ТЎТИҚУШ СИЁСАТЧИ


          

Талиб Якубов

Талиб Якубов

    Толиб  ЁҚУБОВ

 

Тўтиқушнинг гапирганини, булбулнинг сайраганини эшмиганмисиз? Уларнинг оҳанги, “сўз” бойлигини таққослаганмисиз? Қайсидан роҳатлангансиз? Тўғри, тўтиқушда “сўз” бойлиги жуда чегараланган – у ўрганган ва “ёдида қолган” 3-4 та сўзни такрорлагани-такрорлаган. Ўшандаям жуда диққат қилсангиз тушунасиз, чунки тўтининг гапириши касалнинг ғулдирашидан фарқ қилмайди. Касал ғулдирашининг мазмунини тажрибали шифокорлар ёки психологлар илғаб олишади, тўти нимани “айтаётганини” тўти боқилаётган оила аъзолари англайдилар, чунки улар унинг “гапини” ҳар куни ўнлаб марта эшитадилар. Булбул “гапирмайди” – у куйлайди. Унинг куйини тушунмаган одамни мен шу пайтга қадар кўрмаганман. Булбул тўтига ўхшаб 3-4 тагина “сўз” (куй) билан чегараланмайди – у тинимсиз рангба-ранг куйлар “тўқийди”.

Тўтиқушини қафасга солиб чойхонасига илиб қўйган чойхоначини биламан. Тўтиқушнинг 3-4 та “гапини” эшитавериб одамлар безор бўлишди ва охир-оқибат чойхоначига “Йўқот бу матоҳингни!” дейишди. Отам (раҳматлик) қишлоғимизнинг сўлим, катта ҳовузли боғида чойхона очдилар, ҳовуз атрофига икки қатор тол экдилар, уларнинг ёнига экилган атиргуллар толларга чирмашиб осмонга бўй чўзишди. Икки қатор толлар орасидаги кенг йўлакда 5-6 та калавот безатилган ҳолда турарди. Атроф тандирдай иссиқ бўлса-да, йўлак салқин бўларди. Бир кун ўзидан-ўзи булбулнинг куйи эшитилди. БУЛБУЛ КЕЛИБДИ !! БУЛБУЛ КУЙЛАРДИ !!! Бу янгилик Жиззах музофотига яшин тезлигида тарқалди – одамлар, булбул куйи шайдолари, чойхонага оқиб кела бошлади.

Сиёсатда ҳам шу. Бир сиёсатчи тўтиқушдай 3-4 та гапни чайнайверади ва, охир-оқибат, халқ назаридан қолиб кетади. Бошқа бир сиёсатчи халқнинг дардини яхши тушунади ва халққа халқ тилида гапиради. Халқ унинг нутқини булбул куйини эшитаётгандай тинглайди. Ислом Каримов ва Абдураҳим Пўлатовнинг ҳар куни айтаётган гапи тўтиқушникидай одамларнинг баъдига уриб кетди. Бири Тошкентдан туриб гапиради, бири Вашингтондан. Мен уларнинг гапларини таҳлил қилиб, ўбдон ўрганиб чиқдим. Иккаласи ҳам илгари, бир гапга тушса, соатлаб, тинмасдан гапирар эди. Бири парламент (Олий Мажлис) минбаридан туриб, бошқаларга гап бермай тинимсиз гапирса, иккинчиси Вашингтондан сафдошларига (хусусан, менга ҳам) телефон қиларди-да, тинимсиз гапирарди. Мас., Абдураҳим сафдоши билан 1,5 (бир ярим) соат гаплашган бўлса, ўзи камида 1 соат 20 минут, сафдоши эса 10 минут гапирарди, холос. Иккаласини ҳам эшитувчиларнинг фикри ва позицияси қизиқтирмас эди. Иккаласи ҳам эшитувчилардан кўпроқ, жадалроқ ва тинимсиз ишлашни талаб қилишарди. Иккаласи ҳам тингловчилардан “Шароитинг қандай, бирор камчилигинг борми?” деб сўрмасди. Жаҳли чиқса иккаласи ҳам тингловчини сўкар, ҳақоратлар эди.

