КАРИМОВ ФЕНОМЕНИ (2-қисм)


Алибой Йўляхшиев

Толиб Ёқубов

Islom KARIMOV

Islom KARIMOV

Каримов Ўзбекистонда эски совет давридаги коммунист партиядошларининг қайси ва қандай жиноятларини такрорлади?

Каримов коммунист сифатида ўз партиядошларининг ўтган асрнинг 30-чи йилларида СССР миқёсида қилган ёвузликларини Ўзбекистонда фақат такрорлади эмас, уларнинг ёнига янгилари, янада даҳшатлиларини қўшиб такрорлади.  Қуйида улардан баъзиларининг рўйхатини келтирамиз:

A) СССР ҳукумати бутун тарихи давомида мамлакатнинг ерости ва ерусти бойликлари ва уларни ўзлаштириш ҳақида халққа бирор марта ҳам ҳисобот бермаган.Каримов ва унинг ҳукумати ҳам ўзбек халқи ёки унинг ваколатига соҳиб бўлган парламент олдида шу пайтгача ўша бойликлар ва улардан фойдаланиш тартиблари ҳақида бирор марта ҳам ҳисобот бермай келаяпти. Каримов мамлакат бойликлари ҳақида ҳисобот масаласида СССР коммунистик раҳбарларига фақат ўхшаган бўлса, яшаш-ҳаёт тарзи жиҳатидан улардан анча ўзиб кетди: СССР раҳбарлари ўлимидан кейин чет эл банкларида уларнинг миллиардларча долларлик бойликлари, шоҳона уй-жойлари қолмаганлигини биламиз. Бироқ Каримов ҳали ҳаётлигидаёқ унинг қизларининг чет эл банкларида беҳисоб пуллари, Россия, Швейцария, Франция ва АҚШда шоҳона қасрлари борлиги ҳаммага маълум. Шахсан ўзининг бойлиги (ёки Ўзбекистондан ўғриларча ўзлаштирган мулки) болаларининг бойлигидан кам бўлмаса керак?

B) Ўзбек халқига нисбатан совет замонининг катта террорини такрорлади ва зулмнинг, исканжа-қийноқларнинг дунёда мисли кўрилмаган усулларини амалга оширди.

Натижа ва оқибатлари:

 

1) Паркент, Наманган, Қўқон, Денов, Андижон аҳолисини, Тошкент талабалар шаҳарчасида талабаларни, Каримов ўзининг машъум мақсадларига уйғун вақтларда заррача ачинмасдан ўққа туттирди.

2) 1992 йил 16 январда Тошкент олий ўқув юртлари талабалари отилгач, Каримов вилоятлар марказида бир тийинга қиммат “университет”лар ташкил қилди, ёшлар янада саводсизлашди, яъни миллатнинг  жоҳиллашиши учун душман ҳам эп кўрмайдиган муҳит туғдирди;

3) Ўнминглаб йигитлар асоссиз қамалди.

4) Уларнинг минглаби қамоқларда ўлди ёки аявсиз қийноқлар остида ўлдирилди; даҳшатсиз қийноқлар давлат сиёсати даражасига олиб чиқилди;

5) минглаб оилалар бузилиб кетди;

6) қамалганларнинг ота-оналари ва аёллари узоқ йиллар сарсону-саргардонликка маҳкум қилинди;

7) ўнминглаб болалар туғилмади;

8) бу жараён ўзбек халқига тузалмас моддий ва маънавий кулфат етказди;

С) Пахта монополиясини давом эттирди ва уни янги “босқич”га олиб чиқди – Ўзбекистон пахта ҳосили йиғим-теримида тўлиғича қўл теримига ўтди;

Натижа ва оқибатлари:

 

1) 24 йиллик раҳбарлик даврида Каримов, қишлоқ хўжалигида крепостной деҳқонлар (феодал ерида ер майдонини ижарага олиб ишлайдиган, ҳақсиз-ҳуқуқсиз қароллар) табақасини вужудга келтирди. Бу масалада Каримов фаолиятининг СССРдан фарқли ва унга ўхшаш жойларини яхшироқ кўрсатиш учун муҳтарам ўқувчига қуйидаги жадвални келтирамиз. Унга кўра  зукко ўқувчи ўз таҳлилини қилар ва хулосаларини чиқарар, деган умиддамиз. 

