Хавфсизлик


Муҳаммад Солиҳ

Муҳаммад Солиҳ

Муҳаммад Солиҳга

Ассаломуалайкум, муҳтарам Муҳаммад Солиҳ!

Ўзбек ва русзабон сайтларда (балки бошқа тилларда ҳам бўлиши мумкин) чоп этилаётган мақолаларни кузатиб бораётган ҳар қандай одам Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг тузилиши ва дастлабки фаолиятидан ҳукуматнинг жиддий саросимага тушиб қолганини сезиши мумкин. Ҳукуматнинг бу ҳолати, бир томондан, унга ҳақиқий мухолиф бўлган кучларни рағбатлантирса, иккинчи томондан, уларни бепарволикка ундамаслиги керак. ЎХҲнинг хавфсизлик масалалари билан шуғулланувчи одамлари ва органи бор ёки йўқлигини мен билмайман. Бироқ менга Тошкентда ишлаб юрган чоғимда шаклланган озгина тажрибани  Сиз билан ўртоқлашиш фикри келди.

1999 йилнинг майида бир манбъадан менга: “МХХ Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига сингдириш учун уч ёш одамни тайёрлаяпти, бири АҚШда ўқиган, иккитаси интеллектуал кучли, бирнеча тилларни билишади” деган маълумот келди. Бу маълумот менинг диққат марказимда бирмунча вақт турган бўлса-да, кейинчалик унут бўла борди. 2000 йил сентябрида ташкилотимизга АҚШда давлат программаси бўйича бир йил ўқиган Руслан Шарипов ёрдам сўраб келди. Унинг гапи бўйича у ўқишдан ноқонуний ҳайдалган экан. Биз уни ўқишга тиклаш учун кураш бошладик, давлат идоралари билан ёзишмалар таборо кучайиб борди. Руслан ҳақиқатан кучли интеллектга эга экан. У биринчи марта ташкилотнинг сайтини очди ва уни салкам бир йил юргизди. Мен унга ЎИҲЖда ишлашни таклиф қилдим, у таклифни қабул қилди ва 9 ой мен билан бирга ишлади.

Менда унга нисбатан пайдо бўлган биринчи шўбҳа шу бўлди-ки, менинг таклифимдан кейин ўзининг иши уни мутлақо қизиқтирмай қўйди. Унинг онаси ва укаси Бухорода яшар экан ва мен унинг оиласи ҳақида маълумот тўплашни бухоролик одамларимизга илтимос қилдим. Унинг отаси Александр Шарипов СССР даврида КГБнинг Бухоро вилояти бўйича ҳарбий контрразведка штабининг бошлиғи бўлиб ишлаган, кейинчалик МХХнинг Россиядаги резиденти қилиб жўнатилган экан. Биз Русланни фош қилганимиздан кейин у худди Абдужалил Бойматовга ўхшаш жанжал қилиб ЎИҲЖдан чиқиб кетди.

2001 йил августида ОБСЕнинг Тошкентдаги офисида ишлайдиган Шароф Азизов деган йигит менинг уйимга бир йигитчани бошлаб кириб келди. Ш.А.нинг ўзи Англияда ўқиб келган экан, ОБСЕ офисида ишлашидан ташқари “Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси” университетида дарс ҳам берар экан. Мен у билан ОБСЕ офисига борган пайтларимда танишган эдим. Бирга келган йигитча Сухроб Исмоилов бўлиб, бир ой илгари шу университетни битирган экан. Ш.А. менга: “Сухробни мен ўқитганман, яхши билимли бола. Сухробни ишга олсангиз, у сиздан ҳуқуқбонликни ўрганмоқчи ва кейинги фаолиятини шу соҳага бағишламоқчи” деди. Гап орасида у ўзи билиб-билмай: “Сухроб пулга муҳтож эмас. Сариосиёда унинг отасининг бир неча автозаправкалари бор” деб айтиб қўйди. Мен Сухробга савол бердим: “Сен жуда эътиборли университетни битирибсан. Агар сен бирор халқаро ташкилотда, ёки бизнес-структурада, ёки давлат идорасида ишласанг катта пул ва обрў орттиришинг мумкин. Биз сенга маош бера олмаймиз, ташкилотимиз ҳамма вақт тазйиқ остида. Нима қиласан бу ташкилотда?”. У жавоб бера олмай каловланиб қолди, бироқ унга Ш.А. ёрдамга келди ва мени кўндирди.

