҳақида фикримиз қуйидагича эди: “Ҳукумат ресурсини ишга солиб ва сайлов натижаларини сохталаштириб И.Каримов сайловда ғалаба қилади. Бу эса унга “Мен альтернатив сайловни ютдим” дейишга имкон беради. Шу имкониятдан И.Каримовни маҳрум этиш учун сиз номзодингизни қайтиб олинг”. Сайлов натижаси ва ундан кейинги И.Каримов чиқишлари “бирлик”чилар айтгандай бўлиб чиқди.

Бу М.Солиҳ Ўзбекистон бўйлаб мутлоқ ютқазди, дегани эмас – у бир неча вилоятда катта фарқ билан И.Каримов устидан ғалаба қилган, бироқ бу кейинроқ маълум бўлди. А.Пўлатовнинг сайловда қатнаша олмагани унга кучли психологик зарба бўлди. Бироқ у хатони ўзидан эмас, бошқалардан, хусусан М.Солиҳдан, излай бошлади. Унинг биринчи катта сиёсий хатоси “Бирлик” партиясини давлат рўйхатига олинишига қаршилик қилганидир. А.Пўлатов сайловда қатнашган тақдирда ҳам, И.Каримов ресурсларини ҳисобга олинса, унинг сайловда ютқизиши аниқ эди. Бироқ ўша пайтларда БХҲ кетма-кет бир неча оммавий норозилик митингларини уюштириш имкониятига эга эди. Митинглар қанақа самара бериши мумкинлигини ҳозир айтиш қийин, бироқ умумхалқ сайловида президентлик лавозимига сайланган И.Каримовнинг биринчи қадами 1992 йил 16 январда Тошкент Талабалар шаҳарчасида талабаларнинг нархларнинг кескин ошиши ва стипендияни ўз вақтида берилмаётганига қарши президент саройи томон қилган юришини ўққа тутиш билан бошланди. 1992 йил мартида эса Наманган ва Қўқон шаҳарларида “Адолат”, “Ислом лашкарлари” ва “Одамийлик ва инсонпарварлик” ташкилотларига қарши оммавий қама-қама бошланиб кетди.

БХҲ ташкиллашмаган аморф ташкилот эди. Унинг бир неча ўнминг аъзосига оддий қоғозга машинкада ёзилган, ўлчами 4х8 (см) бўлган аъзолик “билети” тарқатилган эди, холос – на росмана (партия аъзоси расми ёпиштирилган, партия раисининг имзоси қўйилган, партия муҳри босилган, берилганлик вақти ва бошқа муҳим жиҳатлар кўрсатилган) аъзолик билети, на аъзолик взноси, на ташкилотнинг қатъий (бўйсуниш) структураси – буларнинг бирортаси БХҲда бўлган эмас. Партия одамларни сиёсий фаолиятга масъул ёндошишга ўргатади, тартиблайди, талабни кучайтиради, жамиятда унинг салмоғи ошади. Буларнинг бирортасини А.Пўлатов тушунган эмас – у аморф ташкилотга ёпишиб олди. Партия тузилиши зарур эканини тушунганда эса у ўғриликка қўл урди – Ю.Оппоқов ва унинг сафдошлари тузаётган партия ҳужжатларини ўғирлади. Ўғирланган нарса ҳеч қачон ҳеч кимга бахт келтирмаган – бу ҳаётий аксиомадир.

1992 йил 20 декабрьда А.Пўлатов Ўзбекистонни тарк этди. У 1998 йилгача Туркияда яшаб, кейин АҚШга кўчиб кетди. Бироқ унда Ўзбекистонга раҳбар бўлиш иштиёқи ҳеч қачон сўнган эмас. Бу иштиёқни у Ўзбекистондаги бошқа “бирлик”чилар қўли билан амалга оширмоқчи бўлди. Лекин у Ўзбекистон махсус хизматларининг қадамини ҳисобга олмади. СССР КГБси ишининг Ўзбекистондаги бевосита давомчиси бўлган МХХ эса қўл қовуштириб ўтирган эмас – у унга Ўзбекистондан “ҳақиқий” маълумот узатиб турадиган, “Бирлик” партиясининг ишини “астойдил” бажарадиган, халқаро конференцияларда “Бирлик” ҳақида бот-бот эслатиб турадиган одамни тиркаб қўйди. “Бирлик” ва “Эрк”нинг сиёсий инқирози ана шу факт – 1989 йилдаёқ КГБ БХҲнинг икки йирик лидери орасига усталик билан нифоқ солиб қўйиши фактидандир. Бошқача айтганда, “Бирлик” ҳам, “Эрк” ҳам Ўзбекистон КГБ (МХХ)сига тўлиқ ютқазишди. Бу фактни А.Пўлатов ҳам, М.Солиҳ ҳам ҳанузгача тушунишгани йўқ  ёки ўзларини тушунмаганга ўхшаб кўрсатишмоқда.

