БУЗИШ – осон, ТИКЛАШ – қийин


Толиб Ёқубов

Башарасини биров ёқтирадиган, биров ёқтирмайдиган, 1992 йили биринчилар қаторида чет элга чиқиб кетган бир ўзбек сиёсатчиси ўз халқини “қорамол” деб аташни ўрганди. Бу иборани у ўз сайтида таборо кўп ишлатмоқда. Шу қатори у ўзини ҳам қорамол деб ҳисоблайдми-йўқми, менга қоронғу. Оддий мантиқ бўйича, у халқни қорамол деб атаётган пайтда “мендан бошқа” дея чеклов қўймаётганига қараганда, унинг ўзи ҳам қип-қизил қорамол бўлиши керак. Зукко аждодларимиз халқни ҳақорат қилганларни қорамол деб атаганларини биламиз. Ўнинг ўзидан бошқа бешта-ўнта яқин қариндош-уруғи ҳам бўлса керак. Улар-чи? Унинг: “Менинг қариндош-уруғим, бола-чақам ҳам қорамол” деб ёзганини мен учратмаганман. Шахсан мен уларнинг қорамоллигига ишонмайман. Бу қорамол сиёсатчининг бахтига “яхшиям-ки” Ўзбекистонда интернетга қаттиқ тўсиқ қўйилган, халқ унинг сайтини ўқий олмайди, амал-тақал қилиб ўқийдиганлари 1-2 фоиздан ошмайди. Бахти шунда-ки, агар халқ унинг сайтини бемалол ўқий олганда эди, у ватанга борса одамлар уни уриб ўлдириши бир неча кунда содир бўлар эди.

Мазкур сиёсатчининг яқинда “оёққа турган” партияси ҳам бор эмиш. Бу партия “оёққа турган” бўлса, бордир бу партияда 40-50 аъзо? Уларнинг сифати қандай экан? Улар ҳам шу “қорамол” халқнинг вакиллари-ку! Қизиғи, шу қорамол партия ўзбек халқини қорамолликдан олиб чиқар эмиш! Айтишларича, сиёсатчи қаҳрамонимиз 70 ёшни қоралаб қолибди. У яна неча йиллар яшашни мўлжаллаяпти экан? Қорамол партия қорамол ҳалқни қорамолликдан олиб чиқишини ўзи кўрармикин? Ўзи кўришига ишониш қийин – у яна 40-50 йил яшай олармикин?

Жиддийлашайлик. Қорамол сиёсатчидек оғизга келган нарсани қайтармай алжирайвермайлик. Дунё қонуниятлар билан яратилган, яъни дунёда содир бўлаётган жараёнлар қандайдир объектив қонунларга бўйсунади. Дунё марказига қўйилган инсоният фаолияти маънавият, иқтисод, сиёсат,яъни давлат қурилиши ва бошқаруви, илм-фан, техника (ва б.) каби бир-бирига узвий боғлиқ, бироқ айни пайтда бир-биридан мустақил йўналишларга эга. Шу соҳаларнинг ҳар бирини икки параметр – вақт ва сарфланадиган меҳнат – нуқтаи-назаридан тахлил қилсангиз аниқ ва қатъий бир хулосага келасиз: БУЗИШ осон, аммо ТИКЛАШ қийин! Халқ зеҳнияти (менталитети)нинг деградацияси (бузилиши, айниши, инқирозга юз тутиши) биринчи навбатда МАЪНАВИЯТ билан боғлиқ. Шундай қилиб…

