ХАЛҚАРО МЕҲНАТ ТАШКИЛОТИНИНГ БОЛАЛАР МЕҲНАТИНИНГ ЭНГ ЁМОН ШАКЛЛАРИ ТЎҒРИСИДАГИ 182-КОНВЕНЦИЯСИ


Согласно Декларации прав ребенка, принятой ООН в 1959 г., ...1999 йил 17 июнь

Халқаро Меҳнат Ташкилотининг Бош конференцияси,

Халқаро Меҳнат Бюросининг Маъмурий кенгаши томонидан Женевада чақирилиб ва 1999 йилнинг 1 июнида ўзининг 87Сессиясига тўпланиб,

миллий ва халқаро саъй-ҳаракатларнинг, шу жумладан, халқаро ҳамкорлик ва халқаро ёрдамнинг бош устувор тамойили сифатида болалар меҳнатини тақиқлаш ва унинг энг ёмон шаклларига барҳам бериш учун болалар меҳнати бўйича асосий ҳужжат бўлиб қолаётган Ишга қабул қилиш учун энг кичик ёш тўғрисидаги 1973 йилги Конвенция ва Тавсияни тўлдирадиган янги ҳужжатларни қабул қилишни зарур деб ҳисоблаб,

болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига самарали барҳам бериш шошилинч ва ҳар томонлама саъй-ҳаракатларни — бепул умумий таълим ҳамда болаларни шу турдаги барча ишлардан халос этиш заруратини ҳисобга олган ҳолда ва уларнинг оилалари эҳтиёжларига йўналтирилган ҳолда уларнинг реабилитациясига ва ижтимоий интеграциялашувига кўмаклашиш мақсадида, — талаб этишини эътиборга олиб,

1996 йилда Халқаро Меҳнат Конференциясининг 83Сессиясида қабул қилинган болалар меҳнатига барҳам бериш тўғрисидаги резолюцияни эслатиб,

болалар меҳнати кўп жиҳатдан қашшоқлик оқибатида вужудга келишини ва бу масаланинг узоқ муддатли ечими ижтимоий тараққиётга олиб борадиган, хусусан, қашшоқликни тугатиш ва универсал таълимни таъминлайдиган барқарор иқтисодий ўсишга боғлиқлигини тан олиб,

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош Ассамблеяси томонидан 1989 йил 20 ноябрда қабул қилинган Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияни эслатиб,

Халқаро Меҳнат Конференциясининг 1998 йилдаги 86Сессиясида қабул қилинган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг меҳнат соҳасидаги асосий принциплари ва ҳуқуқлари Декларациясини ҳамда уларни амалга ошириш механизмини эслатиб,

болалар меҳнатининг айрим энг ёмон шакллари бошқа халқаро ҳужжатлар, хусусан Мажбурий меҳнат тўғрисидаги 1930 йилги Конвенция, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисидаги қўшимча Конвенцияси билан қамраб олинишини эслатиб,

болалар меҳнатига оид бир қанча таклифларни қабул қилишга қарор чиқариб ва бу Сессия кун тартибининг тўртинчи банди ҳисобланиб,

мазкур таклифларга халқаро конвенция шаклини беришга қарор қилиб,

бир минг тўққиз юз тўқсон тўққизинчи йил июнь ойининг ўн еттинчи кунида қуйидаги «Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги 1999 йилги Конвенция»деб номланиши мумкин бўлган Конвенцияни қабул қилди:

1-модда

Ушбу Конвенцияни ратификация қиладиган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг ҳар бир аъзоси болалар меҳнатини тақиқлаш ва унинг энг ёмон шаклларига барҳам беришни таъминлаш мақсадида дарҳол самарали чора-тадбирлар кўради.

2-модда

Мазкур Конвенция мақсадлари учун «бола» атамаси 18 ёшгача бўлган барча шахсларга қўлланилади.

3-модда

Мазкур Конвенция мақсадлари учун «болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари» атамаси қуйидагиларни қамраб олади:

  1. қулликнинг барча шакллари ёки қулликка ўхшаш амалиёт, масалан, болаларни сотиш ва уларнинг траффики, қарз асосидаги қарамлик ва крепостной тобелик, шунингдек зўраки ёки мажбурий меҳнат, шу жумладан, болалардан қуролли можароларда фойдаланиш учун уларни зўрлаб ёки мажбурлаб жалб қилиш;
  2. фоҳишабозлик билан шуғулланиш, порнография маҳсулотлари тайёрлаш ёки порнографик томошаларда иштирок этиш учун боладан фойдаланиш, уни ёллаш ёки уни таклиф қилиш;
  3. қонунга хилоф фаолият билан шуғулланиш учун, хусусан, тегишли халқаро шартномаларда белгилангани каби, наркотиклар тайёрлаш ва сотиш учун боладан фойдаланиш, уни ёллаш ёки уни таклиф қилиш;
  4. бажариш хусусиятлари ёки шароитига кўра болалар соғлиғи, хавфсизлиги ва маънавиятига зиён етказиши мумкин бўлган ишлар.

