КУНИ ЎТМАЁТГАН ЛИДЕР


Толиб ЁҚУБОВ

 

АБДУРАҲИМ ПЎЛАТОВ НЕГА ҚОПИБ ГАПИРАДИЁЛҒИЗЛАНИБ ҚОЛГАН “ЛИДЕР”

КУНИНИНГ ЎТИШИ ҚИЙИН БЎЛАЯПТИ

 

              www.harakat.йўқ сайтида бугун, 2014 йил 1 ноябрь куни, Кечагина ўткан кунларимиз: Шавкат Рўзимуродов – “Толиб ака Шовруқнинг руҳига хиёнат қилмасин” (“Ҳаракат” сайтида 2008 йил 3 март куни эълон қилинган хабар) номли эски хабар чоп этилибди. Хабар ости хатида менинг “забун ҳолим” [бу – ҳақиқат] ва “мухолифат…нинг дарғаларидан бири” бўлганлигим [бу – баҳсталаб] эслатилганидан ташқари “..сафдошларига туҳмат қилиш даражасида тубан кетгани..” дея менга битта тошча ҳам отиб қўйилибди.  Мухолифатнинг буюк дарғаси, мухолифат “лидери” Абдураҳим Пўлатов тўсатдан Толиб Ёқубовни эслаб қолгани мени ҳайратлантирди. Мен-ку қаридим, ахволим забун, “ана кетди, мана кетди” бўлиб турибман, яъни оила аъзоларимдан бошқа мен билан қизиқадиган бирорта одам қолмаган бир пайтда нега мен бирдан Абдураҳимнинг эсига тушганим ажабланарли. Ғийбат қиламан деса, ана, ёш ва кучга тўлган Баҳодир Чориев бор, Муҳаммад Солиҳ ҳам мендан анча ёш ва ахволи забун эмас, Ҳазратқул Худойберди эса нафақат мухолифат дарғаларининг бири бўлган, ҳозир ҳам бор кучини Ўзбекистондаги жиноят ботқоғига ботиб кетган сиёсий тузумга қарши курашга сарфлаяпти. Абдураҳим ўз вақтида бу инсонларга миллион марта осилган, бироқ улар лайчага эътибор қилишгани йўқ.

Мен бунинг сабабини, яъни нега Абдураҳим бугун мен…га осилганини биламан, бироқ марҳум дўстимиз, Ўзбекистон Олий Мажлисининг собиқ дерутати, Бирлик халқ ҳаракати ва Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти ташкилотларининг Қашқадарё вилояти бўйича раиси Шавриқ Рўзимуродовнинг ўлими билан боғлиқ баъзи нарсаларни муҳтарам ўқувчига эслатиб қўймоқчиман. Шавриқ 2001 йил 15 июнь куни Яккабоғ тумани (Қашқадарё вилояти)да, кўчада, жума номозига кетаётганида қамоққа олинган. Бир кун ўтгач, уни Тошкентга олиб кетишган, ўлигини эса 7 июль куни қип-ялонғоч ҳолда, катта кигизга ўралган ҳолда, юк машинасида туман ҳокими бошчилигида бир неча одам олиб келишиб оиласига топширишган.  Бу машъум ўлимга ким қандай муносабатда бўлгани муҳим. Бирликдан бирор одам унинг кўмиш дафнига бормади. Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятидан мен, Бахтиёр Ҳамраев, Собитхон Устабоев ва менинг ўғлим Олим Ёқубов 7 июльдан 8 июльга ўтар кечаси дафнга етиб бориш учун жўнадик. Етиб бора олмадик. Бизни Яккабоғ туманида қамоққа олишди ва милиция ходимлари минган икки машина назорати остида орқага қайтаришди (Самарқанд вилояти чегарасигача кузатиб боришди).