Маънавият: Шоир Чустий ёзганларидек: “Дўст бўлиш осон – уни сақлаш қийин! Узма кўнгил торини – боғлаш қийин”! Сезаяпсизми? Ҳатто бир-бирини танимаган икки одам ҳам бирпасда дўст бўлиб кетиши мумкин. Бироқ улар бир-бирининг ички дунёсини билмайдилар-ку!. Ҳар икковининг ҳам ички дунёси соф бўлиши мумкинми? Албатта. Ҳар икковининг ҳам ички дунёси ифлос бўлиши мумкинми? Бундай ҳам бўлиши мумкин.  Бириники – соф, иккинчисиники – ифлос, бўлиши-чи? Турган гап – бўлиши мумкин. Гулханийнинг “Тошбақа ва Чаён” масалини эсланг – бошида улар – Тошбақа  ва Чаён – дўст бўлишган, олдиларидан дарё чиққанда Тошбақа Чаённи устига миндириб, уни дарёдан ўтказиб ҳам қўймоқчи бўлган. Бироқ Тошбақанинг устида кетаётган Чаён Тошбақага ниш уради!

Гулханий хулоса қиладилар: “Найза санчмоқ эмиш касби Чаённинг”. Икки дўстнинг бири иккинчисига ниш (найза) санчса, яъни сотса, асоссиз ҳақорат қилса, тўҳмат ёғдирса уларнинг дўстлиги софлигича давом этадими? Йўқ, албатта! Буюк шоир Чустий шеърининг иккинчи сатрига эътибор қилинг: “Узма кўнгил торини – боғлаш қийин”. Дуторнинг ҳам, рубобу-ғижжакнинг ҳам, ва ҳатто кўнгилнинг ҳам торини узиш, бу – БУЗИШдир, ва у қийин иш эмас. Бироқ уни боғлаш, яъни ТИКЛАШ, ўта қийин иш. Халқнинг халқ бўлиши биринчи навбатда унинг маънавияти билан боғлиқ. Юқорида айтилганидек, бир сиёсатчи ўзбек халқини қорамолга тенглаштирмоқда. Шу тенглаштириш ўринли бўлса, демак, бу – халқнинг зеҳнияти (менталитети), яъни маънавияти тамоман издан чиққанининг белгиси бўлади.

Ўзбек маънавиятини бузишга Каримов 20 йил ҳам сарфлагани йўқ. У халқимизнинг совет давридан қолган бор-йўқ маънавиятини тамоман бузиб тугатишга катта меҳнат ҳам сарфлаган эмас. Уни тиклашга қанча муддат кетаркин? Мусо пайғамбар яҳудий халқининг қуллик менталитетини ўзгартириш мақсадида 40 йил (икки авлод умри) давомида дашту-биёбонда айлантириб юрганлиги ҳақида ривоятлар бор. Ривоятнинг мағзи шундан иборат-ки, шу давр ичида камида икки авлод, яъни қуллик зеҳнияти миясига муҳрланиб қолган, шу муҳрдан мутлақо қутила олмайдиган авлод ўтиб кетиши кераклигини пайғамбар тушунганлар. Маънавиятни тиклашда ВАҚТ параметри катта миқдор эканлигини кўрсатадиган мисол бу. Биринчи хулосамиз эса: ҳам меҳнат, ҳам вақт нуқтаи-назаридан Маънавиятни БУЗИШ осон – ТИКЛАШ қийин!

Иқтисод: Уй қуриш инсон учун зарурат. “Ёз ёпинчиғингни қўйма, қишда ўзинг биласан” дейишади донолар. Уй қуриш, демак, иқтисоднинг боши экан. Уйни бузиш осон. Одатда уни томидан бошлаб буза бошлайсиз. Бузган нарсангизни пастга қийналмай ташлайверасиз. Бунда бузувчига табиат кучлари (Ернинг тортиш кучи) ҳам ёрдамга келади: нарсани тепага кўтариш билан пастга ташлаш орасида катта фарқ бор! Уйни қуриш (тиклаш) қийин – ҳамма нарсани тепага кўтаришга тўғри келади! Ҳозирги замон портловчи қуроллар (бомба, мина ва ҳ.) ёрдамида уйни “шесть секундда” бузиш мумкин, тиклашга эса ой ҳам етмаслиги турган гап. Уйни бузиш ёки уни қуриш (тиклаш) иқтисоддан кичик бир мисолдир. Мисолни мураккаблаштирайлик.

