Айёрликнинг чеки йўқ


Толиб Ёқубов

ёхуд Кимдандир айёрроқ бўлиш мумкиндир,

бироқ барчадан айёрроқ бўлишнинг иложи йўқ

  3-қисм

  Айёр оммавий ахборот воситалари

Бундан 200 йилдан кўпроқ вақт илгари АҚШнинг 3-чи президенти Томас Жефферсон [туғ. 1743 й. – ваф. 1826 й.]дан интервью олаётган мухбир ундан сўрайди: “Агар Сиздан эркин ҳукумат ва эркин матбуотдан бирини танлаш талаб қилинса, Сиз қайси бирини танлар эдингиз?” Т. Жефферсон шундай жавоб беради: “Мен эркин матбуотни танлар эдим, чунки охир-оқибат у эркин ҳукуматга олиб келади”. Бундан XVIII-XIX асрларда яшаган АҚШ президенти Т.Жефферсоннинг зеҳнияти (менталитети) XX-XXI асрларда яшаётган Ўзбекистон президенти И.Каримовнинг айёр зеҳниятидан тубдан фарқ қилганлигини тушуниш мумкин. АҚШга XIX-аср бошида (1801-09) президентлик қилган Т.Жефферсон эркин матбуот учун курашган бўлса, XXI-асрда, унинг вафотидан салкам 200 йил кейин  яшаётган И.Каримов Ўзбекистонда эркин матбуот шаклланмаслиги учун бор “маҳоратини”, яъни айёрлигини ишга солиб келаяпти.

Маданийлашган дунёда ОАВни “демократиянинг занжирдаги ити” дея таърифлашади. У итдай ҳуриб ҳар соҳада эркинликни буғаётган ҳукуматни танқид қилиб турсагина, ҳукумат фаолиятидан бехабар оддий халқ ўз ҳақ-ҳуқуқларини англайди ва курашади. Бироқ Ўзбекистондаги ОАВ айёр сиёсий режим томонидан ҳурмайдиган, ҳукуматни қўриқлайдиган, халқнинг ҳисобига яшайдиган “ит”га айлантирилган.

2002 йил май ойида ОАВнинг бош цензурачи (қуюшқончи)си Э.Комилов ишдан бўшатилиб, унинг идораси тугатилгач, барча, шу жумладан чет эл мутахассислари ҳам “Цензура тугатилди, энди мамлакатда демократик ислоҳотлар бошланади” деб гапира бошлади. Ўша вақтда ҳукуматнинг айёрлигини англаганлар кўп эмас эди. Аслида ҳукуматнинг цензурани бекор қилиш нияти ҳам йўқ эди – у цензурани газета, журнал, радио ва телеқидениенинг кўпсонли, ҳамма вақт “лаббай” деб турувчи муҳаррирлари гарданига юклаб қўяқолди. Тез орада дунё Ўзбекистонда ҳеч нарса айёрона қилинмаслигига амин бўлди.

Ўзбекистондаги ҳозирги вазиятни ЁВУЗЛИКнинг ЭЗГУЛИК устидан ғалабасининг тантанаси, деб изоҳлаш мумкин. Иккиланмасдан айтиш мумкин-ки, И.Каримовнинг айёр сиёсий тузумининг “занжирдаги итлари” хўжайинларидан “бос!” деган хитобни эшитгач, бизни “халқ душмани”, “ютуқларимизни кўролмайдиган унсурлар”, “ғарб грантлари учун давлатимиз манфаатларини сотган одамлар” дея аюханнос сола бошлайдилар.

Маълум-ки, айёрлик, асосан, инсонга нафрат билан қарайдиган сиёсий режимларга мансубдир. Тескариси бўлиши ҳам мумкин эмас: айнан айёрлик ҳисобига бундай режимлар маълум вақт умр суради. АҚШ президенти Рональд Рейган фикрича СССР ҳукумати ўз халқига нисбатан айёр сиёсат олиб боргани ва унинг ҳақ-ҳуқуқларини ҳеч қачон ҳурмат қилмагани учун мамлакат парокандага учраган.