Сухроб бир неча марта ўз-ўзини фош қилди. МХХ хуфъяларининг асосий хусусияти ҳар қандай информацияни йиғишдан иборат. Бир кун қизларим: “Сиз йўқлигингизда Сухроб архив ҳужжатларини копия қилиб олиб кетаяпти” деб қолишди. Уни зимдан кузатдик, гумонларимиз тасдиқланди. 2002 йил 28 июнь куни мен уни шармандасини чиқариб ташкилотдан ҳайдадим.

Бироқ учинчи хуфъяни биз яқингача аниқлай олмаган эдик. Яқинда мухолифатнинг кўзга кўринган, ҳозир ҳам Тошкентда яшаётган бир вакилидан менга хат келди. Абдужалил ядро физикаси институтида (ЯФИ, Улуғбек посёлкаси) аспирантурада ўқиган ва ишлаган. Бу объект МХХнинг “Особо охраняемый объект”лар сирасига киради. ОООларнинг барча ходимлари (ҳатто фаррошларгача) МХХнинг рўйхатида туради ва мутлоқ кўпчилиги унга хизмат қилади. Ходим ЯФИдан бўшаб кетиши мумкин, бироқ МХХдан узилиб кета олмайди. Шунинг учун ҳам “Бирлик” ХҲ ташкил бўлганда унинг энг “актив” ячейкаси ЯФИда бўлган. Менга хат ёзган одам ҳозирги пайтда ЎИҲЖда (хусусан мен ва Абдужалил орамизда) бўлаётган жанжални ўқиб бораётган экан. Бу одам 90-чи йиллар бошида қамалиб ҳам чиққан эди. У кишининг ёзишича, қамоқдан чиққач, унинг уйига А.Бойматов келган ва: “Сиз сиёсатни кучли тушунасиз, мен кўп нарсани тушунмайман, сиз билан сўҳбатлашиб сиздан ўргансам” деган. Бу киши рози бўлган ва А.Бойматов унинг уйига келиб турган. Бир куни А.Бойматов сўҳбатдошига: “Институтдан реактордан чиқадиган уран қолдиғи (отработанный уран)ни олиб чиқиш имконим бор. Биласиз, у жуда қиммат туради. Менга клиент топишга ёрдам беринг” деган.

Хат муаллифи: “Қамоқдан чиққандан кейин мен ишсиз эдим, мени бирор жойга ишга олишмади. Мени ҳукумат яна қамаш учун уринаётган эди ва мен Абдужалил таклифининг  моҳиятини дарҳол тушундим ва уни иккинчи марта уйимга қадам босмаслигини бўйнига қўйиб ҳайдаб чиқардим. Ундан жуда эҳтиёт бўлинглар. У мендан бошқа мухолифат одамларига ҳам уран таклиф қилганини эшитганман” деб ёзибди.

Хатнинг давомида у киши яна ушбуни ёзган: “Абдужалил Бойматов ҳеч қийналмасдан бизнес билан шуғуллана бошлади, Кадишев бозоридан қийналмасдан хотинига жой қилиб берди. Бизнесдаги танишларнинг айтишича ташқаридан олиб келаётган унинг товарларини божхона ходимлари текширмас экан. Бозорда солиқ инспекторлари ҳаммани қува-қув қилганда ҳам унинг молларига бир марта ҳам тегинишмаган экан”.

