“Ёлғон уч кун ернинг тагида ётади, …”


Толиб Ёқубов

Донолардан эшитганман: “Ёлғон уч кун ернинг тагида ётади, уч кундан кейин ер устига чиқади ва бориб-бориб ошкор бўлади”.

Нега шундай? Рост – бир вариантли, уни бир-бирига қарши, бир-бирига мос келмайдиган таърифи бўлмайди, яъни ҳақиқат – битта! Бирор факт ҳақида гапирсангиз-у, у рост бўлса, уни бошқача, яъни унга қарама-қарши тарзда гапира олмайсиз.

Ёлғон – кўп вариантли, яъни битта нарса (факт) ҳақида исталганча ёлғон гапириш мумкин – уларнинг ҳаммаси бир-бирига зид бўлади. Ёлғон гапирадиган одамлар айнан зиддиятда тутиладилар.

Инсоният тарихида “давлат” тушунчаси пайдо бўлибди-ки, унинг ёнида “махсус хизмат” (“хуфъя ташкилот”, “жосуслик хизмати” ва ҳ.) пайдо бўлган. Давлат сиёсати, унинг раҳбарлари ва уларнинг манфаатини қўриқлаш учун, албатта. Давлат ибтидоий, феодал, мустабид, демократик бўлиши мумкин, бироқ унинг махсус хизмати ҳамма вақт ёлғон гапирадиган органдир. Мутахассисларнинг гапига қараганда, бундай ташкилотга рост гапирадиган одамни хизматга олишмас экан.

Кўпчилик тушунадиган бу оддий ҳақиқат ҳақида мен нега ёзаётирман? Бир неча кун илгари ўзбекистонлик, яна-да аниқроқ айтилса – жиззахлик, Жамшид Мухторов ҳақида интернет сайтларда гап-сўз чиқиб қолди. Турли муносабатларни эшитдик. Жамшидни билганлар бор, билмаганлар бор. Билмаганлар орасидан дарров нотўғри, хато хулосага келганлар чиқди. Одамлар мавжуд бўлмаган “Гулсумой” масаласида Ўзбекистон давлатининг махсус хизмати (МХХ) ҳар нарсага тез ишониб кетадиган одамларнинг оғзига чўп ўлчаб кетганини тезгина унутдилар, шекилли.

Хўш, Жамшид Мухторов ким ўзи? Келинг, аввал мен сизларга ўзим билган айрим нарсаларни айтиб берай. Кейин умумий хулосани ўзларингиз чиқарганларингиз маъқул.

Мен бу одамни жуда яхши танийман. У асли жиззахлик, бир пайтлар ”Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамиятининг Жиззах вилоят бўлимининг раиси ва МХХ томонидаан ёлланган қип-қизил ”шестёрка” одам бўлган. Унинг синглиси Жиззах туман жиноят ишлари бўйича судда котиба бўлиб ишлар эди. Кейин у 17 ёки 19 йилгами қамалиб кетди. Бу муҳим воқеа бўлгани учун унга қисқача тўхталаман.

2005 йили Жиззахда кетма-кет 5 одам ўлдириб кетилди. Ҳаммаси ўз машинасида киракашлик қиладиган одамлар бўлган. Биттаси бизнинг қишлоқдан, менинг катта поччамнинг акасининг ўғли Акмал эди.

Қотиллар ҳайдовчиларни ўлдириб, уларнинг боши, қўли ва оёқларини кесиб олиб, бу тана бўлакларини турли жойларга ташлаб кетар, машинасини эса олиб кетишар экан. Баъзи таналарнинг калласи топилмаган ҳам.

Бу ишни Жамшиднинг синглиси ва унинг юрадиган йигити бирга юриб амалга оширишар экан. Жамшиднинг синглиси 19-20 ёшлардаги чиройли қиз бўлган ва у таксига ўтириб (ҳалиги киракашларнинг машинасига) йўлда йигитини олиб, узоқ бир манзил (Самарқанд, Фориш ва ҳ.)га кетишар экан ва йўлда ҳайдовчини ўлдиришар экан.

