ЗУЛМКОРНИНГ ТИЛИДАГИ ВА ДИЛИДАГИ ГАПИ


Толиб Ёқубов

Сиз менинг тинчлигимни бузаяпсизлар,

мен сизларнинг ҳаётингизни бузаман

1-чи қисм

           

Islom KARIMOV

Islom KARIMOV

Бу – ҳар қандай зулмкор давлат раҳбарининг сиёсий ва диний мухолифат вакиллари, ҳуқуқбонлар, мустақил журналистлар ҳамда мухолиф кайфиятдаги ҳар бир фуқарога нисбатан айтадиган ёки айтмоқчи бўлган гапидир. Баъзи содда одамлар: “Йўғ-э, қандай қилиб бу раҳбар ҳар бир мухолиф одамга бу гапни айтишга вақт топади? У ҳолда у бирорта бошқа иш қилмай, эрталабдан кечгача фақат шу иш билан шуғулланиши керак-ку!” дейиши мумкин. Давлат раҳбари мамлакатда ягона зулмкор одам бўлса эди, тўғри, у фақат шу иш билан овора бўлиб қоларди. Бироқ зулмкор раҳбар ўз атрофига мамлакатдаги ўн (балки юз) минглаб зулмкор одамларни йиғади ва “Ким менинг тинчлигимни бузса, сиз унинг ҳаётини бузишингиз керак!” деб амр қилади ва уларга турли лавозимлар ва имтиёзлар беради. Бу ишни жон-дили билан бажарадиганлар ҳам сон-мингта топилади. “Йўқ, бу ишни мен қила олмайман” деганлар ҳам бўлди. Бундайларнинг ҳаётини биринчилар қаторида буздилар. Буни 90-чи йиллар бошида ўз кўзимиз билан кўрганмиз.

Табиий, юқорида айтилган ишни у қисқа муддатда қила олмайди. Бир қарашда 1989 йилнинг ўртасида салоҳиятга келган Ўзбекистон раҳбари олдида унинг иродасини тўлиқ бажарадиган ДАСТЛАБКИ ИШОНЧЛИ ГУРУҲ (ДИГ) ташкил қилиш масаласи тургандай кўринади. Бироқ, у мустақилликдан аввал Ўзбекистон ССРнинг молия вазири, Госплани [Государственный плановый комитет Совета Министров –  Вазирлар Кенгаши қошидаги давлат планлиштириш комитети] раиси, Қашқадарё вилояти коммунистик партиясининг 1-котиби лавозимларида ишлаганини ҳамда мансабпараст одамлар атрофидаги ва узоқ-ёвуқдаги ўзига ўхшаш одамларга алоҳида эътибор қаратишини ҳисобга олсак, Ислом Каримов олдида ДИГ тузиш муаммоси мутлақо турган эмас, чунки СССР пайтида зулмкор раҳбарнинг истагини сўзсиз бажаришга тайёр турган одамлар керагидан-да ортиқча эди. Нафақат Ўзбекистонда, балки деярли барча собиқ совет республикаларида И.Сталин даврининг руҳи одамлар миясида ҳали тўла сақланиб қолган эди. Давлат раҳбарининг асосий ғояларини ана шу ДИГ амалга ошираверади, яъни Бош прокурор зулмкор прокуратура тизимини, Бош миршаб зулмкор миршаблар вазирлигини, Бош Хуфъя зулмкор айғоқчи-хуфъялар хизматини (ва ҳ.) шакллантираверади.

Республика раҳбари ҳисобланган ЎзКомпартия 1-Котибилигини Рафиқ Нишоновдан қабул қилиб олган (1989 й., июнь) И.Каримов учун 1989-93 йиллар таҳликалик бўлди. Бу даврда Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракатининг фаолияти еттибаллик ер силкинишидек жамиятни ларзага солиб турган эди. Айнан 1989 йилда юзага келган ва “Бирлик” халқ ҳаракатини қўллаган Тошкентнинг талаба-ёшлар демократик ҳаракати И.Каримовни айниқса қаттиқ қўрқувга солди. 1991 йил апрелида Каримовнинг тинчлигини бузувчилар сафига Ўзбекистон “Эрк” демократик партияси қўшилди. Айнан шу сиёсий кучлар биринчи бўлиб Каримовнинг тинчлигини бузди, унинг ДИГи эса мазкур кучлар ҳаётини бузишга киришди.

