Бирюлёво чегараси ортида


Георгий БОВТ

Georgiy BOVT

—             Сиз, руслар, энди барча келгиндилар, ранги бўлаклар, ўзгача қарашлар, ўзга маданиятларга ғазаб емираётгандай қарамоқдасиз. Сизнинг каллангизда Бирюлёво ўрнашиб олган. Сизларга нима бўлди?

—         Сен “сиз” демоқдасан. Сенинг ўзинг қаерликсан?

—         Москвада туғилганман, ўсганман, шу ерда мактабга борганман …   

Бу иккови телевизион ток-шоу (сўҳбат)ларда иштирок этишмайди. Бу маданият вазирлиги грантига суратга олинган ўзгача фикрга чидамлилик ҳақидаги кино ҳам эмас. Бошқаларга қулоқ солмай ўзининг “арзимас уч пулини” тикиш ва “ўзини намоён этиш” учун ток-шоуда бақириш удумга айланган. Булар қулоқ солишади, бироқ эшитишмайди. Ҳамма ҳам ҳақли, ҳам ҳақмас, ҳар қандай саволнинг жавоби аниқ бўлган бир пайтда мендан ёмон ҳакам йўқ. Наҳотки шундай саволларнинг вақти келган бўлса? Шундай диалоглар ошхоналарда кўпайиб бормоқда-ю, бироқ ҳамма нарса боши берк кўчага кириб қолганда улар натижасиз ҳамдир. Баъзида бу боши берк кўча деворидан туйнук очиб нурни, кенгликни ва эркинликни кўргинг келади. Девордан туйнук очишга бизнинг кучимиз етмайдими?

— Ҳа. Мен шу ерда туғилганман ва ўсганман. Бироқ ҳеч қачон менга, бегоналигим афтимдан аниқ билиниб турган одамга метрода, йўл транспортида, магазинларда бунчалик кўп ишонқирамай ёмонқараш қилишган эмас. “Мент”ларни кўрганимда, улар эринчоқлик билан, уёққа-буёққа қийшайиб: “Ҳужжатларингизни кўрсак бўладими?” деганларида мен ҳеч қачон бунчалик ўзимни ноқулай сезмаганман. Паспортимда доимий Москва пропискасини кўришиб, ҳафсаласи пир бўлганда мен ўзимни Берлиндаги дастлабки нацистлар давридаги яҳудий каби сезаман. Фашизм ҳавода сузиб юрибди, у магазинларда юрган, “чуркалар”ни кўрганда афтини буриштириб нарига силжийдиган хола-аммалар кўзида кўринади. Машина рулида ким қорароқ эканини аниқлаётган гаишниклар нигоҳида ҳам билинади. Фашизм “бомбила” таксичига “биз чуркалар билан бир машина кетмаймиз” деяётган, “славян ташқи қиёфали” одамлар сўзларида эшитилади. У янги Империянинг қурувчиси ролида чиқиши учун рус миллати ўз-ўзини таниши лозимлиги ҳақида “телевизордаги одамлар”нинг тубсиз-туганмас кўтаринки руҳда айтилаётган мулоҳазаларида янграйди.

— Сен миллионлаб уркаларнинг бостириб келаётганидан бизлар ҳузурланишимизни истайсанми? Уларнинг дастидан қаерда яшаётганингни ҳам билмайсан – Москвадами ёки Москваободдами? Сен буюк мамлакатнинг буюк маданияти ёввойиларнинг босими остида йўқ бўлиб кетишини хоҳлайсанми? Сиз аксилрусларнинг АҚШ давлат департаменти кабинетларида ёзилган шайтоний режаларинг ана шунда. Мен кўчада юришга қўрқаман, кўчалар кўз ўнгимизда геттога айланиб бормоқда. Бунга чидаб туравериш керакми? Ва нафрат ҳақида: сен москвалик, ўзлари ўйлаб топган виртуал дунёда яшовчи сассиқ кемирувчи-юмронқозиқ блогерлар ёзганини ўқигансан. Мамлакат эса бошқача. У ҳар қандай маънода одамийроқ, олийжаноброқ, кенгроқ ва донороқдир. Профессор Преображенскийнинг гапини сал ўзгартирсак – кечасилик уйқудан олдин фейсбукни ўқиманг. Бошқа ҳеч қандай янгилик йўқ, дейсизми? Ундайда ҳеч нарса ўқиманг.