Жонзод бор-ки, у ейди, ичади, ўзига бошпана: уй, ошиён, уя қуради. Қушнинг ризқи бепоён заминга сочиб қўйилган, у ризқини тергилайди, бироқ унинг мулки йўқ. Ҳайвонларнинг ризқи ҳам замин бўйлаб сочиб қўйилган, улар ҳам ризқини тергилайди. Қуш ва ҳайвонлар орасида бир-бирини ейдиган, овлайдиганлари бор, улар-да ризқини тергилайди, бироқ улар ҳам мулкка эга эмас. Барча оламлар (мулк) фақат Аллоҳга тегишли бўлса-да, Ҳазрати-Инсон учун ҳам мулк тушунчаси мавжуд. Инсон пайдо бўлибди-ки, у ўзи ва оиласи эҳтиёжи учун, яъни яшаш учун ШАХСИЙ мулк тўплаган. Инсоният жамиятида ДАВЛАТ тушунчаси пайдо бўлгач, мулкнинг ХУСУСИЙлик, яъни фойда келтирадиган шакли ҳам юзага келди. Бошқача айтганда, ИҚТИСОД пайдо бўлди. Инсоният тарихи бир нарсани аниқ исботлади: иқтисод мустаҳкам ва самарали бўлиши учун у хусусий мулкчиликка асосланган ва даҳлсиз бўлиши ЗАРУР, бироқ уни ташкил қилиш қийин иш экан. Иқтисодни бузиш учун эса одамларни хусусий мулкдан маҳрум этиш етарли экан. Бу эса ўта жўн иш эканлигини тарих такрор ва такрор марта кўрсатди. Демак, иқтисодда ҳам бузиш осон, тиклаш (тузиш) қийин!

Сиёсат ёки давлат қурилиши ва бошқаруви. Инсон – ижтимоий элемент, яъни у якка-ёлғиз, ўзига ўхшаган жонзодлардан тамоман ажраган ҳолда яшай олмайди. Балки руҳий хасталикка йўлиққан (инсонни кўрса ваҳима босадиган) ёки муттасил зулмдан қочиб ёлғизликни хуш кўрган битта-яримта топилар, бироқ у ҳам яшаш учун аҳён-аҳёнда одамлар билан учрашишга маҳкумдир. Демак, одамлар, Одам Атодан бошлаб, илгаридан билганимиздек, жамоа-жамоа (қишлоқ, туман, шаҳар, мамлакат) бўлиб яшаб келишган. “ДАВЛАТ” тушунчаси ва тузилмаси қандай пайдо бўлганини мутафаккирлар ёзиб кетишган. Бундай тузилмани қуриш ва бошқариш санъатини СИЁСАТ дейишади. Инсоният Фиръавнлар сиёсатини ҳам кўрган, Қадимги Рум империясини ҳам кўрган. Муғуллар босқини, Амир Темур юришлари, Наполеон ва Ҳитлернинг Шарққа қараб қилган ҳамлалари – бари-бариси инсоният кўзи ўнгидан ўтган. Сиёсатчиларнинг бири ТУЗГАН, бири – БУЗГАН. Амир Темур давлатни тузди, буюк лашкарбошига ихлос қўйган Каримов эса бузди.

Бузганларга осон бўлган: улар бутун-бутун халқларни қиличдан ўтказган, боғ-роғларни саҳрога айлантирган, беҳисоб зулмларни амалга оширган ва уларнинг виждони қийналмаган. Тузганларга қийин бўлган: Пайғамбаримиз (с.а.в) инсоният тарихида биринчи марта эркин фуқаровий жамият қурганлар. Атоқли бир диний олим (исмлари эсимда йўқ) ўз китобларида Пайғамбаримиз (с.а.в) тузган тузумни ИСЛОМ ДЕМОКРАТИЯСИ деб атаганларини ўқиганман. Бундай сиёсий тузумни шакллантириш учун Пайғамбаримиз (с.а.в) мушрикларнинг дузахини енгиб ўтганлар, беҳисоб жангу-жадалларда шахсан қатнашганлар, ярим оч, ярим яланғоч умр кечирганлар. Бениҳоя қийинчиликлар билан шакллантирилган ислом демократиясини ёлғон, фитна ва зўравонлик билан йўққа чиқарган одамлар ўтганини тарих билади. Сиёсатда ҳам тузиш қийин, бузиш эса осон. Ҳам вақт, ҳам меҳнат нуқтаи-назаридан!

