Ўзбекистон учун МТС қанчалик хавфли?


Мақоланинг бошида келтирилган фактлар ўқувчига бир-бирига ҳам, мақола мавзусига ҳам боғлиқ эмасдай туюлиши мумкин. Шундай бўлса-да, мен асосий фикримни айтишим учун улар муҳим бўлгани сабабли муҳтарам ўқувчини тишни-тишга қўйиб мутоалани давом эттиришга чақираман.

Шундай қилиб, мақола сарлавҳаси моҳиятини очиш учун менинг асосий фикрим ушбу А, Б ва В билан белгиланган фикрларга асосланади.

А.  Коммунистик доҳий Владимир Лениннинг асл табиатини кафтда тургандай очиқ кўрсатадиган уч факт: 1)  таниқли бир рус ёзувчисининг фикри,

2)  В.Ленин тузган РСДРП (Россия социал-демократик ишчилар партияси)дан сон ва халқ ишончи жиҳатидан анча кучли бўлган СРП (Социалист-революционерлар, қисқача эС-эРлар партияси)нинг таниқли бир вакилининг эсдалиги,

ва

3)  доҳийнинг ўзи ёзиб қолдирган машҳур, бироқ ўтган асрнинг 90-чи йилларигача коммунистик лидерлар томонидан кенг оммадан яшириб келинган тезисини ўқиганман. Булар қуйидагилардир:

Биринчиси:  Рус ёзувчиси бу тарихий шахс ҳақида бундай ёзган эди: “В.Ленин ўз ҳаётининг кўп қисмини Европанинг (Швейцария, Англия ва б.) кутубхоналарида фалсафа ва сиёсат ҳақида китоблар ёзиш билан ўтказган бўлса, унинг Россиядаги ҳаёти тиззасига қон ичида тургани билан ўтган”.

Иккинчиси:  СРПнинг вакили ҳикоясидан: “В.Ленин ва СРПнинг раҳбарларидан бири Виктор Чернов Швейцарияда учрашиб, кафеда кофе ичиб суҳбатлашиб ўтиришганда В.Чернов сўрайди: Владимир Ильич, сизлар ҳокимият тепасига келсаларинг меньшевикларни ўлдирасизларми (йўқ қиласизларми)? В.Ленин ўта жиддийлик билан: “Биз ҳокимиятни олсак, охирги эсэрни ўлдирганимиздан кейин биринчи меньшевикни ўлдиришни бошлаймиз”, дея жавоб берган”.

Учинчиси:  М.Горбачёвнинг “қайта қуриш” сиёсати бошлангандан кейин Москвадаги Коммунистик партия архивининг катта қисми тадқиқодчилар учун очилди. Ҳарбий тарихчи, генерал Д.А.Волкогонов шу архив билан танишганларнинг биридир. У мазкур архивда В.Лениннинг совет халқига умуман маълум қилинмаган 3724 та асари ва яна у имзо чеккан 3000 га яқин ҳужжатлар билан танишган. Шуларнинг бирида В.Ленин сўз эркинлиги ҳақида ўзининг асосий тезисини шундай ифодалайди: “Совет сиёсий системаси шароитида халққа сўз эркинлигини бериш ўз-ўзини ўлдириш билан баробардир”.

Б.  Россиялик журналист Юлия Латинина ўзининг бир мақоласида: “Путиннинг ҳокимиятини узоқ бўлмаган келажакда Интернет ва ундаги ижтимоий тармоқлар қулатади”, деб ёзганини ўқиганман. Бу тезиснинг ҳаётий эканлигини бир қатор араб ва Яқин Шарқ мамлакатларида содир бўлган инқилоблар яққол кўрсатишди.

В.  Мен ишлаган Тошкент давлат педагогика институти алгебра кафедрасининг мудири профессор Шермат Мақсудов домладан бир гапни кўп марта эшитганмиз. Домланинг айтишларича, у киши очарчиликни уч марта кўрган эканлар. “Очарчилик аввал Россияда бошланиб, бир йилдан кейин Ўзбекистонга етиб келар эди” – дердилар раҳбаримиз.

