ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ ВА МАДАНИЙ ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ХАЛҚАРО ПАКТ


Human right

ИҚТИСОДИЙ, ИЖТИМОИЙ ВА МАДАНИЙ ҲУҚУҚЛАР ТЎҒРИСИДАГИ ХАЛҚАРО ПАКТ

19 декабр, 1966й.

Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар,

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низомида эълон қилинган принципларга мувофиқ, инсоният оиласининг ҳамма аъзоларига хос бўлган қадр-қиммат ҳамда тенг ва бузилмас ҳуқуқларини тан олиш принциплари озодлик, адолат ва ялпи тинчликнинг негизи эканлигини эътиборга олиб,

ушбу ҳуқуқлар инсон шахсига хос қадр-қимматдан келиб чиқишини эътироф этиб,

инсон ҳуқуқлари Умумжахон декларациясига мувофиқ қўрқув ва муҳтожликдан ҳоли бўлган озод инсон шахсининг идеали ҳар бир киши ўз фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқларидан, шунингдек ўз иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларидан фойдаланиши мумкин бўлган шароит яратилгандагина руёбга чиқишини эътироф этиб,

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг низомига кўра давлатлар инсон ҳуқуқлари ва эркинликларни умум риоя этиши ҳамда ҳурмат қилишини рағбатлантириши шарт эканлигини эътиборга олиб,

ҳар бир алоҳида инсон бошқа одамлар ва ўзи мансуб жамоага нисбатан мажбурияти бўлгани ҳолда мазкур Пактда тан олинаётган, ҳуқуқларни рағбатлантириш ва уларга риоя этишга эришиши лозимлигини эътиборга олиб, қуйидаги моддалар борасида келишиб оладилар:

IҚИСМ

 

1-модда

1. Барча xaлқлap ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқига эгадир. Ушбу ҳуқуқ орқали улар ўз сиёсий мақомини ва ўз иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётини эркин ҳолда таъминлайди.

2. Барча халқлар ўз мақсадларига эришмоқ учун ўз табиий бойликлари ва ресурсларига эгалик қилади, бунда ўзаро фойда принципига асосланган халқаро иқтисодий ҳамкорлик ва халқаро ҳуқуқдан келиб чиқадиган бирор-бир мажбуриятга зарар етмаслиги лозим.

Ҳеч бир халқ ўзига тегишли бўлган тирикчилик воситаларидан ҳеч қачон маҳрум қилинмаслиги шарт.

3. Ушбу Пактда иштирок этувчи барча давлатлар, шу жумладан ўз-ўзини бошқара олмаётган ва васий бўлган ҳудудларни бошқариш учун жавоб берувчи давлатлар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Низом қоидаларига мувофиқ ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини амалга оширишни рағбатлантиришлари ва бу ҳуқуқни ҳурмат қилишлари лозим.

II-қисм

 

2-модда

1. Ушбу Пактда қатнашувчи ҳар бир давлат якка тартибида ва халқаро ёрдам ва ҳамкорлик тартибда, жумладан, иқтисод ва техника соҳаларида мазкур Пактда эътироф этилган ҳуқуқларнинг аста-секин тўлиқ руёбга чиқишини таьминлаш учун барча зарур усуллар билан, жумладан қонуний чоралар қуриш орқали мавжуд ресурсларнинг иложи борича кенг доирасида тадбирлар қуриш мажбуриятини олади.

2. Ушбу Пактда қатнашувчи давлатлар мазкур пактда эълон қилинган ҳуқуқларни бирор-бир камситишсиз, яъни ирқи, терисининг ранги, жинси, дини, сиёсий ёки бошқа эътиқодидан, миллий ёки ижтимоий келиб чиқиши. мулкий аҳволи, насл-насаби ёки бошқа ҳолатлардан қатъи назар кафолатлаш мажбуриятини оладилар.

3. Ривожланаётган мамлакатлар инсон ҳуқуқлари ва ўз халқи хўжалигини зарур тарзда ҳисобга олган ҳолда ўз мамлакатлари фуқаролари бўлмаган шахсларга мазкур Пактда эътироф этилаётган иқтисодий ҳуқуқлар учун қай даражада кафолат беришларини ўзлари белгилашлари мумкин.