Илму-фан: Бу соҳани ривожлантириш учун Муҳаммад ал-Бируний, АбуАли ибн-Сино, Муҳаммад ал-Хоразмий, Алишер Навоий, Улуғбек, Али Қушчи ва бошқа минглаб мутафаккирлар фақат ТУЗИШ билан шуғулланганлар ва бу фаолият ўта машаққатли бўлган, чунки тузиш – қийин! Чингизхон эса бузган! У ўзидан кейин фақат ўлдириш ва бузиш илмини қолдирган, холос. Ўлдириш, бу – бузиш. У шаҳар тикламаган, яъни тузмаган! Чунки тузиш – қийин. Аксинча, у ўтган ҳудудлар, боғу-бўстонлар саҳрога айланган. Инсоният тарихида Чингизхон каби бузганлар кўп. Ягона нусхадаги бузилган нарсаларни эса умуман тиклаб бўлмайди. Бунга талай мисоллар келтириш мумкин. Улуғбек ва унинг фандош атрофи тузган, 18.000 юлдузнинг аниқ ўрни кўрсатилган ОСМОН ХАРИТАСИдан одамлар ҳозир ҳам фойдаланишади. Илм-фанда ҳам бузиш осон, тузиш (тиклаш) – қийин!

Техника. Космик кемалар ясашга келгунча одамизод аввал ғилдирак ва омочни ихтиро қилди. Тегирмон тоши ва уни ҳаракатга келтирувчи сув ва шамол энергиясидан фойдаланишга эришиш учун инсониятга бир неча аср вақт зарур бўлди. Биринчи ясалган велосипедлар ҳам ҳозирги замон оға-иниларига мутлаво ўхшамайди. Техникани мукаммаллаштиришга минглаб йиллар ва беҳад меҳнат кетди. Арзимаган хато ёки камчилик оқибатида бир неча совет ва Америка космик кемалари бир неча секунд ичида ҳалокатга учради. Ўз вақтида мукаммал ҳисобланган “Титаник” саёҳат океан кемаси муз тоғига урилиб 3-4 соатда йўқ бўлди. Техникада ҳам хулоса ўшандай экан: ТУЗИШ (ясаш, тиклаш) қийин, БУЗИШ осон!

Дин.  Маданият. Бадан-тарбия (спорт). Бу соҳаларни мен таҳлил қилиб ўтирмайман. Буни зукко ўқувчининг ўзи уддасидан чиқа олади. Хулоса ўша: БУЗИШ осон, ТИКЛАШ қийин!

Биз юқорида фақат инсон фаолияти ва зеҳнияти билан боғлиқ соҳаларни кўриб чиқдик. Ҳатто чекланган сондаги (100 та, 1000 та ва ҳ.) водород бомбасини ишлатиб бир неча соат ичида Ер куррасидаги ҳаётни йўқ қилиб юбориш мумкин. Бу – бузиш. Ер куррасида ҳаёт тикланадими-йўқми, буни Худо билади. Тикланган тақдирда ҳам унга минглаб, балки миллионлаб йиллар кетади.Бузиш осон, тиклаш қийин! Хулоса: Бузиш ва тузиш (тиклаш) учун сарфланадиган ВАҚТни кўп ҳолларда таққослаб ҳам бўлмайди.