Иш фаолияти

Ерга

муносабат

Томорқа

Иш ҳақи

СССР

Колхоз раислари

ва

колхозчиларр

Ер давлатники.

Ҳамма оиланинг томорқаси бор

Меҳнат куни (трудодень) – феодализм ишлаб/чиқариш давридаги ҳақ тўлашнинг бир тури

Ҳозирги

Ўзбекистон

Фермер

ва

Ёлланма ишчилар

Ер давлатники.

Фермерга ижарага берилади

Ёлланма ишчига ер берилмайди

Ҳеч бир оиланинг томорқаси йўқ

Фермер давлат банкидан кредит олади.

Ёлланма ишчига ҳақ тўлаш натурал формада (ғалла, гуруч, пахта ёғи ва ҳ.) – фермер берса бор, бермаса – йўқ

2) Ҳар йили икки ой давомида узлуксиз мактаб ва лицей ўқувчилари, коллеж ва олий мактаб талабалари, ўқитувчилар, врачлар, инженер-техник ходимлар, турли-туман ташкилотлар ишчилари пахта йиғим-теримига мажбур қилинадиган мамлакатнинг иқтисодини барқарор дейиш мумкинми? Асло! Бу – маҳсулот етиштиришнинг феодал усулидан бошқа нарса эмас. Бунга кўра мамлакатнинг иқтисодий системаси ҳам феодализм иқтисодиётининг 21-чи асрдаги намунасидир, дейиш лозим бўлади.

3) Ўзбекистонда пахтакорлик ва пахта етиштириш соҳасини совет даври билан таққосланганда ҳам фақат салбий кўрсаткичларга дуч келамиз: ерларнинг агротехник ва мелиоратив ҳолати ишдан чиқан, совет давридан қолган пахта териш машиналари йўқ қилининган, пахта терадиган машиналар ишлабчиқарадиган Тошкент трактор заводи деярли ишдан тўхтаган, пахтани енгил саноат эҳтиёжлари учун тайёрлаш завод-фабрикалар ёпилган. Бугун Ўзбекистон фақат пахта хомашъёси сотувчи мамлакатга айланиб қолганлигининг гувоҳимиз;

4) Иқтисод фанлари доктори, академик Каримов даврида пахтачиликда сувни тежаш, томчилатиб суғориш технологияларига йўл берилмади. Унинг фикрича, қўшни мамлакатлар президентлари И.Раҳмон ва А.Атамбаев билан сув масаласида муттасил даҳанаки жанг қилиб туриш ҳар қандай иқтисодий мақсадга мувофиқликдан афзал, чамаси. Фан доктори, академикнинг “илмий” назари ва кучи ана шундан нарига ўтмади!

D) Ўзбекистон иқтисодининг бир қисмини Она Ердан – деҳқончиликдан олинадиган даромад ташкил этади. Шу сабабли Ўзбекистонда ерга, деҳқончиликни ривожлантиришга муносабат тубдан ижобий тарафга, ҳосилдорликни оширишни замонавий кўрсаткичларга кўтаришни таъминлайдиган система қурилишига қаратилган бўлиши зарур эди. Бироқ, мамлакатда бугун деҳқончилик коммунистик даврнинг колхоз-совхоз системасидан заррача фарқ қилмайдиган “фермер хўжалик”лар деб аталувчи таърифи, таснифи ва  ваколатининг тайини бўлмаган гуруҳлар зиммасига юкланди.

