Ўзбек Сиренаси Исмат Хушев ва Юсуф Жума


            Толиб Ёқубов

         Денгиз сиренаси-3   Кимнинг кимлиги охир-оқибат, сўзсиз маълум бўлади. Мана, ўзбек Сиренаси, яъни ўзбек хушовози Исмат Хушев охир-оқибат ўзининг кимлигини тўлиқ намоён этди. Унинг кимлиги ҳақида бироз кейин, пастроқда бир-икки оғиз гап айтармиз, ҳозир эса қадимги юнон афсонаси қаҳрамони Сирена ҳақида билганларимни муҳтарам ўқувчига айтиб берай.

Сирена – белидан юқориси беҳад гўзал аёл, белидан пасти қуш (парранда) ёки балиқ, отаси – денгиз худоси Форкисдан ўта жунбушли характер, онасидан эса бениҳоя гўзал овоз мерос бўлган жонзоддир. Юнон афсоналарида айтилишича, бир пайтлар бу жонзодлар инсон боласидан қандайдир ёмонлик кўрган ва бутун умрини инсондан ўч олишга бағишлаган экан. Улар денгиздаги икки қояда жойлашиб, шу қоялар оралиғидан сузиб ўтувчи денгизчи сайёҳларни пойлашар экан. Сайёҳ инсонлар сузиб ўтаётган пайтда сиреналар ўзларининг ўта ёқимли қўшиқларини айта бошлар эканлар. Бу қўшиқлар шу қадар ёқимли бўлар экан-ки, сайёҳлар ўзларини денгизга ташлаб қояларга қараб суза бошлаганларини англамай қолишар экан. Улар қояларга етгач, сиреналар уларни ўлдирар экан. Шунинг учун қояларда беҳисоб инсон суяклари ва қовжираган терилари ётар экан.

Бирор кемадаги одамлар уларнинг мафтунли қўшиқларига маҳлиё бўлмай қоялар орасидан сузиб ўтиб кетишса, шу заҳоти сиреналар ўлиши башорат қилинган экан. Афсонавий қаҳрамон Одиссей қоялар орасидан сузиб ўтаётган пайтда барча ҳамроҳларининг қулоқларини сиреналар қўшиғини эшитмаслик учун мумлаб қўяди, ўзини эса кема мачтасига арқон билан маҳкам боғлаб қўйишни буюради. Шу тариқа унинг кемаси қоялар орасидан бемалол сузиб ўтиб кетади, сиреналар эса ўзларини денгизга ташлаб ҳалок бўлишади. (Тамом).

Афсус-ки, инсон қулоғи ва қалбига ёлғон мақтов сиреналарнинг мафтункор қўшиқларидек таъсир қилиши мумкин. Бандани яратар экан, унга яхши хислатлар ато қилиш билан бирга, уни синаш учун, Яратувчи бандасига айнан шу хислатни ҳам берган. Ёлғон мақтовни тушунган ҳам бор, тушунмаган ҳам бор. “Ширин гап” ҳамма вақт фойдали, беғараз бўлавермайди. Бола тарбиясида, уни рағбатлантириш учун, “ширин гап” ҳам беғараз, ҳам фойдали бўлиши мумкин. Вояга етган, ёлғон мақтовга учган одам, одатда, кибр ва манманлик касалига йўлиқади. Бу касалликка йўлиққан одамлар Худони Худойбердича кўрмайдиган маҳлуқларга айланганларини кўрганмиз.

Инсоният тарихида “ҳукмдор” тушунчаси пайдо бўлибди-ки, у ўзи, оиласи ва тахтининг тинчлиги ва фаровонлигини қўриқловчи орган (ташкилот)ни ташкил қилган. Ҳозирги замонда бундай органларни оддий тилда “махсус хизматлар” деб аташади. Ҳукмдор ҳеч қачон “менинг тинчлигим”, “менинг фаровонлигим” демайди, у ҳамма вақт одамларнинг қулоғига ёқадиган “халқнинг тинчлиги”, “халқнинг фаровонлиги” деб гапиради. Одатда бу гапга ишонадиганлар кўпчиликни ташкил қилишади, ишонмайдиганларга эса ҳукмдор ва унинг махсус хизматлари ўзларига мухолиф одамлар деб қарашади. Ҳукмдор ва унинг югурдаклари ёлғонни қанча кўп амалга оширса, бу жамиятда адолат шунча қадрсизланади. Шунинг учун махсус хизматлар биринчи навбатда одамларни ёлғон гирдобига торта биладиган, мақтовнинг “кифтини келтира оладиган” сиренадек “хушовоз” кимсаларни ўз сафларига тортишади.