В.Ленин ҳақида яна бир-икки оғиз гап. Марксистик фалсафа ва сиёсат бўйича сўзсиз буюк даҳо бўлиши билан бир пайтда инсонга нисбатан ўта шафқатсизлик, ўзгача фикрларни умуман қабул қила олмаслик, давлат тамоман битта партия томонидан бошқарилиши, яъни давлат бошқарувида яккаҳокимликни тарғиб қилиш В.Ленин табиатининг иккинчи қирраси бўлган. Буни тушуниш учун 1917 йил 7 ноябрьда уюштирилган давлат тўнтариши (“Октябрь революцияси”)дан кейин давлат тепасига келган В.Лениннинг биринчи навбатда амалга оширган ишларига назар ташлаш кифоя. Унинг раҳбарлиги ва кўрсатмалари билан:

1) ВЧК (Всероссийская Чрезвычайная Комиссия – Умумроссия Фавқулодда Комиссияси), яъни кейинчалик дунёда энг ашаддий деб тан олинган ва ўзининг номини кўп марта ўзгартирган (ГПУ, ОГПУ, НКВД, НКГБ, МГБ, КГБ, ФСБ) давлат хавфсизлик хизмати (махсус хизмат) ташкилоти тузилди;

2) РСДРП дан бошқа барча партиялар таъқиқланди ва қатағон қилинди;

3) РСДРП га тегишли матбуотдан ташқари барча газета ва журналлар ёпилди; ўзгача фикрлиликка мутлоқ таъқиқ қўйилди;

4) Россия ва Украинадан миллионлаб одамлар (асосан, зиёлилар, ҳарбийлар, диндорлар ва б.) чет элларга чиқиб кетишга мажбур этилди.

5) Диндорлар ва деҳқонлар табақалари мисли кўрилмаган қатағон қилинди. 1913 йилгача Россия Европани бўғдой билан таъминлаган ва буни бир миллиондан ошиқ ўзига тўқ деҳқон хўжаликлари уддасидан чиқар эди. Коммунистик тузум тез орада Россияни очарчилик ҳолатига олиб келди. В.Ленин ўлимидан сал олдингина ўзининг иқтисодий (хусусмй мулкни таъқиқлаш) сиёсати нотўғри эканини, деҳқон хўжаликларининг эркинликларини чеклаш бу соҳани инқирозга олиб боришини тушунди ва ўзининг НЭП (Новая экономическая политика), яъни хусусий мулкчиликка қайтиш сиёсатини жорий этишга мажбур бўлди.

6) Марксизм таълимоти асосчиси К.Маркс аҳолининг икки қатламини – буржуазия ва диндорларни – ёқтирмаган, бу табақаларга у нафрат кўзи билан қараган. Унинг издоши В.Ленин коммунистик жамиятни қуришда фақат ишчилар синфига таянишга урғу берган, яъни у деҳқонлар табақасига ҳам нафрат билан қараган. Унинг КПСС архивидан олинган, диндор ва деҳқонларга тааллуқли бўлган минглаб ҳужжатлари, телеграмма ва телефонограммаларида “отиб ташлансин” иборасини кўрасиз.

В.Ленин ва у тузган тоталитар давлат ҳақида батафсил маълумот олишни истаганларга мен Д.А.Волкогонов ёзган “Ленин” номли китоби жойлашган ушбу линкни интернетдан топиб ўқишни тавсия қиламан: http://www.belousenko.com/books/publicism/volkogonov_lenin_1.htm

Сўз ва матбуот эркинлиги авторитар ёки тоталитар давлат сиёсатига тамоман зид эканини ўша пайтдаёқ В.Ленин яхши тушунган ва халққа бу эркинликларни бериш муқаррар системани ўлимга олиб боришини башорат қилган. В.Лениндан кейинги, М.Горбачёвдан бошқа, барча коммунистик совет лидерлари унинг асосий тезисига сўзсиз амал қилишган. “Ошкоралик” сиёсатини ҳаётга жорий этиш мақсадида ўзидан олдинги коммунистик лидерлардан фарқли ўлароқ М.Горбачёв биринчи марта 1985 йилда халққа сўз ва матбуот эркинлигини берди. СССРнинг бутунлиги янги шароитга 5-6 йилгина чидади, холос.

1985 йилдан бошлаб Ўзбекистонда ҳам сўз ва матбуот эркинлиги биринчи қадамларни қўя бошлаган ва халқнинг ижтимоий-сиёсий онгига анча-мунча ўз таъсирини ўтказа бошлаган эди. 1989 йил ўртасида давлат тепасига келган Ислом Каримовнинг дастлабки қадамлари сўз ва матбуот эркинлигини жиловлашга қаратилди ва 1992-93 йилларга келиб бу эркинликлар тамоман барҳам топди.

