Россия урушга тайёрланмоқда


Юрий Фельштинский

Андрей ШАРИЙ

07.07.2014

АҚШда яшовчи тарихчи Юрий Фельштинский Александр Литвиненко билан ҳаммуаллифликда ёзган » ФСБ Россияни портлатаяпти « номли китоби чоп этилгач, Россияда Владимир Путин шакллантирган сиёсий системанинг кучли танқидчиси сифатида тан олинди. 1999 йилда одамлар яшайдиган уйларнинг портлатилиши сабаблари тергов қилингандан кейин юзага келган мавзуни Фельштинский ўзининг сиёсатшунос Владимир Прибиловский билан ҳаммуаллифликда ёзган «Корпорация: президент Путин давридаги Россия ва КГБ» номли навбатдаги асарида ривожлантирди.

Свобода (Озодлик) Радиосига берган интервьюсида Юрий Фельштинский Украинада кейинги ярим йил ичида содир бўлган воқеалар Путин режими характерига қандай таъсир кўрсатди, деган саволга жавоб берди: 

– Ҳеч бўлмаганда мартдан бошлаб кузатилаётган сиёсий ҳатти-ҳаракатлар ташаббуси, улар қандай аталишидан қатъий назар – агрессиями ёки озод қилиш миссиясими – Россия томонидан бўлди. Дунёнинг бошқа қисми эса титраб-қақшаб Москванинг бу ҳатти-ҳаракатига қандай ёндошиш кераклигини тушунишга ҳаракат қилаяпти. Биз ҳозир дуч келган нарсани Европа 1945 йилдан бери кўрмаган, яъни Европанинг бирор давлати қўшниси ҳудудининг бир қисмини босиб олишидек вазиятни Европа аллақачон унутиб юборган. Барча бу воқеалар Путин режимининг ўзига қандай таъсир этди? Биринчи навбатда – йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳаракатлар планкаси анча юқорилади. Биз илгари глобал (оламшумул)дай кўринган Россия муаммоларига ҳозир Россия сиёсатининг бутун дунёга нисбатан жиддий ўзгариши билан боғлиқ бўлган майда-чуйда нарсаларга қарагандай қарамоқдамиз.

1989 йилдан бошлаб, айниқса 1991 йилдан кейин Россия цивилизациялашган (ривожланган, маданийлашган) дунё томон стратегик ўгирилди. Ҳечам цивилизациялашган деб айтиб бўлмайдиган Горбачёв қўл остидаги Совет Иттифоқи, ундан кейин эса Россия Европа томон ўгирилди ва Европа цивилизациясининг бир қисмига айланишга ҳаракат қилди. Бу давр – турли шартлар, тўхташлар, жанжаллар билан бўлса-да, тахминан 2000 йилгача давом этди ва Россия барибир ўзини Европа цивилизациясининг бир қисмидай кўрди. 2000 йилдан кейин менга ўхшаган скептик (гумон билан қаровчи)лар Россия давлати тепасига КГБ (Давлат хавфсизлиги комитети)нинг собиқ мулозими келгани муносабати билан бонг ура бошлашди. Бу скептик баҳолар ҳақиқат бўлиб чиқди. Бундан-да ёмони – улар қандайдир маънода пасайтирилган ҳақиқат эканлиги билинди, реаллик эса энг ёмон хавфсирашдан ҳам ёмон бўлиб чиқди. Энди Путин Европа ва АҚШ билан унинг учун табиий бўлган тилда гаплашишда ўзига эрк бера бошлади. Афсус-ки, бу тил билими кучли бўлмаган КГБ зобитининг тили эди.

Бугун Путин ўз олдига Европа мамлакатлари ва цивилизациялашган дунё лидерлари билан бир стол атрофида ўтириш масаласини қўяётгани йўқ. Унинг вазифаси – бутун дунё билан куч позициясида туриб гаплашишга айланди ва шу маънода Путинга демократик лидерлар давраси аъзоси бўлиб қоладими-йўқми – бунинг унга қизиғи йўқ. Тушунарли-ки, гап очиқ, глобал уруш ҳақида бормаётган пайтда улар Путин билан учрашаверадилар, гаплашаверадилар, бироқ Россия лидерини бир-бирига табассум билан қараб гаплашадиган лидерлар даврасига энди, албатта, қўшмайдилар. Шу маънода, афсус-ки, Путиннинг йўқотадиган нарсаси йўқ. Энди у Европа ва АҚШ билан ўзи учун табиий бўлган тилда гаплашишда ўзига эрк бериши мумкин. Афсус-ки, бу тил билими кучли бўлмаган КГБ зобитининг тилидир.