У пайтда Абдураҳим www.birlik.йўқ   сайтини юргизар эди. Шавриқ вафотидан бир неча кун ўтгандан кейин шу сайтнинг ўнг тепа бурчагида “Бирлик Шавриқ Рўзимуродов ўлими муносабати билан Ислом Каримов ва Зокир Алматовни халқаро судга тортади” деган ёзув чиқди. Бу ёзув 2-3 йилдан кейин ўз-ўзидан йўқ бўлди. Шавриқ ўлимининг дастлабки кунларида Абдураҳим ўз сайтида “Бундан буён Бирлик Шавриқ Рўзимуродов оиласига ҳар ойда 50 доллар пул жўнатиб туради” деб ёзди. Ҳақиқатан, Бириликнинг Бош котиби Васила Иноятова Бирликнинг пулидан Шавриқнинг оиласига ҳар ойда 50 доллар пул жўнатиб турган. Бироқ менинг Шавриқ оиласи билан алоқам дарров узилиб кетган эмас эди –  Шавриқнинг акаси Шавкат Рўзимуродовнинг ўғли менинг Тошкентдаги уйимга келиб турарди. Бир сафар мен амакисининг оиласига Бирлик томонидан пул берилаётгани-йўқлиги билан қизиқдим ва у 3-4 ойдан кейин берилмай қўйганини айтди. Менинг Абдураҳим билан алоқам 2001 йил март ойида мен АҚШга борганимда унинг ҳақоратлари туфайли узилиб кетди – бу Анвар Усмонов, Исмоил Дадажонов, Абдураҳимнинг укаси Абдумажид Пўлатовлар тасдиқлашлари мумкин. 2002 йил 19 май куни мен баёнот бериб Бирликни тарк этдим. Шундан кейин Абдураҳимнинг менга нисбатан ҳужуми кучайгандан кучаяверди. У кўп масалаларда менга нисбатан очиқдан-очиқ тўҳмат қилиш йўлига ўтди.

Мен бир мақоламда Абдураҳим Шавриқ ўлимидан кейин оммага тарқатган икки ваъдаси устидан чиқмаганини ёздим ва мақолани интернетга қўйдим. Бундан жазавага тушган Абдураҳим Василани зудлик билан Яккабоғга бориш ва Шавриқнинг яқинларидан “опровержение” ёздириб келишга ундаган. “Опровержение”ни Шавкат Рўзимуродов ёзиб берган ва у дарҳол Абдураҳим томондан сайтга чиқарилди. 2004 (ёки 2005 ?) йили мен ва Искандар Худойберганов Шавриқ Рўзимуродов оиласи ва оғир касалланган Асадулла Ортиқовдан хабар олиш учун Яккабоғга бордик. Бирлик пул беришни аллақачон тўхтатганини Шавриқнинг аёли тасдиқлади. Искандар ака иккаламиз баҳоли-қудрат ёнимиздаги бор пулдан Шавриқнинг оиласига ёрдам беришга келишган эдик – мен 20.000 (йигирма минг)сўм, Искандар ака эса 100 (юз) доллар бердик. Бизнинг ёрдамимиз шу бўлган, холос. Ўзини ўзбек мухолифатининг “лидериман” деб юрган Абдураҳим ўзининг икки ваъдасини ҳам бажармади: 1) И.Каримов ва З.Алматовни на халқаро судга берди; 2)  на Шавриқ Рўзимуродов оиласига моддий ёрдам берди.

Биринчи масалани у принципиал қила олмас эди, чунки (а): прокуратура ва Ички ишлар вазирлиги мутахассислари “Шавриқ Рўзимуродов содир этган жиноятларидан афсусланиб, номусдан камерада ўзини-ўзи осди” деган версияни тарқатишди ва, ўз-ўзидан маълум, мукаммал қилиб ҳужжатлар тайёрлаб қўйишган; (б): Ўзбекистон ҳанузгача Халқаро Жиноий Суди (ХЖС) юрисдикциясини қабул қилган эмас ва Ўзбекистонда давлат мулозимлари томонидан содир этилган жиноят қанчалик оғир бўлмасин ХЖС ҳукумат устидан берилган шикоятни қабул қилмайди. Андижон воқеалари буни тасдиқлайди. Юридик саводсиз Абдураҳимга кимдир кейинроқ тушунтирган бўлса керак – у сайтидан “Бирлик Шавриқ Рўзимуродов ўлими муносабати билан Ислом Каримов ва Зокир Алматовни халқаро судга тортади” деган ёзувни олиб ташлади. Иккинчи масалага ҳам икки сабабга кўра унинг тиши ўтмас эди: (А):  Васила Иноятовага 100% эмас, 200% ишонадиган Абдураҳим унинг қанчалик юҳо эканини кўз олдига ҳам келтира олмаса керак – Васила Иноятовами ўлиб кетган Шавриқнинг оиласига йилига 600 доллар пул берадиган? Кўзингни оч “лидер”, акс ҳолда яқинда у ўзингни ҳам ютиб юборади! (Б):  Абдураҳим сайтида хайрия саҳифасини очган ва ҳар бир ўтган-кетганга “озроқ ташлаб кетинглар” деб ялинади. У 50 доллар эмас, биров унга 10 доллар хайрия қилса ҳам, ўшанга хурсанд.

