ЯҚИН ЎТМИШИМИЗДА НИМАЛАР ҲАҚИДА ЁЗГАНДИК?


14 февраль 2000 й

                         ЎЗБЕКИСТОН ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ЖАМИЯТИ

                                                        БАЁНОТИ

            Ўзбекистон Олий Мажлисининг янги депутатлар корпуси олдида нутқ сўзлаган муҳтарам Президент жамиятни соғломлаштириш, уни демократик изга йўналтириш, ватан ташқарисига чиқиб кетишга мажбур бўлган мухолифат вакилларини ватанга қайтариш ҳақида гапирган эди. Бу юксак сўзларга ишониш ёки ишонмаслик ҳар бир инсоннинг ҳуқуқидир. Ҳурматли Президентнинг гапларига бизнинг ишонгимиз келди, ростини айтганда бу зотнинг 1996 йил 30 август куни худди Олий Мажлис депутатлари олдида сўзлаган нутқларини эшитиб қандай қувонган бўлсак, гарчи Президентнинг ўша пайтда берган ваъдаларининг бирортаси ҳам бажарилмай ҳавода қолиб кетган бўлса-да, бу сафар ҳам  қувондик.

Бироқ, ҳурматли Президентнинг сессиядаги бу чиқишларидан бир неча кун ўтгач Ўзбекистон Ички ишлар вазири жаноб Зокиржон Алматов бир йиғилиш ясаб, унда қатнашган одамларга қарата бақириб, биз бу сўзни яна бир марта такрорламоқчимиз, бақириб бир нутқ сўзладилар. Мазкур нутқни эшитиб одамлар таажжубга тушишди: Ўзбекистонда Президент ким, Ислом Каримовми, ёки Зокиржон Алматовми? Бу муҳим савол, чунки яхшими, ёмонми, демократик руҳдами ёки аксинчами, конституцияга зидми ёки зид эмасми – ҳар ҳолда яқинда президент сайлови бўлиб ўтди ва Марказий сайлов комиссиясининг раиси жаноб Нажмиддин Комиловнинг гапларига қараганда унда Ислом Каримов салкам якдиллик билан шу юксак мансабга сайланган. Бироқ юқорида эслатилган иккита нутқнинг моҳияти бир-бирига тамоман қарама-қарши эканлигини ёш бола ҳам тушунади.

Президент 1996 йилдаги нутқида ҳам жамият ҳаётида  демократияни кучайтирамиз, деб ташаббус қилганидан кейин мамлакатда диндорларни оммавий қамоққа олиш бошланди ва у ҳануз давом этмоқда. Президентнинг бу сафарги нутқидан кейин эса жаноб Алматов одамларни очиқдан-очиқ жанг қилишга, яъни зўравонликка даъват қилишга бошлади. Нормал демократик давлатларда давлат раҳбарларидан бирининг бундай даъватидан сўнг у раҳбар дарҳол ишдан бўшатилади ва судга берилади. Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексида ҳам шундай ҳаракатлар учун 156-модда назарда тутилган.

Бундан бир неча кун илгари Наманган шаҳрида ўтказилган фаоллар йиғинида жаноб Алматовнинг жазаваси янада юксак даражага чиқиб кетди. У киши ўзининг совет даврининг маҳсули эканлигини намойиш этиб «Маҳаллалардан одамларни кўчириб юборинглар, Россияга кетадими, бошқа ёққа кетадими, қаёққа кетса кетаверсин» дея бақира кетди. Маданият бўйича бу милиция генерали маҳалланинг қўпол, инсон ҳуқуқи ҳақида ҳеч қандай тушунчага эга бўлмаган участковойи даражасига тушиб қолганлигига биз таассуф билдирамиз.

Халқ бундай қўполликларга совет давридаёқ ўрганиб қолган ва  кўникма ҳосил қилган дейиш мумкин. У пайтлара СССРда чет элликлар кўринмас, уларнинг идоралари  бўлмас эди. Ҳозирги кунда эса Ўзбекистон ҳар ҳолда бироз очиқ мамлакат бўлиб, унда кўплаб чет эл идоралари ва чет элликлар ишламоқда. Жаноб Алматов каби раҳбарнинг намойиш этаётган «маданияти» нафақат юксак раҳбарларнинг, балки давлатимизнинг ҳам халқаро обрўсини тушираётганини муҳтарам Президент наҳотки тушунмаётган эканлар?