– Агар шундай бўлса, айтингчи, Россия сиёсатидаги стратегик ўзгаришда нима асосий рольни ўйнади?Украина инқирози – бу Кремль зодагонларининг қўшни мамлакатда бўлаётган воқеалар ривожига бўлган вазият эътиборими ёки бу кўпроқ Путин режимининг мутацияси (), ўзгаришининг мантиқий натижасими?

– Биринчидан, биз Россиядаги зодагонларни унутишимиз керак. 2004 йилдан олдин Россияда зодагонларнинг янги синфи шаклланди, , ва бу зодагонлар ҳарҳолда, яхшими-ёмонми давлат бошқарувида қатнашишга алоқаси бўлган, дея гумонлаш мумкин эди. Ҳозир эса Россияда ҳеч қандай зодагонлар йўқлиги тушунарли бўлиб қолди. Ҳозир Россияда етарлича кучли қурилган ҳокимият вертикали мавжуд. 15 йиллик йўлнинг охирида Россияда бор нарса – диктатурадир. Бу сталинча кўринишдаги диктатура эмас, бу диктатура Гитлернинг дастлабки қадамлари пайтидаги ёки Муссолини давридаги фашистик кўринишдаги юмшоқроқ диктатурадир. Чегаралар очиқ бўлган шароитдаги диктатура – Сталин даврида чегаралар ёпиқ бўлган, бозор иқтисодиёти шароитидаги диктатура – Сталин даврида бозор иқтисодиётидан асар ҳам бўлмаган, концентрацион лагерьларсиз, оммавий сиёсий қатағонларсиз бўлади. Бироқ бу юмшоқ диктатура исталган пайтда қаттиқроқ биктатурага айланиши мумкин – жанр қонунларига қараб, албатта.

– Сиз фашизм ҳақида гапираётганингизда бу тушунчага қандай маъно юкламоқдасиз? Жамиятнинг корпоратив тузилишиними, унинг итальянча ташкилланишининг ички схемасиними ёки  ХХ-аср ўрталаридаги немислар мисолиними?

– Мен Муссолини ва Гитлер мисолини шунинг учун келтирдим-ки, жамиятни бошқариш бўйича улар тузган схема – фашизмнинг икки классик туридир. 2-чи жаҳон урушигача, у 1939-41 йиллардаги пассив формадан ўта актив ва даҳшатли формага ўтгангунча, кўпчилик етарлича асосли равишда фашизм – давлатни бошқаришнинг анча фойдали формаси, деб ҳисоблаганларини тушуниш керак. 1938-39 йилларда Германия кучли давлат, империя сифатида қайта тикланди, ва бундай ўзгариш немисларнинг катта кўпчилиги томонидан олқишланди. Сени ўлдиришни бошлаганларича, болаларинг ўла бошлаганларича, ғалаба билан якунланган кичик урушлар аҳоли томонидан ижобий баҳоланаверади – одам шундай яратилган. Ғалаба билан якунланган кичик урушлар PR-нуқтаи-назаридан Путинга батамом ғалабалар инъом этаётганига ажабланиш керак эмас. Бу – Италия ҳам, Германия ҳам ўтаган агрессия ва экспансия бошланғич даврининг ўзгинасидир. Шоҳзода Чарльз ва Америка стандарт (ўлчов)лари бўйича демократик, юмшоқ сиёсий лидер ҳисобланган Хиллари Клинтон Путинни Гитлерга ўхшатишаётган бўлса, ишонинг, бу гап нима ҳақида бораётганини Ғарб тушунаётганининг жиддий индикатори (белгиси)дир. Бу муаммо, тушунибми-тушунмайми, дунё томонидан ечилиши керак, чунки пайдо бўлишининг дастлабки давридаёқ бу муаммо ечилмаса (1938 йил давридагидек, дейлик), у ҳолда уни бир йилдан кейин 1939 йилдагидек, яна икки-уч йилдан кейин эса 1941 йилдагидек ечишга тўғри келади.

