ДИКТАТОРНИНГ ДУШМАНИ КИМ?


   Mafia         Ушбу мақола 1996 йилда ёзилганган бўлса-да, у ҳанузга қадар ўз актуаллигини йўқотган эмас, деб ҳисоблайман.

            Мақолада кўтарилган масала инсон ҳуқуқлари билан узвий боғлиқ бўлгани учун уни ҳурматли ўқувчилар диққатига ҳавола қилмоқчимиз.

Толиб Ёқубов

7 март 1996 й.

ДИКТАТОРНИНГ ДУШМАНИ КИМ?

            Демократик тузумларда ҳар қандай диктатурага, айниқса мутлоқ диктатурага, йўл қўйилмайди. Бунинг сабаби шу-ки, демократик тузум шароитида яшаётган халқлар битта умумфалсафий ҳақиқатни яхши тушуниб етганлар. Мазкур ҳақиқат кўпчиликка таниш: ҳокимият одамни айнитади, мутлоқ ҳокимият эса мутлоқ айнитади.

Демократик тузум, яъни озодлик шароитида яшаётган халқ ҳокимиятни айниган, айниқса мутлоқ айниган одам бошқаришини истамайди. Математикларнинг тили билан айтганда ҳоким (ҳукмдор) нинг айниганлиги билан халқнинг эркинлиги ўртасида тескари пропорционал боғланиш мавжуд, яъни ҳоким қанча кўп айниган бўлса, халқ шунча кам эркинликка эга бўлади, ва аксинча….  Бу ҳақиқатни одамлар бевосита ёки ҳеч бўлмаганда интуитив тушунадилар.

Юқорида зикр этилган ҳақиқатни биринчи бўлиб қадимги юнон файласуфлари пайқаган бўлсалар керак.

Бир неча йилдан бери жахон матбуоти, кўпгина сиёсий раҳбарлар, инсон ҳуқуқлари учун курашувчи ташкилотлар ходимлари Ўзбекистон ва Туркманистон президентларини диктатор деб атамоқдалар. Айни пайтда Қозоғистон ва Қирғизистон президентлари ҳақида жаҳон матбуотида бу хил мулоҳаза деярли учрамайди. Табиий, жаҳон матбуоти, сиёсий ва бошқа раҳбарлар Ўзбекистон ва Туркманистон раҳбарларини бирданига ёмон кўриб қолгани учун бундай фикрни билдираётгани йўқ. Улар Ўзбекистон ва Туркманистондаги сиёсий-ижтимоий аҳвол, президентларнинг ҳатти-ҳаракатлари, уларнинг нутқларида кузатилаётган жиҳатларга қараб мазкур хулосага келишаётган бўлса керак. Бошқача айтганда: «Шамол бўлмаса, дарахтнинг боши қимирламайди».

Мақола бошида келтирилган умумфалсафий ҳақиқатни бироз таҳлил қилиш билан бирга кўпчиликка маълум бўлган, ортиқча тушунтиришни талаб этмайдиган, оддий ҳақиқатларга муҳтарам ўқувчининг эътиборини жалб этамиз.

Ҳокимиятни эгаллаб турган одамнинг «айниши» деганда нима тушунилиши барчага маълум. Бунга тўхталмаган ҳолда шуни қайд этамиз-ки, ҳокимиятга келган одамнинг  айниши, табиий, унинг  инсоний сифатлари, ҳатти-ҳаракати, юргизаётган сиёсати, ўз атрофидагиларга муносабати, атрофидагиларнинг унга муносабати ва бошқа кўпгина жиҳатларга  боғлиқдир. Ҳокимнинг айниши, ва айниқса, мутлоқ айниши, яъни диктатор бўлиб шакллана бориши, турган гап, биринчи навбатда унинг инсоний сифатларига боғлиқ бўлса, иккинчи томондан, бундай шаклланишнинг асосий сабаби жамиятдаги ижтимоий онг даражасидир. Ижтимоий онг даражаси юқори бўлган жамиятда ҳокимият тепасига инсоний сифатлари паст одам кела олмайди, келган тақдирда ҳам у узоқ муддат ҳокимиятда қола олмайди.

