МУСУЛМОН ЎЗБЕКЛАР ҳақида


Толиб Ёқубов

Tolib YOQUBOV

Tolib YOQUBOV

             Мен диний уламо эмасман, ислом динидан саводим ўта саёз. Бироқ менинг отам мулла Ёқуб исломдан анчагина саводли инсон эдилар. Отамдан кўп ҳикматларни эшитганман. Отамга бир қанча одамлар мутлақо асоссиз ёмонлик қилишганига гувоҳ бўлганман. Отамиз: “Худога солдим” деб қўяқолар эдилар. Ўша одамлар қазо куни келганда молга ўхшаб бўкириб ўлганлари бўлган, бадани ситилиб-ёрилиб ўлганлари бўлган, ҳаром ўлганлари, яъни ўлиги 3-4 кун қаровсиз қолиб кетганлари бўлган, ва ниҳоят, ичкиликка берилиб, ариқларнинг ичида юмалаб ётиб ўлиб кетганлари бўлган. Бу гапларим отамни мақташга қаратилган эмас, балки Яратганга тўлиқ ишончнинг кучини кўрсатишга қаратилган.

2013 йил 13 августда “Озодлик” Радиоси “Муҳожирлар нега сиёсатга “аралашиш”ни истамайдилар?” мавзусида биродарларимиз Аҳмаджон Раҳимов, Тўлқин Қораев, Қудрат Бобожон, Илҳомжон ва Муҳаммадсолиҳ Абутов иштирокида бир сўҳбат-мунозара ташкил қилди. Аввало бу сўҳбатни уюштирган Радио ходимлари ва уни олиб борган Садриддин Ашурга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бироқ сўҳбатдан менда қониқмаслик ҳисси қолди, холос. Тушунтираман. Мен сўҳбат иштирокчиларининг ҳар бирининг айтганлари ҳақида тўхталмоқчиман. Мен ҳеч кимнинг кўнглини қолдирмоқчи эмасман, мен айтилган фикрларга ўз муносабатимни билдирмоқчиман, холос. Гапни Аҳмаджон билдирган фикрлар ва саволлар ҳақида бошлайман.

Аҳмаджоннинг нутқларида бир фикрни дам-ба-дам уқтириш ва бир саволни бир неча марта такрорлаш кўринди. Уқтириш шундан иборат-ки, Тўлқиннинг “Мусулмонлар мана бу ишни қилишлари керак, ана у ишни қилишлари лозим” каби гапларига Аҳмаджон муттасил: “Қилиш-қилмаслик ҳар бир мусулмоннинг ўзининг иши, қиладими-қилмайдими ўзининг ҳуқуқи” каби жавоб қайтаравердилар. Гап Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳақида борганда Аҳмаджон: “Ўзбекистон Халқ Ҳаракати нима қилиб берди?” деган саволни камида уч марта бердилар. Бундан ташқари, Аҳмаджон бир жойда пайғамбаримиз (сав) айтиб кетган бир ҳадисни тилга олдилар, бироқ уни нима мақсадда келтирганлари, бу ҳадис билан нимани инкор қилмоқчи ёки нимани тасдиқламоқчи бўлганлари аниқ бўлмай қолди. Мана ўша хадис:

Пайғамбаримиз Муҳаммад (сав) айтдилар:

“Бир одам бировга зулм қилаётган бўлса, уни қўлинг билан тўхтат, қўлинг билан тўхтатишга имконинг бўлмаса, уни тилинг билан тўхтат, тилинг билан ҳам тўхтатишга имконинг бўлмаса, унга дилинг билан қаршилик қил. Бироқ бу ҳолат иймонинг заиф эканининг белгисидир”.

Эътибор қилинг Аҳмаджон: Пайғамбар (сав): “Сен бир одам бировга зулм қилаётганини кўриб-билиб турган бўлсанг, унга қандай муносабатда бўлишинг ўзингнинг ишинг, ўзингнинг ҳуқуқинг” демаганлар. “Қўл билан тўхтатиш” тушунарлими сизга? Бу – бир одам бировга зулм қилаётганини кўрсангиз ўша зулмкорга қарши уруш очишдир. Зулмнинг кўриниши ҳар хил: калтаклаш, кишанлаш, қамоққа ташлаш, хўрлаш, хотини (қизи, синглиси)ни зўрлаш, пулини ёки моддий бойлигини тортиб олиш, ўлдириш (ва ҳ.). Зулм қай кўринишда бўлса, уруш ҳам ўшанга яраша бўлиши лозим. “Қўлинг билан тўхтатишга имконинг бўлмаса” дейилгани нима? Бу фақат одамнинг қўли йўқ ёки синган, дегани эмас. Пайғамбаримиз (сав) ҳар қандай одамда қўрқув хисси бўлишини биладилар. Бироқ пайти келганда, мас., зулмкор бир одамга зулм ўтказаётганини кўрган пайтда, қўрқувни унутадиган одамлар ҳам бор. “Қўли билан тўхтатадиган” одамлар – бандалар орасида энг қўрқмасларидир. Ғанимлар, мушриклар ва исломнинг бошқа душманларига қарши Пайғамбар (сав) билан ЎЛИМНИ БЎЙНИГА ОЛИБ жангга кирган мусулмонлар қўрқмаслар тоифасидан бўлган