Шундай қилиб, 2000 йили бизга Р.Шариповни, 2001 йили С.Исмоиловни, 2002 йили А.Бойматовни сингдиришган.  Менинг атрофимда МХХ найрангларини яхши тушунадиган одам бўлмагани учун ўз вақтида мен ҳам катта хатоларга йўл қўйганман. Дастлабки иккитасини биз бир йил, бир йилдан кам вақт ичида фош қилган бўлсак, А.Бойматов тўққиз йил ташкилотимизда бўлди.

2004 йил августида мен Қашқадарё, Сурхандарё ва Бухоро вилоятларига ташкилотимиз иши билан танишиш учун сафар қилдим. Бухоро вилояти бўйича ташкилот раиси “Эрк” партияси аъзоси Бобомурод Раззоқов эди. Мен унга Қаршидан, Тўлқин Қараевнинг ҳовлисидан телефон қилдим ва боришимни айтдим. Мен эртаси куни кечга томон етиб бордим. Мен телефон қилганимдан икки-уч соатлардан кейин Бобомуроднинг уйига МХХнинг икки ходими борган ва у билан “сўҳбат” қилишган. Бобомурод мендан: “Эзгулик” деган ташкилот қандай ташкилот?” деб сўради. Мен: “Бизнинг ташкилотимиз каби ҳуқуқбонлик ташкилоти. Нега сўраяпсиз?” дедим. Унинг айтишича, бирмунча вақт илгари Бухорога Васила Иноятова борган ва бир неча МХХ ходимларига “Эзгулик”нинг гувоҳномаларини бериб кетган. Унинг уйига келган иккита ходим айнан гувоҳнома олган ходимлардан бўлган.

Биз 1999-2003 йилларда асли қорақалпоғистонлик (Манғит қишлоғида туғилган), 1991-92 йилларда президент хавфсизлиги хизмати бошлиғи, 1992-97 йиллар МХХнинг ҳарбий контрразведка бошқармаси бошлиғи бўлган полковник Сапарбой Казаковни ҳимоя қилганмиз. У 1997 йил 25 мартда ЖКнинг 9 та моддаси билан айбланиб 14 йилга қамалган экан. Ташкилотимиз юристининг саъй-ҳаракати билан С.Казаков 2003 йил 12 апрель куни қамоқдан чиқди. 2003 йил 7 май куни у мени уйига таклиф қилди ва меҳмон қилди. Кейин мен унинг уйига кўп марта борганман ва сўҳбатлашганман. Мен давлат одамлари орасида ундай билимдон одамни учратмаганман. У рус ва инглиз тилларини мукаммал билар экан, форс ва араб тилини, деярли барча туркий тилларни ҳам билар экан. Қамоқдан чиққач, у мустақил ҳолда хитой тилини ўрганишга киришди.

Мен Сапарбойдан кўп нарсаларни эшитганман. Ўз вақтида у Каримовнинг энг ишонадиган одами бўлган; ўта муҳим ишларни текширишни Каримов Сапарбойга топширар экан. Охангарон олтин заводида катта партия олтин ўғирлангани ишини Сапарбой текшириб, унинг бошида МХХнинг биринчи шахслари турганини очган ва шундан Рустам Иноятов билан ораси бузилган экан. Афғонистондан келадиган катта партия наркотиклар бўйича бўлган иш юзасидан ҳам Сапарбой ишлаб, наркотрафикни МХХнинг биринчи шахслари уюштирганини исботлаган экан. Шу иш бўйича Сапарбой ёзган 5 бетлик хатни менга унинг хотини Дилбар Рахмонова қамоқдан олиб чиқиб келтириб берди. Айни иш билан биз ҳам шуғулланганмиз ва мен бу ҳақда очиқчасига бир нечта мақолалар ёзганман.