Нега мен мақолага “Абдураҳим Пўлатов Каримов режимига қарши курашни тўхтатди” деган сарлавҳа қўйдим? Биринчидан, унинг энг асосий умиди, яъни Ўзбекистонга раҳбар бўлиш умиди пучга чиқди, ўлди. Кейинги 5-10 йил ичида илгари сурган “биз Ўзбекистонда амалда бўлган қонунчилик доирасида иш олиб бораверамиз”, “яқин ойларда партия қурултойини ўтказамиз”, “Бирликни оёққа турғаздик” каби барча иддаолари сариқ чақача ҳам эмаслиги ошкор бўлди. Унинг “биз Ўзбекистонда амалда бўлган қонунчилик доирасида иш олиб бораверамиз” деган иддаосига И.Каримов бир кунда чек қўйди, яъни қонунчиликда бўлган, Ташаббус Гуруҳи ёрдамида фалон минг имзо йиғиб президентликка номзод қўйиш йўлини қонунга битта ўзгартириш киритиб бекор қилди-қўйди! Бу, эсимдан чиқмаган бўлса, 2007 йилда ўтган президент сайлови арафасида қилинган эди. А.Пўлатов 2015 йил мартига белгиланган навбатдаги сайлов ҳақида ҳатто гапираётгани ҳам йўқ. “Бирлик” партиясининг охирги қурултойи, адашмасам, 11 йил олдин, 2003 йилда Қўқонда бўлиб ўтган эди. Қурултой мавзусини А.Пўлатов тамоман унутди, партиянинг “оёққа тургани” ҳақидаги гапи эса қип-қизил ёлғон! Ўзбекистонда ёши камида 50 дан ошган 15-20 “бирлик”чилар ҳалиям бор, бироқ улар ўз тирикчилиги билан овора.

А.Пўлатов Каримов режимига қарши курашни тўхтатди. Унинг сайтига қаранг –  тутуруқсиз “Назарбоев фалон ерга борди, Ислом Каримов қаерда?”, “Фалонча фалон иш қилди, Каримов инида”, “Иштонсиз Каримов иқтисодни ўлдирди” каби гаплардан бошқаси кўринмайди. Тинимсиз Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг ялпи ички маҳсулотини солиштиради ва буни ўзининг буюк кашфиёти деб ҳисоблайди, 5-6 та стандарт ибораларни тўтиқушдек такрорлайди. Сайтни юргизишни, ўзининг ибораси билан айтганда, бозорда пистачка сотадиган хотин ҳам уддалайди. Унинг “Ўзбекистон мустақил диктатура арафасида” номли мақтанадиган мақоласи бор, холос. Бироқ, мамлакатда мустақил диктатура шаклланаётганини минглаб одамлар сезган ва ўз вақтида гапирган. Унинг бошқа мақолалари эса иғводан бошқа нарса эмас.

А.Пўлатов тўлиқ банкрот бўлди. Мен унинг асосий сиёсий хатоларини юқорида санаб бердим. Кимни айблаш керак? Бу – иқтисодда ҳам, ижтимоий ҳаётда ҳам, сиёсатда ҳам банкрот одамни ўйлантирадиган асосий саволдир. Ўз йўлини тўғри сарҳисоб қилган одам банкротликда ўзини айблайди, тўғри хулоса чиқаради, ишни қайтадан ташкил қилади. Бироқ, А.Пўлатов бундай одам эмас. У ўзини доҳий деб ҳисоблайди, онда-сонда ўзининг техника фанлари доктори, профессор, Тошкент кибногнтика институтида лаборатория бошлиғи бўлгани билан мақтаниб ҳам қўяди. Айбни мутлақо ўзидан қидирмайди – айбни “Эрк”дан ва унинг раисидан, ўзининг собиқ сафдошларидан ва уни қўллаб-қувватламаган, ўзига доҳий қилмаган ўзбек халқидан излайди.  Каримов режимига қарши сиёсий саҳнада курашавериб чарчаган А.Пўлатов курашни маънавий-психологик саҳнага кўчирди – қараса-ки, ўзбек халқи қорамолга, зиёлиларининг катта кўпчилиги эса чўчқага айланиб қолган экан. Мана, унинг президент бўлишига моънелик қилган одамлар! Ўзида айб йўқ! Айб қорамолларда, чўчқаларда! Рўпарасида бутун бошли қорамол ва чўчқа халқ турганда И.Каримов режимига қарши курашишнинг нима қизиғи бор? Шунинг учун у ўзининг ўткир қуроли – “шок терапияси”ни кашф этди – ахир у теъника фанлари доктори, профессор-ку!