Ана шу воқеалардан сўнг Жиззахда тўполон бўлиб кетди. Яқинлари ўлдирилган одамлар Жамшид, унинг оиласи, онаси яшайдиган уйигача бостириб бориб, урмоқчи бўлишган. Шундан кейин Жамшид Ўзбекистондан чиқиб кетди ва БМТнинг Қочқинлар масалалари бўйича Комиссариати (УВКБ)нинг ёрдами билан АҚШдан бошпана олди. Унга Васила Иноятова («Эзгулик»нинг раиси) ўз вақтида яхши характеристика ёзиб берган (УВКБ учун).


Жамшид Мухторов ҳуқуқбонлик ҳаракатига қандай қўшилган?

2001 йил ёзида Бахтиёр Ҳамраев менинг Тошкентдаги уйимга ёши 55-60 ларда бўлган бир қозоқ одамни олиб келди. У бизнинг ташкилотга аъзо бўлиш истагини билдирибди. Қабул қилдик. Исм-фамилияси Абай Байбулатов экан. Ўша йили у ЎИҲЖнинг 3-Қурултойида Жиззах вилоятидан делегат бўлиб ҳам қатнашди.

Кейинчалик (2003 йилда) бу одамнинг Жиззах вилоят Миллий Хавфсизлик Хизматининг агенти эканлиги маълум бўлди ва биз уни ташкилотдан чиқариб юбордик.

Тез орада Абай Байбўлатов ”Эзгулик”нинг вилоят бўлимига раис бўлди. Бир куни ”Озод деҳқонлар” партиясининг офисида ”Давра кенгаши” нинг мажлиси бўлди. Мени таклиф қилишди, бордим.

Ўша ерда кўпчиликнинг ичида мен Василага: ”Биз ҳайдаб юборган снбэшникни ташкилотингизга вилоят раҳбари қилибсиз-да” – дедим. Васила бир оғиз ҳам жавоб қилмади, лекин бирдан стол устига бошини эгиб бир нуқтага қараб қолди ва йиғилиш тугагунча шу ўтиришда ўтирди: на гапирди, на бошини кўтарди. Йиғилиш тугаганда ҳеч ким билан хайрлашмай чиқиб кетди. Бунга анча одамлар гувоҳ бўлди. Гувоҳлардан Искандар Худойберганов ва Исмоил Дадажонов эсимда қолган.

Менинг гапимдан сўнг ҳам Васила Абай Байбўлатовни ишдан бўшатгани йўқ, бироқ сал кейинроқ улар пул масаласида қаттиқ уришиб қолишганини эшитдик. Шундан кейин Васила Жиззахга бориб, мажлис ўтказиб Абайни ишдан бўшатди. Ўрнига Жамшид Мухторовни раис этиб қўйиб кетди. Ҳозиргача Абай Байбулатов МХХнинг интернет-сайти http://www.uz-press.info да мен, Бахтиёр Ҳамраев ва бошқа ҳуқуқбонлар ҳақида тўҳмат ва иғвога тўла мақолаларини тез-тез чоп этиб туради.

Ундан олдин мен Жамшидни танимасдим. Раис бўлгандан кейин Жиззахга борсам у дарров уйимга кириб келадиган бўлди. 2004 йил 15 октябрь куни ҳамда 29 ноябрь-15 декабрь кунлари (шанба ва якшанба кунларидан ташқари ҳамма кунлар) ташкилотимиз вилоят ҳокимияти олдида пикет қилди. Жамшиднинг башараси ўша кунлари яққол билинди. Пикетдан бир кун олдин у уйимга келиб: ”Эзгулик” тайёр, эртага ҳаммамиз пикетга қўшиламиз” деб кетди.

Пикет куни бир ўзи келди ва: ”Васила опа телефон қилиб пикетда қатнашишимизни таъқиқлади” – деди, ўзи ҳам сафга турмади ва анча наридан кузатиб юрди. Бир пикетимиз куни олдимизга вилоят прокурори Равшан Муҳитдинов чиқди ва менинг олдимда тўхтади. Мен унинг олдига талабларимиз бўйича 3-4 та саволлар қўйдим. Уларнинг бирортасига прокурор жавоб бера олмади. Жавоб бермади эмас, жавоб бера олмади. У бизни ҳокимият биносига кириб гаплашишга ундади, биз рад этдик. Шунда у нарироқда бизни кузатиб юрган Жамшид Мухторов билан ҳокимият биносига кириб кетди. Улар нима ҳақида гаплашгани бизга қоронғулигича қолди.