—                  “Гастерлар”-чи? Ўзларингнинг “салкам-СССР” ҳақидаги хомхаёлларингга ишониб уларни буерга ўзларинг қўйдиларинг. Энди эса уларни қувмоқдасиз. Ўйиннинг бориши сизни қаноатлантирмаса, сиз ўйин пайтида ўйин қоидасини ўзгартиришни ёқтирасиз. Ҳукумат сизга нисбатан худди шунлай муносабатда бўлса – ғазабланасиз. Ишлатавериб “гастерлар”га ўрганиб қолса, ҳукумат эртага сизларни ҳам, оёқларингизни елка кенглигида қилиб деворга тўнқайтириб тираб қўяди. Тинтиб кўради, ёнингдан чиққанларнинг ёққанини тортиб олади, буйрагингга бир-икки мушт туширади ва лагерга жўнатади. Бу бир мартагина эмас.

—                  Сен адашаяпсан. Ҳозир руслар уйғондилар. Охир-оқибат ўз ватанларида иккинчи сорт одам бўлиб яшаш уларнинг жонларига тегди. Охир-оқибат улар ўз олдиларига: биз киммиз, кимга керакмиз, бизнинг инсоният олдидаги вазифамиз нимадан иборат, ҳаёт маъносиз бўлмаслиги керак, инсон шахси ҳақидаги либерал ғоя кенгистеъмол молларига меҳр қўйган, истеъмолчилик қалбини емираётган халқларнинг тақдиридир, деган буюк саволлар қўйдилар. Биз бунлайлардан эмасмиз. Биз тарих давомида тентираб юрган қўйлар тўдаси эмасмиз. Фашизмни қулатиш фақат бизнинг кучимиз етган – ва бу тасодиф эмас. Худди шундай, кўнгиллилар ва бефарқмаслар сони ўсиб бораётгани тасодиф эмасдай. Руслар, ақл ишлатиб айтганда, уларнинг ўз-ўзини англаши қанчалик экани ҳақида ўйлана бошладилар. Бу – қолоқ чет ўлкаларга ёрдам бериб бўлгандан кейин бўлаяпти. Бу, масалан, рус қишлоқларини лойга ботириш ва тушкунликка тушириш ҳисобига қозоқларнинг қўриқ ерларини ишлаб бериш пайтида ҳам бўлган.

—                  Сизларнинг ўз-ўзини англаш баҳсингизга қараганимда менга фақат битта нарса – “тўс-тўполон” эшитилади. Бу собиқ Империянинг бодилиги, чириган буюкликнинг кўринмас оғриқларидир. Сиз “қандайдир хохоллар”, собиқ малоросслар [Днепр дарёсининг чап қирғоғи томонидаги Малороссия славян халқлари, асосан украинларнинг номи] давлатчиликка ҳам эга, ва Европага яқинлашмоқчи бўлишаётганига ҳам кўниколмай турибсиз. Грузинларни айтмай ҳам қўяқолайлик. Сиз “тожик” дейсиз-у, “кавказлик” деб ўйлайсиз. Сиз учун ҳамюртларинг чеченлар ва доғистонликлар нима-ю, ўзбеклар билан тожиклар нима! Сиз суверенитет ва ҳудудларнинг бутунлиги ҳақида гапиришни ёқтирасиз-у, доғистонликлар учун виза жорий қилишга хайрихоҳлар ва қаршиларни аниқлаш учун сўров ўтказдингиз. Ўртаосиёликлар учун ҳам натижа айни бўлади.