Шундай бўлса-да, иккаласи ҳам қўрқоқ эди. Бирини ҳар куни тиш-тирноғигача қуролланган қорамаскалилар эскорт (кўпсонли машиналар тизими) ёрдамида уйидан ишга ёки ишдан уйига олиб боришса, иккинчиси эса … Иккинчиси 2005 йил апрель ойида кутилмаганда менга телефон қилиб қолди. Кутилмаганда, дейишимнинг маъноси шу-ки, мен Абдураҳим билан муносабатимни 2001 йил мартида тамоман узган эдим. Иккаламиз тахминан 45 минут гаплашдик – у 40 минут, мен эса 5 минут гапирдим. У тинимсиз менга ақл ўргатди, мен тишимни тишимга қўйиб эшитавердим. Бироқ кўнглимдан: “Сен шунчалик зукко ва ишчан бўлсанг, нега Ўзбекистонга келмайсан, биз сендан иш ўрганардик” деган фикр ўтиб турди. Охири чидамадим ва фикримни айтишга мажбур бўлдим. Абдураҳим бақира бошлади: “Сиз тарихий шахснинг ролини тушунмас экансиз! Мен борсам, мени ўлдиришади-ку!”. Мен ичимда кулдим – бизни эшитиб турган МХХ ходимлари қорнини ушлаб кулишаётган бўлса керак! Мен трубкани жойига қўйиб қўя қолдим.

Ислом Каримов гапини Ўзбекистонда иқтисод бениҳоя катта ютуқларга эришганидан бошлаб, “дунёда бизнинг ютуқларимизни кўра олмайдиганлар кўп” билан тугатар эди. Гаплари пойма-пой, бири иккинчисини инкор этувчи, “айтайлик”, “барака топкур” каби паразит сўзларга бой бўларди. У ҳар бир чиқишида “террорист”ларни эсламаслигининг иложи йўқ эди, бироқ ҳар қадамда учрайдиган давлат терроризми ҳақида бир оғиз ҳам гапирмасди. Олий Мажлис минбаридан туриб гапирганда баъзан бақирарди, баъзан “қарсаклар бўлмаяпти-ку!” деб депутатлардан қарсак чалишни талаб қиларди. Депутатлар ўлиб-тирилиб қарсак чала бошлашарди. Бу – Ислом Каримовга ёқарди. Бироқ, депутатларнинг бирортаси давлат бошлиғи уларни – халқ вакилларини – ахмоқ қилаётганини тушунмасди. Ислом Каримов ҳали ўзини тарихий шахс, деб эълон қилганича йўқ. Келажак авлод ҳам уни тарихий шахс сифатида тан олишига мен ишонмайман.

Абдураҳим ўзини тарихий шахс деб билар экан. Тарихий шахс, унинг фаолияти яхшиликка йўналганми, ёмонликка йўналганми – фарқи йўқ, давлат ёки инсоният тарихида улкан ижобий ёки салбий из қолдирган инсондир. Пайғамбаримиз (с.а.в.) сўзсиз тарихий шахсдир – салкам 1400 йилдан бери инсониятнинг катта бир қисми бу зот тарғиб қилган динни маҳкам ушлаб келаяпти. Чингизхон ва Амир Темур ҳам, гарчи улар юзминглаб одамларнинг ўлимига сабабчи бўлган бўлсалар-да, тарихий шахслар дея эътироф этилади. Бироқ Ўзбекистон Совет Социалистик Республикасини 20 йилдан ортиқ бошқарган жиззихлик Шароф Рашидов тарихий шахс эмас. “Абдураҳим тарихий шахсликка арзийдиган нима иш қилди?” деган савол қўйишга ҳам менинг тилим бормайди. У 1992 йил 20 декабрьдан то шу кунгача чет элда яшайди, унинг оёғи салкам 22 йилдан бери Ўзбекистон тупроғига теккан эмас. Уни 22 йилдан бери лақиллатиб келаётган Васила Иноятова унинг қулоғига “Сиз тарихий шахссиз” дея танбур чалаётган бўлса, у бечора ишониб қолган бўлиши мумкин.