Шундайлардан бири Исмат Хушев бўладилар. Яқинда бу муҳтарам “сиёсий қочқин”, иккинчи “сиёсий қочқин” Баҳодир Чориев 2009 йил бориб келгани каби, очиқ-ойдин Ўзбекистонга бориб келдилар. Европада инсон сиёсий қочқин мақомини олган бўлса, маълум бир муддатдан кейин унга махсус паспорт беришади. Бу паспорт билан мазкур инсон ўз ватанидан бошқа дунёнинг исталган давлатига бориши мумкин бўлади. Яна такрорлайман: бу паспорт билан сиёсий қочқин ўз ватанига бора олмайди. Қизиқ, Чориев АҚШга, Хушев Канадага “қочиб борганларида” бу мамлакатлар маъмурлари уларга қанақа мақом беришган экан? Гастарбайтерлик мақомими? Кўпйиллик туристми? Сиёсий қочқинми? Агар бу зотлар ўз вақтида АҚШ ва Канадага сиёсий қочқин мақоми билан жойлашган бўлсалар, гапнинг очиғи, бу давлатлар ўйинчоқ бўлиб қолибди-да! Яшасин АҚШ ва Канада!

Аслида ундай эмас. Мен “Маддоҳ” деб номланган мақоламда ёзганимдай Хушев ҳеч қандай сиёсий қочқин эмас. Шу мақоламдан баъзи жойларини келтираман.

“Исмат Хушев Ислом Каримов яратган сиёсий системани улуғлайдиган ягона маддоҳ ва тилёғламачи инсон эмас. Бундайлар орасида Худо томонидан баъзи ноёб хислатлар (мас., шоирлик) берилган инсонлар ҳам бор. Ҳаммасини санаб чиқиш қийин. Ўзбекистондагидек тузумлар тилёғламачи ва маддоҳларсиз яшай олмайди. Маддоҳ ва тилёғламачилар тугаса, ёлғон ва зўравонликка асосланган сиёсий тузум ҳам асфуласофилинга кетади. Тилёғламачи ва маддоҳлар учун бу касб яхши яшаш тарзидир. Улар ўзларининг бу сифатларидан жирканмайдиларгина эмас, ҳатто уялмайдилар ҳам. Маддоҳ табиати: қаҳр-ғазаб билан ўтирган хўжайин олдига маддоҳ билмай кириб қолди ва ҳар доимгидай “суйкала” бошлади. Хаёлини бузгани учун хўжайин баттар ғазабланди ва маддоҳнинг қулоғи аралаш тарсаки туширди. Гурсиллаб ерга ағдарилган маддоҳ ирғиб туриб: “Хўжайин, қўлингиз оғримадими?” – дея илжайди. Исмат Хушевнинг: “Қамалганимда ҳурматли Рустам Иноятов мени қутқарди, мен озодликка чиқдим” – деб эсдаликларида ёзгани, бу муҳтарам маддоҳ-журналист худди шу табиатга эга эканини бўйи баробар кўрсатади.

Махсус хизматлар учун маддоҳни ёллаш шарт эмас – уларнинг олдига унинг ўзи боради. Улардан иш олса маддоҳ ўзини бахтиёр ҳисоблайди, дилдан ҳаракат қилади. Маддоҳ маддоҳ билан жуда чиқишади, хўжайинининг сифатларини бири қўйиб бири тилга олади. Маддоҳ тилёғламалик сифатига ҳам эга бўлса, бу – махсус хизматлар учун ҳақиқий топилма (находка) бўлади. Топилмаликнинг мазмуни шундан иборат-ки, маддоҳ хўжайинининг энг ашаддий душманига ҳам ўшандай муомалада бўлаверади. Тилёғламалик уни хўжайинининг душмани уюштирган тўйга ҳам, азага ҳам, ва ҳатто, қурултойга ҳам кириб борверади. Ейди, ичади, кулади, йиғлайди, тинглайди, аниқлайди. Ва ЕТКАЗАДИ.