—                  Одамлар Москвага келишса, ўзларини ўзларининг овулларидагидай эмас, буерда қабул қилинган қонун-қоидага мос ҳолда тутишлари керак. Улар ўзларини ўз овулларида бундай тутмайди. Мен уларнинг овулига ўзимнинг қонун-қоидам билан бораётганим йўқ-ку!

—                   Сен уриниб кўр – чорак аср ичида бу тўртинчи марта бўлади. Сиз ўзингизни ўзингиз ҳурмат қилмасангиз, сизни нега бошқалар ҳурмат қилиши керак? Сиз ўзингизни қандай бебаҳо ахлоқий қадриятлар билан намоён қилаяпсизлар? Кексаларга, қонунларга, адолатга ҳурматми? Ё ўз маданиятингизга ҳурматми? Сизда кексаларга ҳурмат, ногиронларга қарамоқ ва уларнинг инсоний қадриятларини сақламоқ борми ўзи? Сиз гўё иқтисод ва фанда буюк ютуқларга эришгансиз-у, Нобель мукофотини олган беҳисоб олимлар бир-биридан жозибадор лойиҳаларни президентга доклад қилишаяптими? Сиз ана шундай муносабатга лойиқсизлар, холос. Сизлар билан қон-қардош бўлиб, қиз олиб-қиз бериб қўшилиб кетишни ҳам истамаймиз. Американинг melting pot идан фарқли ўлароқ бу қозонда қайнашни хоҳламаймиз. Чунки Толстой-Чехов-Достоевский ўрнида – ҳозир саҳро. Фақат Сорокин сизларга тубан емирилишни башорат қилиб турибди, сиз эса унга ҳалиям ишонганингиз йўқ, ҳалиям ўзингизнинг қандли Кремлингизни ялаб ётибсиз.

—                  Ўпкангни бос, айни ҳозир ҳамма нарсани тартибга олишдек қудратли истак юзага келаяпти. Бизнинг қонун-қоидаларимиз билан ҳисоблашишни истамаган барча одамлар учун чегараларни ёпамиз. Ертўлаларда бекиниб ётганларнинг ҳаммасини қувиб юборамиз. Ким ўз уйини кимга ижарага бераётганини текширамиз. Барча чет элликлар меҳнати фақат коррупция билан тирик. Улар бизнинг иш ўринларимизни эгаллаяптилар, чунки ярим маошини “криша”га берадилар. Бу – тозаланишнинг бошланиши. Бу сафар келгинди қуллар ҳисобига семираётган бирорта ўғри шайтонни шиша ичига қамай олмайди. Чидам тугади. Биз отни шошмай эгарлаймиз, бироқ унда тез чопамиз…

—  “Криша” билан қандай келишасизлар? Сиз ириб кетган балиғингизнинг бошини тозалаб бўлдингизми? Сен яқинда Думани танқид қилган эдинг – унинг ҳаёлида фақат битта нарса: таъқиқлаш, чеклаш, жаримани ошириш ва жазони кучайтириш. Ҳозир Думага қонунларнинг навбатдаги дастаси киритилган, уларнинг моҳияти – чеклаш ва тақиқлаш. Ким ёқимсиз мигрантларни ёрқинроқ тепкилайди, дея Хинштейн ва Яровая Жириновский билан мусобақалашишмоқда – виза жорий қилинмаган МДҲ давлатларидан келганларнинг мамлакатда бўлиши – ҳар ярим йилда 45 кундан ошмаслиги керак, прописка-қайд қилишни кучайтириш, қандайдир квоталар, “меҳнат карталари”, чегарада контракт тузиш, дактилоскопия (бармоқ изларини олиш), нолегалларни ишлатишга жиноий жавобгарлик! Халқнинг ҳаммаси ҳам шулардай – облава (тўсатдан бостириб бориш), депортация, тақиқлаш, жарима, қамаш, таъқиб қилишларни хурсандчилик билан қўллаб-қувватлайверади.