Шуни ҳам айтиш керакки, ижтимоий онг даражаси паст бўлган жамиятда ижтимоий иллатлар даражаси юқори бўлганлиги сабабли ҳокимни гурух манфаати билан боғлиқ бўлган одамлар қуршай бошлайди, яъни ҳокимнинг яқин ва узоқ атрофи шакллана боради. Ҳоким диктатор бўлиб шакллана борган сари у қандайдир одамларни ёки гурухларни ўзига душман деб ҳисоблай бошлайди, уларга асоссиз айблар қўйиб тазйиқ остига олишга ҳаракат қилади.

Ҳар қандай қарши фикрга нафақат диктаторнинг ўзи, балки унинг иродасиз атрофи ҳам салбий муносабатда бўла бошлайди. Диктатор ва унинг атрофи ҳар қандай масалани куч ёрдамида ечишга ҳаракат қилади, ва натижада жамиятда зулм ва зўравонлик, ва демак, уларнинг мантиқий давоми бўлган ижтимоий иллатлар янада кучая боради. Диктатор ва унинг атрофининг кирди-корларини яшириш мақсадида матбуот ва бошқа соҳаларда ёлғонга зўр берилади, яъни ЁЛҒОН зўравонликка ўхшаш давлат сиёсатининг асосий қуролига айланади.

Ҳар қандай одамнинг ўзига яраша душманлари ёки ихтилофчилари бўлганидек, диктаторнинг ҳам душманлари ва мухолифатчилари бўлади, албатта. Бироқ оддий одамдан фарқли ўларок диктаторнинг  асосий душманлари ўзига хос хусусиятга эга. Бу хусусиятни тушунтириш учун ҳаётий бир параллелга мурожаат қилайлик. Ушбу афоризм машҳур рус тарихчиси А.Ключевскийнинг қаламига мансуб:

«Гўзал аёлнинг биринчи душмани унинг кўзгу (ойна)си, иккинчи душмани эсаунинг қулоқларидир. Биринчиси унинг ақлини заифлаштирса, иккинчиси унинг юрагини ишдан чиқаради».

Мазкур афоризмда буюк олим гўзал аёлнинг ҳақиқий душманларини кўрсатган, бинобарин гўзал аёлнинг оддий душманлари, яъни ўзи қатори рақиблари бўлиб, улар у билан бахт талашадиган бошқа чиройли ва гўзал аёллардир. Нега кўзгу ва қулоқлар гўзал аёлнинг асосий душманлари эканига ҳурматли ўқувчининг ўзи тушуниб етади деб ўйлаймиз.

Мақола бошида келтирилган умумфалсафий хакикат билан мазкур афоризм орасида узвий боғланиш борлигини зукко ўқувчи дарҳол тушунади. Дарҳақиқат, гўзаллик аёл учун нақадар ҳислат бўлса, мутлоқ ҳокимият диктатор учун шу қадар ҳислатдир, чунки уларнинг ҳар иккаласи ҳам ўз соҳибини мутлоқ айнитади. Бу ҳолни тушуниш қийин эмас, чунки гўзал аёл ҳам, диктатор ҳам ўзларининг хакикий душманларининг бевосита ва доимий таъсирида бўлади.

Шундай қилиб, диктаторнинг ҳақиқий душманлари ким? Улар иккита бўлиб, биринчи ҳақиқий душман – жилови диктаторнинг қўлида бўлган ноэркин оммавий ахборот воситалари (ОАВ), иккинчиси эса у билан тамоман ҳамоҳанг бўлган, унинг ҳар бир гапига «лаббай» деб жавоб берувчи, диктатор иродасига тўлиқ бўйсунган яқин ва узоқ атрофидир. Кўзгу гўзал аёл ақлини қандай ва қанчалик заифлаштирса, ноэркин матбуот, радио ва телевидение ҳам диктаторнинг ақлини шундай ва шунчалик заифлаштиради, гўзал аёл қулоқлари унинг юрагини қандай ва қанчалик ишдан чиқарса, диктаторнинг атрофи ҳам унинг юрагини шундай ва шунчалик ишдан чиқаради.

