БЕРЛИН ДЕВОРИ ҚУЛАДИ, РОССИЯ ЯНГИЛАРИНИ ҚУРДИ


Олнг ПАНФИЛОВОлнг ПАНФИЛОВ

10 ноябрь 2014 йил

“Америка овози” радиостанцияси собиқ СССР ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзенинг архивда сақланган интервьюсини чоп этди: “Мен Берлин девори қулатилгани ҳақида Берлиндаги совет элчисидан эшитдим. У пайтда мен Москвада эдим. Элчи менга қўнғироқ қилиб немислар деворни буза бошлаганини билдирди”. Кейин у совет армиясининг аралашувига йўл қўймагани ҳақида гапирди, бироқ интервьюнинг бу фрагменти (қисми) тасодифан СССР вазири бўлган бу одамни афсона даражасига кўтараётганлар учун фойдали, холос. Унинг ўзи ҳам, унинг кўпгина сафдошлари ҳам Берлин деворининг қулаши ҳақида гапираётганларида гўё-ки Шеварднадзе қўлида лом ёки болға билан деворни ўзи бузаётгандай гапиришади. Шеварднадзе бу афсонага қарши эмас эди, “буюк” бўлиш эса унга ёқарди. Уч йилдан кейин Россия янги “Берлин девори”ни – бу сафар Шеварднадзе учун – Абхазияда қурди, ва у қаршилик кўрсата олмади.

Кўп ҳолларда ҳудудларни бўлиштириш сабаблари диний ёки мустамлакаларнинг парчаланиши билан боғлиқ бўлар эди. Дунёда бир биридан ажратилган бир неча ўн давлатлар мавжуд. Россия империясининг юзага келиши натижасида бир биридан ажратилган давлатлар сони кўпая бошлади, СССР ташкил этилгандан кейин эса – ҳудудлар ва халқларни ажратиш Совет Иттифоқининг сиёсатига айланди. 1918 йилда Александр Блок ўзининг “Ўн икки” номли поэмасида  “Барча буржуйлар аламига дунёга ўт қўямиз”, деб большевикларнинг ўша пайтдаги кайфиятини акс эттирди. Маст-алас денгизчилар қасрлар ва олий табақали одамларнинг уйлари, омборлар ва дўконларни талашган, тўсатдан бошларига ағдарилган ҳокимиятдан қўрқиб қолган большевиклар мамлакатни қаёққа қараб бошқаришни билишмаган ўша вақтларга ўхшаб поэма ҳам жазавали ва ҳажвияли эди. Одамларни чалғитишнинг энг яхши усули эса жаҳон инқилобини эълон қилиш эди. Бу – фақатгина  Россияда эмас, ер юзининг бошқа жойларида ҳам талон-тарож қилиш ва ўлдириш тинимсиз бўлиб туриши учун, албатта.

Фуқаровий урушдан кейин сал ўзига келгач, совет Россияси босқинчилик йўлини тутди. Қизил армия совет империясини жирканч подшолар чизган харитаси бўйича туза бошлади. Деярли ҳаммасини тўплади: 1939 йилда совет қўшинлари Польшага бостириб кирди, 1939-40 йиллар қишида финлар фидокорлик билан қизил армияни тор-мор қилишди. Ундан аввалроқ қизил армия Марказий Осиё ва Кавказни эгаллади. Бироқ тўлақонли “жаҳон ёнғини”  2-чи жаҳон урушидан кейин, бу урушда Шарқий Европа босиб олиниши натижасида большевикларда пайдо бўлган иштаҳа очилгач бошланди. Урушлар ва босиб олишларга баҳайбат пуллар сарфланди. Ҳаммаси гўё “бутун дунёда тинчликни сақлаш учун” ишлатилди.

Ўн минглаб совет “фуқаровий”  мутахассислар Африка, Осиё, Лотин Америкасининг йигирмадан ортиқ мамлакатлари – Шимолий Қурия, Лаос, Жазоир, Миср, Яман, Вьетнам, Сурия, Камбоджа, Бангладеш, Ангола, Мозамбик, Ҳабашистон, Никарагуа, Гондурас, Сальвадор, Куба, Боливия, Гренада армиялари сафида урушда қатнашдилар. Фақат ҳарбий қурол-яроғ ва бошқа ҳарбий унсурлар учун  собиқ социалистик мамлакатлари ва “учинчи дунё” мамлакатларини коммунистик эътиқодга ўтказиш мақсадида СССР ҳар йили 35 миллиард рубль сарфлар эди.  КПССнинг XXVIII съездида сўзга чиққан СССР ташқи ишлар вазири Эдуард Шеварднадзенинг маълумоти бўйича “беғараз ёрдам”нинг ўзи 20 йил ичида 700 миллиард рубльни ташкил этган. 1990 йилдаги валюта курси бўйича 1 (бир) доллар 63 копейка (тийин) бўлганда, бу сумма жуда катта – 1 триллион доллардан ортиқ эди.