Халқнинг орасида кими кўп – кўрмайдигани кўп, яъни халқнинг ичида кунини зўрға ўтказаётганлар ҳам кўп, чойхона-паловни яхши кўрадиганлар ҳам кўп, намоз ўқийдигани ҳам кўп, намоз ўқимайдигани ҳам кўп, ўғриси ҳам кўп, тўғриси ҳам кўп. Ўзбек журналистлари орасида негадир маддоҳлари беҳисоб. Тилёғламачи маддоҳ айнан шуларнинг, яъни кўрмайдиганларнинг тилини яхши билади ва шу сифати билан эчки отарни эргаштиргандай уларни ўзининг ортидан эргаштириб кетаверади. Уларга ҳақиқат эмас, ширин гап ёқишини маддоҳ яхши билади. Хўжайинни “теша тегмаган” сўзлар билан ранг бериб мақташни  ҳам қойилмақом қилиб уддалайди. Омма чапак чалиб унга – сўз устасига – тасаннолар айтади. Хўжайинга айнан шу керак.

Бир атоқли шоир ушбу сатрларни-ҳақиқатни ёзган эди:

Яхшидур аччиқ ҳақиқат, лек ширин ёлғон ёмон.

Бу ширин ёлғонга аммо, алданиб қолғон ёмон.

ва кейинчалик … маддоҳга айланди. Буюк шеърлар ёзиб буюк маддоҳга айланганлар ҳам оз эмас. Тарих учун шоирнинг буюк шеърлари азизмикин ёки маддоҳлик қилиб ҳукмдорни кўкларга кўтарганими? Буюк мутафаккирлардан биттаси: “Маддоҳлик билан ёвуз ҳукмдор зулмини бир кунга бўлса ҳам чўзгани, шоирнинг барча буюк шеърларини ерга чилпарчин қилади” деб ёзганини ўқиганман. Эҳ-ҳе, ёлғон гирдобида юрганлар қанча, алданиб юрганлар қанча …”. (Тамом).

Худо мақтов ва ёлғонни ёқтирадиганларни эргаштириш учун ўзбек сиренаси Исмат Хушевга латиф сўзлар бойлигини берган. Бу бойлик билан у аслида Панург эчкиси вазифасини бажармоқда. “Панург эчкиси” нималигини билмаганларга тушунтираман. Панург эчкиси – ўзининг орқасидан одамларни кўр-кўрона эргаштира оладиган, унга эргашганлар ўзининг ҳатти-ҳаракатларидан нусха олишидан қувонадиган ва уларни ўз иродасига сўзсиз бўйсундирган етакчининг образидир. Одатда Панург эчкисига эргашганлар тақдири аянчли бўлган. Панург эчкисига эргашганларни Панург подаси дейишади. Бу тушунчалар ўрта асрларда яшаб ижод қилган француз ёзувчиси Франсуа Рабленинг “Гаргантюа ва Пантагрюэль” номли китобида учрайди.

Ф.Рабле китобида қуйидаги воқеа келтирилади. Панург савдогар дўсти Дендено билан уришиб қолади ва вақти келиб ундан ўч олишни кўнглига тугиб қўяди. Бир куни у Дендено юзлаб қўй ва эчкиларни кемага ортиб, сотиш учун бир юртга кетаётганини эшитиб қолади. “Ўч олиш пайти келди” дея у ҳам ўша кемага чиқади. Кема денгизга чиққач, Панург Денденога: “Ҳов анави эчкингни менга сотасанми? Мен сенга уч карра баҳосини бераман” дейди. Ўта очкўз бўлган Дендено бажону-дил рози бўлади. Савдо битгач, Панург эчкини даст кўтариб кема борти оша денгизга улоқтиради. Буни кўрган бошқа қўй ва эчкилар ҳам денгизга қараб сакрай бошлайдилар. Бойлиги кўзи ўнгида денгизга ғарқ бўлаётган Дендено уларни тўхтатиб қолишга уринади. Бироқ пода унинг ўзини ҳам денгизга суриб кетади. (Тамом).