1989 йилнинг октябридаёқ “Бирлик” халқ ҳаракати иккига бўлиб ташланди. Ўша пайтда Каримов ДИГининг кучли оммавий ҳаракатни бўлиб ташлашдан бошқа имконияти йўқ эди. Биринчи асосий ва қақшатқич зарба беришни Каримов икки йилдан ортиқроқ вақт кутди ва бу зарба талаба-ёшлар ҳаракатига берилди: бу ҳаракат 1992 йил 16 январь куни Тошкентнинг Талабалар шаҳарчасида жанговор қуроллар билан отиб ташланди. Гарчи, 2-3 тасини ҳисобга олмаганда, вилоятлар марказида бинолар, моддий-техника база ва профессор-ўқитувчилар жамоаси бўлмаса-да, вилоятлар марказида зудлик билан “университетлар” ташкил қилиниб, эртаси куниёқ, яъни 17 январдан бошлаб вилоятлардан келиб Тошкентда ўқиётган барча талабалар пойтахтдан ўз вилоятларига мажбурий кўчирилди. 16 январдаги отувда 2 (икки) талаба ўлганлиги айтилган бўлса-да, на ўлганларнинг аниқ сони ва на ярадор бўлганлар сони айтилди. Ярадорлар бир кечада Ўзбекистоннинг турли вилоятларидаги касалхоналарга олиб кетилган эди. Мазкур хунрезлик учун ҳеч ким жавобгарликка тортилмади. Каримовнинг тинчлигини бузганлар ҳаёти қизил қонга айлантирилди.

Совет даврининг руҳини ўзида тўлиқ сақлаб қолган И.Каримов атрофда, яъни тарқаган СССР ҳудудларида бўлаётган жараёнлардан қўрқиб 1990 йил мартида Ўзбекистонда, юзаки бўлса-да, биринчи марта Олий Кенгаш (парламент)га кўпномзодли сайлов ўтказишга мажбур бўлди. Совет давридагидек қатор сайлов округларида ягона номзод қўйилган бўлса-да, янги парламентга И.Каримов кутмаган Шовриқ Рўзимуродов, Насрулло Сайидов, Тойиба Тўлаганова, Шўҳрат Нусратов, Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Муҳаммад Солиҳ (ва б.) каби ўнлаб янги руҳдаги депутатлар кириб келишди.

Фақат кириб келишди эмас, балки улар сиёсий ва иқтисодий реформалар ўтказишни, зўравонликка асосланган совет бошқарув усулларидан воз кечишни, пахта монополиясига барҳам беришни талаб қилиб И.Каримовнинг тинчлигини буза бошлашди. Бу талабларни у бажара олмасди – “қон билан кирган жон билан чиқади” деганларидек, совет даврининг зўравонликлари, бошқарув усуллари унинг қон-қонига сингиб кетган эди. Бирин-кетин И.Каримов бундай талабкор депутатларнинг ҳаётига ҳамла қила бошлади: бирлари қамалди, бирлари чет элларга ҳижрат қилиб жон сақлади, бирлари иқтисодий исканжага олинди, бирлари синди, бирлари ўлдирилди. Олий Мажлисда ҳурфикрлилик тугатилди, давлатнинг бу органи И.Каримовнинг тинчлигини бузадиган одамлардан тўлиқ тозаланди.