3-модда

Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар мазкур Пактда кўриб чиқилган ҳамма иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлардан фойдаланишда эркаклар ва аёлларга тенг ҳуқуқ бериш мажбуриятини оладилар.

4-модда

Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар мазкур Пактга кўра бирорта давлат ҳуқуқлардан фойдаланиш борасида шундан чеклашларни белгилаши мумкинлигини, бу қонунда акс этиб, ўша чеклашлар қайд этилган ҳуқуқлар табиатига уйғун бўлишини ҳамда у демократик жамиятда умумий фаровонликка кўмаклашиш мақсадидагина бўлиши лозимлигини эьтироф этадилар.

5-модда

1. Мазкур Пактдаги бирор-бир нарса бирорта давлат, бирорта гуруҳ ёки бирорта шахс ушбу Пактда эътироф этилган ҳар қандай ҳуқуқ ва эркинликни йўқ қилишга қаратилган ёки шу Пактда таъкидланганидан кўра кўпроқ чеклашга қаратилган фаолият билан шуғулланиш ёки қандайдир ҳатти-ҳаракат содир этиш ҳуқуқига эга деган мазмунда талқин этилиши мумкин эмас.

2. Ушбу Пактда иштирок этаётган бирон бир давлатда қонун, конвенция, қоида ёки урф-одат тариқасида тан олинган ёки мавжуд бўлган инсоннинг асосий ҳуқуқлари ушбу Пактда тан олинмайди ёки кам микдорда тан олинади деган баҳонада бу ҳуқуқлар чекланиши ёки писанд этилмаслигига йўл қўйилмайди.

IIIҚИСМ

 

6-модда

1. Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир инсоннинг ишлаб маблағ топиш имкониятини қамраб оладиган меҳнат қилиш ҳуқуқини тан олади. Меҳнат тўрини ҳар бир одам эркин ҳолда танлайди ёки эркин ҳолда рози бўлади. Шу Пакт иштирокчиси бўлган давлатлар эса фуқароларни мазкур ҳуқуқ билан таъминлаш учун зарур чоралар кўради.

2. Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар мазкур ҳуқуқни тўлиқ амалга ошириш мақсадида кўриш керак бўлган тадбирларга ҳунар-техника таълими ва тайёргарлик дастури, инсоннинг асосий сиёсий ва иқтисодий эркинликларга кафолат берувчи шароитларда узлуксиз ҳолда иқтисодий, ижтимоий ва маданий тараққиётга одамларнинг ишлаб чиқаришда тўлиқ банд бўлишига эришиш усули ва йўллари киради.

7-модда

Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир кишининг адолатли ва қулай шарт-шароитга эга бўлган меҳнат қилиш ҳуқуқини, жумладан қуйидагиларни тан олади:

a) барча меҳнаткашларга камида қуйидагиларни таъминлайдиган ҳақ

i) тенг қийматга эга меҳнат учун ҳеч бир тафовутсиз адолатли иш ҳақи ва тенг даромад, айни пайтда жумладан, аёлларга эркакларникидан кам бўлмаган меҳнат шароитига кафолат берилиши ҳамда тенг меҳнат учун тенг ҳақ тўланиши керак;

ii) мазкур Пактнинг қарорларига мувофиқ улар ва уларнинг оилалари учун қониқарли бўлган турмуш;

b) хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берувчи иш шароити;

c) меҳнат стажи ва малака асосидагина ишда тегишли янада юқорироқ мансабларга кўтарилиш учун бир хил имконият;

d) дам олиш, бўш вақт имкониятининг бўлиши ва оқилона чекланган иш вақти ҳамда ҳак тўланадиган таътил, шунингдек байрам кунлари учун ҳақ.

8-модда

Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар қуйидагиларни таъминлаш мажбуриятини оладилар:

а) ҳар бир инсоннинг ўз иқтисодий ва ижтимоий манфаатларини амалга ошириш ва ҳимоялаш учун касаба уюшмалари ташкил этиш ва ўз ихтиёри билан ана шу уюшмаларга кириш ҳуқуқи. Бунинг учун тегишли ташкилот қоидаларига риоя қилиш шарт. Кўрсатиб ўтилган ҳуқуқдан фойдаланишга ҳеч бир чекланиш қўйилмайди, қонунда кўзда тутилган ва демократик жамиятда давлат хавфсизлиги ёки жамоат тартиби манфаатлари йўлидаги ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини муҳофаза этишдаги ҳуқуқлар бундан мустасно;

b) касаба уюшмаларнинг миллий федерация ёки конфедерация тузиш ҳуқуқи ва миллий федерация, конфедерацияларнинг халқаро касаба уюшмалар тузиш ёки шу каби уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқи;

c) касаба уюшмаларнинг ҳеч бир тўсиқсиз, чеклашларсиз фаолият юритиш ҳуқуқи, қонунда кўзда тутилган ва демократик жамиятда давлат хавфсизлиги ёки жамоат тартиби манфаати ёки бошқаларнинг ҳуқуқ ва эркинлигини муҳофаза этиш учун зарур бўлган ҳуқуқлари бундан мустасно;

d) ҳар бир мамлакатнинг қонунларига мувофиқ амалга ошириладиган иш ташлаш ҳуқуқи.

2. Ушбу модда қуролли кучлар, полиция ёки давлат маъмурияти таркибидаги шахслар учуч мазкур ҳуқуқлардан фойдаланишда қонуний чеклаш киритилишига тўсқинлик қилмайди.

3. Ушбу моддадаги ҳеч нарса 1948 йилги Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенциясида иштирок этувчи давлатларга уюшмалар эркинлиги ва ташкилотлар тузиш ҳуқуқини ҳимоя қилиш кўрсатилган конвенцияда назарда тутилган кафолатларга зиён етказган ҳолда қонуний актлар қабул қилиш ёки ушбу кафолатларга зиён етказадиган қонунни қўллаш ҳуқуқини бермайди.

9-модда

Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир инсоннинг ижтимоий таъминланиш, жумладан, ижтимоий суғурта ҳуқуқини эътироф этади.

10-модда

Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар қуйидагиларни тан олади:

1. Жамиятнинг табиий ва асосий ҳужайраси ҳисобланмиш оилага имкони борича кенг кўламда ёрдам берилиши ва муҳофаза этилиши зарур. Айниқса у шаклланаётган даврда бундай кўмак зарур, чунки мустақил бўлмаган болалар ва улар тарбияси борасидаги ғамхўрлик ҳозирча оила зиммасига тушмоқда, Никоҳ никоҳдан ўтаётганларнинг эркин розилигига кўра тузилмоғи лозим.

2. Бола туғилишидан олдин ва ундан кейинги даврда оналарга алоҳида эътибор берилиши лозим. Бу давр мобайнида ишловчи оналарга ҳақ тўланадиган таътил ёки ижтимоий таъминот бўйича етарли нафақа билан таътил берилиши керак.

3. Барча болалар ва ўсмирларга ҳеч бир камситишсиз, оилавий келиб чиқиши ёки бошқа белгиларидан қатъи назар алоҳида ҳимоя чоралари ва ёрдам кўрсатилиши шарт. Болалар ва ўсмирлар иқтисодий ва ижтимоий эксплуатациядан ҳимояланган бўлиши керак. Уларнинг меҳнатини ахлоқи ва саломатлиги учун зарарли бўлган ёки ҳаёт учун хавфли соҳаларда ёки уларнинг нормал ўсиши учун зарар келтириши мумкин бўлган соҳаларда қўллаш қонун билан жазоланиши керак. Бундан ташқари, давлат шундай ёш чегарасини белгилаб қўйиши керакки, шу чегарадан қуйи ёшдаги болалар меҳнатидан фойдаланиш тақиқланиши ва қонун билан жазоланиши лозим.

11-модда

1. Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир киши ўзи ва оиласи учун етарлича озиқ-овқат, кийим-кечак ва уй-жой ҳамда турмуш шароити тўхтовсиз яхшиланиб боришини ўз ичига оладиган етарли турмуш даражаси бўлиш ҳуқуқини эътироф этади. Мазкур қатнашувчи-давлатлар ушбу ҳуқуқлар амалга оширилишини таъминлаш учун зарур чораларни кўради, айни пайтда эркин келишувга асосланган халқаро ҳамкорликнинг бу борадаги муҳим аҳамиятини эътироф этади.

2. Мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир кишининг очликдан ҳоли бўлишдек асосий ҳуқуқини тан олган ҳолда, қуйидаги вазифаларни амалга ошириш учун аниқ дастурларни ўтказишни қамраб оладиган зарур чораларни кўришлари керак:

а) техник ва илмий билимлардан кенг кўламда фойдаланиш, овқатланиш тамойиллари тўғрисидаги билимларни ёйиш, табиий ресурслардан янада самарали фойдаланиш ва ўзлаштириш учун аграр тизимни такомилаштириш ёки ислоҳ қилиш йўли билан озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, сақлаш ва тақсимлаш услубларини яхшилаш;

b) эхтиёжга мувофиқ ва озиқ-овқат махсулотларини импорт ёки экспорт қилувчи мамлакатларнинг муамоларини ҳисобга олган ҳолда жаҳондаги озиқ-овқат заҳираларининг адолатли тақсимланишини таъминлаш.

12-модда

1. Мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳар бир кишининг жисмоний ва руҳий саломатлик жиҳатдан олий даражага етиши ҳуқуқини эътироф этади.

2. Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар кўриш керак бўлган чоралар қуйидаги ишлар учун зарур тадбирларни ўз ичига олади;

a) ўлик гўдаклар туғилишини ва болалар ўлимини қисқартириш ҳамда болаларнинг соғлом ривожланишини таъминлаш;

b) ташқи муҳитнинг ҳамма жиҳатларини ва саноатда меҳнат гигиенасини яхшилаш;

c) юқумли, эндемик, касбий ва бошқа касаликлардан огоҳлантириш даволаш ҳамда уларга қарши курашиш;

d) касал бўлган ҳолларда ҳаммага тиббий ёрдам кўрсатиш ва тиббий парваришни таъминлайдиган шароит яратиш.

13-модда

1 Ушбу Пактда иштирок этувчи Давлатлар ҳар бир кишининг таълим олиш ҳуқуқини эътироф этади. Улар таълим инсон шахсининг тўлиқ, ривожланиши ва унинг қадр-қимматини англашига қаратилган бўлиши лозим, инсон ҳуқуқлари ва асосий эркинликларини ҳурмат қилишни мустаҳкамлаш зарур деган фикрга келишади. Шунингдек, таълим барчага эркин жамиятнинг фойдали аъзолари бўлишга имкон яратиши, барча ирқий, этник ва диний гуруҳлар ўртасидаги дўстликка, ҳайриҳоҳликка ва сабртоқатли бўлишга ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг тинчликни сақлаш борасидаги ишига кўмаклашиши лозим деган фикрга келишади.

2. Мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар ушбу ҳуқуқларнинг тўлиқ амалга оширилиши учун қуйидаги ишларни амалда бажариш кераклигини эътироф этади:

a) бошланғич таълим ҳамма учун мажбурий ва текин бўлиши керак;

b) ўрта таълимнинг барча шакллари, жумладан ҳунар-техника ўрта таълими очиқ бўлиши ва барча зарур чораларни кўриб, хусусан, аста-секин пулсиз таълим олишни жорий этиш йули билан барчанинг имкони етадиган даражада бўлиш лозим;

c) ҳар бир инсоннинг қобилиятини ҳисобга олган ҳолда барча зарур чораларни кўриш, хусусан аста-секин бепул таълим олишни жорий этиш йўли билан олий таълим олиш ҳамма учун имкон етадиган даражада бўлиши керак;

d) оддий таълим, бошланғич таълимнинг тўлиқ курсини ўтамаган ёки тугалламаган кишилар учун имкон борича рағбатлантирилиши ёки жадаллаштирилиши лозим;

e) барча даражадаги мактаблар тармоқлари фаол ривожлантирилиши, стипендияларнинг қониқарли тизими белгиланиши ва ўқитувчиларнинг моддий аҳволи доимий равишда яхшиланиб бориши керак,

3. Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар ота-оналарнинг ва тегишли ҳолларда қонуний васийларнинг ўз фарзандлари учун давлат ҳокимияти таъсис этган мактабларнигина эмас, таълим олиш учун давлат томонидан белгиланиши ёки тасдиқланиши мумкин бўлган энг кам талабга жавоб берувчи мактабларни ҳам танлаб олиш эркини ҳурмат қилиш мажбуриятини олади. Ота-оналар ёки қонуний васийларнинг бу эркига ўз шахсий эътиқодига кўра фарзандларини диний ва ахлоқий таълим билан таъминлашлари ҳам киради.