Сиз ҳамма вақт қамоққа тушмайман, деб ўйлагансиз. Болаларинг ва кучукчаларинг билан қатлни тамошо қилиш учун майдонга борасиз, мобилларингизга расмга туширасиз,  халойиқнинг олдида одамларни отишларни қўллаб-қувватлайсиз. Инсон шаънини камситадиган ҳамма нарсага узоқ вақт чидаб юравериб, сиз дунёда қатағонлардан бошқа бошқариш усуллари ўйлаб топилганини унутгансиз. Сизларда ҳеч қачон иқтисод ҳам бўлмаган, рағбатлантириш ҳам йўқ ва ижобий мотивация ҳам йўқ. Фақат қамчи. Ғазаб, нафрат ва кўролмасликдан бошқа яхшилик, эзгулик, севги борлигини сиз тан олмайсиз. Сизни бахтга интилишдан узиб қўйгандай, гўё. Гўё-ки, сизларга фақат ёмонликка ва ҳаётнинг ифлосликларига кўникишни қолдиргандай. Ана, яқинда сизларнинг Патриарх (олий рўҳоний)ларинг нутқ сўзлади. У нутқида бирор марта ҳам “бандани севиш” сўзини тилга олмади. Патриарх! Худди политрук (сиёсий раҳбар) урушда, жангчиларга атака (ҳужум) олдидан нутқ сўзлаганидай. Ҳамма гапи қалб кучи, матонат ва ташкилоти ҳақида. Гапи жамият цивилизация ҳосилидан бузилгани, инқирозга учрагани ҳақида бўлди. Жамият мутлақо бошқа нарсадан инқирозга учрагани ҳақида бир оғиз ҳам гап айтмади. Энг катта бошлиқлардан тортиб оддий попларгача – ҳамманинг тилида ўзаро нафрат ва ғазаб, иккиюзламачилик, адолатсизлик, ёлғончилик. Сиз ҳақиқатан ҳам адолат, инсонпарварлик, ўзаро ёрдам ҳукм сурган “тепаликдаги ёрқин қаср”га айланганларингда эди, бутун Ер юзидан бу ерга кириб келиш, рус дунёсининг бир қисмига айланиш ҳамда сизларнинг меёр ва қоидаларингизни қабул қилиш учун сиз томон миллионлар интилган бўлар эди.

— Биз тез орада ўшандай бўламиз. Ғарб бузуқчилик, гомосексуализм ва педофилияда маддалаб бораётган пайтда бизда анъанавий оила қадриятлари ҳақида ўйлашни бошладилар. Кўп ғарбчилар бизга ҳавас қилишмоқда: биз “нормаллик”нинг охирги мустаҳкам қўрғонимиз. Сен буни кўришни истамаяпсан, холос. Вақти-вақти билан, масалан, ҳамма нарса тугади, буёғи парчаланиш ва фалокатдай туюлганда биз ожизлик қилишимиз мумкин. Айнан ана шундай пайтларда бошқаларнинг кучи етмайдиган нарсаларни кўтаришга бизнинг одамларда куч-ғайрат пайдо бўлади. Улар ҳеч қандай умид йўқдай туюлганда пайлари узилгандай, ўлим ғарғараси тутгандай, чидаб бўлмас қатъийлик билан мамлакатни ва ўзининг циқилизациясини юзага олиб чиқишган. Бу сафар ҳам шундай бўлади.

