Барқарорлик ва фаровон ҳаёт – бошқа-бошқа нарсалар


Толиб Ёқубов

Қайсидир бир файласуф ўзининг бир асарида жамиятнинг барқарорлигини содда тилда, қисқа ва барча тушунадиган қилиб қуйидагича тушунтирган: “Жамиятни шартли равишда 1000 (минг)та одамдан ташкил топган деб тасаввур қилсак ҳамда унда 900 та бой ва 100 та камбағал бўлса, 900 та бой 100 та камбағални боқиб ола олади ва бу жамият барқарор бўлади. Агар жамиятда 100 та бой ва 900 та камбағал бўлса, 100 та бой 900 та камбағални боқиб ола олмайди – бундай жамият беқарор бўлишга маҳкум”. Хулоса:

1) Жамият барқарор бўлиши учун унинг тўқ (фаровон) яшаши етарлидир.

2) Жамият тўқ (фаровон) бўлиши учун барқарорлик етарли эмас.

Дарҳақиқат, барча оилалар тўқ ва фаровон яшаётган, одамлари эркин бўлган жамиятга беқарорликнинг умуман кераги йўқлиги мантиқли ва тушунарлидир ва, турган гап, жамиятнинг бирор аъзоси, агар у руҳий носоғлом бўлмаса, жамиятда беқарорлик бўлишини истамайди. Жамиятда фаравонлик бўлмаса, аксарият одамнинг ўй-хаёлида фақат бир масала: “бугун болаларимни қандай қилиб боқаман” деган савол турган бўлса, бундай жамиятни беқарорлаштириш қийин эмас. Шундай қилиб, барқарорликка бирдан бир ТЎҒРИ ЙЎЛ, бу – жамиятнинг тўқ, фаровон ва эркин яшашига эришишдир.

Халқи тўқ ва фаровон яшайдиган давлатлар раҳбарлари олдида ҳам ўз вақтида барқарорлик ва фаровон ҳаётнинг қайси бирини энг муҳим масала сифатида танлаш керак, деган муаммо турган ва улар биринчи навбатда жамият фаровонликка эришиши лозимлигини тушунганлар ва шу йўлдан чекинмаганлар. Улар бу йўл РАВОН бўлиши учун икки шарт бажарилиши зарурлигини ҳам тушунганлар, яъни фаровонликка ҳамма соҳада АДОЛАТ ва ОДИЛ СУД барқарор бўлишини таъминлашгина олиб бориши мумкинлигини англаганлар.

Яккаҳокимликка асосланган давлатларнинг қайси бирига қараманг унинг ҳукмдори оғиз очгандан барқарорлик ҳақида гапиради: “Биздаги барқарорлик бизнинг энг юксак ютуғимиздир. Давлатимиз душманлари бу ютуғимизни кўролмайдилар, биздаги барқарорликка хасад кўзи билан қарайдилар”. Ҳукмдор бу иддаони айтгач, унинг гапларига ҳамма вақт “лаббай” деб турган давлат матбуоти ва радио-телеқидениеси раҳбарнинг гапини камида ўн кун лағмон қилиб чўзади. Жамиятга қарасангиз, одамлар ҳам шунга ўрганиб қолишган. Айниқса қариялардан кўп ҳолларда: “Худога шукр, бизда тинчлик, уруш бўлаётгани йўқ, бир бурда нонимизни еб турибмиз” га ўхшаган гапни эшитасиз.

Давлат раҳбарлари ва қариялар учун барқарорлик шунчалик жозибали қадрият экан, хўш, унга ким қандай эришади? Унга фаровонлик орқали эришиш мумкинлиги ҳақида мен юқорида айтиб ўтдим: халқини ва ҳар бир инсонни, унинг барча ҳуқуқлари, жумладан эътиқод эркинлигини ҳам ҳурмат қилган, ўз бошқарувида адолат ва одил судни изчиллик билан йўлга қўйган давлат нафақат фаровонликка, барқарорликка ҳам эришади.