Мен бир мақоламда “Ислом Каримов инсон материалининг ёмонини ўз атрофига тўплаган ва шу материал билан бирга ишламоқда” деб ёзган эдим. Бундай ёзишга менда асос бор эди, чунки кўп йиллик ҳуқуқбонлик фаолиятимда мен ҳокимият, прокуратура, милиция, МХХ, суд ва давлатнинг бошқа буғинларида ишлайдиган талай ходимлари билан учрашганман ва уларнинг айёрлиги, адолатсизлиги, муттаҳамлигига гувоҳ бўлганман.

Мен сиёсий ва ҳуқуқбонлик фаолиятим даврида қатор давлат мулозимлари билан юзма-юз келганман. Асли жиззахлик бўлганим ҳамда Тошкентда яшаганим учун менинг кўп учрашувларим шу икки регионда бўлиб ўтган. Жиззахда вилояи прокурори Равшан Муҳиддинов, вилоят суди раиси (фамилияси ёдимдан кўтарилган), вилоят МХХ раиси Александр Аҳмедович Морозов, Дўстлик тумани ҳокими (кейинчалик вилоят ҳокими ва Жиззах тумани ҳокими), сенатор Махмуд Холбўтаев ва бошқа мулозимларга у ёки бу маънода “дуч” келганман. Юқорида фамилиялари келтирилган давлатнинг ишонган одамлари бирин-кетин қамалиб кетишди.

Тошкентда мен дуч келган давлат мулозимлари орасида айниқса Адлия вазирлиги нодавлат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш бўлими бошлиғи Жалол Абдусатторов билан бўлган учрашувларим менинг ёдимдан чиқмайди. Унинг асосий хислати АЙЁРЛИК эди ва у бу хислатни онадан туғилган заҳотиёқ ўзлаштира бошлагандай туюларди менга.

Жалол Абдусатторов ҳам 2009 йилнинг 26 апрелида Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 167-моддаси (Давлат мулкларини талон-тарож қилиш), 205-моддаси (Мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) билан билан айбланиб, 14 йилга озодликдан маҳрум қилинибди.

1992 йил 2 февральда тузилган Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамияти (ЎИҲЖ)ни унинг раҳбарияти  6 марта Адлия вазирлигига ҳужжат топширганига қарамай ҳукумат ташкилотни давлат рўйхатидан ўтказмади. Демократик Францияда ЎИҲЖ Angers шаҳри префектураси (ҳокимияти) томонидан 2008 йил 21 октябрь куни ярим соатда давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ерда бирорта одам менга ва ташкилотга нисбатан айёрлик қилган эмас.

Мен Адлия вазирлигига ҳужжат топширишнинг барча 6 жараёнида қатнашганман ва охирги 4 мартасида ҳужжатларни мен ўз қўлим билан топширганман [2 марта ҳужжатларни Абдуманноб Пўлатов мен ва бошқалар иштирокимизда топширган], 6 марта ҳам ҳужжатларни Ж.Абдусатторов қабул қилиб олган.

Ж.Абдусатторов одатда камгап одам бўлиб, у доимо кўзини деярли ҳеч очиб-юммай, сўҳбатдошига тикилиб ўтирар эди. Ҳар сафар биз мақсадимизни, яъни ташкилотимиз ҳужжатларини топширишга олиб келганимизни айтганимиз заҳотиёқ у бизга бирор тутуруқсиз, қонунга зид сабабни айтиб кўнглимизни оғритишга ҳаракат бошлар эди. У юрист бўлишига қарамай, қонунлар моҳиятини биз унга тушунтиришимизга тўғри келар эди. Қонунлар моҳиятини у яхши билса-да, бироқ у айёрлиги туфайли бизни чув туширишга уринар эди.

Ташкилотларни давлат рўйхатидан ўтказиш учун қонунчилик 2 ой вақт ажратади, бироқ ҳужжатларни кўриб чиқиш жараёнида бирор масалага ойдинлик киритиш учун Адлия вазирлиги мутахассислари экспертиза ўтказишса, у ҳолда бу муддат яна 1 (бир) ойга чўзилиши мумкинлиги қайд қилинган. 6 сафар ҳам ЎИҲЖ ҳужжатларини Адлия вазирлиги мутахассислари тўлиқ 3 ой давомида (бир кун ҳам илгарироқ тамомламай!) текширишган.