“Тилинг билан тўхтат” дейилгани-чи? Зулмкор бир одамни калтаклаётган бўлса, буни кўрган одам бир чеккада туриб: “Ҳай, тўхта! Ҳай, тўхта!” деб туриши эмас, ва табиий, бу одам пайти келганда қўрқувни унутадиган одамлардан ҳам эмас. У ҳолда “Тилинг билан тўхтат” дейилгани не? Пайғамбаримиз (сав) замонларида оммавий ахборот воситалари (газета, журнал, радио, телевидение, интернет ва ҳ.) бўлмаган. Бироқ мазкур зулмни оммага етказишнинг бошқа усуллари бўлган. “Тилинг билан тўхтат” деганларида пайғамбаримиз (сав) ана шуни назарда тутганлар. Зулмкорни омма олдида шарманда қилиш, уни элдан чиқариш, маърака-мавлудларга таклиф қилмаслик (ва ҳ.) шулар жумласидандир. Яқин-яқинларгача мен туғилиб ўсган қишлоқда бировнинг хасмини зино қилган одамни элдан чиқариш ҳукми бор эди: у одамни на тўй-маъракага ва на таъзияга таклиф қилинмас, у билан қиз олиб-қиз бериш бўлмасди – у яккамаховга айланар эди. Мана, тил билан тўхтатиш! Зулмни кўриб турган насроний ҳам, яҳудий ҳам, буддапараст ҳам ва, ҳатто, кофир ҳам нафақат тили билан, балки қўли билан ҳам қаршилик қилиши мумкин.

Ва ниҳоят, “бир одам бировга зулм қилаётганини кўрсанг унга дилингда қаршилик қил”дан нега иймоннинг заифлиги келиб чиқади? Бир банда бировга зулм қилаётганини кўрган одамда ҳеч қандай ҳис-туйғу уйғонмаса, бу одамни “одам” атамаси билан аташ қийин, “мусулмон одам” атамаси билан аташ эса инчунун қийин. Бу менга кинолардаги бир эпизодни эслатади: Африканинг беҳад саванналарида ҳар бир шохи ярим метр келадиган минглаб баҳайбат моллар ўтлаб юрибди. Бўйи уларнинг ярмича ҳам келмайдиган 2-3 та йўлбарс молларнинг бирига ташланиб, моллар тўдасилан 15-20 метр нарида молни буғизлаб еб туришганига минглаб моллар қараб туришибди ёки ўтлашда давом этишаяпти. Ваҳоланки, ўша моллар ўша йўлбарсларни ўртага олиб тилка-тилка қилиб ташлашлари қийин эмас. Зулмни кўриб турган мусулмоннинг дилидан ҳеч бўлмаганда: “Ҳа, аблаҳ! Кучинг шунга етибди-да! Аллоҳ сен зулмкорнинг жазосини берсин!” деган қаршиликни ўтказиши керак. Айтинг-чи, муҳтарам Аҳмаджон, зулмни кўриб турган мусулмон ўз муносабатини фақат шу хитобни дилида айтиш билан чегараласа, унинг иймони қай даражада кучли бўлиши мумкин?

Иймоннинг кучи Аллоҳга бўлган муҳаббат билан ўлчанади. Аллоҳга бўлган муҳаббат зулмга қарши курашиш ҳамдир. Иймони кучлилар юқорида айтилган қўрқмаслардир. Улар кўп эмас. Улар зулмга қарши уруш очадилар, яъни курашадилар. Бу фақатгина қўлга қурол олиб курашишнигина билдирмайди. Бу – сиёсий кураш ҳамдир. Бу – маънавий кураш ҳамдир. Зулмга қарши тил билан курашадиганлар ҳам ўзбеклар орасида кўп эмас. Тил билан қарши турадиганларда ҳам жасорат бўлиши керак. Бироқ жасоратсизлар, яъни ҳатто тили билан қаршилик қила олмайдиганлар ўзбек мусулмонлари орасида тиқилиб ётибди. Тўлқин шуни айтаяпти.