Мен Жамшид Мухторовни кўп кузатганман, гапларига эътибор берганман, анализ қилганман. Агар бирор синчков одам у билан бир марта гаплашса дарров ундан шубҳалана бошлаши аниқ. Умуман, ”Эзгулик”нинг вилоят ва туман бўлимлари раҳбарларининг аксарияти ё милициядан ёки МХХдан чиққан одамлар эканлиги ажабланарлик. Ангренлик Абдурасул Худойназаров ҳам илгари милицияда ишлаган (бир неча йилдан бери қамоқда).

2004 йил августда мен ташкилотимизнинг Қашқадарё ва Бухоро вилоят бўлимлари фаолияти билан танишиш учун Қарши ва Бухорога бордим. Бухоро бўлимимиз раиси Бобомурод Раззоқов мендан; «Толиб ака, «Эзгулик» қандай ташкилот» деб сўраб қолди. Мен ҳайрон бўлиб: «Бизнинг ташкилот сингари ҳуқуқбонлик ташкилоти. Нега сўраяпсиз?» – дедим. «Яқинда Васила келиб 2-3 та одамга «Эзгулик»нинг гувоҳномасини бериб кетди. Улар МХХнинг одамлари эканини биз аниқ биламиз» – деди жавобан Бобомурод.

АҚШда Жамшид Мухторов диндор бўлиб кетди деб эшитдик: узун соқол қўйвориб, диндорларча кийиниб юрадиган бўлди, қандайдир бир диний оқим ғояларини жиддий тарғибот қиладиган бўлди, дейишди. Буни менга АҚШда яшайдиган танишларим айтишди. Бир куни у скайп орқали менга чат ташлаб: ”Демократия куфр, мана бу йўл тўғри” деган нарсаларни ёза бошлади. Бошида 1-2 та чатига жавоб бердим. Кейин менга чат ёзмаслигини кескин айтдим – алоқамиз узилди.

«Таянч» ташкилоти тузилаётганда унинг баъзи ҳужжатларини тахрир қилиб беришни мендан илтимос қилишди. Бир ҳужжатга қарасам, ташкилот раҳбариятига Жамшид Мухторов ҳам сайланибди. Мен унинг кимлигини ташкилот раҳбарларига тушунтирдим. Билишимча уни ташкилотдан ўша вақтда чиқаришган.

Барча соқол қўйган ва диндорларга ўхшаб кийинган одам ҳақиқий муслим бўлавермайди. У МХХнинг одами ҳам бўлиши мумкин!

Менинг ўғлим Жиззахда эканлигида ”Дамас” машинасини ремонт қилдиргани Ориф исмли бир одам келар экан. Бизнинг машинамиз йўқ бўлгани учун мен бирор узоқроқ жойга бормоқчи бўлсам, Олим ўша одамга телефон қилса дарров етиб келар эди. Кейинчалик маълум бўлишича унинг Али Норматов деган ўғли президент хавфсизлиги хизматининг капитани экан (Служба безопасности президента, бу – СНБнинг элитний қисми ҳисобланади). Бу Службанинг барча аскарлари ва офицерлари (шу жумладан Али ҳам) АҚШда тайёргарликдан ўтказилган экан.

Бир кун Жиззахга келсам, ўғлим гапириб қолди: «Яқинда Али Жиззахга келди, таниб бўлмайди, узун соқол қўйган, диндорларча кийинган экан. Дадаси билан юрганда кўчада кўришдик. Ҳайрон бўлиб сўрасам: ”Яқинда Покистондан келдим” деб айтди менга»

Покистонда ўзбеклар кўп, улар орасида кайфият қандайлиги МХХни жуда қизиқтирадиган йўналишлардан бири (бошқа мамлакатларда яшайдиган ўзбеклар ҳам). Бу амалиёт МХХга КГБ (Давлат хавфсизлиги комитети)дан мерос қолган. 1917 йил большевиклар (коммунистлар) ҳокимиятни қуролли давлат тўнтариши уюштириб ҳокимиятга келгач Россия ва Украинадан миллионлаб одамлар чет элларга чиқиб кета бошлаган ва улар ўзга юртларда диаспоралар ташкил эта бошлаганлар. Диаспоралар кайфиятини ўрганиш учун КГБ минглаб «қочоқ»лар ташкил қилишган. Бу «қочоқ»лар тўпланган маълумотларни «Центр»га етказиб туришган.