Ўзбекистон раҳбарияти ҳам кўп йиллар давомида барқарорлик ҳақида тинимсиз гапириб келди. Фақат гапириб келди эмас, “Барқарорлик – халқимиз энг орзу қилган қадриятдир!”, “Барқарорлик бор жойда барака бор!”, “Қўшнинг тинч – сен тинч” каби шиорлар битилган стендларни ҳар қадамда ўрнатиб ҳам қўйди. Бироқ негадир барқарорлик рўй-рост гавдаланмади. Кейинги йилларда юқорида келтирилган шиорлар сони бироз камайди, уларнинг ўрнини “Ўз уйингни ўзинг асра!” деган шиор эгаллади.

Жамият ва давлат қурилиши моҳиятини тушунган одамлар бу шиорни ўқиб ҳайрон бўлишди: болалари кун давомида боғча, мактаб, лицей, колледж ва олий ўқув юртларида, катталар – ишда, ижодда, хизматда, қариялар – дам олиш масканлари, саёҳат ва мачитларда бўладиган мамлакатда Конституция бўйича одамларнинг уйини ва тинчлиги-осойишталиги давлат қўриқлайди. Шунинг учун ҳам давлат турли хизматлар: милиция, махсус хизматлар, армия (ва бошқа) ларни ташкил қилади. Бу хизматларнинг миллионлаб вакиллари, раҳбарларидан оддий хизматчисигача, халқ ҳисобига, ундан олинаётган солиқлар ҳисобига яшайдилар. Бу билан давлат халққа: “Сизлар иш, ижод ва хизмат билан шуғулланинглар, болаларингизни боғчаларга ва ўқишга юборинглар, қариялар дам олишсин, қолган ишнинг ҳаммасини биз (давлат) қиламиз, бироқ сиз бизнинг хизматимизни тақдирлаб солиқ тўлаб турасиз” дейди ва у билан келишади.

Нормал давлатларда халқ билан давлат ўртасида ана шундай келишув азалдан у ёки бу шаклда бўлиб келган. Ҳаётнинг фаровонлиги халқнинг қўли ва ақли-фаросати билан яратилади, бу фаровонлик узлуксиз бўлиши учун халқ узлуксиз меҳнат қилиши, ижодда бўлиши керак, давлат эса, биринчи навбатда, халқнинг тинчлигини (хусусан, ташқи давлатлар тажовузидан ҳимоя қилишни) таъминлаши ва, иккинчи навбатда, одамларга иш ўринларини яратиши, хусусий мулкчиликка асосланмаган соҳаларни бошқариш, ерости ва ерусти бойликларни халқ ва давлат манфаати учун сарфлашни йўлга қўйиш ва бошқа бир қатор функцияларни ўз гарданига олиши керак.

Баъзи мамлакатлар тарихида жиноятчилик мисли кўрилмаган даражага кўтарилганда давлат одамлар уйида қурол сақлаш ва ўзи билан қурол олиб юриш ҳуқуқини жорий қилган ва ҳатто ўз Конституцияларига киритишган. Мас., АҚШ Конституциясига 1789 йили киритилган 2-чи тузатмада “яхши ташкиллашган қуролли халқ вакилларининг мавжудлиги давлат хавфсизлигининг зарурий шарти сифатида тан олинади ва шу сабабли халқнинг қурол сақлаш ва ўзи билан олиб юриши ҳуқуқи таъминланиши” айтилади.

Конституциясига бундай ҳолатни ўз олдига жамиятни демократик усуллар билан бошқаришни мақсад қилиб қўйган давлатгина киритиши мумкин, холос. Халқини тўлиқ итоатда, яъни қул сифатида ушлаб туришни мақсад қилган авторитар ёки тоталитар тузум аксинча халқнинг қўлидан ҳатто ов милтиғини ҳам тортиб олади. 1917 йилда давлат тепасига келган Владимир Ленин бошчилигидаги большевистик ҳукумат 1918 йил декабрида аҳолидан барча қуролни тортиб олиш ҳақида декрет чиқарган.