Натижа ва оқибатлари:

 

1) Президент-“академик” И.Каримовнинг “доно” йўлбошчилигида, яъни ХХ-аср охири ва XXI-аср боши – юксак технологиялар ва кибернетика замонида Ўзбекистонда Ерга бўлган муносабат ҳам, иқтисоднинг қишлоқ хўжалиги соҳаси ҳам ўрта асрларга, феодал муносабатлар ҳукм сурган даврга улоқтирилди. Давлат вакили сифатида туман ва вилоят ҳокимлари – феодаллар, фермерлар – феодал ерида ерни ижарага олиб ишловчи қаролларга айлантирилди. Номига, хўжакўрсинга қабул қилинган “Фермер хўжалиги ҳақида”ги қонун эса бугунгача бир кун ҳам ишламади.

2) Ўрта асрларда Феодал ўз қаролини итоатда тутиш учун уни қандай дўппослаб турган бўлса, бугун Ўзбекистонда ҳокимнинг фермерга бўлган муносабати ҳам айнан ўшандай! Яқинда Қашқадарё вилояти ҳокими Туроб Жўраевнинг ишдан олиниши ҳам феодал-ҳокимнинг қаролига “адаб” ўргатиш ҳодисаси-муштумзўрлиги очилиб қолиши билан боғлиқдир. Т.Жўраевни ҳокимликка тайинлаётганида И.Каримов унинг қаттиққўллигини мақтаган эди.

E) Ўз халқини мутлақо ҳурмат қилмайдиган, фақат халқ ҳисобига яшайдиган, ҳаром ейишдан жирканмайдиган, текинхўр, олчоқ (лаганбардор) мулозимлар тўдасини шакллантирди.

Натижа ва оқибатлари:

 

1) Бир асрга яқин умр сурган совет давлат тузуми диктаторлик режимининг типик бир кўриниши бўлиб, авторитар ҳукмдор тарафидан бошқарилар эди. СССР аталмиш ўша мамлакатнинг бутун ҳудудида, жумладан Ўзбекистонда ҳам авторитар ҳукмдор ҳукм суриши мумкин бўлган муҳитни сўзсиз қўллаб-қувватловчи ижтимоий қатлам – бошқалар  ҳисобига яшайдиган, ҳарому ҳалолни фарқламайдиган, текинтомоқ, олчоқлардан ташкил топган мулозимлар гуруҳи вужудга келтирилган эди. И.Каримов эса 1991 йилнинг охирларида тасодифан СССРдан ажралиб қолган Ўзбекистоннинг совет авторитар ҳукмдори эди.

Бу тасодиф  И.Каримовга кутилмаганда мавжуд авторитарлик мақомини янада мустаҳкамлаб олишга жуда қулай шароит келтирди. Натижада у бу вазиятдан унумли фойдаланди ва мавжуд муҳитни ўзи истаган кўринишда ўзига хос ва мос шаклга келтириб олди. Авторитар И.Каримов ўз ҳукмини ва халққа зулмини амалга оширувчи текинтомоқ, олчоқлардан иборат мулозимларига порахўрлик, ўғирлик, халқни талон-торож қилиш ва авторитар режимга зарар бермайдиган бошқа жиноятлар қилиш учун кенг имкониятлар берди. Бунинг оқибатида Ўзбекистон, давлат ҳокимиятининг мулозимлари томонидан йўлга қўйилган порахўрлик, талон-торож, ўғирлик ва бошқа ижтимоий иллатлар гуркираб ўсган ва ўсаётган мамлакатга айланди.