– Мен сизни Путин режими ривожланишининг ички мантиғи ҳақидаги масалага қайтармоқчиман… Мамлакатни ўзларига бўйсундириб олгач, улар тайёргарлик даврини тугатдилар. Энди янги давр бошланади: Россия бир пайтлар Совет Иттифоқи ёки Россия империясига кирган ҳудудларни ўзига қайтаришга ҳаракат қилмоқда. Шундайми?

– Россияни асосан ва юқори даражада ё  КГБнинг собиқ мулозимлари (Путин, Сергей Иванов, Виктор Иванов, Игорь Сечин каби), ёки ғоявий нуқтаи-назардан қўшилган (Рогозин каби), ёки дўстлик ришталари билан боғланган (Медведев каби) молиявий манфаат нуқтаи-назардан келиб чиққан одамлар бошқармоқда. Ўйлайман-ки, Россиянинг мавжуд режими фақат ҳозир, 2014 йилда, қўллаб-қувватлана бошланди, чунки улар охир-оқибат 1991 йилдан бери бўлган давр нима учун керак бўлганини тушундилар – уларнинг нуқтаи-назаридан бу давр, яъни Қримни аннексия (босиб олиш)дан бошланган янги давр, тайёргарлик даври бўлган. Ҳатто 2008 йилда бўлиб ўтган Россия-Грузия уруши бир томондан Россия армиясининг кучини, иккинчи томондан Россия ўз армиясини чегара ортида ишлатганига Ғарб қандай муносабат билдиришини «синаш тайёргарлиги» эди. Ғарбнинг позицияси «Ғарб бу уруш натижаларини қабул қиладими-йўқми?» деган саволга жавоб бўлиши керак эди. Ғарб Россия армиясига агрессив ҳаракатлар қилишга рухсат берди (мен бу гапни сиёсий, эмоционал, миллий қарашларимдан, Грузия абхазлар ва осетинлар масаласида қанчалик ҳақ ёки ноҳақ эканидан қатъий назар айтмоқдаман) – ва ҳеч нарса ўзгармади. Шундай қилиб, 2008 йилдан кейин Россия ва Европа ҳамда Россия ва АҚШ ўртасида ҳеч нарса ўзгармаганлиги Путин учун, албатта, ҳаракатни давом эттиравер, деган жиддий кўрсатма бўлди. Энди Украинанинг навбати келди.

Аниғи, Майдонда бўлган воқеалар, Януковичнинг қочиши бу жанжалга туртки бўлди. Бироқ мен мутлоқ аминман-ки, Кремльда қандайдир умумий стратегик режа бор, балки режамас, қандайдир фалсафий концепция бўлиши мумкин. Унинг мазмуни Кремльдаги одамлар ўзлариникиларнинг ҳам, чет элликларнинг ҳам иши ва гапига нега шунча йиллар чидагани, олигархлар томонидан камситилгани, демократларга табассум қилганини охир-оқибат тушунишганига бориб тақаларди. Мамлакатни ўзларига бўйсундириб бўлгач – Россия сиёсат нуқтаи-назаридан ҳам, иқтисод нуқтаи-назаридан ҳам, ҳокимиятга қарши тура оладиган эркин матбуот каби йўқ қилиш воситалари нуқтаи-назаридан ҳам бўйсундирилган эди – улар тайёрланиш даврини тугатишди. Энди янги давр бошланди: Россия қачонлардир Совет Иттифоқи ёки Россия империясига кирган ҳудудларни қайтариб олишга ҳаракат қилиши керак. Путин Қримга эгалик қилгандан кейин турли томонлардан, АҚШдан ҳам, Европадан ҳам, унга сигнал кела бошлади:  Қримни олиб биз тамоман тўхтаймиз, денг ва биз олдингидек яшайверамиз. Бироқ Путин бундай баёнот бермади – аксинча, у Новороссия, 1991 йилдаги тарихий адолатсизликни тузатиш ҳақида гапира бошлади. Шу сабабли, 2014 йилда бошланган жанжал жиддий ва узоққа чўзиладиган унсурдир.