Абдураҳимнинг тўтиқуш каби такрорлайдиган гаплари ушбулардир. “Ўзбекистонлик академик қозоғистонлик дворникдан кам ҳақ олади”; “Қозоғистоннинг ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) Ўзбекистон ЯИМидан 8 марта кўп”; “Қозоғистонда энг кам ойлик 700 доллар, Ўзбекистонда 80 доллар”; “Бир тўда қирғизлар ўзбекларни тириклай ёққанида, аёлларни зўрлаганда ҳамманг қисиб ўтирган эдинг”; “Биз ўзбек жамиятига диагноз қўйдик”; “Бирлик қорамолга айланган ўзбек халқини қорамолликдан олиб чиқади”; “Ўзбек зиёлиларининг катта қисми чўчқага айланган”; “Бирликка қўшилинг”; “Нью-Йорк фондлар биржаси “Ҳаракат”га қулоқ солиб, талвасадан қутилишга бошлади”. Тўтиқушга айланган бу сиёсатчининг илгари билган сиёсий билимлари ўрнини ана шу сийқаси чиқиб кетган гаплар эгаллади. Гўё, глобал ахборот тарқатиш тармоғи интернет узоқ қишлоқларгача етиб борган даврда унинг ахмоқона бу гапларини ҳеч ким билмагандай! ЯИМ, иш ҳақи, фондлар биржаларининг рейтинги даражаси ва бошқа иқтисодий кўрсаткичларни ҳар куни минглаб экспертлар таҳлил қилиб ётишибди – уларнинг тарқатаётган маълумотларини интернет “шесть секундда” олдингизга тахлаб қўяди.

Ислом Каримов ҳам, Абдураҳим Пўлатов ҳам қаришди – илгаригидай шижоат йўқ. Бироқ, икки сиёсатчининг бири, Ўзбекистон қонунларини беҳаёларча бузиб салкам чорак аср президент курсисида ўтиргани, президентликни яна давом эттиришга тайёргарлик кўрмоқда, 22 йил ташқарида яшаган иккинчиси эса бундан буён бу лавозимга ҳеч қачон кела олмаслигини тушунди. Партияси ҳам барбод бўлди. У партиясининг 2003 йилдан кейин, йиллар давомида айтиб келаётган, қурултойини ҳам ўюштира олмади – аъзолар йўқ. У илгари икки гапининг бирида “Биз Ўзбекистон қонунлари доирасида сиёсий фаолиятимизни олиб бораверамиз” дерди. МАЪНОСИ: илгари (2007 йилгача) президентлик ёки депутатлик лавозимига фақат сиёсий партия номидангина эмас, балки сайловчиларнинг маълум бир қисмининг ташаббус гуруҳи орқали ҳам номзод қўйиш мумкин эди. 2007 йилда Ислом Каримов бу имкониятни ҳам йўққа чиқарди (бекор қилди), яъни “Мана сенга!” дегандай Абдураҳимга уч бармоқдан иборат бир фигурани кўрсатди. Шундан бери Абдураҳим президентлик ҳақида ҳам, мамлакатдаги мавжуд қонунчилик ҳақида ҳам гапирмай қўйди. Нима қилиш керак? Бир пайтлар (1991 йилда) президент бўлишига 100% ишонган Абдураҳим сиёсий саҳнадан “бор-э!” деб кетолмайди-ку! Яккаланиб қолган “лидер” ўзини бирор нарса билан овутиши керак-ку!

Нима билан ўзини овутиши лозимлиги устида Абдураҳим қанча вақт бош қотиргани менга қоронғу. “53-54-чи лақабини олган Салой Мадамин” иборасини чайнаш иш бермай қолди. У қаердандир “ҳаромий” сўзини топиб олди ва уни жазава билан собиқ бирликчиларга нисбатан ишлата бошлади. Филология фанлари доктори, профессор, хоразмлик Ботир Норбоев, ҳозирги замон буюк ўзбек шоири сирдарёлик Ёдгор Обид, “Бирлик”нинг Тошкент вилояти бўлимининг раиси каттақўрғонлик Ҳазратқул Худойберди, “Бирлик”нинг Наманган вилояти бўлимининг раиси Носир Зокир, “Бирлик”нинг шаклланишида катта ҳисса қўшган зарафшонлик Баҳром Ҳамроев, “Бирлик” учун жон куйдирган қўқонлик Исмоил Дадажонов ва бошқа кўпгина бирликчиларни Абдураҳим “ҳаромий” деб атайбошлади. Шу кеча-ю кундузда у мени ҳам “ҳаромий” деб Фейсбук саҳифасида ёзибди.

Бир нарсага эътибор беринг. Абдураҳим ўтган-кетганга “Бирликка қўшилинг” деб ялинади. Шу пайтнинг ўзида у “Бирлик”ни “Бирлик” қилган одамларни “ҳаромий” деб ҳақорат қилади. Оддий, бироқ табиий савол туғилади:  Абдураҳимнинг ҳақоратлари “Бирлик”га ва ўзига  одамларда ҳурматни кучайтирадими? АСЛО!!! Абдураҳимнинг ҳақоратига дучор бўлган одамларнинг кўнгидан ўтадиган энг оддий гап “Бетинг қурсин, ифлос!” бўлиши мумкин, холос. Шу оддий саволни кўп илмий даргоҳларни кўрган олим одам ўз-ўзига бериши керакми-йўқми? Бериши шарт! Қай ҳолда у ўз-ўзига шу оддий саволни бера олади? Агар бу одам ақлан соғлом бўлсагина! У ҳолда унинг мия фаолиятига қандай диагноз қўйиш керак? Абдураҳимнинг ТОМИ КЕТГАН, дейиш тўғри диагноз бўлади!!!