2) И.Каримов ўз ҳукмронлик даврида совет замонида шаклланган ва авторитарлик режими эркин ҳис этадигана муҳитни ташкил этувчи текинтомоқ мулозимлар сонини ҳам, навини ҳам кўпайтирди. Масалан, И.Каримов режимининг мулозимлари бўлган оддий “гадой топмас” кўча милиционеридан тортиб Олий Мажлис депутатигача олчоқ кишиларни ўз ичига қамраб олган ва И.Каримов авторитар режими бемалол ҳукм сурадиган ижтимоий бир қатламга айланди.  Бундай нотабиий ижтимоий қатлам коммунист И.Каримовнинг  ҳокимият тепасида 24 йил табиий бўлмаган бир шаклда қолишини таъминлаб турди ва турмоқда. Кечган замон ичида бу қатлам мустабид, асрга тамоман зид бўлган золим режимни  қўллаб-қувватлаш, унинг яшашини таъминлаш билан бир қаторда айёрликка асосланган бир неча сохта сайловлар ва референдумлар ўтказди. Уларни  ташкил қилиш ва ўтказишга халқнинг хазинасидан олинган миллиард-миллиард пуллар сарфланди. Тўғриси – исроф қилинди. Мақсад ягона – Каримовни мансабида сақлаб туриш!

Ҳали совет замонида, 1990 йилда бир мунча адолатли сайловлар йўли билан сайланган ЎзССРнинг, 1991 йилнинг августидан сўнгра мустақил Ўзбекистоннинг ҳам биринчи парламенти бўлиб қолган мамлакатнинг Олий қонунчилик органини  И.Каримов 1992 йилдаёқ синдириб бўлган эди. Ўз вақтида Туркманистоннинг коммунист авторитар ҳукмдори  Сапармурат Ниёзов қилганидек, И.Каримов ҳам Ўзбекистоннинг бели синдирилган парламенти воситасида ўзини умрининг охиригача давлат бошлиғи этиб “тасдиқлатиб” олиши мумкин эди. Бироқ Каримов ўзига хос айёрона йўл тутиб, Ўзбекистон халқининг ва дунё жамоатчилигининг кўзини алдаш учун ёлғондакам сайловлар ва референдумлар ўтказиш билан ўзини сайланган кўрсатиш усулини маъқул кўрди.

Саналган ёвузликлар ёнига янги қўшилган янада машъумлари тубандагилардир:

F) Ўзбекистон Фанлар Академиясини – мамлакатнинг илмий тадқиқотлар ядросини йўқ қилди.

Натижа ва оқибатлари:

 

1) Оқибатда Ўзбекистон фундаментал илмий тадқиқотлар, кашфиётлар, замонавий техник-технологик прогрессдан беҳад орқада қолиб кетди;

2) Ўзбекистоннинг аксарият академиклари ва бошқа олим аталмишлари илм соҳасида “бўш идишдан ичида ҳечвақо йўқ идишга қуйиш” билан шуғулланмоқда. Ҳозирги замон ўзбек “академик”лари Ислом Каримов ва маддоҳ Рустам Абдуллаевга ўхшашларни бемалол ўшалар жумласидан ҳисоблаш мумкин;

3) Совет (планли-буйруқбозлик) иқтисоди бўйича “иқтисод фанлари номзоди” бўлган Каримов давлат тепасига келгач, дарров бозор иқтисоди бўйича фан доктори ва тез орада Ўзбекистон Фанлар Академиясининг академиги ҳам бўлиб олди. Устози Л.Брежнев каби “академик” Каримов ҳам бир тийинга қиммат, кимларнингдир қалами билан ўнлаб китоблар “ёзган” бўлди. Ўзбекистондаги бугунги иқтисодий ва ижтимоий вазият “академик” И.Каримовнинг Ўзбекистонда олиб борган иқтисодий “тажрибаси”нинг яққол натижасидир. Каримов Ўзбекистонда ўзидан бошқанинг президент деб аталишини (масалан, бирор компания ёки тижорий муассасанинг президенти дейилишини) истамагани каби, ундан бошқасининг академик дейилишини ҳам истамай қолди, шекилли – ФАнинг ўзини ҳам йўқ қилиб қўяқолди.

G) Ярим оч халқдан ундирилган солиқлар ҳисобига кераксиз теннис кортлари “қуриш” билан шуғулланди.