Тузилишидан бошлаб Каримовнинг тинчлигини буза бошлаган “Эрк” партиясига қарши Каримовнинг кураши партиянинг Самандар Қўқонов, Мурод Жўраев, Мамадали Маҳмудов, Юсуфбой Рўзимуродов, Рашид Бекжонов, Муҳаммад Бекжонов, Комил Бекжонов, Исроилжон Холдоров, Баҳодир Қамбаров, Жамол Қутлиев, Аъзам Турғунов каби аъзоларининг қамоққа ташланиши, Муҳаммад Солиҳ ва Насрулла Сайидов (ва б.) каби аъзоларининг чет элларга чиқиб кетишидан кейин ҳам тўхтамади, аксинча кучайди. Мусулмонларни ички ва ташқи душман сифатида танлаган ва уларга террорист ва экстремистлар сифатида қараган Каримов бу сифатларни дунёвий мухолифатга ҳам “ёпиштирмаса”, 90-чи йиллар бошида ўйлаб топган “Терроризм ва экстремизмга қарши кураш” номли афсонага асосланган ўз лойиҳасига зид иш қилган бўлар эди.

Бу лойиҳа ҳаммавақт “тирик” бўлиши учун, табиий, аҳён-аҳёнда мамлакатнинг у-бу ҳудудида, яхшиси пойтахтда, яъни Каримов танасига яқин жойда, портлашлар ва отишмалар бўлиб туришини тақазо қилар эди. 1999 йил 16 феврал, 2004 йил март ва июль портлашлари ва отишмалари шу лойиҳанинг турли саҳифалари бўлиб, 16 февраль воқеалари саҳифасига Каримов ўз қўли билан “Эрк” партиясининг бирнеча раҳбарлари ва аъзоларини киритиб қўйган эди.

Шундай қилиб партия раҳбари Муҳаммад Солиҳ Тошкент портлашларини ташкилотчиларининг бирига айлантирилди. Бу – қайси сиёсий куч Каримов тинчлигига кўпроқ хавф солаётганининг белгиси эканини яққол кўрсатди. Бундай пайтда Каримов қўядиган қадам Ўзбекистондан минглаб километр узоқликда яшаётган Муҳаммад Солиҳнинг ҳаётини бузишни ташкил қилиш эди. Акс ҳолда, яъни бундай қадамни қўймаса, у ўз табиати – ҳар бир мустабид шахс табиатини акс эттирувчи “Сен менинг тинчлигимни бузаяпсан, мен сенинг ҳаётингни бузаман” дея ифодаланадиган аксиомани инкор этган бўлар эди. Унинг хуфялари режалаштирган суиқасд амалга ошмади. Бундай пайтда мавжуд Зот мустабидга қарши курашаётган инсонни сақлайди.

Олий Кенгаш Каримовни Ўзбекистон президентлигига сайлаётган пайтда депутат Шавриқ Рўзимуродов: “Сизлар кимни президентликка сайлаяпсизлар? У президент бўлса Ўзбекистоннинг ахволи вой бўлади, у ҳамма нарсани барбод қилади!” мазмунида ҳайқирди. Бундай деб ҳайқиришга Шавриқда асос бор эди – Каримовнинг ишлаш усулини у Қашқадарёда кўрган эди. Бироқ у Каримовни мустабидга айлантирган “Сен менинг тинчлигимни буздинг, мен сенинг ҳаётингни бузаман” мазмунли аксиомани ҳали тўлиқ тушуниб етмаганди. Каримов бу мард рақибини ярим йил ўтмай қаматтирди. 1998 йилда яна қамади. 2001 йилда учинчи марта қамаб ИИ Вазирлиги ертўласида ўлдиртирди. Каримов ўзбек халқининг мард фарзандларидан бири бўлган Шавриқнинг ҳаётини хазон, етти боласини етим қилди.