Афсуски, диктаторлар одатда ёлғон мақтовлар гирдобида бўлиб, улар ўзларининг ҳақиқий душманларини сезмайдилар ёки сезишни истамайдилар. Диктаторлик ва шахсга сиғиниш эгизак тушунчалардир. Шахсга сиғиниш кўпгина динларда, шу жумладан Исломда ҳам қораланади. Инсон инсонга эмас, инсон фақат Яратганга сажда қилиши, сиғиниши лозим. Диктаторлик режими шароитида ҳамма нарса шахсга сиғинишга йўналтирилган бўлади. Шу сабабли бундай мамлакатда диний эътиқодларга ва диннинг ўзига қарши қатағонлар уюштирилиши диктаторликнинг мантиқий давоми деб қаралади.

«Беайб – Парвардигор» дейишади донолар. Ҳар қандай инсон номукаммал зот бўлгани сабабли хато ва айблардан, ва демак, гуноҳлардан холи эмас. Бироқ матбуот ва атроф диктатор хатосиз ва айбсиз ишлайди деб ҳисоблайди ёки ҳисоблашга мажбур. Матбуот ва атроф буни ишонганидан эмас, балки диктаторнинг хато ва айбларини яшириш учун муттасил ёлғон гапиришга маҳкум бўлганлигидан қилади. Уларда қўрқув ва манфаат ҳисси халқ ва жаҳон жамоатчилигидан уялиш ҳиссидан юқори бўлади.

Қўрқув ва манфаат ҳисси эътиқод ҳиссидан фарқли ўлароқ одамни осонликча сотқинлик, иккиюзламачилик, риёкорликка судрайди. Шу сабабли диктаторлар ҳокимиятдан кетган заҳотиёқ унга биринчи бўлиб айнан матбуот ва атроф тош ота бошлайди – бунга тарихда талай мисоллар бор. Дарҳақиқат, душманлик ва сотқинликка тайёр одамларгина уз «хўжайинларининг» гапини икки қилмайдилар, унинг хато ва айбларини яширадилар, уни танқид қилмайдилар. Ўзбекистон ва Туркманистон матбуотида ўн йил давомида бу мамлакатлар раҳбарлари ҳақида бирорта ҳам танқидий мақола босилмаганлиги бунинг яққол исботи эмасми?

Диктаторлик режими шароитида МАҚТОВ жамият ҳаётининг асосий белгиларидан бирига айланади. Мақтов гўзал аёл қулоғига, ва демак юрагига қандай таъсир этса, диктатор қулоғи ва юрагига ана шундай таъсир этади. Мақтов аслида Парвардигорни улуғлаш ва болани рағбатлантириш учун ишлатиладиган инсон эътиқоди ва ҳис-туйғуларининг бир бўлагидир. Парвардигорга нисбатан мақтов – ҳақиқат.  Болага нисбатан айтилган мақтов оддий сохталик бўлса-да, бироқ бу – бола тарбиясининг бир қисми деб қаралади. Ёши катта одамни мақташ, одатда, аксарият уни иллат сари ундайди, муттасил мақтов эса инсонда кибр, сохта буюклик ва бошқа иллатларни кучайтиради.

Диктатор одатда матбуот ва атрофнинг муттасил мақтови ва саждаси таъсирида бўлгани туфайли таборо халқдан узоқлашади, тинимсиз ўз шахси ҳақида ўйлайди. Шахси улуғланган сари эса қандайдир мавҳум гурухлардан, ва ҳатто ўз атрофидан ҳам ҳадиксирай бошлайди. Ҳадиксираш бора-бора қўрқувга айланиб кетади ва диктатор нафақат ўзининг қўриқчиларини, балки режим қўриқчиларини ҳам беқисоб кўпайтиришга киришади. Шу сабабдан бўлса керак, шарқ халқларида: «Ҳукмдор қанча ақлсиз бўлса, уни шунча қаттиқ қўриқлашади» деган мақол бор. Инсоният тарихида машъум роль ўйнаган Сталин, Гитлер, Мао Цзедун, Кастро, Дювалье, Ким Ир Сен, Пол Пот ва бошқа диктаторлар ҳаёти бунга мисолдир.

Туркистон тарихида кўплаб диктаторлар ўтган. Инсоният ХХI аср бўсағасида турганда Ўзбекистон ва Туркманистондек мамлакатлар навбатдаги асрга диктатура билан ўтишади, шекилли.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s