Нега Ислом Каримов истаган депутатни, вазирни, милиция бошлиғини ёки бошқа мулозимни ҳақоратлаши ва калтаклаши мумкин? Жавоб оддий – у яккаҳокимликка асосланган ҳокимиятни қўлида ушлаб турибди, ҳақоратланаётган ва калтакланаётган мулозим қўл кўтарса, эшик ортида қуролланган барваста йигитлар, нарироқда МХХ ва прокуратура ходимлари кутиб турганини билади. Салкам чорак аср давомида Ислом Каримовнинг ҳақорати ва калтаклашларига бирорта одам дафу-жавоб қилолган эмас. Ислом Каримов, Шавкат Мирзиёев ёки Сайфутдин Исмоиловни қўяверинг, оддий туман ҳокими одамларни кўпчилик кўзи ўнгида ҳақоратлайди ва калтаклайди! Орқасида куч бор! Тўғрироғи, олдида прокурор, милиция бошлиғи ва ўнлаб милиция ходимлари туради. Сиёсий тузум шунақа. Абдураҳимнинг орқасида эса шимилдириқ ҳам йўқ. У Вашингтондан туриб ўзининг сайти ва Фейсбук орқали одамларни ҳақорат қилади. У кўчада оддий ўзбекни ҳақорат қилса тумшуғига мушт тушишини яхши билади. Ўзбекистонда эса инчунун – уни ўлдириб қўйишлари ҳам мумкин.

Абдураҳим қатор йиллардан бери “Бирлик” менинг раҳбарлигимда, менинг шок терапиям ёрдамида ўзбекларни қорамолликдан олиб чиқади” деб келаяпти. Такрорлайман, қатор йиллардан бери! Бироқ мен бирор ўзбек “Мен қорамол эдим, Абдураҳим ва “Бирлик”нинг саъй-ҳаракати билан ҳозир нормал одамга айландим” деганини эшитмадим. “Бетинг қурсин!” деганлар эса ҳар қадамда учрайди. Абдураҳим ҳозир 70 ёшда, унинг ҳаётий сок (шарбат)лари нафақат миясидан, балки танасидан ҳам кета бошлади. Яна қанча умри қолганини Аллоҳдан бошқа ҳеч ким билмайди. Борган сари танасидан куч, кўзидан нур, умридан кун кетаверади. Ўзбеклар эса ўзидан кўпайиб, тўй-тамошосини қилиб юришибди. 30 миллион ўзбек! Ўзбеклар, бошқа халқлар каби, ўз ривожланишининг эволюцион йўлидан кетаверади. Аксинча, Абдураҳимнинг ўзи кундан-кун қорамолга, чўчқага айланиб бораяпти. Томи кетганликнинг яна битта белгиси бу.

Абдураҳим Марказий Осиёда, хусусан Ўзбекистонда, даҳшатли уруш бўлишини ва унда камида миллион одам ўлишини башорат қилмоқда. Кузатилишича, сиёсий саҳнадан улоқтирилган баъзи сиёсатчилар башоратчига айланишади. Йўқ, уларда кутилмаганда башоратчи қобилияти очилиб кетганидан эмас, иложсизликдан башорат қилиш йўлига ўтадилар. Башорат қанча даҳшатли бўлса одамлар унга шунча чуқур ишонади, ваҳимага тушади, йўлдан адашади, башоратчи атрофида тўплана бошлайди. Абдураҳим ана шундай қаллоблик йўлига ўтди. У 2013 йил 8 июльда Ҳаракат сайтида ўзининг “Ўзбек қайтадан миллат бўлиш йўлида ўн минглаб, Марказий Осиёдаги мавқесини тиклаш йўлида эса юз минглаб, балки, миллионлаб қурбон беришга маҳкум” номли ахмоқона мақоласини чоп этди. Бу мақолага бўлган менинг муносабатимни қуйидаги линкда ўқиш мумкин:

https://huquqolami.wordpress.com/2013/07/14/%D1%82%D0%BE%D0%BC%D0%B8-%D0%BA%D0%B5%D1%82%D0%B3%D0%B0%D0%BD%D0%B3%D0%B0-%D1%9E%D1%85%D1%88%D0%B0%D0%B9%D0%BB%D0%B8/#more-1029