Аҳмаджон, айтинг-чи, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати халққа, хусусан Сизга нима қилиб бериши керак эди? Ҳар бир хонадонга бир қопдан ун тарқатиб чиқиши керакмиди? Барча болаларга хўрозқанд улашиб чиқиши лозиммиди? Нима қилишини истар эдингиз? Одамларнинг: “Депутатликка даъвогар фалонча аҳолига нима қилиб берган?”, “Ҳокимият тепасига келмоқчи бўлаётган фалон партия нима қилиб берувди бизга?” каби гапларини эшитсам энсам қотади. Бундай саволларни сиёсатнинг “с”сини ҳам тушунмайдиган одамлар бериши мумкин. Асрлар аввал топган бойлигини жамият манфаатига беғараз сарфлаб юрган бойлар бўлганини, халқ шундай одамларни нафақат бошига, балки давлат бошлиғи даражасигача кўтарганини эшитганмиз. Алишер Усмонов ўзбеклар ичидан чиққан энг бой миллиардерлардан бири. У ўзбек халқига бирор нарса қилиб бераяптими? Йўқ! Унинг ниятигина эмас, ҳатто ўзбек халқи манфаати учун [Ислом Каримов режими учун эмас!] аталган бирорта программаси ҳам йўқ!

Ҳозир, яъни ХХ ва ХХI асрларда, вазият бутунлай бошқача. Сиёсат, яъни давлатни шакллантириш ва уни бошқариш санъати, “нима қилиб берувди?”дан бошланмайди. Шахслар, партиялар ва ҳокимиятни эгаллаш нияти бўлган бошқа кучлар сайловолди  программаларини халқ эътиборига эълон қилишади, уларнинг ҳар бири ўз программасининг жозибадорлигини турли ташвиқот усуллари билан “кўз-кўз” қилишади. Бу кучларнинг бири умумхалқ сайловида ғолиб бўлиб ҳокимият тепасига келсагина ўз программасини амалга ошириши, яъни “бир нима қилиб бериши” мумкин. “Бир нима қилиб бериш”нинг бошқа йўли йўқ! Бир одамга, масалан Сизга, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати “бир нарса қилиб бериши”, масалан, яхши қатиқдан қилинган бир коробка қурут юбориши мумкин. Ёки Рўзи Рамазон ойида кичик бир жамоага ифторлик қилиб бериши мумкин. Бунинг учун программа ҳам керак эмас. Бироқ Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг программаси мавжуд, уни унинг сайтидан топиш қийин эмас. Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ҳокимиятга келса, у Ўзбекистонда эркин, обод фуқаровий (демократик) жамиятга асос солишига мен аминман.

Мен “демократия” сўзини бу сўзни эшитганда лабига учуқ тошадиган одамлар учун ёзмоқдаман. Демократия – халқ ҳокимияти, дея тушунилишини ҳамма билади. Халқ ҳокимияти эса умумхалқ сайловлари орқали амалга оширилади. Саудия Арабистони хирсдан тўқ бой мамлакат, бироқ демократик давлат эмас. Баъзи давлатларнинг қўлида ўйинчоқ эканига қараганда уни дунё мусулмонларига қайишадиган давлат деб ҳам бўлмайди. Бу давлат зулм остида қолган ўзбекистонлик мусулмонларга нима қилиб бераяпти? АҚШ, Франция, Швеция ва бошқа бир қатор мамлакатлар демократик давлатлардир. Биз мусулмонлар нуқтаи-назаримиздан демократиянинг камчиликлари кўп, бир хил камчиликлари жирканчли. Мен бир мисолни такрорлашдан чарчамайман: буюк итальян рассом ва ҳайкалтарош Микельанжелодан сўрашади: “Сиз ҳайкал ишлаганингизда қандай қилиб юксак нафисликка эришасиз?”. Жавоб ушбу бўлган: “Мен бир тошни олиб унинг барча ортиқча жойларини олиб ташлайман”. Биз кўраётган ва баъзиларимиз яшаётган демократиянинг “ортиқча жойлари” оз эмас. Шуларни Микельанжело айтгандек олиб ташланса пайғамбаримиз (сав) асос солган, мен орзу қилган ислом демократияси  келиб чиқади.