“Шок терапияси” жуда оддий. Кўз олдингизга келтиринг – А.Пўлатов олдида қорамолга ёки чўчқага айланган бир ўзбек ўтирибди. А.Пўлатов унинг кўзига тик қараб “Сен қорамолсан!” дейди, шу заҳотиёқ ҳалиги қорамол ўзбек дуппа-дуруст, қўлига қурол берсанг иккиланмай Оқсаройни ҳам, Кўксаройни ҳам ишғол қилишга тайёр одамга айланади. Сизни-ку билмайман, бироқ у менга “шок терапиясини” ишлатса, мен унинг тумшуғига мушт тушираман, орқасига тепаман – то чўчқага ўхшаб чийилламагунча ёки қорамолга ўхшаб бўкирмагунча тепавераман. Жиддийлашсак, “шок терапияси”ни жиддий қабул қилган одам ё “томи кетган”, ёки ўта ёлғизланган, атрофида унга қарайдиган ҳатто ит ҳам қолмаган, бекорчиликни фақат шу усулда ўтказадиган одам бўлиши керак. Ўйлашимча, А.Пўлатов “шок терапияси” абсурд эканини яхши билади, бироқ у ҳали ўзининг сиёсий саҳнадаги мағлубияти изтиробидан тўла қутилгани йўқ – бу изтироб уни узоқдан туриб бўлсаям ўзбек халқидан ўч олишга чорлайди. А.Пўлатов оғир руҳий касалликка чалинган.

Ўзбек халқининг ҳолати ҳақиқатан ҳам аянчли. Бироқ, инсоният тарихи шуни кўрсатади-ки, халқ ўз-ўзидан аянчли ҳолатга тушиб қолавермайди. Путин 15 йил давомида ўзига деярли тўлиқ бўйсундирилган оммавий ахборот воситалари орқали халқ қулоғига қуйиб келаётган “СССРнинг парчаланиши ХХ-асрнинг энг даҳшатли геосиёсий ҳалокатидир”, “азалий рус ерларини йиғишимиз керак”, “рус дунёси ўзига хос дунё” каби иддаолари Россия халқини қандай аҳволга туширганини кўраяпсизми? Чет элга чиқиш визаси дунёда фақат учта мамлакатда – Ўзбекистон, Непал ва Шимолий Қурияда бор, холос. Шу кечаю-кундузда Олий Мажлис чиқиш визасисиз чет элга чиққан ўзбекистонлик 5 йилгача қамоқ жазосига тортилади, деган қонун қабул қилди. Чет элни кўрмай умри ўтиб кетаётган миллионлаб ўзбеклар қорамол бўлмай нимага айлансин? Ўз юртида иш топаолмай, оила боқаман деб Россияга кетаётган ўзбеклар меҳмонхоналарда яшаётгани йўқ – улар молхоналарда, подвалларда яшашга мажбур бўлмоқда. Бундай ўзбекларни ким қорамолларга айлантирмоқда?

А.Пўлатов ўзбек халқининг аянчли аҳволга тушишининг асл сабабларини изламайди, бу ҳақда бирорта пичоққа илинадиган мақола ёзмайди, бирор халқаро конференцияда гапирмайди – фақат уйидан туриб ҳуради, холос. У И.Каримов режимини унутди. У янги фронт очди – ўзбек халқига қарши кураш фронтини очди.

Ушбу мақола А.Пўлатов Ўзбекистондан чиқиб кетганига роппа-роса 22  йил бўлган куни ёзилди.

 

 

 

 

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s