Бир сафар мен Ж.Абдусатторовга киноя оҳангида: “Жалолбек, илтимос, шу сафар текширишни тўлиқ уч ойда эмас, ҳеч бўлмаганда бир кун олдин тугатинглар” дедим. У жавобан, кўзини ҳатто пирпиратмай, жиддий оҳангда: “Ака, биз ташкилотингиз ҳужжатлари мукаммал бўлсин, деймиз-да” деб жавоб қилди. Унинг жавоби айёрликдан бошқа нарса эмаслиги яққол билиниб турар эди.

Адлия вазирлигида ёш ходимлар орасида виждони ҳали тубанлашмаган йигитлар ҳам бор эди. Мен бир куни шундай бир йигитга Ж.Абдусатторовнинг юқорида келтирилган гапини айтсам, у кулиб юборди ва: “Аксинча, ташкилотингиз ҳужжатлари мукаммал бўлгани учун улар қандай қилиб бирор хато топар эканмиз деб эртадан кечгача ўйлаб ўтиришади”, деди.

Адлия вазирлиги тажрибасида ҳукуматга хизмат қиладиган бир сиёсий партияни унинг таъсис қурултойининг эртаси куни, яъни бир сутка ичида давлат рўйхатидан ўтказганлиги мисоли бор. Сиёсий партия у ёқда турсин, ҳуқуқбонлик ташкилотини бир ҳафтада рўйхатга олинганини ҳамма билади. 1996 йил июнь ойида И.Каримов АҚШ президенти Б.Клинтон билан учрашгани Вашингтонга боришидан олдин Марат Зоҳидов раҳбар қилиб тайинланган “Ўзбекистон шахс ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси”  тузилди ва у бир ҳафта ичида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Қизиғи шунда-ки, Ўзбекистон раҳбарининг айёрлигига АҚШ президенти ҳам алданган. Одатда икки давлат раҳбарлари учрашишдан олдин ташқи ишлар вазирлари учрашиб муҳокама қилинадиган масалалар келишиб олинади. АҚШ томони қўйган масалалар орасида ЎИҲЖнинг давлат рўйхатидан ўтказилиши масаласи ҳам бўлиб, суҳбат давомида Б.Клинтон бу масалани кўтариши аён бўлган.

Ҳақиқатан, Б.Клинтон “ЎИҲЖ нега тўрт ярим йилдан бери рўйхатга олинмаяпти?” деб сўраганда И.Каримов: “Ким Адлия вазирлигига мурожаат қилса, вазирлик топширилган ҳужжатларни кўриб чиқади. Мана, яқинда Адлия вазирлиги бир ҳуқуқбонлик ташкилотини рўйхатдан ўтказди. ЎИҲЖ ҳам ҳужжат топширса, унинг ҳужжатларини Адлия вазирлиги қараб чиқади. Унинг Устави қонунчиликка зид бўлмаса, албатта рўйхатдан ўтказишади” деб жавоб берган. Шу билан масалага нуқта қўйилган. Чамаси, Б.Клинтон касбдошининг айёрлигига тушунмаган.

*****

Мақолани ёзиш давомида менинг миямдан битта савол дам-ба-дам ўтиб турди:

Қамалган давлат мулозимларининг бирортаси ўзига “Мен илгари кимга ва нима мақсадга хизмат қилувдим?” дея савол берармикин?

Лўғатча:

(рус тилини билмаганлар учун)

1)Крепостной [русча “крепость” (қаъла, помешчик2)нинг ҳашаматли қўрғони) сўзидан олинган] – помешчикка шахси, меҳнати ва мулкига хўжайинлик қилиш ҳуқуқи берилган крестьянин3);

2) Помешчик [русча: помещик] – ер майдонига эга бўлган сарой мулозими;

3) Крестьянин – деҳқон.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s