Чорак аср давомида Ислом Каримов ҳамма нарсани бузиб бўлди: маънавиятни ҳам, маданиятни ҳам, илму-фанни ҳам, иқтисодни ҳам, сиёсатни ҳам, дин-диёнатни ҳам. Менинг Рустам деган бир танишим бўлиб, у кўп йиллардан бери маҳаллий ҳокимият раҳбарлари билан келишиб, совет давридан қолган биноларни сотиб олар ва уларни бузиб, улардан чиққан қурилиш материаллари (темир-терсак, тахта-ёғоч, ғишт ва ҳоказолар)ни бозорга олиб чиқиб сотиб келади. Бир кун суҳбатда мен унга:

– Бу бизнес ноқонуний, тушунсанг керак. Сен бузиб сотган биноларни бундан кейин тиклаш давлат учун жуда оғир бўлади. Демак, сен мамлакатнинг хонавайрон бўлишига ҳисса қўшаяпсан. Вақт келади, И. Каримовдан тортиб маҳаллий ҳокимият вакилларигача бу вайронагарчиликлар учун жавоб беришади. Шунда сен ҳам ёмон отлиқ бўлиб қолишдан қўрқмайсанми? – деб савол бердим.

– Толиб ака, менинг бизнесим ҳақиқатан ҳам ноқонуний эканлигини биламан. Лекин мен қилаётган иш Ўзбекистонда содир этилаётган тала-таланинг олдида денгиздаги бир томчи сувдай-ку? Бу ишни мен қилмасам, кимдир албатта қилади. Тала-талага Каримовнинг ўзи рухсат бериб қўйгандан кейин нимадан қўрқишим керак?! – деб у ўз “фаолиятини” оқлади.

И. Каримовнинг “доно” иқтисодий сиёсати туфайли мамлакатда беҳисоб, бу сўзни яна бир бор такрорлайман, беҳисоб бинолар, иншоотлар, завод ва фабрикалар, комбинатлар, фермалар, трактор ва машина парклари талон-тарож қилинди. Узоққа бормайлик: Ангрен шаҳрида Марказий Осиёда энг катта гўшт комбинати бўлиб, у Каримов даврида беш марта қўлдан-қўлга ўтди, яъни сотилди. Уни сотиб олган ҳар бир одам комбинатни бузиб, қурилиш материалларини сотди. Ҳозирги кунда ҳашаматли комбинатдан фақат ташқи девор қолган, холос. Бу – И.Каримов даврида содир бўлди. Жиззах шаҳрида жойлашган машҳур уй-жой қурилиш материаллари комбинати маҳсулоти билан Жиззах ва Сирдарё вилоятларида юзлаб пахта ва мева етиштирувчи совхозлар тикланган, у ерларга Ўзбекистоннинг турли жойларидан юз минглаб инсонлар кўчиб келган ва уй-жой ҳамда иш билан таъминланган эди. Ўша машҳур комбинат ҳозир борми? Унинг ўрнида ҳозир бомбардировкадан сўнг қоладиган вайрона турибди. Бу – иқтисод соҳасидаги Каримов “хизматлари”дан бир-икки нишона, холос.

Сиёсат соҳасидаги Каримовнинг жиноятларини санаб чиқиш оғир. “Сиёсат – фоҳишаликдир” деб ким айтгани эсимдан кўтарилган, бироқ у – ҳақиқат. Фоҳишаларнинг ҳам “фарқи” бўлади, дейишади. Энг ўтакетганини ўзбеклар “шилтаси чиққан фоҳиша” (ШЧФ) дейишини эшитганман. Сиёсатда Каримовни айнан шундай аёлга таққослаганда ҳам камлик қилади. Ички сиёсатда: қонунчилик (етарлича демократик руҳда) ва унинг бажарилиши (мутлақо бажарилмайди), 24 йиллик яккаҳокимлик, мамлакатни қамоқхонага айлантирилгани, давлат идораларида коррупция, порахўрлик, зўравонлик ва бошқа ижтимоий иллатларнинг урчиб кетганлиги, асосан аграр саноат (қишлоқ хўжалиги ишлабчиқариши)га асосланган мамлакатда ўртаасрлар феодал муносабатлар шакллантирилгани, 24 йилдан бери мамлакатнинг табиий ерости бойликлари (олтин, уран, газ, нефть, қимматбаҳо тошлар ва б.) нималарга сарф бўлаётгани ҳақида расмий маълумотнинг бирор марта ҳам эълон қилинмаганлиги қип-қизил ШЧФликдан бошқа нарса эмас;Ташқи сиёсатда: “Юртбоши” ўзини дам у, дам бу давлат раҳбарининг қучоғига отавериб ўзи ҳам ШЧФга айланиб қолди; ШЧФ ўз қўшнилари билан чиқишмайди, улардан ҳаммавақт аразлаб юради – Каримов ҳам шундай; У Ўзбекистонни ташқи сиёсатда ҳам ШЧФга айлантирди.