Ўзбекистон раҳбариятининг бундай ҳатти-ҳаракати «Мен бундай деб гапираман, сен эса унинг тескарисини бажарасан», деган келишув эмасмикин, деган хаёлга олиб боради. Табиий, бу нарсалар ҳар қандай мухолифатга қарши прокуратура, милиция ва миллий хавфсизлик хизмати қўллари билан курашишга ўрганиб қолган давлатимиз раҳбарининг навбатдаги ўйини бўлиши мумкин, деган ечимга олиб боради.

Яқин ва узоқ тарихимизга бир назар ташласак бу ечимда катта жон борлигини кўриш мумкин. Аввало шуни айтиш керак-ки, Ўзбекистон милициясининг оддий халққа ўтказаётган ақл бовар қилмайдиган ёвузликлари ҳақида халқ орасида достонлар юрибди. Ножиддий туюлсада жиддий бир воқеъликни эслаш жоиздир: совет тузуми даврида ота-оналар боласини «ҳозир сени милицияга бериб юбораман» деб қўрқитишар эди. Демак, ўша даврда, яъни ёвуз Сталин тузган режим шароитида бунга асос бўлган. Ҳозирги кунда эса одамлар болаларнигина эмас, балки бир-бирини милицияга топшириб юбориш билан қўрқитишмоқда.

80-чи йилларнинг охири ва 90-чи йилларнинг бошида ҳокимиятни ёлғон-яшиқ ва зўравонлик билан ўз қўлларида сақлаб қолган коммунистлар мамлакат ҳаётини демократлаштириш, халққа эркинлик бериш, сиёсий ва иқтисодий ислоҳотлар ўтказишни ҳаёлларига ҳам келтирмадилар. Аксинча, шу буюк ғоялар билан сиёсий кураш майдонига чиққан «Бирлик» халқ ҳаракати ва ундан кейинроқ кураш саҳнасига қадам қўйган «Эрк» партияси ва бошқа ижтимоий ташкилотларни сиёсий кураш майдонидан суриб ташлаш мақсадида улар куч салоҳиятига эга бўлган структураларни кучлантириш, биринчи навбатда милиция ходимлари сонини беадад ошириш йўлини танладилар. Улар ҳатто халқ юрагига, одамлар юрагига ваҳима солиб турган совет милицияси формасини ҳам ўзгартирмадилар. Коммунистларнинг халқни қўрқувда ушлаб туришдан иборат бўлган азалий мақсадлари Ўзбекистонда бутун яхлитлигича сақланиб қолди.

Ҳокимиятни ўз қўлларида узлуксиз сақлаб қолиш ва зўравонлик сиёсатларини яшириш мақсадида улар ўзларининг «коммунист»  номларини «халқ демократлари» деб алмаштирибгина қолмай, бир пайтлар рус истилоси ва коммунистик истибдодга қарши миллий озодлик учун курашга отланган одамларга «босмачи» деган тамға босганларидек, бу сафар ҳам исломга чанқоқ бўлган минглаб, ўн минглаб оддий номозхон одамларга «ислом экстремистлари», «террористлар» деган тамғани босдилар.

Ўзбекистон раҳбарлари Қирғизистон ҳудудларига кириб келган «ислом экстремистлари» ҳақида муттасил гапирадилар-у, бироқ бу экстремистлар қандай пайдо бўлганликлари, уларнинг пайдо бўлишларида ҳукумат сиёсатининг ҳам айби борми – йўқми,  бу ҳақда бир оғиз ҳам гапирмайдилар. Жамият ҳаётида содир бўладиган нохуш ўзгаришлар, хусусан жиноятчилик, ишсизликнинг ошиши, пулнинг қадрсизланиши, иқтисоднинг тушкунликка тушиши, жамиятда экстремистик кайфиятларнинг кучайиши ва ҳоказолар бир ҳовуч «экстремистлар»нинг фаолиятидан эмас, балки ноқобил ҳукуматнинг ноқобил сиёсати натижасида юз беришини олимлар 2-3 аср илгари исботлаганлар. Бироқ коммунистлар ва фашистларгина, яъни барча муаммоларни фақат зўравонлик, зуғум ёрдамида ечишга ўрганган кучларгина буни тушунмаганлар ёки тушунишни истамаганлар.