Қурол-аслаҳалар бўйича Шимолий Қуриянинг Совет Иттифоқидан қарзи (1950-1953йиллар уруши) 2,2 миллиард рубль, Лаосники (1960-1964) – 0,8, Жазоирники (1962-1964) – 2,5, Мисрники (1962-1974) – 1,7, Яманники (1962-1963) – 1,0, Вьетнамники (1965-1974) – 9,1, Сурияники (1967-1973) – 6,7, Камбоджаники (1970) – 0,7, Бангладешники (1972-1973) – 0,1, Анголаники (1975-1979) – 2,0, Мозамбикники (1967-1979) – 0,8, Ҳабашистонники (1977-1979) – 2,8, Афғонистонники (1978-1991) – 3,0, Никарагуаники (1980-1990) – 1,0 миллиард рубль бўлган.

Бу рақамлар ҳатто совет империализмининг энг содиқ ишқибозини ҳам ўйлантириб қўйиши ҳеч гап эмас эди: бу улкан маблағнинг ҳаммаси завод, фабрика, дўкон, мактаб ва касалхоналар қурилишига эмас, миллионлаб инсонлар ўлдирилаётган урушларга жўнатилаётган эди. Ҳарбий харажатларнинг аксарият қисми ич-ичидан “бутун дунёда тинчлик учун кураш” деган касалга чалинган Брежневнинг бошқаруви пайтига тўғри келади. Аслини олганда, “жаҳон ёнғини” сўниб қолмаслиги мақсадида юзлаб махфий ҳарбий завод-“қутилар” оборонка (мудофаа) учун ишлаб турарди.

“Жаҳон ёнғини”га сарфланаётган бу харажатларнинг ҳаммаси 2-чи жаҳон урушидан кейинги даврга тўғри келади. Совет Россияси, кейинчалик СССР ташкил этилган вақтдан бошлаб, олтита йирик уруш ва бирнеча ўн қуролли конфликт (жанжал)лар бўлиб ўтди. Булардан ташқари СССР 1946-1950 йилларда Хитойда бўлиб ўтган фуқаровий урушда, ГДР (1953), Венгрия (1956) ва Чехословакиядаги (1968) қўзғолонларни бостиришда, Даманский оролида ва Жаланашкўл кўли атрофида 1969 йилда бўлган ҳарбий ҳаракатларда қатнашди.

Эдуард Шеварднадзе 1988 йил майида СССРнинг ҳарбий харажатлари давлатнинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ)нинг 19% ни ташкил этишини билдирди, 1990 йил апрелида эса Горбачев бу рақамни 20%гача кўтарди. Бир йилдан кейин мамлакат қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Лобов СССРнинг ҳарбий харажатлари ЯИМнинг 1/3 ва ундан ҳам каттароқ (1988 йилдаги баҳода 260 миллиард рубль, яъни 300 миллиард доллардан ортиқ) қисмини ташкил этишини эълон қилди. Ҳарбий таҳлилчилар бу рақамлар ҳақида ҳозиргача тортишадилар, бироқ Кремль учун Ғарб технологиялари билан рақобат қила оладиган ижтимоий программлар ва саноатни ривожлантиришга қараганда урушларни юргизиш муҳимроқ кўринди.

Берлинда металл ва бетондан жисмоний девор қурилган эди, бироқ чет давлатларда, дунёнинг турли мамлакатларига командировка (сафар)га жўнатилган совет ҳарбийлари томонидан қурилган қанчадан-қанча бунақа “девор”лар бор эди. СССР бутун дунё бўйлаб деворлар қура бошлаган бўлса-да, бироқ энди уларнинг орқасига яширина олмасди.

80-чи йилларда Совет Иттифоқи ичидан емирила бошлади: бюджет ҳарбий харажатларни кўтара олмади, қишлоқ хўжалиги барбод бўлди, дўконлар пештахталари бўшаб қолди. Кремль урушни давом эттирди, энди бу оддий одат эмас эди – уруш баҳайбат империянинг яшаш услубига айланди. Навбатдаги уруш – Афғонистонга қўшин киритишдан кейин, СССРнинг ахмоқ қарияларига қарши кураш бошланди. Қурол кучи билан эмас, ҳозир Украинада навбатдаги девор қурилиши муносабати билан бошланган иқтисод кучи орқали кураш бошланди. СССР бу курашни кўтара олмади, ўлди, бироқ, афсус-ки, чалажон бўлиб ўлди.