Бу орада информация олиш ва узатишнинг янги воситаси – интернет – дунёни қамраб ола бошлаган ва у СССРдан чиққан янги давлатларга ҳам кириб кела бошлаган эди. Сўз ва матбуот эркинлигини хуш кўрмайдиган сиёсий режимлар учун бу ҳолат жуда ташвишли бўлди. Бундай давлатларда ҳукумат измидан чиқмай ишлайдиган матбуот ҳамон чоп этилаётган бўлса-да, бироқ аста-секин одамлар ҳақиқий информацияни интернет ва махсус антенналар ёрдамида чет эл телевидениелари кўрсатувларидан ола бошладилар. Оптик-толалик ва уяли (қўл) телефонларининг ривожданиши ва авторитар давлатлар ҳудудларига ҳам кириб келиши бу давлатларда информацион оқимлар кучайишининг янги босқичи бўлди. Авторитар тузумлар ҳар қанча интилмасин, улар халқ онгида катта ўзгаришлар бўлаётганининг олдини ололмай қолдилар.

Ҳозирги Россия авторитар давлат бўлса-да, ундаги тузумнинг авторитарлик даражаси Ўзбекистонга ўхшаган давлатларда шаклланган авторитарликдан анча пастлиги бу мамлакатда сўз ва матбуот эркинлиги даражасининг баландлигига боғлиқдир. Россияда содир бўлаётган воқеалардан унинг раҳбарлари жиддий қўрқувга тушиб қолишди ва ҳозирги кунларда улар давлат Думаси орқали сўз ва матбуот эркинлигини чекловчи бир неча қонунлар қабул қилишга мажбур бўлишди.

Бироқ, фикримча, “ғишт қолипдан кўчиб” улгурди. Буни катта кўпчилик тушунди ва Россия раҳбарларининг кейинги ҳаракатлари “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган мақолни эслатади. Интернет ва ундаги ижтимоий тармоқлар Россиядаги сиёсий тузумнинг бўйнига ташланган сиртмоқ эканини биринчилардан бўлиб тушунган журналист Ю.Латинина: “Путиннинг ҳокимиятини узоқ бўлмаган келажакда Интернет ва ундаги ижтимоий тармоқлар қулатади” деб 2011 йилдаёқ ёзди.

СССРдан чиққан барча авторитар давлатлар, шу жумладан Ўзбекистон ҳам, Россияга кўринмас, бироқ кучли “иплар” билан боғлиқ эканини тушунмайдиган одам топилмаса керак. Раҳматлик Шермат Мақсудов айтганларидек, Россияда бирор кор-ҳол юз берса, унинг акс-садоси албатта Ўзбекистонга етиб келади. Мен Россияда бошланган очарчилик бир йилдан кейин қандай йўллар билан Ўзбекистонга етиб келганини кўпгина одамлардан сўраганман, бироқ уларнинг бирортаси тайинли жавоб айта олмаган. Чамаси, Аллоҳ бандаси ақли етмайдиган йўлларни яратиб қўйган бўлса керак.

“Веспасианлик” [давлат терроризми] даврининг охирги шиддатли фазасини бошидан кечираётган Ўзбекистоннинг раҳбарлари ҳозир бир эмас, икки эмас, бир неча олов ичида турибди. Шарқда аксиомага айланган: “Шоҳ қанча ақлсиз бўлса, уни шунча қаттиқ қўриқлашади”  деган ҳикматни эътиборга олсак, бундай даврда давлатнинг халқ ҳисобига яшайдиган бошқарув ва кучишлатар системалари [ҳокимиятлар, прокуратура, МХХ, милиция, суд ва ҳ.]нинг ходимлари сони кескин ошади ва бунга тескари пропорционал ҳолда давлат хазинаси кескин қисқаради. “Веспасианлик” даврида ҳар бир нарсадан “пул қилиш”га ўтган давлат ундан-да баттар қароқчилик қила бошлайди ва буни “қонунлаштириш” учун иродасиз судни ишлатади. Бу жараён тўхтамайди. Давлат хазинасини тўлдириш учун режим янги-янги қурбонларни излаб топади. Шулардан биттаси Россиянинг қўл телефонлар ширкати МТС бўлди.

Ўзбекистон ҳуқумати “суд” орқали МТС ширкатининг Ўзбекистондаги филиали “Уздунробита”ни ёпиб қўйгандан кейин бунинг сабабини излаганлар кўп бўлди. Биров ундай деди, биров бундай … Бироқ асосий сабаб назардан четда қолиб кетаверди. Салкам 9,5 миллион мижозга хизмат кўрсатувчи “Уздунробита”ни эгаллаб олишдан ҳукумат бир неча юз миллион доллар маблағ ютар, балким. Бу маблағ унинг юҳодай ҳамма нарсани ютаман, деб турган ҳокимиятлар, милиция, МХХ, прокуратура, суд ва бошқа текинхўр структураларининг болалаб кетган ходимлари иштаҳасини 2-3 ой қондириб туради, албатта. Бироқ, ҳаёт-мамот масаласи турганда-чи?