Ўзбекистон ҳукумати ўзининг сиёсатида кулгули мантиқсизликгача бориб етмоқда. Ҳозирги кунларда Тошкент ҳокимиятининг фармони билан шаҳарнинг барча ҳудудида уйларни ўраб турган «жонли деворлар»ни бульдозерлар ёрдамида қўпориб олиб ташлашмоқда. Шаҳарнинг жонли ўпкаси бўлган кўркам «жонли деворлар»ни йўқотишда иштирок этаётган одамларнинг гапига қараганда, «жонли деворлар» Тошкентга бостириб келиши мумкин бўлган «террористлар» учун қулай пана жой бўлармиш… «Жонли деворлар» одамларнинг кўп йиллик меҳнати эвазига бунёд бўлган. Ана шу «жонли деворлар» ҳам ҳукуматни даҳшатга туширмоқда, шекилли.

Жаноб Алматов Наманганда Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятини назарда тутган ҳолда: «Қандайдир рўйхатдан ўтмаган, ўзини инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилаяпмиз деб юрган ташкилот «диний экстремистлар»ни ҳимоя қилиб юришибди» деган беъмани гапларни ҳам гапириб юборди. Вазир бўлса-да жаноб Алматов баъзи муҳим нарсаларни билмайдиган кўринади. Маълумотингиз учун, жаноб Алматов, Ўзбекистон МХХ ҳам рўйхатдан ўтмаган ташкилотдир. Сизнинг ташкилотингиз рўйхатдан ўтганми-йўқми, билмаймиз. Рўйхатдан ўтиб халқ бошига шунча кулфатлар туширгандан кўра биз рўйхатдан ўтмаганликни афзал кўрамиз. ЎИҲЖнинг 8 йилдан бери рўйхатга олинмаганлиги унинг айби эмас, балки ЎИҲЖдай ташкилотларни рўйхатга олишни ўрганмаган Ўзбекистон ҳукуматининг фожеасиир. Шунинг учун эркин дунё сизнинг устингиздан кулмоқда.

Ўзини ҳурмат қилган бирор ташкилот ҳеч қачон қўпорувчилар, террористлар, фашистик ва коммунистик ғоялар соҳибларини ҳимоя қилмайди. ЎИҲЖ айнан шундай ташкилот, чунки у ўзини ҳурмат қилади. Сизнинг ташкилотингиз ҳақида бир нарса дейишимиз қийин, жаноб Алматов. Биз Сизга 1999 йил давомида икки марта хат ёзиб мурожаат қилдик. Бирида биз Сиздан милиция тергов органларида инсонлар қийнаб ўлдириб юборилаётгани ҳақида фактлар келтириб, шу органларда кейинги 1 йил ичида қанча одам ўлганлигини сўраб, иккинчисида эса мен ва Ҳайитбой Якубовга Жаслик посёлкасида қурилган концлагерга бориб, у ерда сақланаётган Абдумалик Назаров, Акмалхон Ҳайдаров ва Жамолхон Турғуновлар билан учрашишга рухсат беришингизни сўраб мурожаат этган эдик. Бу хатларнинг бирортасига ҳам биз жавоб олмадик. Ҳалол сиёсат олиб бораётган ҳукумат нимадан қўрқади?

Ўзбек жамиятида экстремистик руҳда бўлган одамлар йўқ деб айта олмаймиз. Агар диндорларга «экстремист» сифати тўғри келса, у ҳолда тўла асос билан «ҳукумат экстремизми», ҳеч бўлмаганда «Ички ишлар вазирлиги экстремизми» ҳақида ҳам бемалол гапириш мумкин. Ҳукумат экстремизми диндорлар ёки жамиятнинг қандайдир қатламлари орасида экстремистик кайфиятни келтириб чиқарган, деган фикр ҳақиқатга яқинроқдир.  «Аввал ўзинга боқ» – бу доно халқимизнинг асрлар давомида кузатиб, қолипга солган ҳикмати Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги ва вазирига ҳам тегишлидир.

Толиб Ёқубов

ЎИҲЖ  Бош котиби

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s