МИША


            Тоlib aka  Толиб  ЁҚУБОВ

 

Жиззах туманида ҳарбий комиссариатни ҳамма “военкомат” дейишарди – бу атама ўша вақтларда Ўзбекистоннинг барча ҳудудида ҳам шундай аталар эди, шекилли. Военкомат Жиззахнинг “Эски шаҳар” қисмидаги мадрасада жойлашган эди. Мадраса олдидаги майдон кўп нарсаларни кўрган. Масалан, 1916 йилда бўлган халқ қўзғолони Тошкентдаги рус маъмурияти томонидан юборилган, доимий туриш жойи Чинозда бўлган казаклар полки томонидан ваҳшийларча бостирилгач, Жиззах музофотининг балоғат ёшидаги барча эркак зоти ана шу майдонга оммавий қатл учун қўли боғланган ҳолда  тўпланган. Мадраса томига бир неча пулемётлар ўрнатилган, бироқ отиш бошланмасдан сал илгарироқ Тошкентдан отишни бекор қилувчи телеграмма келган ва шу телеграмма асосида Жиззах аҳолиси бола-чақа-ю хотин-халажи билан чўлга, Жиззахдан 25-30 километр нарига Россия империяси фойдасига қовун-тарвуз етиштириш учун оммавий кўчирилган эди.

Менинг отам мулла Ёқуб ўша пайтларда 21 ёшли йигит бўлиб, машҳур мулла Ҳусанбой домла қўлида шу мадрасада таҳсил олганлар ва отишга йиғилганларнинг бири бўлганлар. Советлар даврида мадраса беркитилган бўлиб, турли мақсадларда ишлатилиб келарди – дам тикув цехи, дам омборхона, дам ёш пионерлар уйи, ва ҳатто театр биноси сифатида “фаолият” юргизган. Военкомат мадраса биносига 30-чи йилларнинг охирроғида, халқаро майдонда вазият кескинлашиб кетгандан кейин жойлашган эди. Военкоматда иш тез бажариларди, дуҳтирлар кўригидан ўтказиш ҳам деярли номига эди. Армияга чақирилган йигит апил-тапил кўрикдан ўтказилиб, ўша жойда ҳарбий форма кийгизилиб, дастлаб бир суткага ота-онаси билан хайрлашиш учун уйига жўнатилар, бир суткадан кейин бўлажак аскар тўғридан- тўғри Жиззах темирйўл вокзалига етиб бориши шарт эди.

Жиззахнинг Тармоқли қишлоғилик Маҳмуд Фозилов военкоматдан икки марта уйига қайтарилди. Сабаби оддий эди – икки сафар ҳам военкомат омборида унинг оёғига мос келадиган этик топилмади. Учинчи марта чақирилганда ҳам шу нарса қайталанди ва унга уйига қайтиш буюрилди. Маҳмуд военкомат идорасидан чиқмасданоқ кимдир: “Тўхта!” деб бақирди. Ўша одам эшик олдида турган қоровулга: “Анави ўтиб кетаётган одамни тўхтат ва менинг олдимга олиб кир!” деб ўша овозда буюрди. Қоровул йигит икки сакраб военкоматдан 20-30 метр узоқлашган одамга етди ва уни бошлиқ олдига олиб кирди. У оёғига баҳайбат катта этик кийиб олган экан – буни ичкарида ўтирган бошлиқ қандай кўра қолганини ҳеч ким тушунмади. Бошлиқ ўша одамга этигини ечишни буюрди. Замон нозик, таҳликали, ҳалиги одам ғинг демасдан этигини ечди. Этик Маҳмудга лоппа-лойиқ келди. Этиксиз қолган ҳалиги одам оёқяланг йўлида давом этди, Маҳмуд эса отаси Фозил ака, онаси Қурбоной опа ва ака-укалари, опа-сингиллари билан хайрлашиш учун Тармоқлига жўнади. 1941 йилнинг марти эди. Икки кундан кейин Тошкент темирйўл вокладиган поездда жўнатилган эллик уч нафар ўзбекистонлик йигитлар олти-етти суткада Бокуга етиб боришди, у ердан эса ЗИС-5 машиналарда Эрон чегараси томон йўл олишди.

Маҳмуднинг полки СССР чегарасига яқин бўлган Эроннинг бир қишлоғига бориб тушди. Уруш бошланмасдан илгари СССР ва Эрон ўртасида шартнома тузилиб, унга кўра СССРнинг бир дивизияси Эронда туриши келишилган экан. Маҳмуднинг полки кавалерия, яъни отлиқ аскарлар полки эди. Маҳмуд нега унга военкомат қаттиқ тикилгани сабабини энди тушунди – кавалерияга майда-чуйда йигитларни эмас, забардаст, алпомишдай йигитларни олишар экан. Маҳмуднинг взводи биринчи куниёқ отлар билан таъминланди ва нонуштадан кейин 50 километрлик марш-бросокка чиқди. Взводдаги барча аскарлар, шу жумладан Маҳмуд ҳам, илгари от миниб юрмаган йигитлар экан. Кавалерияда эгарлар темирдан ясалган бўлиб, устига қопланган юпқа, бироқ ўта мустаҳкам матодан бошқа ҳеч қандай нарсаси йўқ эди. Биринчи ўн километр йўл отларнинг лўккиллаб чопиши тезлигида босиб ўтилди.