Ўзбекистоннинг биринчи ва асосий коммунисти Ислом Каримов ҳам давлат раҳбари сифатида ўз фаолиятини худди ана шундай ишдан, яъни халқ қўлидан ов милтиғигача бўлган қуролларни йиғиб олишдан бошлади ва бу қадамни “барқарорликни таъминлаш” деб тушунтирди. Бу “барқарорлик” давлат ва халқ мулкини талон-тарож қилаётган мулозимлар ҳаётини фаровон қилди, бироқ жамият фаровон бўлмади. Қўлида қурол бўлмаган халқ қандай қилиб ўз уйини ўзи ҳимоя қилиши мумкин? Бемаънилик! Ўтган 23 йил давомида давлат қароқчилари томонидан  халқ миллионлаб таланишларни ўз бошидан кечирди. Давлат қароқчилиги шароитида барқарорлик ҳақида қанақа гап бўлиши мумкин. Одамларнинг норозилиги фақат бекарорлик белгиси бўлиши мумкин, холос.

Фоҳишалик йўлига кирган дастлабки пайтда аёл ўзининг бу фаолиятини одамлардан яширишга ҳаракат қилади, кейинчалик яшириб ҳам ўтирмайди. Донолар айтадилар-ки, ёлғон гап, фоҳишалик ва ўғрилик уч кун ер остида яшириниб ётар экан, уч кундан кейин ер устига чиқиб ошкор бўлар экан. Ўзбекистон ҳукумати ўзининг қароқчилигини аллақачондан бери яшираётгани йўқ. “Қора маскалилар” деб аталадиган, автомат қурол билан қуролланган ҳукумат қароқчилари куппа-кундуз куни мамлакатнинг юзлаб жойларида халқни талаш амалларини бажармоқдалар. Ҳукумат одамлари бу амалларни нафақат қароқчилик мақсадида, балки халқни қўрқувда ушлаб туриш учун ҳам юритмоқда.

Ўзбекистон ҳозир энг беқарор мамлакатларнинг биридир ва бундай шароитда фаровонлик ҳақида гап ҳам бўлиши мумкин эмас. И.Каримов ҳукуматининг кўп ёлғонлари ошкор бўлди, унинг фаровон яшаётган беҳисоб мулозимлари ўз фаровонликларини ҳалол меҳнат билан эмас, айни ўғрилик билан барпо қилганликларини одамлар тушуниб етдилар, уларнинг асосий ёрдамчилари фоҳишалик билан кун кўраётган суд системаси эканлиги ҳозир сир эмас.

Ҳозирги кунда Россияда “стабильность” (барқарорлик)” сўзи халқ орасида ҳукуматнинг ёлғони, ўғрилиги, фоҳишалиги ва бошқа бир қатор салбий хислатларини ифодалайдиган сўзга айланган. Сабаби оддий: мамлакат ҳудудларидан қазиб ҳамда кесиб олинаётган ва ташқарига сотилаётган бойликлар (нефть, газ, олтин, ёғоч ва ҳ.) Россиянинг оддий халқининг ҳаётини фаровон қилмади. Бироқ унинг ҳукумати мамлакатдаги барқарорликни мақтаб тинимсиз гапиришдан тўхтамайди. Борми-йўқми, қатъий назар, барқарорликни мақташ истибдодга асосланган нодемократик давлатлар ҳукуматларининг белгисидир.

“Адолат ва одил суд бўлмаган шароитда давлат қароқчилар тўдасига айланади”. Бу ҳикматни IV-асрда, салкам 1500 йил илгари римлик файласуф Августин Аврелий ёзиб кетган.

Худди Ўзбекистон ҳақида ёзгандай.

2012 йил 19 август Ийд-Рамазон ҳайити куни ёзилди.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s