Сапарбой муттасил кузатув остида бўлгани учун Тошкентда яшай олмади, у Россияга кетиб қолди ва бизнинг алоқамиз узилди. МХХнинг найранглари, мухолифатни таъқиб қилиш, унинг ичига ўз одамларини сингдириши ҳақида менга кўп нарсаларни гапириб берар эди.

ЎХҲга ҳозир Сапарбойдай одам керак. Афсус, уни топиш мушкул. Мен Икром Ёқубовга ўхшаш одамларга ишонмайман. Ҳокимиятга келган партия ёки ҳаракатлар биринчи навбатда хавфсизлик масаласи устида ишлашганига мисоллар талайгина. Лениннинг РСДРПси бунга мисол. Фикримча, Уставдан ташқари ЎХҲнинг Ички Регламентацияси, яъни ташкилотнинг Уставда қайд қилинмаган ташкилий муаммолари, процедуралари, фаолияти ва бошқа жабҳаларига тегишли жиҳатларини аниқлайдиган ҳужжати ишлаб чиқилиши керак. Бу ҳужжатнинг зарурлиги ҳозирги пайтда арзийдиган-арзимайдиган важлар натижасида юзага келаётган ўзаро зиддиятларни пасайтириши мумкинлигидадир. Ташкилот Устави қанчалик жиддийлик билан ишланган бўлса, бу ҳужжат ҳам шундай жиддийлик билан ишлаб чиқилcа яхши натижаларга эришиш мумкин.

“Не все то, что блестит, – золото” дейишади руслар. Ярақласа-ю, бироқ олтин бўлмаса, бундай одамлардан ҳеч афсусланмасдан воз кечиш керак бўлади. Чамамда ҳозирги пайтда Европада истиқомат қилаётган ўзбекларнинг (умуман ўзбекистонликларнинг; болалардан ташқари, албатта) камида 20%и (яъни бештадан биттаси, балки тўрттадан биттаси) ё МХХ томонидан жўнатилган, ёки МХХ билан ҳамкорлик қилади. Шунинг учун баъзи одамларнинг ЎХҲга қизиқиши, илгари тайинли бир иш қилмаган бўлса-да, ЎХҲ тузилиши билан фаоллашгани ва ЎХҲ ишига аралашишга ҳаракат қилишини кузатиш ва тушуниш мумкин. МХХ учун ҳозир ЎХҲ раҳбарлари ва фаоллари орасида муттасил жанжал фонини ташкил қилиш ўта муҳим. Бунинг учун улар ҳар қандай харажат ва бошқа ресурсларни ишга солишдан қайтмайдилар.

Балки ЎХҲ раҳбарлари орасидаги муносабатни кузатиб, тахлил қилиб турадиган ва керакли жой ҳамда керакли вақтда маслаҳатлар бериб турадиган бир гуруҳ қариялар кенгашини тузиш керакдир? Мас., шундай Кенгаш тузилса, мен биринчи навбатда Абдулла Абдураззоқов, Нуруллахон Мақсудов ва Турсунбой Ўтамуродовларни унга тавсия қилар эдим. Булар Ўзбекистондаги режим чиғириғидан ўтган одамлар ва беҳуда гапирадиган одамлар эмас.

Мен кўп одамларни танимайман. Балки Сиз ва сафдошларингиз бошқа кекса ҳамда тажрибали одамларни танирсизлар. Ҳозирги масъулиятли пайтда улар, касаллик туфайли менга ўхшаш нотавон бўлишмаса, мазкур Кенгашга киришдан қочишмаса керак. Ташкилотнинг Ички Регламентациясини ишлаб чиқишда шу инсонларнинг фикри муҳим бўлиши мумкин.

Муҳтарам Муҳаммад Солиҳ! Хатим бениҳоя узун ва майдалашиб кетгани учун узр сўрайман. Охиригача чидаб ўқиган бўлсангиз уни бачкана деб ҳисобламаганингизга умид қиламан.

Аллоҳнинг паноҳига. Ҳурмат ила Толиб акаман.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s