4. Мазкур модданинг ҳеч бир қисми айрим шахслар ва муассасаларнинг ушбу модданинг биринчи бандида баён қилинган тамойилларга олишмай риоя этиб ва ушбу муассасаларда берилаётган таълим давлат томонидан белгилаб қўйилиши мумкин бўлган энг кам талабларга жавоб беришига риоя қилиб ўқув юртлари очиш борасидаги эркинлигини камситади деган мазмунда талқин қилинмаслиги керак,

14-модда

Ушбу Пакт иштирокчилари қаторига киришгача бўлган вақтга қадар ўз метрополиямда ёки юрисдикациясида текин мажбурий бошланғич таълимни жорий эта олмаган мазкур Пакт аъзоси бўлган ҳар бир давлат икки йил ичида текин мажбурий таълим тамойилини амалга ошириш учун муфассал тадбирлар режасини ишлаб чиқиш мажбуриятини олади, Ушбу режани ҳаётга татбиқ этишнинг оқилона муддати ўша режада кўрсатилади.

15-модда

1. Мазкур Пактда иштирок этаётган давлатлар ҳар бир инсоннинг қўйидаги ҳуқуқларини эътироф этади:

a) маданий ҳаётда иштирок этиш;

b) илмий тараққиёт ва уни амалда қўллаш натижаларидан фойдаланиш;

c) ўзи муаллиф бўлган ҳар қандай илмий, адабий ёки бадиий магнат билан бoғлиқ ҳолда юзага келувчи моддий ва маънавий манфаатлар ҳимоясидан фойдаланиш.

2. Ушбу ҳуқуқларни тўла амалга ошириш учун мазкур Пактда иштирок этаётган давлатлар қабул қилиш керак бўлган тадбирлар фан ва маданият ютуқларини ҳимоялаш, ривожлантириш ва ёйиш учун зарур бўлганларини камраб олади.

3. Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар илмий-тадқиқот ва ижодий фаолият учун сўзсиз зарур бўлган эркинликни ҳурмат қилиш мажбуриятини олади.

4. Мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар илмий ва маданий соҳаларда халқаро алоқаларни рағбатлантириш ва ривожлантириш орқасидан келадиган нафни тан олади.

iv-қисм.

 

16-модда

1. Мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар ушбу Пактнинг шу қисмига мувофиқ, мазкур Пактда тан олинган ҳуқуқларга риоя этишга эришиш борасида кўрилаётган тадбирлар ҳамда силжишлар ҳақида маърузалар тақдим этиш мажбуриятини олади.

2. а) Барча маърузалар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига тақдим этилади, у эса кўриб чиқиш учун мазкур Пакт қоидаларига мувофиқ Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашга маърузаларнинг нусхасини юборади;

b) Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби мазкур Пактда иштирок этувчи давлатларнинг маърузаларини ёки маърузаларнинг тегишли қисмини ушбу давлатлар аъзо бўлган муассасаларга юборади, чунки ана шу маърузалар ёки маърузаларнинг қисмлари конституцион актларига мувофиқ ўша муассасаларнинг вазифаси доирасига кирадиган барча масалаларга алоқадордир.

17-модда

1. Ушбу Пактда иштирок этувчи давлатлар Иқтисодий ва Ижтимоий кенгаш томонидан мазкур Пакт кучга киргандан сўнг бир йил мобайнида иштирокчи давлатлар ва ихтисослашган манфаатдор муассасалар билан маслаҳатлашиб берилган дастурга мувофиқ босқичма-босқич ўз маърузаларини тақдим этади.

2. Мавзуларда ушбу Пакт бўйича мажбуриятлар бажарилиши даражасига таъсир этувчи омиллар ва қийинчиликлар кўрсатилиши мумкин.

3. Агар тегишли маълумот ушбу Пактда иштирок этувчи бирор-бир давлат томонидан Бирлашган Миллатлар Ташкилотига ёки бирор-бир ихтисослаштирилган муассасага илгарироқ ҳабар қилинган бўлса бу маълумотларни қайта баён этишга ҳожат йўқ ва шу тахлитда хабардор этилган маълумотларга аниқ таяниш етарли бўлади.