Ҳозир Панург эчкиси Исмат Хушев ҳам, унга кўр-кўрона эргашувчилар ҳам, уларнинг хўжайини савдогар Дендено-Каримов ҳам “ҳамма вақт бизнинг ошиғимиз олчи” деган хаёлдалар. Бироқ Яратганнинг иродаси билан уларни денгизга ғарқ қиладиган Панург чиқиб қолиши ҳам эҳтимолдан узоқ эмас.. Эҳтиёт бўлинг, жаноблар! Бироқ нега мен ўзбекнинг “буюк” шоири Юсуф Жумани мақола сарлавҳасига киритдим?

Бу саволга жавоб бериш учун унинг хўжайини, ўзбекнинг таниқли ШАРЛАТАН сиёсатчиси Абдураҳим Пўлатовга нигоҳ ташлаш ва у Панург эчкисидай кимларнинг бошини емоқчи эканини англаш керак, яъни у кимларга тош отади-ю, кимларга мутлақо эътибори тушмайди, деган масалани қараб чиқиш керак, холос. Масалан, у Панург эчкиси Исмат Хушевни умуман тилга олмайди, бироқ узоқ Австрияда ёлғиз яшаётган Ёдгор Обидни кўришга кўзи йўқ. Швеция махсус хизматлари изига тушгач, бола-чақасини Швецияга ташлаб Тошкентга қочган, “Бирлик”нинг ёшлар қанотининг раҳбари Анвар Каримов ҳақида бир оғиз ҳам гапирмайди, бироқ ВВС Радиоси ходими Ҳамид Исмоиловни чайнайди.

Ўзбекнинг “ардоқли” шоири Юсуф Жуманинг ўғли Бобур “Дадамни қамоқхонадан озод бўлишига ёрдам беринг!” дея ёзган хатига бу ШАРЛАТАН ўз сайтида қандай жавоб берганини ўзи ҳам, Юсуфнинг болалари ҳам унутганга ўхшайди. Ислом Каримов салтанатига қарши “мардонавор” курашган “буюк” шоир Юсуф Жума Исмат Хушев кимга хизмат қилаётганини тушунмайдими? Тушунади. Тушунганда ҳам яхши тушунади. Бироқ нима қилсин, бир учи унинг фалонига боғланган ип-арқончанинг иккинчи учи ШАРЛАТАН Абдураҳимнинг қўлида бўлса, яна такрорлайман, нима қилсин? Исмат Хушав ҳақида ҳақ гапни айтса – Абдураҳим ип-арқончани тортиб унинг фалонига азаб берса! Қийин, жуда қийин! Айниқса катта бойликдан ажралгандан кейин Исмат Хушев ҳақида гапиришнинг Юсуф Жумага қизиғи ҳам йўқ.

АҚШга ўхшаган давлатларнинг иккиюзламачилик сиёсатидан кейин Ўзбекистон махсус хизматлари чет элларда ҳам ўзини дадил тута бошлади. Орқангда норинг бўлса нималар қилмайсан! Фуад Рустамхўжаевни отиб ташлаш қийинми? Обидхон-қори Назаровни ўз уйи подъездида отиб кетишчи? АҚШда, шундоққина Канаданинг биқинида яшаган Турсинбой Ўтамуратовнинг сирли ўлими қандай амалга оширилган? Қария Тоғбой Абдураззоқ бир шеърида Исмат Хушевни назарда тутганми-тутмаганми, аниқ эмас, бироқ Ўзбекистон Халқ Ҳаракатининг Прага қурултойидан кейин ўша шеърида “Эҳтиёт бўлинг, орамизда хоин бор” деб ёзгани учун ҳозирги кунда Панург эчкиси унга таҳдид қилаётгани ҳақида “Туронзамин” сайти маълумот берди. МХХ Каримовнинг нонини бекорга еяётгани йўқ. Савдогар-Дендено-Каримовнинг буюртмаларини Панург эчкиси Исмат Хушев ҳам, шарлатан-сиёсатчи Абдураҳим Пўлатов ҳам, фалонига ип-арқонча боғланган Юсуф Жума ҳам, Швеция махсус хизмати хибсидан зўрға қочиб қутилган Анвар Каримов ҳам аъло даражада бажаришмоқда.

Исмат Хушев ёзганларига оғзининг суви қочиб мақтов ёғдираётган ватандошларга маслаҳатим: Панург эчкисидан нарироқ юринг!

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s