Натижа ва оқибатлари:

 

1) Бу билан Каримов ўзини замонавий бошлиқ сифатида жаҳонга танитмоқчи бўлди. Теннис кортига беҳисоб қўриқчилари билан келиб, стадион атрофида бир квартал доирасида барча ҳаракатни тўхтатиб теннис ўйнайдиган давлат бошлиғини жаҳон жамоатчилиги тан олишни истамади;

2) Қатор йиллар юзмингларча доллар халқ пулини сарфлаш ҳисобига дунёдаги ўнинчи-ўнбешинчи даражадаги теннисчиларни таклиф этиб “халқаро” турнирлар ташкил қилган ҳам бўлди. Эсиз пуллар мутлақо беўрин кетди, инсофсизларча исроф қилинди. “Президент кубоги” эса ҳеч қандай обрў-эътиборга эга бўлолмади.

3) Президентларига тақлид қилишиб (ёки унинг бевосита кўрсатмаси билан) маҳаллий ҳокимлар ҳам вилоят марказларида теннис кортлари қуришди. Бу теннис кортларига ўйнаш учун фақат ҳокимиятнинг қорни сандал, ўзи дамбал мулозимларигина қўйилди, холос. Оддий халқ ва уларнинг болалари бу кортларга яқинлаштирилмади. Авторитар сиёсий тузум шароитида давлат мулозимини теннис ўйнаш эмас, пора қизиқтиради. Шунинг учун уларнинг теннис ўйинчилиги ўз-ўзидан тўхтаб қолди. Оддий халқдан эса бирорта ўзбек теннисчиси етишиб чиқмади. Ягона ўзбек теннисчиси Ирода Тўлаганова ҳам ўз-ўзидан ғойиб бўлди. Охири Президент жанобларининг ўзи ҳам теннисни тарк этди. Хуллас, барча вилоят марказларида миллионлаб доллар сарфланиб (аслида исроф қилиниб) европача стандартда қурилган теннис стадионлари бугун оғзини очиб бўм-бўш ётибди.

H) Ўзбек халқидан СССР ҳукумати олган қарзни Каримов ҳукумати ўзлаштирди

 

Натижа ва оқибатлари:

СССР каби ёпиқ давлатлар чет эл инвестициялари кириб келишига тўсиқ қўйишганлари маълум. Бироқ бундай мамлакатларда, жумладан СССРда ҳам ҳукумат давлат эҳтиёжлари (йўл, завод, фабрика ва бошқа иншоотлар қуриш) учун маблағ (пул)ни халқдан йиғиб олиш усулини қўллашган. Масалан, совет давлат банки заём деб аталувчи қимматли қоғозлар ишлаб чиқиб, уларни давлат тарафидан ўрнатилган муддатда ёки йиллар давомида уларнинг қийматларини пул шаклида  қайтариб бериш шарти асосида мамлакат аҳолисига  сотган. Аҳолининг заёмларни харид қилишлари кўп ҳолларда мажбурий бўлган, албатта. СССР тугаган пайтда халқнинг қўлида беҳад кўп 3%ли “олтин заём” деб аталувчи қимматли банк қоғози қолиб кетди.

СССРдан ажралган давлатлар ўша заёмларнинг ҳисобига ундан ўз ҳиссаларини ундириб олишганди ва уларнинг деярли барчаси у-бу миқдорда ўз халқига СССРнинг заёмлар хисобидаги қарзини тўлашди. Каримов ва унинг ҳукумати эса, ўзбек халқига ўша заёмлар – СССРга берилган қарзлар ҳисобидан 1 (бир) сўм ҳам тўламади. Масалан, тошкентлик Б.М.Примазон мол-мулкини сотиб 1982 йилда чиқарилган 3%ли заём олган. Бу заёмнинг тўланиш даври 2005 йилгача эди. Ҳукумат Б.М.Примазонга 1 (бир) сўм ҳам бермади [Б.М.Примазон иши билан ўз вақтида Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти шуғулланган]. Ўзбекистонда примазонлар жуда кўпчилик эдилар. У замонларда унча-мунча инсофдан хабари бор кишилар меҳнатлари ҳисобига йиға олган жамғармаларини ўша заёмларда сақлардилар. Каримов ҳукуматининг бу қилиғи (позицияси)ни нима деб атаса бўлади? Бу – очиқчасига муттаҳамлик, аҳоли инсофли қисмининг меҳнатдан топганларини ўғирлаганлик  – катта жиноят эмасми?