— Сиз ҳозир жамият сифатида фашизм билан иккиқатсиз. Сизнинг “рус давлати”нгиз – сиз уни қура олган тақдирингизда ҳам – цивилизациянгизнинг охирги “ура”си бўлади. Сиз миллионлаб ўз фуқароларингизни қатл қилганингиздан кейин ҳам товба қилмаганингизни англаб етмаганингиз учун қадаҳни тубигача ичишга маҳкумсиз. Сиз яна “тар-р-р-ртиб”ни истаётирсиз. Лагерлар, паспорт режими, ўз қўшнингиз устидан ёзишни истаяпсизлар, этник тозалаш ва миллий белгисига қараб депортация қилишни истаб турибсиз. Сиз қамал қилинган қалъа ичига бекиниб олиб, қочиб чиқишни ўйламасликлари учун калитини деразадан улоқтириб юборишга ҳам тайёрсиз. Сиз ва ҳукуматингиз (сизнинг қулларча унсиз ва қаршилигинингсиз туфайли) ҳоким кланларнинг ақлсизлиги, билимсизлиги ва ғаразига ён босган ҳолда иқтисодни расво қилмоқдасиз. Сиз давлат бошқарувини кўча чапанилари стилистикаси билан бойитиб, сайловчи дея қаралган бадхулқ оломон манфаатини кўзлаб, бу унга ёқади, деб ўйлаб жамиятни, мамлакат ва унинг қолган-қутган маданиятини расво қилмоқдасиз. Қани, ўзингизнинг бир қадаҳ заҳарингизни ичиб кўринг-чи. Ўзингизнинг уйда тайёрланган фашизмингиздан то томоғингиздан қон кетгунча бир ҳўплаб кўринг-чи, сиз фикрингиздан қайтармикинсиз, ўз-ўзингизга: бўлди етар, гўзаллик ва эзгулик дунёни сақлаб қолади, дермикинсиз.

— Гап руслар ҳақида кетмаётганда эди, сен айтаётган оддий нарсалар илгаридан маълум бўлиши, юзага келиши мумкин эди. Бу сафар ҳам бизнинг ўз йўлимиз бўлади. У ҳайратли, машаққатли, кутилмаган, бироқ гўзал бўлади. Биз – ўлмаймиз, қутилиб қоламиз. Қалбан. Биз ўзимизга ишонч ҳосил қиламиз, бизда ўзимизнинг энг яхши сифатларимиз қайта тикланади. Биз бир миллатнинг бошқаларга нафрати бўлмаган фуқаровий миллат ташкил қиламиз. Ҳамма нарса ҳаққоний ва адолатли бўлади. Бу миллат рус тили ва маданияти асосида ташкил этилади. Рус дунёси буюк қайта тикланиш остонасида турибди. Тўхрисини айтганда, биз ўзимизнинг мустамлакачилик тарихимизда бирорта ҳам, ҳатто энг кичик халқни ҳам йўқ қилиб юбормаганмиз. Улар бизнинг ортимиздан эргашишган. Биз ҳамма вақт уларга эҳтиром ва ғамхўрлик билан ёндошганмиз.

—  Бироқ ўзларинга эмас…

— Биз буни тузатамиз. Биз ақлни бир жойга тўплаяпмиз. Биз – воқеалар арафасидамиз.

Улар бир тўхтамга кела олмадилар. Улар ўзларининг ҳақлигини исботлашни давом эттирсалар, бир-бирини ўлдириб қўймайдилар, уларнинг масалага бўлган нигоҳи уларни ажратиб турган тиконли сим орқали учрашмайди, Давлатга Сиғинишга қарши қилинмаган жиноятларни бўйинга олишни талаб қилиб бири иккинчисини терговга судрамайди, ёки ўзгатабақалилар, ўзгадинлилар ва бошқа “ўзгалар”ни қатағон қилиш ҳақидаги буйруқни бажара бориб, бир-бирини отишгача бормайдилар, қоронғу, “фақат ўзлариникиларга тезишли” кўчада бири иккинчисининг орқасига пичоқ урмайдилар, деган умиддаман, холос. Уларга мурожаат қиладиган мулла ва рўҳоний-отахонлар уларнинг қалбида бир-бирига нафрат ва жирканиш оловини ёқмайдилар. Улар қайтадан ярашадилар. Ҳамма нарса илгаригидек бўлиб кетади. Бизга – шундай бўлганди, дейишади. Шундай бўлади. Наҳотки алдаётган бўлсалар?

http://www.gazeta.ru/comments/column/bovt/5726009.shtml

Толиб Ёқубов  таржимаси. 

12 ноябрь, 2013 й.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s