Ҳокимиятга келган ҳар қандай авторитар раҳбар ва унинг ҳамтовоқлари биринчи навбатда ички ва ташқи душманни излашади, агар у бўлмаса, уни ўйлаб топишади ва ташкил қилишади. Бу азалдан бўлиб келган амалиёт ва бу йўналишда махсус хизматлар энг қабиҳ йўл ва усуллардан қайтмайдилар.

Ҳокимият тепасига келгач И.Каримов ички ва ташқи душман сифатида мусулмон диндорларни танлади. Ўзбекистон Исломий Ҳаракати (ЎИҲ) ва интернетда бор-у ўзи кўринмайдиган «Исломий жиҳод иттифоқи» (ИЖИ) ташқи душман ролини қойилмақом қилиб ўйнаб келаяпдилар. Уларнинг касофатига ички душман сифатида қаралаётган ўн минглаб оддий номозхон йигитлар қамоқхоналарда азоб чекмоқдалар ва ўлдирилмоқдалар.

Шуни ҳам қайд этиш керак-ки, бундай ҳаракатлар ичида қалбида ҳақиқатан ҳам ватандаги мустабид тузумга қарши курашиш нияти бўлган инсонлар ҳам бўлиши мумкин. Шундайларни аниқлаш ва йўқ қилиш МХХнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши табиийдир.

19-20 йил олдин ташкил қилинган ЎИҲ билан ҳозирги кундаги ЎИҲ орасида катта фарқ бор. ЎИҲ ичидаги кайфият қайси томонга ўзгараётгани ҳақида МХХга янги маълумотлар керак. Шунинг учун МХХ унга ўзи тайёрлаган янги одамларини сингдириб туриши керак.

Жамшид Мухторов «қочоқ» сифатида Қирғизистондалигида бир қатор ўзбекистонлик қочоқларни МХХ вакилларинга тутиб бергани ҳақида маълумотлар бор. Бу ҳақида ўша пайтларда ўша ерда бўлган одамлар ёзиб қолишлари ҳам мумкин.

Жамшид Мухторов АҚШдаги демократик тартибдан фойдаланиб АҚШда бекорга баҳайбат соқол қўйворган эмас. Бу кўриниш унга ва МХХга Али Норматов каби Покистонда бемалол юриш учун зарур бўлган, холос.

Шунинг учун Жамшид Покистонга И.Каримов режимига қарши кураш учун кетаётганига мен заррача ҳам ишонмайман. Аксинча, у Покистонга Кариммов режимиинг махсус топшириғи билан, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати сафларига кириш ва махсус вазифани бажаришда айғоқчилик вазифасини бажариш учун бормоқчи бўлган деган фикрдаман.

Ўзбек мухолифати ва хориждаги кўпчилик ўзбекларнинг хатоси

Юқорида ёзганимдай, давлат идоралари ва уларда ишлайдиган раҳбар ва ходимларни КГБ 100% назорат қилгани ҳаммага маълум. И.Каримов совет идораларида кўп йиллар ишлаган, унда коммунистик бошқарув ва КГБча назорат менталитет даражасида шаклланган. У давлат бошига келганда мухолифат деб аталувчи кучларга қарши шафқатсиз уруш очмаганда, уни ҳозир ҳеч ким “диктатор” деб атамаган бўларди. У ўзининг биринчи қадамлари сифатида куч салоҳиятига эга бўлган органларни, уларнинг ичида эса МХХни кучайтиришга асосий эътиборни қаратди.

МХХ, прокуратура, милиция, суд, армиядан ташқари Ўзбекистонда ҳеч қандай номга эга бўлмаган, бироқ сон жиҳатдан уларнинг барчасидан катта бўлган яна битта “ташкилот” шакллантирилди. Бу – бир қисми МХХга, бир қисми милицияга, бир қисми прокуратурага хизмат қиладиган айғоқчилар (жосуслар, хуфъялар, агентлар) “ташкилотидир. Мен шундай бир фактга дуч келганман.

Вилоятлардаги ҳуқуқбонларимиз менга суд ҳукмларини юборар эдилар. Кўпчиги бўйича биз билдиришномалар, шикоятлар ва бошқа турдаги ҳужжатлар тайёрлар эдик. Жиззах вилоятидан келган суд ҳукмлари билан ишлаш чоғида мен бир фактга эътибор қилдим: вилоятнинг турли регионларида бўлиб ўтган бир неча судларда икки одам гувоҳ бўлиб қатнашаверган. Уларнинг исми-фамилиялари, туғилган йиллари, яшаш адреслари бир хил эди.