Ҳаммаси отга биринчи марта минган ёш, бақувват йигитлар хурсанд – қийқириқ, кулгу, ҳазил-мутоиба! Кейинги ўн километрда марш-бросок темпи тезлашди, ҳатто пойга бўлди, деса ҳам бўлади. Бориш-келиш юз километрлик йўл қандай ўтилганини аскарлар сезмай ҳам қолишди. Ҳамма “машмаша” взвод яшаш жойига қайтгач бошланди. От минишда ҳеч қандай тажрибага эга бўлмаган йигитлар от ҳар сакраганда оёқни узангига қаттиқ тираб амортизация қилиш, яъни икки думба орасини эгарга қаттиқ урилмаслигининг олдини олиш зарурлигини билишмас экан. Темир эгар ўз “ҳунарини” кўрсатибди – взвод жойига қайтгач бирорта аскар равон юролмади, ҳаммаси чуки энди кесилган боладай лапанглаб, букилиб, юзида азоб билан юрарди.

Столининг устида учига пахта ўралган, узунлиги ўн сантиметр келадиган бир уюм чўп билан аёл духтир ҳам тайёр турган экан. Взвод духтирга навбатга турди – ҳар бир аскар навбати билан духтир олдига келиб шимини тушириб тўнқаяр, духтир эса бир ҳаракат билан унинг думбалари орасига “зелёнка” деб аталувчи дорини суртиб қўяр, аскар эса думбалари орасининг ачиганидан додлаб юбормаслик учун тишини тишига босиб нари кетарди. Аскарлар бир-бирининг устидан кула бошлашди – ҳазил-мутоиба оғриқни пасайтиргандай бўлди, кечки овқатни ҳамма тик турган ҳолда еди. Полкдаги барча катта-кичик бошлиқлар, илгарироқ ҳарбий хизматга келганлар ва духтирлар шу ҳол юз беришини билар, бироқ буни янгилардан “сир” тутар эканлар – бу аскарларни оғир хизматга тайёрлашнинг бир кўриниши экан, холос.

Полк командири Виктор Иванович Проскуряков паст бўйлироқ, тиққачадан келган, бироқ ўта чаққон одам эди. Унинг бир қўли эгарга етса бўлди эди – қандай қилиб у эгар устига чиқиб олганини сезмай ҳам қолардингиз. У минган от баҳайбат катта бўлса-да, “Белка” номи жисмига мос эмас эди. Отлар узун, ичида улар учун икки қатор, бир-биридан тахта девор билан ажратилган жой қилинган отхонада, бир-бирига кўзи тушмаган ҳолда туришарди. Отхонанинг қарама-қарши икки узун девори бўйлаб ҳар бир отнинг тумшуғидан юқорироқ баландликда катта туйнуклар қўйилган бўлиб, шу туйнуклардан ҳар бир отга емиш ташланар эди. Бирорта от туйнугидан ҳатто тумшуғининг учини ҳам кўрсата олмас эди, бироқ емиш кечика бошласа “Белка” ўзининг туйнугидан “нега емиш кечикаяпти?” дегандай бошини чиқариб турар эди.

Кавалериянинг вақти ўтганини ҳамма тушунарди. Уруш бошланса, мукаммаллашган танклар ва замбаракларга от устида қарши боришни ҳеч ким кўз олдига келтира олмас эди. Марказий Осиё ҳудудларида жанг қилган, большевиклар томонидан “босмачи” деб аталган миллий ва диний озодлик ҳаракати отлиқ қўшинларига қарши курашда кавалерия иш берган. Украина ҳудудларида “оқлар”ларга ҳам, “қизил”ларга ҳам қарши курашган “батька” Махно ҳам кавалерияни ишга солган. Россиянинг Сибири ва Узоқ Шарқида собиқ чор армиясининг генераллари советларга қарши “оқлар” ҳаракатини ташкил қилишганда икки тараф кавалериядан фойдаланишган. Кавказда ҳам кавалерия кавалерияга қарши урушгани маълум. Россияда бўлган фуқаровий урушда кавалерия фақат қиличдан эмас, балки “тачанка” деб аталувчи енгил ва ихчам тўрт ғилдиракли араваларга ўрнатилган пулемётлардан ҳам кенг фойдаланди. Бироқ, 30-чи йиллар ўртасида “катта уруш” тушунчаси ўзгарди – Германия, СССР, АҚШ ва бошқа давлатлар асосий урғуни “темирлар уруши”га бера бошлади.