Жуда содда қилиб айтганда, иқтисод одамларнинг “қорни орқали” ўтгани учун уни тиклаш нисбатан енгил – одамлар қорни учун, очдан ўлмаслик учун ишлайди. Маънавият одамларнинг “мияси орқали” ўтади, шунинг учун уни тиклаш қийин. Мия носоз бўлса, одам ўлиб қолиши шарт эмас. Ҳукмдор унинг охирги нонини тортиб олмаслиги учун у ҳукмдорнинг талабига кўнади. Вақт ўтиши билан кўникиб боради. Принципсиз одамлар учун бу жараён осон кечади. Халқнинг асосий кўпчилиги принципсиз, ҳозирги кун билан яшовчи, куни ўтишига хурсанд, бойлик орттиришга интилувчилардан иборат бўлгани учун халқнинг бу қисмида маънавиятнинг бузилиши тез, тикланиши эса оғир кечади. Яккаланиб оғир ахволга тушиб қолган принципли одам бориб-бориб маънавиятдан узоқлашганини кўрганман.

Яна қорамоллар партиясининг лидерига қайтамиз. Унинг ҳар бир мақоласида “Менинг партиям ўзбек халқининг қорамоллигига қарши курашаяпти, биз уни қорамолликдан қутқарамиз” дея иддао қилишлари самарасиз, қуруқ сафсата эканлиги атрофлича тахлил қилинди. Аслида, бу иддао унинг ҳаётлиги даврида мутлақо бажарилмаслигини ўзи ҳам яхши тушунади. Бу масаланинг МИНИМУМИ – мамлакат масштабида улкан бир масалани ечишга киришмоқчи бўлган сиёсий куч давлат бошида бўлиши керак. Бироқ қорамоллар партияси нафақат давлат бошида эмас, балки сиёсий куч салоҳиятига ҳам эга эмас.

Мазкур мақолани ёзаётиб интернетда мен “Забытый кибернeтик, доктор наук, несостоявшийся политик” (Унутилган кибернетик, фан доктори, шаклланмаган сиёсатчи) номли мақолага дуч келдим. Мақола сарлавҳасида, назаримда, унинг охирги икки сўзи орасида битта сўз – “қорамол” сўзи – тушиб қолганга ўхшаб кўринди. Қолганлари қорамоллар партиясининг лидерининг ўзгинаси. “Чекли автоматлар сунъий интеллекти назарияси” соҳасида фан доктори бўлган кимсанинг ўзининг ҳам интеллекти сунъий (қўлда ясалган, ўйлаб топилган) бўлиб қолганга ўхшайди. Акс ҳолда у кўтараётган масала яқин 40 йилда ечилмаслигини, қорамоллар партиясининг барча аъзолари фан доктори бўлганда ҳам, турли мамлакатларда бир неча ўн аъзоси бўлган бу партия мазкур масалани ечишга мутлақо қодир эмаслигини тушунар эди.