Мен мақоламнинг бош қисмини келтирмоқчиман. Мана у: (Парча): Дунёдаги бирорта давлат Конституциясида урушга, қирғинга даъват қилиш, чорлаш ёзилмаган бўлса керак, аксинча бундай қусур қораланади ва тақиқланади.  Мен атайлаб, балки унда урушга даъват қилиш олқишланганмикин, дея Ўзбекистон Конституциясига қарадим. Йўқ, унинг 57-моддасида урушга чорлаш тақиқланган экан. (Парча тугади).

 

Абдураҳим бундай ёзади: (Парча):

“Уйқусини йўқотган пода қайтадан миллат бўлиш учун ҳаракат бошлаши муқаррар. Бу ҳаракат натижасида чўчқаларга айланган ҳозирги зиёлилар подасининг катта қисми жисмонан йўқ қилинади. Бўладиган воқеаларни ички уруш деймизми, фуқаролар уруши деймизми, фарқи кам, муҳим бўлгани, бу қонли жараёнлардан қочиб бўлмаслигидир”. (Парча тугади).

Эътибор қилинг – Абдураҳим ўзбек зиёлилари (олимлар, ўқитувчилар, инженерлар, врачлар, шоиру-ёзувчилар ва ҳ.)нинг катта қисми бўлажак қирғинда жисмонан йўқ қилиниши (яъни, ўлдирилиши)ни башорат ва тарғиб қилмоқда. Даҳшат! Юқорида айтилган фикримни яна такрорлайман: Башорат қанча даҳшатли бўлса одамлар унга шунча чуқур ишонишади, ваҳимага тушишади, йўлдан адашишади, башоратчи атрофида тўплана бошлайди. Абдураҳим ана шундай қаллоблик йўлига ўтди.

 

Ўзини, ўз Конституцияси ва қонунларини ҳурмат қилган ҳар қандай сиёсий тузум (ҳукумат)нинг қонунлар бажарилишини назорат қилувчи бош органи бўлган прокуратураси урушни ва оммавий қирғинни тарғиб қилаётган шахсга нисбатан дарҳол жиноий ишюритуви қўзғаши, агар жиноий иш фигуранти чет давлатда яшаётган бўлса, прокуратура ўша давлат прокуратурасига мурожаат қилиши керак. Ислом Каримов ва Абдураҳим Пўлатов деярли бир хил одам бўлгани сабабли Ўзбекистон прокуратураси Абдураҳимнинг бу провакацион мақоласига эътибор ҳам қилмади. Эътибор қилмагани табиий – Олий Мажлис депутатлари олдида чиқиш қилган Ислом Каримовнинг “Мингта одамнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун менинг ўзим юзта террористни пешонасидан отиб ташлашга тайёрман” деган “тарихий” гапини эслаш кифоя.

 

Тўтиқушнинг “гапи” зерикарли, тезда одамнинг баъдига уради, бироқ уни ҳам севадиган одамлар бўлади ва, ҳатто, уни асраб-авайлаб боқишади. Сиёсатда ҳам шу – Абдураҳимга ўхшаган оғзи сассиқ сиёсатчиларнинг сассиқ гапини “Абдураҳим Пўлатовнинг гапи қўпол бўлса ҳам, у бор гапни дангал айтиб қўяқолар экан” деб изоҳлаганлар ҳам бор экан. Беш панжа баробар эмас. Шунинг учун ҳам бундай одамлар ҳақоратни қўполлик деб аташади. “Ўзбек зиёлилари чўчқага айланган” дейиш қўполлик эмас, бориб турган ҳақоратдир. “Қорамолга айланган ўзбек халқи” – бу қўполлик эмас, бутун бошли халқни ҳақоратлашдир. Бир одамнинг тўтиси ким хонага кирса уни “Ты дурак” (Сен ахмоқсан) деб кутиб олар экан. Бир куни жаҳлдорроқ бир одамга бу ёқмабди ва у шартта тўтининг калласини узиб ташлабди. Сиёсатда ҳам шу – сиёсатчининг ҳам калласини узиб ташлари мумкин – бу тарихда кўп кузатилган.

 

 

 

 

 

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s