Тўлқин Қораев менга ука ҳам эмас, бўла ҳам эмас, тоға ҳам эмас. Биз бир ташкилотда ишлаган маслакдош одамлармиз, холос. Тўлқиннинг талай камчиликлари бор, бироқ у мусулмонларга қарши эмаслигини аниқ биламан. У мусулмонларга қарши бўлмагангина эмас, балки у Ўзбекистондалигида Қашқадарё вилоятида Каримов ҳукумати мусулмонларга қарши ўтказаётган зулмларни фош қилиб юзлаб мақолалар ёзиб тарқатганини мен биламан, яъни у зулмга тил билан қарши курашганлардан биридир. Тўлқин гапиришга уста эмас, нутқи равон эмас. Ундан фарқли ўлароқ Аҳмаджон ҳар бир сўзини чертиб-чертиб гапиради, овози тиниқ, дикцияси чиройли, тутилмасдан гапиради. Бундай гапиришда ёлғонни ҳам чинга айлантириш мумкин. Мунозара пайтида бу хусусиятлар кўп нарсани белгилайди. Шу нуқтаи-назардан мунозарада Тўлқин ютқазди.

Бироқ масаланинг қўйилиши нуқтаи-назаридан Тўлқин ютқазган эмас. Тўлқинда Ўзбекистонда қамоқларда азоб чекаётган минг-минглаб мусулмонларга ачиниш кучли, чунки у уларнинг зулм остидаги ахволини кўрган, ўрганган, “Америка овози”, “Озодлик” ва “Машҳад” каби Радиоларда гапирган. Мусулмонлар энг кўп зулмга учраган регионлардан бири Қашқадарёдир. Мас., Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятининг беш аъзоси – Меҳринисо Ҳамдамова, Шаҳло Раҳмонова, Ғайбулла Жалилов, Йўлдош Расулов ва Ғайрат Раҳимовлар намозхон бўлганлари учун кўпйиллик қамоққа ташланганлар. Тўлқин ва унинг синглиси Гулшан Қораева шу ва бошқа мусулмон маҳбуслар учун қўлларидан келганча курашганлар. Тўлқиннинг ёзиш услуби ўзига хос. Тўлқин ижодида кесатқиларни кенг ишлатишини билмаган одам унинг ёзувини ҳақорат деб қараши ҳеч гап эмас. Мунозарада Аҳмаджон айнан шунга урғу бердилар.

Илҳомжон Тўлқиннинг “Сиёсат билан аҳолининг бир фоизи (1%) шуғулланиши мумкин” деган гапига қаттиқ “ёпишиб” олдилар. Бу укамиз аҳолининг 99% ўз тирикчилиги, ўз муаммоси, ўз иссиқ-совуғи билан юради ва шунга ҳақли маъносида гапирдилар. Бу статистика замон, макон (давлат), миллат ва йўлбошчиларга қараб ҳар хил бўлади ва ўзгариб туради. Афғонлар юзйиллаб ўз ҳудудлари орқали инглизларнинг яхши қуролланган армиясини босиб олинган Ҳиндистон ҳудудидан Марказий Осиёга ўтказмаган. Бу сиёсатда афғонларнинг 1%и қатнашди, дейиш – бўлмаган гап. Бир неча юз минг аҳолига эга бўлган Чеченистон салкам 150 миллион аҳолига эга бўлган, армияси энг замонавий қурол-аслаҳа, танклар, вертолёт ва бомбардимончи самолётлар билан қуролланган Россияга қарши бир неча йил уруш олиб борди. Бу урушда чеченлар томонидан фақат ёш гўдаклар қатнашмаган бўлиши мумкин.

Ўзбекистонда сиёсат соҳасида фаоллик кўрсатаётган аҳоли даражаси 0,001% ҳам эмас. 1992 йилнинг декабрида ватандан чиқиб кетган бир шарлатан ўзбек сиёсатчиси бир неча йилдан бери ўзбек халқини “қорамол”, “чўчқа” деб атаб келаяпти. У 2013 йил 8 июль куни ўз мақоласида “чўчқага айланган ўзбек зиёлиларининг катта қисмини жисмоний йўқ қилиш керак” деб ёзишгача борди. Бу сиёсатчи ўзбек халқи қандай сабабларга кўра ҳозирги ахволга  тушиб қолганини ҳатто таҳлил ҳам қилган эмас. Халқни юксалтирувчи ҳам, тубанлаштирувчи ҳам давлат сиёсатидир, давлатни бошқараётган шахсларнинг ишидир. Зимбабве бир пайтлар бутун Африкага бўғдой етказиб берган давлат бўлган. Инглиз мустамлакачиларига қарши курашнинг бошида турган ва Зимбабвени инглизлардан халос қилган Роберт Мугабе ўша пайтлар халқ томонидан тан олинган миллий қаҳрамон бўлган. 89 ёшли Р.Мугабе 1980 йилдан бери мамлакатни бошқариши даврида Зимбабве доллари 4000.000 марта қадрсизланди, иқтисод тамоман издан чиқди, юзминглаб одамлар очдан ўлди, миллионлари мамлакатни тарк этди. Бир пайтлар Африканинг энг бой мамлакатларидан бўлган Зимбабве ҳозирги кунда қитъанинг энг қолоқ мамлакатига айланди.