41-чи йилнинг апрель-май ойларида янги уруш ҳиди сезила бошлади. Озарбойжон нефть конлари, уни қайта ишловчи заводлар ва уларнинг бошлиқлари ҳақида маълумот тўплашга Эрон орқали жўнатилаётган немис айғоқчилари кўпайиб кетди. Кейинги пайтлар нафақат айғоқчилар, балки қўпорувчилик – кон, авто ва темирйўллар ҳамда заводларни портлатиш – билан шуғулланадиган гуруҳлар ҳам ўз фаолиятини кучайтиришди. В.И. Проскуряков полки шу айғоқчилар ва қўпорувчиларни тутиш билан овора эди. Кўп жойларга қўйилган постлар йўллар ва сўқмоқларни назорат қилса, полк ҳам тез-тез, ярим тунда тревога билан оёққа тургизилар, отларни олиб чиқиш ва эгарлашга беш минут вақт ажратилар ва полк йўлга равона бўлар эди. Отишмада биринчи ярадорлар ҳам пайдо бўлди, машқлар ҳам, одамлар ҳам жиддийлашди, илгаригидай ҳазил-мутоибалар йўқ бўлди. Ҳавода нимадир, номаълум, бироқ кўринар-кўринмас нарса сузиб юрарди. Илгари биринчи ўқ овозини эшитганда қўрқишга яқин сесканиш юз берган бўлса, энди аскарлар қаттиқ отишмада ҳам сесканмай қўйишди.

22 июнининг тонгида полк кучли тревога билан оёққа тургазилди – радиокарнайда диктор Левитан немис дивизиялари уруш эълон қилмасдан СССР чегарасидан ўтиб уруш бошлагани, немисларнинг бомбардимон самолётлари Минск ва Киевни бомбардимон қилгани, шаҳар ва қишлоқлар ёнаётгани ҳақида гулдираган буғиқ овоз билан гапираётган эди. Уруш бошланибди! Икки кундан кейин полк Украина йўналишида фронт томонга йўлга чиқиши кераклиги ҳақида буйруқ олди. Полк жойлашган қишлоқда отлар тақдири билан шуғулланувчи кичик бир гуруҳ қолди. Озарбойжонда полк иккига бўлинди – бири тўғридан-тўғри урушга жўнатилган бўлса, Маҳмуд тушган иккинчи қисми эса Бокунинг ўзида қолдирилди. Ўша пайтларда немисларнинг “рама” деб аталувчи разведка самолётлари нефть конлари ва заводларини расмга олиш учун Боку осмонида пайдо бўла бошлади. Уларни уриб тушириш ёки қувиб юбориш учун осмонга кичкина, кучсиз Ла-5 самолётлари кўтариларди, пастдан “рама”га қарши “зенитка”лар ўқ узарди. Лекин “рама” бу ҳужумлардан осон қутилиб кетарди. Маҳмуд тушган қисм “зенитка”лардан ўқ отишни машқ қила бошлади, бироқ “зенитка”чиларнинг маҳорати ҳали жуда паст эди.

Бир куни “рама” учиб келганда осмонга иккита Ла-5 кўтарилди, ердан эса бир неча “зенитка” шиддат билан ўқ уза бошлади. Натижа жуда хунук бўлди – Ла-5 ларнинг иккаласи ҳам уриб туширилди, “рама” эса уларнинг устидан кулгандай бемалол учиб кетди. Маҳмуднинг қисми 42-чи йилнинг августигача Бокуни қўриқлаб турди, шундан кейин қисм “передовой”га жўнатилди. Маҳмуднинг взводи 43-чи йилнинг қишини Донецк вилояти, Марьинск туманидаги Максимильяновка қишлоғида кутиб олди. Ўттиз кишилик взвод учун тайёр уй-жой бўлмагани учун аскарлар маҳаллий хонадонларга тақсимланди. Маҳмуд Клавдия Стеценконинг уйига жойлашди. Эри анча йил илгари ўлган Клавдия ўнсаккиз ёшли қизи билан яшар, иши қишлоқдан икки километр наридан ўтган темирйўл разъездида ишлагани учун қизи Оксана баъзан уйида суткалаб ёлғиз яшарди. Бошдан бош хизмат қилган полкда руслар кўп бўлгани учун Маҳмуд рус тилини тиниқ ўзлаштирган эди. Маҳмуд гавдали, қадди-қомади келишган, қорамағиздан келган, жисмоний кучли чиройли йигит эди. У она-болага бир қарашдаёқ ёқиб қолди. Она-бола ўзларини қийнамасдан уни Миша деб чақира бошлашлашди. Шу исм Маҳмудга умрининг охиригача илашиб қолди. Урушдан кейин ҳам Тармоқли қишлоғи одамлари уни Миша деб чақиришлари урф бўлди.