Биринчи марта Ўзбекистон ҳукумати 2005 йилги Андижон воқеасидан кейин қаттиқ ва жиддий қўрқувга тушган эди. Бу қўрқув асосан демократик мамлакатлар, жаҳон демократик ҳамжамиятининг кутилган босим ва лаънатлаши эди. Ҳукуматнинг қонли қирғини номига лаънатланди-ю, шу билан демократик дунё этагини силкитиб қўяқолди. Яхшиям қонхўр ҳукуматнинг “бахтига”  қўшни Афғонистонда жафокаш афғон халқи қирилиб турган экан.

2011 йил май ойида Ўзбекистон Халқ Ҳаракати тузилганда Ўзбекистон ҳукумати иккинчи бор беҳазил қўрқувга тушди. Ўзининг қўрқувини ҳамма вақт яшириб келишга уринган ҳукумат бу сафар қўрқувини яшира олмади. Чамаси, замон ўзгарганини, интернет ва ижтимоий тармоқлар одамлар онгида сифат ўзгаришига олиб бораётганини, халқ 1991 йил нари турсин, ҳатто 2005 йилдаги халқ эмаслигини ҳукуматнинг кенг доиралари ҳам тушуниб етишган кўринади.

Аҳоли сонини 28 млн. деб олайлик (30 млн дейилганига мен ишонмайман). Одатда, вояга етмаганлар унинг 15-18% ини ташкил қилади, дейишади. Ўзбекистон аҳолиси асосан серфарзанд оилалардан ташкил топганини эътиборга олсак, бу миқдорни сўзсиз 20% деб олсак бўлади. Демак, аҳолининг ҳали “оқни қорадан ажрата олмайдиган” қисми (28:5=5,6) млн, яъни деярли 6 млн экан. Демография (халқшунослик) масалалари билан шуғулланувчи мутахассислар нафақахўрлар (қариялар) сонини 10% деб олишади. Ҳисоб-китоб қилинса бу миқдор салкам 3 млн.ни ташкил қилади. Фаол ҳаракатда бўла олмайдиган хасталар, кунини зўрға ўтказаётган ўта камбағаллар ва бошқа баъзибир тоифа одамларни 1 (бир) млн десак, ҳеч бўлмаса телефонда информация алмашаётган одамлар сони 18 млн бўлади.

“Уздунробита” , демак, “кўзи тирик” одамларнинг ярмига хизмат кўрсатар экан. Унинг иши 10 кунга тўхтатилганда Ўзбекистонда “ит эгасига боқмай қолди”, алғов-далғов бўлиб кетди, одамлар ўзларини бир зумда ҳамма нарсасидан маҳрум бўлиб, бутунлай бошқа дунёга тушиб қолгандай сеза бошладилар. Жонажон ҳукуматимизга асосан ШУ КЕРАК эди! Ҳукумат одамларни, кейинги йилларда кўникиб бораётган ИНФОРМАЦИЯдан узиб қўйди! “Кўзи тирик” аҳолининг ЯРМИни! Одамларнинг бир қисми “Билайн” ва “Юселл” каби тармоқларга ўтиб кета бошладилар. Информация оқими тикландими? Йўқ, албатта. Битта аравани тортадиган отга яна иккита арава улаб қўйгандай бўлди – сифат ҳақида гапирмаса ҳам бўлади!

Бир қарашда ҳукумат “ҳам хўрдани, ҳам бурдани” ураётгандай [ҳам пул ишламоқда, ҳам халқни информациядан ҳаппа-жигар қилаётгандай] туюлади. Аслида ундай эмас. “Веспасианлик” даврига кирган ҳукумат бирин-кетин, кейингиси олдингисидан оғирроқ хатолар қила бошлайди. Мазкур даврнинг охирги, учинчи фазасида ҳукумат ўзини ўзи емириб-кемириб боради. Бу жараён тарихда беҳисоб марта кузатилган. Нафс балосига гирифтор бўлган ҳукмдорлар тарихдан ибрат олмайдилар ва олдинги ҳукмдорларнинг хатоларини такрорлайверадилар. Ўзбекистонда ҳам ғишт қолипдан кўчиб бўлди.

14 август 2012 й.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s