Ўзбекистон ҳам шу. И.Каримовнинг аксилинсон, аксилхалқ ва аксилмусулмон сиёсати 1989 йилнинг июнидан бери ўз ишини қилди, ўз “ҳосилини” берди. Унинг ёнига Анвар-қори каби сотқин имомларнинг “ҳиссасини” қўшинг. Мен МХХ, милиция, прокуратура, суд ва бошқа зулмкор ташкилотларнинг ўзбек халқига, хусусан мусулмонларга нисбатан муносабати ҳақида гапирмай ҳам қўя қолай. Буни кўпчилик билади. Демак, халқни ҳам иқтисодий, ҳам маънавий, ҳам сиёсий ҳолатини давлат сиёсати абгор қилар экан, уни олдини олиш учун мухолифат лидерлари, мусулмон жамоалар етакчилари нима қилиши керак? Уларнинг бири халқнинг сиёсий-ижтимоий онгини, иккинчиси эса унинг сиёсий-маънавий онгини изчиллик билан ошира бориши лозим. Шарлатан сиёсатчининг алжирашлардан иборат “сиёсати” туфайли “Бирлик” халқ ҳаракати (кейинчалик, партияси) тамом бўлди – бу ҳақида Пўлат Охунов ҳам ташвиш билдирди.  “Озод деҳқонлар” партияси ўз фаолиятини тўхтатганига анча йил бўлди. Сиёсий майдонда мустабид тузумга қарши ким ишлаяпти? Иккита Ҳаракат – Ўзбекистон Халқ Ҳаракати ва “Бирдамлик” халқ ҳаракати – афсуски бир-бирига ёвқараш позициясида туриб, баҳоли-қудрат ишлашмоқда.

“Сен сиёсат билан шуғулланмасанг, сиёсат сен билан шуғулланади” деган гап бор. Илҳомжон айтганларидек, аҳолининг 99%и ўз тирикчилиги билан юраверса, сиёсат билан иши бўлмаса, сиёсат у билан шуғулланади. Каримов сиёсати айнан шу ишни қилди – аҳолининг бир қисми қамоқда, бир қисми ишсиз, бир қисми ўзга юртларда мардикорчиликда ёки фоҳишахоналарда ва ҳ. Шу ахволга тушмаслик учун халқ, у кимлардан ташкил топишидан қатъий назар – деҳцонми, зиёлими, тадбиркорми, диндорми ёки динсизми – фарқи йўқ – сиёсат билан шуғулланиши керак. Буни истамаган халққа ачинмаса ҳам бўлади. Бу оғир гап, бироқ бошқа йўли йўқ!

Муҳаммадсолиҳ Абутов ислом динидаги турли гуруҳлар ҳақида гапирдилар. Мусулмонлар сунний ва шиа гуруҳларига бўлинганлари етмагандай, яна янги-янги гуруҳлар тузиб олишган. Аллоҳ – ягона, Унинг охирги туширган Китоби – битта бўлса-ю, Унга турлича эътиқод қилишса!? Фожеа! Сурияда фуқаровий уруш кетаяпти. Шиалар Эрони мустабид ҳоким, шиалар мазҳабига мансуб Башар ал-Асад томонида, унга қарши урушаётган суннийларни Саудия Арабистони каби суннийлар давлати қўллаб-қувватлаб турибди.  Мусулмон мусулмон билан қирғинбарот урушга киришиб кетган. Пайғамбаримизнинг (сав) “Ҳар қандай зулмга қарши кураш!” деган чақириқлари қаёққа кетди? Пайғамбарнинг (сав) гапини олмаган мусулмонлар Тўлқиннинг гапини оладими?

14 август, 2013 йил.               Франция.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s