18-модда

Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомига кўра инсон ҳуқуқлари ҳамда асосий эркинликлари борасидаги бурчларини бажариш учун ихтисослаштирилган муассасалар билан ушбу муассасалар фаолиятига алоқадор бўлган ушбу Пакт қарорларига риоя этилишига эришиш йўлида қанчалик силжишлар бўлгани ҳақида маърузалар тақдим этиш борасида келишиб олиш мумкин. Бу маърузаларни шу тахлитда амалга ошириш тўғрисида ихтисослаштирилган муассасалар обрўли органлари қабул қилаётган қарор ва тавсияномаларнинг тафсилотларини ҳам ўз ичига олиши мумкин.

19-модда

Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш инсон ҳуқуқлари Кенгашига кўриб чиқиш ва умумий тавсиялар бериш учун ёки тегишли ҳолларда инсон ҳуқуқларига алоқадор масалалар борасида маълумот учун 16-17- моддаларга биноан давлатлар тақдим этаётган маърузаларни ахборот учун бериши, шунингдек 18-моддага мувофиқ ихтисослашган муассасалар тақдим этган инсон ҳуқуқларига алоқадор маърузалар бериши мумкин.

20-модда

Мазкур Пактда иштирок этувчи манфаатдор давлатлар ва ихтисослаштирилган муассасалар Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгашга 19-моддага мувофиқ ҳар қандай умумий тавсиянома борасида ёки инсон ҳуқуқлари бўйича Комиссиянинг ҳар қандай маърузасидаги ана шундай умумий тавсияномага таяниш хусусида ёки ўша жойда таянилаётган ҳар қандай ҳужжат борасида мулоҳаза тақдим этиши мумкин.

21 -модда

Иқтисодий ва Ижтимоий кенгаш вақти-вақти билан Бош Ассамблеяга ушбу Пактда тан олинаётган ҳуқуқларга ялпи риоя этилишини таъминлаш борасида қабул қилинган чоралар ва эришилган натижалар тўғрисида мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар ҳамда ихтисослаштирилган муассасаларда олинадиган маълумотларнинг қисқача баёни ва умумий тусдаги тавсияномалар билан маърузалар тақдим этиши мумкин.

22-модда

Иқтисодий ва Ижтимоий Кенгаш Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бошқа органлари уларнинг ёрдамчи органлари ва техник ёрдам кўрсатиш билан шуғулланувчи ихтисослаштирилган муассасаларнинг диққат-эътиборини мазкур Пактнинг ушбу қисмида эслатилаётган маърузалар туфайли юзага келаётган ҳар қандай масалаларга қаратиши мумкин, зеро бу ҳол ана шу органлар томонидан ваколатлари доирасида ушбу Пактни аста-секин амалга оширишга кўмаклашиш мумкин бўлган халқаро тадбирларнинг қанчалик мақсадга мувофиқлиги борасида қарорлар чиқаришида фойдали бўлиши мумкин.

23-модда

Мазкур Пактда иштирок этувчи давлатлар конвенциялар тузиш, тавсияномалар қабул қилиш, маслаҳат мақсадида минтақавий ва техник кенгаш ўтказиш, шунингдек, манфаатдор ҳукуматлар билан ҳамкорликда ташкилий тадқиқотлар олиб бориш ушбу Пактда эътироф этилаётган ҳуқуқларни амалга оширишга ёрдам берувчи халқаро тадбирлар қаторига киради деб келишадилар.

24-модда

Ушбу Пактдаги ҳеч бир нарса Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг турли органлари ва ихтисослаштирилган муассасаларнинг мазкур Пактга дахлдор масалалари борасидаги тегишли мажбуриятларини белгилайдиган БМТнинг Низом қарорлари ва ихтисослаштирилган муассасаларнинг низоми аҳамиятини камситиш деб талқин қилинмаслиги керак.

25-модда

Мазкур Пактдаги ҳеч бир нарса барча халқларнинг ўз табиий бойликлари ва ресурсларига эркин эгалик қилиш ҳамда фойдаланишдек ажралмас ҳуқуқини камситади деб талқин қилиниши мумкин эмас.

VҚИСМ

 

26-модда

1. Ушбу Пакт Бирлашган Миллатлар Ташкилотига аъзо бўлган ёки БМТнинг ихтисослаштирилган муассасаларига аъзо бўлган, Халқаро Суд Статути иштирокчиси бўлган ёки мазкур Пактда иштирок этиш учун БМТ Бош Ассамблеяси томонидан таклиф этилган ҳар қандай бошқа давлат имзолаши учун очиқ.