JКаримов уюштираётган халқсиз “халқ” байрамлари

 

Натижа ва оқибатлари

 

1) 1992 йилдан бошлаб ҳар йили давлат мустақиллиги байрами мамлакатнинг бош майдони – Мустақиллик майдонида улкан концерт билан нишонланади. 31 августдан анча олдин майдонни безаш ишлари бошлаб юборилади. Вилоят марказларида ҳунардманд ва кўнгилли артистлар бу концертга тайёрлана бошлайдилар, мамлакатнинг энг илғор тикувчилари уларга либослар тикишга тушадилар. Икки ой давомида мактаб ўқувчилари ва талабалар концертда бир неча минут қатнашиб бериш учун машқ қилдириладилар. 31 август куни бемисл концертни президент, ҳукумат одамлари ва махсус танлаб олинган ва махсус пропуск билан таъминланган одамларнинг кичик бир гуруҳи кузатиб ўтиради. Бу жараённи қўриқлашга жалб этилган  МХХчи, СПЕЦНАЗчи ва МИЛИЦИЯ ходимлари сонини ҳеч ким билмайди. Бироқ, ҳиссиётлар авжига минган, минглаб одамлар ва уларнинг гуруҳлари “тўлқинланиб” ашула айтаётган, рақсга тушаётган майдонга ўша пайтда сичқон ҳам кира олмаслигини кўпчилик жуда яхши билади.

2) Ҳозирги мустақил Ўзбекистонни тоталитар СССР билан таққосласак, СССР байрамларида давлат минбарлари олдидан истаган одам ўтишга ҳаққи бор эди, одамлар колоннаси соатлар давомида тинимсиз оқим бўлиб ўтиб турарди, бироқ “битта-яримтаси бомба ёки граната кўтариб келмаганмикин?” дея уларнинг сумкаларини ҳеч ким титиб ҳам кўрмас эди. Демак, ўз халқига ишончсизлик бўйича Каримов Ўзбекистонни тоталитар СССРдан ҳам анча, балки мингларча марта илгарига олиб кетди. Бугун Ўзбекистонда вазият шундай бир абгор аҳволга келди-ки, Каримов ва унинг ҳукумати аталмиш гуруҳ бир тараф, халқ оммаси бошқа тарафдаги душманларга айланди, дейилса ҳақиқатдан узоқлашаган бўламиз.

Халқсиз ўтказиладиган битта шу байрамнинг ўзи ҳар йили ўзбек халқи гарданига бир неча ўн миллиард сўмга тушаяпти. Аслида, бу харажат исталганча катта бўлиши мумкин ва ҳақиқатда ҳам шундай буюкдир. Уни билиш мураккаб, чунки ҳукумат томонидан бу халқсиз “халқ байрами”га сарфланадиган пулнинг ҳисоботи ҳеч қачон, ҳеч ерда ошкор қилинмайди.