Мурда деярли бир онда тирилди. Чалажон бўлса-да, у энди ташқарида эмас, собиқ империя ичида янги деворлар қура бошлади. Совет генераллари ҳеч қонга тўймайдиган катта кўршапалакни эслатарди. Улар ҳар бир конфликт (жанжал)да имкон қадар кўпроқ одамларни ўлдириб империяни тиклашга урина бошладилар. Деярли бир пайтда Абхазия, Жанубий Осетия, Қорабоғ ва Днестрбўйида урушлар бошланди. У ерларда янги деворларни қуриб бўлгач, Чеченистонга ҳужум қилишди. Энди Кремль бошқа тактикани танлади – у илгари юзйиллар давомида бирга яшаган турли миллатли одамларни бир-бирига қарши гиж-гижлата бошлади. Тактика бўйича бу урушлар барча олдинги совет урушларини такрорласа-да, бироқ асослар бошқа эди. Энди оммавий социалистик бахт ўрнига қабиҳ миллатчилик билан суғорилган сепаратизм (бўлғинчилик) йўлга қўйилди.

Барча тўртта уруш халқлар орасида бир-бирига миллий даъвони уйғотди – абхаз ва осетинлар грузинларга, арманлар озарбойжонларга, Днестрбўйининг аралаш аҳолиси Днестрнинг ўнг қирғоғилик молдаванларни “руминлар” деб айтаётган одамларга нафрат билан қарай бошлашди. Энди Кремльда янги деворлар бетон деворлардан “қаттиқроқ” бўлади, деган ишонч пайдо бўлди, чунки қонга бўялган миллатчилик ўн йиллар давомида ҳукм суради. Ҳозир, 20 йилдан кейин, Путин эски анъанани қайта тиклади ва бу сафар Украинада ўша-ўша қоидалар бўйича, яъни “Буюк Россия”ни тиклаш ҳақидаги афсона билан қориштирилган янги бўёқлар ила чизилган миллатчилик харитаси асосида навбатдаги деворни қура бошлади. Афтидан, у СССР ўлими тарихини ва тоталитар империализмга қарши санкциялар ёрдамида курашиш метод (усул)ларини яхши билмаса керак.

Берлин девори нима билан тугаганини Европада яхши билишади. Бироқ постсовет ҳудудларида бу ҳақда билишни исташмайди. Тарихни билмай туриб Путин янги деворлар қура бошлаган ҳозирги пайтда нималар содир бўлаётганини тушуниш қийин. Берлин деворини 2-чи жаҳон уруши даврида Шарқий Европани босиб олиш билан СССРнинг иштаҳаси қаноатлангани ортида 1961 йил 13 августда қура бошлашди. “Шарқий блок”, яъни СССР ҳамда босиб олинган ва социалистик тузум куч билан ўрнатилган мамлакатлар бирлашмаси тузилди. Совет коалиция (бирлашма)сига кирган мамлакатларнинг ҳаммасиям диктатурани кўтара олмади: 1948 йилда блокдан Югославия, 1960 йилда эса Албания чиқиб кетди.

 

Босиб олинган, совет доҳийлари таҳқирлагандай Германия демократик республикаси (ГДР), деб аташадиган Шарқий Германия ичида СССРнинг Гитлерга қарши урушдаги собиқ иттифоқчилари томонидан назорат қилинадиган Ғарбий Берлин анклави бор эди. Совет Берлини аҳолиси Ғарбга қочишга ҳаракат қилаётгани сабабли энди улар иттифоқчи бўлишдан воз кечишди. Шунда Кремль хандақлар, тиконли симлар, вишка (мезана)лар, учли темир қозиқлар ва қумдан назорат-из йўлаклар билан яхши мустаҳкамланган, узунлиги 106 километр ва баланлиги 3,6 метрли инженерлик иншаотлари бўлган девор қуришга қарор қилди. Узунлиги 127,5 км бўлган сигнализацияли тўсиқ электр кучланишига уланган эди.

Берлин девори қурилмасдан илгари ГДРдан 207 мингдан ортиқ одам, асосан ёшлар ва малакали мутахассислар, чиқиб кетди. Бироқ кейин ҳам, девор оша кўп одамлар қочишга уринишди, 1961 йил 13 августидан 1989 йил 9 ноябрига қадар эса қочмоқчи бўлган 645 одам ўлди. ГДР ва Ғарбий Берлин орасидаги чегара ўтадиган Бернауэр-штрассе кўчасида Берлин девори қурбонлари хотираси мемориали жойлашган.

СССРнинг, энди эса Россиянинг ҳарбий ёрдами сифатини аниқлашнинг жуда оддий усули бор – ўша давлат иқтисоди ва унинг Россия қурган янги “деворлари” ортида яшовчи одамларнинг ижтимоий шароитини баҳолаш етарлидир. Айтиш керак-ки, СССР қурол берган ва унинг урушларида қатнашган бирорта мамлакат ривожланган мамлакатга айланмади, улар ҳанузгача учинчи дунё мамлакатлари рўйхатининг охирида судралиб юришибди.

Олег Панфилов, Грузия давлат Илия университети профессори, Москова экстремал журналистика маркази асосчиси ва директори (2000-2010)

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s