2. Ушбу Пакт ратификация қилиниши керак. Ратификация қилинган ёрлиқлар Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига сақлаш учун топширилади.

3. Ушбу Пакт мазкур модданинг 1-бандида кўрсатилган ҳар қандай давлат қўшилиши учун очиқдир.

4. Қўшилиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига қўшилиш ҳақидаги ҳужжат сақланиш учун топширилгач амалга оширилади.

5. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби мазкур Пактни имзолаган ёки унга қўшилган давлатларни ратификация қилинган ёрликлар ёки қўшилиш ҳақидаги ҳужжатлар сақлаш учун топширилиши тўғрисида хабардор қилади, мазкур Пакт унинг ўз ратификация ёрлиғи ёки қўшилиш ҳақидаги ҳужжати сақлаш учун қабул қилингандан уч ой ўтгач кучга киради.

27-модда

1. Мазкур Пакт Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига ўттиз бешинчи ратификация қилинган ёрлик ёки қўшилиш ҳақидаги ҳужжат сақлаш учун берилган кундан бошлаб уч ой ўтгач кучга киради.

2. Ушбу Пактни ратификация қилган ёки унга қўшилган ҳар бир давлат учун ўттиз бешинчи ратификация қилинган ёрлиқ ёки қўшилиш ҳақида ҳужжат сақлаш учун берилгандан сўнг, ўша давлатнинг ўз ратификация қилинган ёpлиғи ёки қўшилиш ҳақидаги ҳужжати сақлаш учун берилган кундан бошлаб уч ой ўтгач мазкур Пакт кучга киради,

28-модда

Ушбу Пакт қарорлари федератив давлатларнинг ҳамма қисмига ҳеч бир чеклашларсиз ёки олиб ташлашларсиз жорий этилади,

29-модда

1. Ушбу Пактда иштирок этувчи ҳар бир давлат тузатишлар таклиф этиши ва уни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котибига тақдим этиши мумкин. Бош котиб таклиф этилган ҳар қандай ўзгартиришларни мазкур Пактда иштирок этувчи давлатларга жўнатади ва улардан ушбу таклифларни кўриб чиқиш ҳамда овозга қўйиш мақсадида конференция чақириш ҳақидаги фикрини билдиришни илтимос қилади. Агар иштирокчи-давлатларнинг камида учдан бири шундай конференцияни маъқуллаб фикр билдирса, БМТнинг Бош котиби Бирлашган Миллатлар Ташкилоти раҳбарлигида ушбу конференцияни чақиради. Мазкур конференцияда иштирок этувчи ва овоз беришда қатнашувчи иштирокчи-давлатларнинг кўпчилиги томонидан қабул қилинган ҳар қандай тузатиш Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясига тасдиқлаш учун тақдим этилади,

2. Тузатишлар уларни БМТ Бош Ассамблеяси тасдиқлагач ва ушбу Пактда иштирок этувчи давлатларнинг учдан икки қисми томонидан уларнинг конституция тартибига мувофиқ қабул қилингач кучга киради.

3. Тузатишлар кучга киргач, уни қабул этган иштирокчи-давлатлар учун мажбурий бўлади, бошқа иштирокчи-давлатлар учун эса мазкур Пактнинг улар томонидан қабул қилинган қарорлари ва барча илгариги тузатишлар мажбурий бўлиб қолади.

30-модда

26-модданинг 5-бандига мувофиқ юбориладиган билдиришлардан қатъий назар Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котиби ўша модданинг 1-бандида қайд этилган давлатларни қуйидагилар ҳақида хабардор этади.

a) 26-моддага биноан имзолашлар, ратификациялар ва қўшилишлар,

b) 27-моддага мувофиқ мазкур Пактнинг кучга кириш санаси ва 29-моддага мувофиқ ҳар қандай тузатишларнинг кучга кириш санаси.

31-модда

1. Мазкур Пакт инглиз, испан, хитой, рус ва француз тилларида тузилган бўлиб тенг кучга эга, у Бирлашган Ммллатлар Ташкилотининг архивига сақлаш учун топширилиши керак.

2. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби 2б-моддада кўрсатилган барча давлатларга ушбу Пактнинг тасдиқланган нусхаларини юборади.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s