Юрий Фельштинский

Бирорта ҳудудий муаммони (Қрим муаммосидан бошқа, чунки яриморолда Россиянинг кучли ҳарбий гарнизони турган эди ва ҳарбий масалалар нуқтаи-назаридан, умуман олганда, у ерда қилинадиган ишлар кўп эмас эди) тез ва қон тўкилишисиз ечиб бўлмайди – биз буни Луганск ва Донецк «халқ республикалари» мисолида кўриб турибмиз. Ўйлашимча, Путин Ғарб давлатларининг муносабати нуқтаи-назаридан вазиятни узоқ вақт таҳлил қилганидан, бир жиҳат унинг учун ўта муҳим бўлган. Бу – АҚШ президентининг позициясидир. Ўз вақтида президент Обама Афғанистон ва Ирақда бўлаётган икки урушни тўхтатиш учун ҳукуматга келган эди. Бу масалалар президент Обама учун бош масалалар эди, дейиш мумкин. У иккинчи муддатга қайта сайланганда, фикримча, Россиянинг ташқи сиёсий муаммоларини ечиш учун яна тўрт йил борлигини Путин тушунди. Чунки АҚШнинг кейинги президенти – у демократ бўлиши ёки республикачи бўлишидан қатъий назар – Россияга нисбатан сўзсиз қаттиқ позицияни эгаллайди.

– Тушунарли-ки, Қримни олиш каби операциялар режимнинг ички якдиллигини талаб қилади ва, иккинчи томондан, бундай операцияларнинг ўзи жамиятнинг сафарбарлик тайёр бўлишига олиб келади. Сизнинг фикрингизча. кейинги ярим йил ичида Путин режими ички кучайдими?

– Мен ҳеч қачон Путин режими тез қулайди, у ҳозир яшаётгандай узоқ яшамайди, Путиннинг сиёсий арбоб сифатидаги умри тугашига бир неча ой, узоғи билан бир йил қолди,  дегувчилардан бўлган эмасман. Мен ҳамма вақт Путин режими узоқ яшайди, деб ҳисоблаганман. Бироқ, ҳозир мен Путин айнан агрессив ташқи сиёсий ҳаракатлар бошлагани учун бу режим узоққа бормайди, деб ўйлайман. Тушунарли-ки, Путин режими ташқи босимсиз қуламайди, ташқи босим бўлиши мумкин эмаслиги ҳам тушунарли эди, чунки президенти, олдинги барча президентлар билан солиштирилганда, етарлича прогрессив (маърифатпарвар), Европапараст, АҚШпараст сиёсий арбоб бўлган Россияга босим ўтказишнинг нима ҳожати бор? Ғарб нуқтаи-назаридан Путин, албатта, ҳеч қачон демократ бўлган эмас, бироқ у гаплашиш мумкин бўлган мутлоқ нормал ҳамкор эди. Вақт ўтиши билан Россияда ҳокимият вертикали орқали, худди совет давридагидай, мамлакат аҳолиси Кремль ишларидан узиб қўйилган система яратилди. Бундай олиб қаралганда, Путин совет системасига қайтди – Россияни Кремль бошқаради, аҳолининг қолган қисми эса бу жараёнга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

Мен Украина тез таслим бўладиган кучсиз рақиб, деб ҳисоблашдан ўзимни тийган бўлардим. Новороссия деган нарсани кўз очиб юмганча ташкил қилиш ниятлари барбод бўлди.  «Тез» деган сўзни ҳам қўштирноққа олиш керак, чунки жаҳон урушларини ойлар форматида таҳлил қилинмайди, урушнинг ҳар бир куни кучлар жойлашувида жиддий стратегик ўзгаришларга олиб келмайди. Менинг кейинги ойларда ташқаридан туриб кузатишларимдан кўринаяпти-ки,  Россия бошлиқлари жуда кўп майда-майда қадамчалар ташламоқда, улар ягона глобал, стратегик йўналишни – мамлакат урушга тайёрланаётганини кўрсатмоқда. Бу уруш қандай кучлар ва талафотлар билан ўтказилишини биз ҳозир билмаймиз. Афсус-ки, Россияда эркин матбуот инструменти бўлмагани учун аҳолининг Путинга бўлган ҳақиқий муносабати қандай эканлигини ва нималар содир бўлаётганини билмаймиз. Ҳар қандай рақамни айтиш мумкин – 86 фоиз қўллаб-қувватлаш, 75 фоиз қўллаб-қувватлаш, бироқ бу рақамларга ишониб бўлмайди, дейди тарихчи Юрий Фельштинский.

Толиб ЁҚУБОВ  таржимаси

22 октябрь, 2014 йил;                     Франция

 

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s