I)                   Сўз ва матбуот эркинлиги гўрга тиқилди

 

Натижа ва оқибатлари:

1) Аксилинсон, аксилхалқ сиёсий тузумлар шароитида сўз ва матбуотнинг эркинлиги бу тузум учун ҳалокатли бўлишини  тушуниб етган, дунёда биринчи тоталитар коммунистик империяни тузган Владимир Лениннинг бу ҳақдаги асосий тезисларидан бири “Совет сиёсий тузуми шароитида халққа сўз эркинлигини бериш ўз-ўзини ўлдириш билан баробардир” бўлган. Собиқ, бироқ эътиқодли коммунист И.Каримов эса бу тезис моҳиятини чуқур тушунди ва уни заруратидан ҳам ошиғи билан каримовчасига мустақил Ўзбекистонда амалга оширди.  СССР даврида матбуот эркинлиги кескин чегараланган бўлса-да, матбуот ҳеч қурса бошқариладиган – назорат остидаги танқидларга очиқ бўлиб, совет газеталари ва журналларида танқидий мақолалар, фельетонлар мунтазам чиқиб турар эди. Бугунги мустақил Ўзбекистон матбуотида ҳатто шу ҳам йўқ бўлди.

2) Эркин сўз ва матбуот бўлмаган шароитда ривожланиш бўлмайди, бўлолмайди. Бу вазиятда халқ интеллектуал қашшоқлик гирдобида бўлади, у ўз ҳақ-ҳуқуқларини тушунмайдиган, ўзини ҳимоя қила олмайдиган, ғурурсиз мардикор (қул)га айланади.  Эркин сўз ва матбуот жамиятни бузиб турган чиркин “отлар”, яъни порахўр, ўғри, каззоб, қотил давлат мулозимлари тумшуғига ташланган тизгин вазифасини ўтайди. Сўз ва матбуот эркин бўлмаган шароитда эса, давлат жамият оғзига тизгин ташлаган бўлади. Каримов Ўзбекистонда айнан ана шу иккинчи вазиятни вужудга келтирди.

ХОТИМА 

 

Ўзбеклар тарихида турли ҳукмдор ва раҳбарлар ўтган. Ҳусайн (1364-1370), Амир Темур (1370-1405), Халил Султон (1405-1409), …,  Куприяг Киркиж (1927-1929), Николай Гикало (1929), Исаак Зеленский (1929-1931), Акмал Икромов (1931-1937), Усмон Юсупов (1937-1950), Собир Камолов (1957-59),  Шароф Рашидов (1959-1983), Иномжон Усмонхўжаев (1983-1988), Рафиқ Нишонов (1988-1989), Ислом Каримов (1989).

Келтирилган рўйхатга қаранг! Ўзбекни икки украин ва ҳатто, еврей ҳам бошқарган эканлигини кўрасиз. 1409-1885 йиллар оралиғида ўзбекларни бир-бири билан қир-пичоқ бўлган хонлар ва амирлар бошқарганини билсак-да, улар ўзбеклар тарихида бирор бир ижобий (позитив) из қолдирмагани учун биз уларни эътиборга олмадик. 1885-1927 йиллар оралиғи ҳам биз учун қизиғи йўқ – бу орада ўзбеклар рус босқинчилари қўл остида бўлиб, у ер бу ерларда мухтор ваколати сақланиб қолган амирлик ва хонликлар русларнинг қўғирчоғи бўлгани маълум.

Бу тарихни биз нега келтирмоқдамиз? Каримов портретига чизгилар берар эканмиз, фақат чизгилар эмас, балки у ўзбеклар тарихида феномен шахс эканини кўрсатмоқчи бўлаётган эканмиз, у қайси тарихий шахсга тақлид қилиб Ўзбекистонда давлатчиликни шакллантирди, деган масалага ҳам бир неча сатр тўхталмоқчимиз. Дунё тарихида ўз изини қолдирган шахслар беҳисоб – инсонпарвар, халқчил яхшилари ҳам бор, мараз, қотил ва одамхўрлари ҳам бор. Ўзбеклар тарихида ҳам шундай. Бироқ улар орасида, афсус, инсонпарвар ва халқчил давлат раҳбарлари кўринмайди. Бизнинг фикримизча, жоҳиллик, золимлик, ҳукмдорнинг халқ оммаси – ўз фуқаросига душманларча назари бўйича И.Каримов ўшаларнинг ҳаммасидан баттари бўлиб тарихга киради.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s