Мен унинг ҳозирги кундаги интеллекти ҳақида, 3-4 сатр юқорида, “қўлда ясалган, ўйлаб топилган” дея бекорга ёзганим йўқ. Уруш шароитида бир томон ўз жосусини душман ичига сингдириш учун унга (жосусга) ўта ишонарли афсона (легенда)ни ҳужжатлаштириб берган. Тинч, бироқ кескин сиёсий кураш бораётган шароитда, ҳукумат мухолифат ичига ўзининг одамларини сингдириши одатдагидай ҳол. Ҳукумат икки нарсани: 1) ўзбек халқини ўта сиёсий пассив (нофаол), қориндан нарини ўйламайдиган ва еб-ичишдан нарини кўрмайдиган  ҳолатга тушириб қўйгани; 2) халқни бу ҳолатдан чиқариш яқин келажакда бажарилмаслигини яъши билади. Ҳукумат учун халқнинг бундай ахволи узлуксиз давом этса, аслида, айни муддао. Бироқ, эртами-кечми мухолифат бу масалани кўтариши ҳам аниқ – ҳукумат буни ҳам билади. Демак, ташаббусни мухолифат қўлга олишга йўл қўймаслик керак. Ҳуқуқбонликдаги кўп ташаббусларни ҳукумат Михаил Ардзиновга иккиқўллаб топширганидай, бу масалани ҳам ўз йўлига юрадиган одамига топширишни маъқул кўради.

Ўзбек халқининг ҳозирги ахволи қорамоллар партияси лидерининг кашфиёти эмас. Бу масала бўйича талай одамлар 15-20 йилдан бери гапириб ва ёзиб келаяпти. Бу ҳақда қорамоллар партияси лидери нари борса 3-4 йил илгаридан бошлаб ёза бошлади. Ҳукумат бу сохта лидернинг олдидаги барча кранларни бекитиб бўлди: “Парламент ва Президент сайловларида биз мавжуд қонунлар доирасида иштирок этишга ҳаракат қилаверамиз” – бу қорамоллар партияси лидерининг 2007 йилда ўтган сайловдан олдин, ташаббус гуруҳи тузиш йўли билан номзод кўрсатишни назарда тутиб айтган гапи. Сайловдан бир неча ой олдин Каримов “Сайловлар ҳақида”ги қонунга ўзгартишлар киритди ва бу имкониятни бекор қилди. Бу – лидер олдидаги ёпилган кранларнинг охиргиси эди. Сиёсий соҳада тўлиқ ютқазган ва ёши 68 дан ошган одамнинг сохта (яқин келажакда бажариб бўлмайдиган) масала бобида ҳукумат билан келишишдан бошқа яна қандай чораси қолади?

Мазкур шарлатан-лидер халқнинг қорамоллигига ҳамда мухолифатга қарши мос равишда ўзининг икки “қуроли” – “шок терапияси” ва “ўлим жазоси”ни қўллашини яширмайди: “шок терапияси”ни ўзи ишлатармиш, ҳокимиятга келгач эса “ўлим жазоси”ни тиклаб, давлат номидан қўллар эмиш. У “шок терапияси”ни Борис Ельцин ва Егор Гайдар 90-чи йиллар бошида Россияда бозор иқтисодига ўтишни тезлатиш учун нархни эркин қўйиб юборишганини ва буни “шок терапияси” деб аташганини кўрган. “Шок терапияси” аслида медицина термини бўлиб, у иқтисодий назарияга баъзи иқтисодчилар томонидан киритилган. Бу терминнинг маънавиятни соғломлаштиришга ҳеч қандай алоқаси йўқ. Аксинча, Ўзбекистон шароитида якка шахсга, халққа эса инчунун, “сен қорамолсан, ўзингни тузат” дейиш, яъни шарлатаннинг “шок терапияси” қўллаш ҳақорат, дея қабул қилиниши аниқ ва у ўта кўнгилсиз воқеаларга олиб келиши мумкин. Бироқ бу усулни у мухолифат ичидаги ўз рақибларини чойхона-одам (обыватель)лар олдида обрўсизлантириш мақсадида қўллашни мўлжаллагани аниқ.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s