Қишда уй ва ҳаммомни иситиш учун ўтин ишлатилгани сабабли, Маҳмуд юкини жойлаштиргач, дарҳол ўтин тайёрлашга киришиб кетди. Бир пасда у дунёнинг ўтинини арралаб, болта билан ёриб, тахлаб қўйди. Клавдия ва Оксана Маҳмуднинг топқирлик ва эпчиллигини кўриб суқланиб қараб туришарди. Кечқурун Клавдия уни украин боршчига тўйдирди. Взвод Максимильяновка қишлоғида бир ойдан кўп вақт туриб қолди. Негадир бу ҳудуддан уруш чекингандай туюларди, ўқ овозлар эшитилмасди, аскарлар нега бир жойда туриб қолганлари сабабини тушунмас эди. Ҳар икки кунда қаёқдандир бричка аравада озиқ-овқат ва почта келарди. Аскарларга нима – уруш йўқ, қорин тўқ, ертўлада эмас, қишлоқ уйларида туришибди! Оксана ва Маҳмуд суткалаб бирга қолиб кетган вақтлар кўп бўлди. Оксана Маҳмудни жонидан зиёд севиб қолди ва ундан бир сония ҳам ажралгиси келмасди. Барибир, уруш уруш-да, қаердадир жангу-жадал кетаяпти, одамлар қирилаяпти, уларга ёрдамга бориш керак! Бир куни “Сафга!” деган буйруқ келди ва взвод уруш сари йўл олди. Маҳмуднинг Оксана ва Клавдия билан хайрлашиши қийин бўлди. Клавдия қизи билан Маҳмуд орасидаги ишқий муносабатни яхши биларди. Маҳмуд “Урушдан ўлмай чиқсам, албатта сизларни излаб келаман ва Оксанага уйланаман” деб ваъда берди.

Урушни Маҳмуд Польшада тугатди. У оғир ярадор бўлиб аввал Оренбург госпиталида тўрт ой даволанди, уколлардан бадани илма-тешик бўлиб кетди. Оренбургдан уни йигирма кунга Олмаотага кўчиришди ва ниҳоят комиссия уни урушга яроқсиз, деб хулоса чиқарди. Уйига қайтиб келгач, Фозил ака ва Қурбоной опа уни уйлантириш ҳаракатига тушиб қолишди. Оксана Мишанинг ёдида турган эди, бироқ оғир иқтисодий аҳвол, уруш ҳали давом этаётгани уни Оксана олдига жўнашга имкон бермади. Миша Рухсора исмли қизга уйланди, уруш шароитида уларнинг тўйи ўта камтарона ўтди. Миша мактабда жисмоний тарбиядан дарс бера бошлади. 53-чи йили, ўттиз ёшида у Тошкентдаги педагогика институтига сиртдан ўқишга кирди ва ўзининг тиришқоқлиги сабабли институтни яхши билим билан якунлади. Аҳён-аҳёнда, асосан ширакайф бўлганда эркаклар даврасида Мишанинг оғзидан “Украинада менинг болам бор” деган гап чиқиб кетарди, бироқ у ўғилми, қизми – аниқ айтмасди, чунки буни ўзи ҳам билмасди. Бир марта у “Худо хоҳласа, яхши кунлар келса, қўлимга уч-тўрт сўм ортиқча пул тушиб қолса, боламни излаб Украинага бориб келаман” деганини мен ўз қулоғим билан эшитганман.

Оксана қиз фарзанд кўрди, бироқ Миша келмади. Онаси кўмагида қизи Ульянани тарбиялади. Ульяна эсини танигач Оксана унинг отаси ким эканини тушунтирди ва уни бот-бот қизига эслатиб турди. Гўзал Ульяна ўсиб улғайгач, Украинанинг машҳур ашулачисига айланди. У бувиси ва онасидан отасининг ҳақиқий исми ва адресини билиб ололмади – ҳар иккала аёл қизнинг отаси ўзбекистонлик “Миша” эканини билишар эди, холос. 43-чи йилнинг декабрида туғилган Ульяна 30 ёшида Ўзбекистонга келди. Уни ҳамма танирди – санъат усталари эса инчунун танирди. Ульяна бир неча газеталар редакторларига мурожаат қилди, эълонлар чиқартирди. Орага вилоятлар бошлиқлари тушишди, бироқ ҳеч ким, на бирорта газета редакциясм, на бир давлат идораси Ульянага отаси Мишани топиб бера олмади. Чуқур изтиробда Ульяна Киевга қайтди.

ТАМОМ.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s