Айғоқчилар биринчи марта Ўзбекистон “Бирлик” халқ ҳаракатига, сўнг “Эрк” демократик партиясига тиқиб ташланди. Юзада кўриниб турган фактларга раҳбарлар эътибор қилишган эмас. Мас., ички ишлар вазирлигида ишлаган ва ўзини “адолатсизлик билан ишдан ҳайдалган” деб таништирган бир майонги “Бирлик” ўз сафига олди. Фақат олди эмас, у ташкилотнинг Пишпек кўчасида жойлашган офисида кечаси қоровулчиликка қўйила бошлади. Топширилган вазифани бажариб бўлгач, у яна ИИВга қайтди.

Ўзбекистон Олий судининг собиқ раиси Содиқжон Йигиталиев “Эрк” партиясига кирди. Фақат кирди эмас, унинг асосий Котибдаридан бирига айланди. Натижа эса маълум.

МХХ ўз айғоқчиларини Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига киритишга ҳам муваффақ бўлган. Баъзиларини биз фош этишга эришганмиз. Михаил Ардзинов, Марат Зоҳидов ва Васила Иноятова турли пайт ва вазиятларда МХХнинг проекти эканлиги маълум бўлди. Булардан М.Зоҳидов ўзининг бу мақомини яширмаган. МХХ айғоқчилари журналистлар орасига, халқаро ташкилотлар ва радиоларга ҳам киритилганини кўпчилик билади.

Иккита мисол. “Сорос фонди”нинг Тошкентдаги офисида 50 га яқин ходим ишлар эди. Фақат уларнинг раҳбари (Франциялик Ален Делетроз) чет эллик эди, холос. “Шу ташкилотнинг шоферигача МХХ томонидан киритилган” деганини мен ишончли манбъадан эшитганман.

Бир пайтга келиб Ўзбекистон ҳукуматига халқаро ташкилотларнинг чет эллик раҳбарлари ҳам ортиқчалик қила бошлади ва ҳукумат халқаро ташкилотларга бу лавозимларда фақат ўзбекистонлик (аниқроғи, мхх-чи) ишлаши керак, деган талаб қўйди. Шундай қилиб, “Сорос фонди”да ҳамма ходим ўзбекистонлик бўлди. Тошкентда элчидан бошқа барча ходимлари маҳаллий одамлар бўлган элчихона бўлгани тамоман тушунарсиз эди.

“Озодлик” радиосини бир неча йил бошқарган Азиз Жўраев Ўзбекистон махсус хизмати томонидан киритилганини одамлар очиқ-ойдин гапира бошладилар. Буни унинг барча ҳатти-ҳаракати айтиб турар эди.

Бироқ, ўйлашимча, энг кўп айғоқчилар диндорлар орасига сингдирилган бўлса керак. Бу айғоқчилар мусулмонларни хоҳлаганларича алдадилар, қамалишларига сабабчи бўлдилар, уларни чалғитдилар, МХХ, прокуратура ва милицияга “ем” қилиб тайёрлаб бердилар. Аксарият мачит имом-хатиблари МХХ томонидан тайинланди ёки алмаштирилди. Мусулмонлар кўп ҳолларда айғоқчиларнинг моҳиятига ҳам тушунишмади, уларни фош ҳам қилишмади ва ҳозир ҳам кўпчилик уларнинг таъсирида юришибди.

Шунча гап-сўзлардан кейин ҳам ўзбек мухолифати ва хориждаги ўзбекларнинг кўзи очилгани йўқ. Ўзбеклар ҳанузгача МХХни инсонни, адолатни ва диёнатни бир пулга олмайдиган ифлос, худосиз ва жиноий ташкилот сифатида эмас, балки романтик, ҳамма соҳада унинг одамлари илғор, улардан ўрнак олса бўлдиган ташкилот сифатида қарашга ўрганиб қолишган. Ўзбекистонда эса ёшдар орасида шу ташкилотга кириб ишлаш иштиёқи баланд.

Ҳаётни яхши ўрганган одамлар эса очиқ душмандан яширин душман хавфлироқ, дейишади.

Толиб Ёқубов

26 январь, 2012 йил

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s