 

Яна бошдаги саволга қайтаман: Нега Абдураҳим 2014 йил 1 ноябрь куни ўзидан-ўзи менга осилиб қолди? 2014 йил 21 сентябрьдан 2 октябрьгача Варшавада Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) нинг йиллик халқаро йиғилиши бўлди. Бу йиғилишга Тошкентдан Васила Иноятова ҳам келган. Йиғилиш тугагач, у Тошкентга қайтмай, негадир Парижга келган ва бир неча кун у Мўътабар Тожибоеванинг уйида турган. Шу кунларнинг бирида Мўътабар менга қўнғироқ қилди ва уйида Тошкентдан меҳмон борлигини айтди. Мен, табиий, меҳмоннинг кимлиги билан қизиқдим. У Васила эканини айтгач, мен бир неча жумла оғирроқ гаплар айтдим. Мўътабар овозини пастлатиб “Секинроқ гапиринг, Васила опа шу ерда ўтирибди” деди ва “Васила опа сизникига мен билан бормоқчи”, деди. Мен кескин равишда “Келмасин, келса мен уни уйимга киритмайман” дедим. Мен Василанинг кимлигини 90-чи йиллар охирида англаганман ва алоқани тамоман узганман. Ўшандан кейин камида 15-16 йил ўтди, мен у билан ҳатто саломлашганим ҳам йўқ. Нега у тўсатдан мени кўргиси келиб қолди? Мен ахволи забун бўлган одамман-ку, нима қилади у менинг олдимда?

Менинг ахволим забун бўлса-да (мен буни тан оламан!), мен Ўзбекистондаги мустабид тузумга қарши курашни тўхтатганим йўқ. Отам мулла Ёқуб (раҳматлик) бир хадисни тез-тез такрорлаб турардилар: бирор одам бошқа одамга зулм қилаётганини кўрсанг, уни қўлинг билан тўхтат, қўлинг билан тўхтатишга имкониятинг бўлмаса, тилинг билан тўхтат, тилинг билан ҳам тўхтата олмасанг, дилингда ўша зулмга қарши нафрат билдир! Ўзбекистонда ҳар куни, ҳар соатда, ҳар сонияда ҳукумат одамларни жабрлаяпти. Хусусан, менинг бегуноҳ куёвим Азам Фармонов 2006 йил 29 апрельдан бери қамоқда, шундан 8 йил-у 3 ойни Жаслиқ қамоқхонасида ўтказмоқда. Яқинда шу қамоқхона қошидага МХХ идораси ходими Азамжонни чақириб камида бир соат гаплашибди ва “Ўзинг биласан-ку нима учун қамалганингни, нима учун Жаслиқда ўтирганингни, сен қайнотангнинг фаолияти учун ўтирибсан-ку” дебди. Шу пайтгача 8 марта амнистия ўтди, бироқ Азамжонга улар бирор марта ҳам қўлланилмади. Мурод Жўраев, Самандар Қўқонов, Рустам Усмонов каби ўнлаб маҳбуслар салкам 20 йилдан бери қамоқда қолмоқда. Табиий, мен уларга, хусусан куёвимга, қўл билан ёрдам бера олмайман, бироқ, Худога шукр, ҳали тилдан қолганим йўқ – кучим етганча мақолалар ёзаяпман, уларни тарқатаяпман. Ҳар бир ёзган мақоламни президент матбуот маркази э-майлига ҳам юбораман. “Бу аблаҳ ҳалиям тирикми? Ёки унинг номидан бошқа бировлар ёзаяптимикин? Биттаси бориб кўриб келсин, Васила Иноятовага ўхшаганлар!” деган бўлишлари мумкинми? Мумкин! Мен Васила Иноятовани қабул қилмадим.

Менинг бу ҳатти-ҳаракатим Абдураҳимга етиб бормайдими? Дарров етиб боради! Яккаланиб қолган у бечора нима қилсин? Кун ўтиши қийин-ку! Дарров компьютерини ковлаган ва … 6 йил илгари ёзилган ғийбатдан бошқа нарса топа олмаган. Ўшани ўзининг www.harakat.йўқ  сайтига қўйиб қўяқолган.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s