Депутат Шуҳрат Нусратов Каримовнинг кўнглидаги “Сен менинг тинчлигимни буздинг, мен сенинг ҳаётингни бузаман” ибораси мазмунини ўз пайтида англаган камсонли депутатлардан бири эди, бироқ шундай бўлса-да Каримовнинг суянган тоғи МХХни бевосита президентга буйсундириш масаласи қаралаётган пайтда (1991 йилда) у: “Бунга сира йўл қўйиб бўлмайди. Агар бунга йўл қўйсак¸ бизни 37- 40 йиллардагидек қатағонлар кутади. Оқибатларни ҳатто тахмин ҳам қила олмаймиз. Ўртоқлар, бизни кутаëтган даҳшат кўламини тахмин ҳам қила олмаяпсизлар¸ айниқса бизнинг президентнинг жиловсиз характерини ҳисобга олсак. Эртага бизни қамашади. Эртага сизни ҳам қамашади”,  деган эди. Тўла тасдиқланган мазкур башоратдан 20 йил ўтгач, Шуҳрат Нусратов қамоққа жўнатилди. Ўзбекистон президентини сайлаш сессиясида Шавриқ Рўзимуродов билан бир қаторда ёш файласуф олима Тойиба Тўлаганова ҳам Каримов президент қилиб сайлангудек бўлса, унинг келажакда юргизажак сиёсати ёмон оқибатларга олиб боришини айтди. Хусусан у ўз чиқишида: “Бутун ҳукуматнинг бир одамнинг қўлида тўпланиши диктатурага олиб келади. Бунга йўл қўйиб бўлмайди. Шунинг учун Ўзбекистонда президент сайлаб бўлмайди” деган эди. Кўп ўтмай у депутатликдан ҳайдалди ва тез орада сирли вафот этди.

            Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятини асосан бирликчилар тузган бўлса-да, у моҳиятан сиёсий ташкилот эмас эди. Бошқача айтганда бу ташкилот ҳокимият учун курашган эмас – ҳуқуқбоннинг ҳокимиятга келиш даъвоси бўлмайди. Унинг ягона иддаоси давлат мулозимларига: “Сиз ўзингиз қабул қилган давлат Конституцияси ва бошқа қонунларини бузмоқдасиз, бу билан сиз инсон ҳуқуқларини оёқ-ости қилмоқдасиз, фуқароларга нисбатан адолатсизликни юзага келтирмоқдасиз. Ўзингизни тузатинг, қонунларга тўлиқ амал қилиб ишланг” деган талаб қўяди, холос. Дунёвий ташкилотлар орасида Каримовнинг энг кўп қатағонига учрагани ЎИҲЖ бўлди.  Сиёсий ташкилотлар бўлган “Бирлик” халқ ҳаракати ва “Эрк” партияси қисқа муддатга бўлса-да давлат рўйхатидан ўтказилди, бироқ ЎИҲЖ учун бу имконият умуман берилмади.

Андижон воқеаларидан кейин Ўзбекистон бўйлаб 30 дан ортиқ ҳуқуқбон қамоққа олинди, шулардан 18 таси ЎИҲЖнинг аъзолари эди. Ҳуқуқбонларнинг “Ўзингни тузат, қонунларга тўлиқ амал қилиб ишла!” деган қонуний талаблари ва Андижон воқеалари ҳақида ҳаққоний маълумотлар тарқатаётгани Каримов ва унинг жаллодларининг тинчлигини бузди ва 2005 йил 13 майдан кейин дарҳол Каримовнинг “Сенлар менинг тинчлигимни буздинг, мен сенларнинг ҳаётингни бузаман”таҳдиди ишга тушди. Норбой Холжигитов, Ҳабибулла Оқпўлатов, Саттор Ирзаев, Насим Исоқов, Азам Фармонов, Алишер Караматов, Жамшид Каримов – ЎИҲЖдан қамалган ҳуқуқбонларнинг еттитаси, холос. Улардан олдин ташкилотнинг Турсинбой Ўтамуратов, Жўра Муродов, Норпўлат Ражабов, Мусурмонқул Ҳамроев, улардан кейин Ихтиёр Ҳамраев, Ғайбулла Жалилов, Шаҳло Раҳмонова, Меҳринисо Ҳамдамова ва бошқалар қамоққа ташландилар.

(Давоми бор).

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s