4-модда

  1. Миллий қонун ҳужжатлари ёки ваколатли ҳокимият органи томонидан, меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг тегишли ташкилотлари билан маслаҳатлашилгандан сўнг, 3-модданинг «d»кичик бандида кўрсатилган иш турлари белгиланади, бунда тегишли халқаро стандартлари, хусусан, Болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари тўғрисидаги 1999 йилги Тавсиянинг 3 ва 4-бандлари қоидалари эътиборга олинади.
  2. Ваколатли ҳокимият органи, меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг тегишли ташкилотлари билан маслаҳатлашгандан сўнг, шу тариқа белгиланган иш турлари мавжудлигини аниқлайди.
  3. Ушбу модданинг 1-бандига мувофиқ белгиланган иш турлари рўйхати мунтазам таҳлил қилиб борилади ва заруратга қараб меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг тегишли ташкилотлари билан маслаҳатлашиб, қайта кўриб чиқилади.

5-модда

Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг тегишли ташкилотлари билан маслаҳатлашгандан сўнг, мазкур Конвенцияни ҳаётга татбиқ этадиган қоидалар қўлланилишининг назоратини амалга ошириш учун тегишли механизмлар яратади ёки бундай механизмларни белгилайди.

6-модда

  1. Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси устувор тартибда болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги ҳаракат дастурларини ишлаб чиқади ва амалга оширади.
  2. Бундай ҳаракат дастурлари тегишли ҳукумат идоралари ҳамда меҳнаткашлар ва иш берувчиларнинг ташкилотлари билан маслаҳатлашиб ишлаб чиқилади ва амалга оширилади, зарурат туғилган ҳолда бошқа тегишли гуруҳлар фикрлари эътиборга олинади.

7-модда

  1. Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, мазкур Конвенцияни ҳаётга татбиқ этадиган қоидаларни самарали қўллаш ва уларга риоя этишни таъминлаш учун, шу жумладан, жиноий жавобгарликни жорий этиш ва қўллаш орқали ҳамда вазиятга қараб бошқа жазо чораларини қўллаш орқали барча зарур чоратадбирларни кўради.
  2. Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, болалар меҳнатига барҳам беришда таълимнинг муҳимлигини эътиборга олган ҳолда, белгиланган муддатларда қуйидагиларга йўналтирилган самарали чора-тадбирларни кўради:
    1. болаларнинг болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларига жалб этилишига йўл қўймасликка;
    2. болаларнинг болалар меҳнатининг энг ёмон шакллари билан машғул бўлишларини тўхтатишга, шунингдек уларни реабилитация қилиш ва ижтимоий интеграциялаш учун зарурат ва талаб даражасида бевосита кўмаклашишга;
    3. болалар меҳнатининг энг ёмон шаклларидан халос этилган барча болалар бепул умумий таълим олишлари, шунингдек улар учун имконият даражасида ва заруратга қараб касбга ўқиш учун шароит яратилишига;
    4. алоҳида хавфли аҳволдаги болаларни аниқлаш ва қамраб олишга;
    5. қизлар аҳволининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олишга.
  3. Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси мазкур Конвенцияни ҳаётга татбиқ этадиган қоидалар қўлланилиши учун масъул бўлган ваколатли ҳокимият органини тайинлайди.

8-модда

Ташкилотнинг аъзолари мазкур Конвенция қоидаларини ҳаётга татбиқ этишда бир-бирига ёрдам бериш мақсадида, мукаммал халқаро ҳамкорлик ва/ёки ёрдам орқали, шу жумладан, ижтимоий-иқтисодий ривожланишни қўллаб-кувватлаш, қашшоқликка қарши кураш бўйича дастурлар ҳамда универсал таълим орқали зарур чораларни кўрадилар.

9-модда

Ушбу Конвенцияни ратификация қилиш тўғрисидаги расмий ҳужжатлар рўйхатга олиниши учун Халқаро Меҳнат Бюроси Бош директорига юборилади.

10-модда

  1. Ушбу Конвенция фақатгина ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган Халқаро Меҳнат Ташкилотининг аъзоларинигина бирлаштиради.
  2. Ушбу Конвенция Ташкилот икки аъзосининг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари Бош директор томонидан рўйхатга олинган санадан кейин 12 ой ўтгач кучга киради.
  3. Кейинчалик ушбу Конвенция Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси учун унинг ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжати рўйхатга олинган санадан кейин 12 ой ўтгач кучга киради.

11-модда

  1. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг аъзоси Конвенция дастлаб кучга кирган санадан ўн йил ўтганидан кейин Халқаро Меҳнат Бюросининг Бош директорига рўйхатга олиш учун юборилган акт орқали Конвенцияни денонсация қилиши мумкин. Бундай денонсация денонсация акти рўйхатга олинганидан кейин бир йил ўтгач кучга киради.
  2. Ушбу Конвенцияни ратификация қилган Ташкилотнинг ҳар бир аъзоси, юқоридаги бандда қайд этилган ўн йиллик муддат ўтганидан кейин, бир йил ичида мазкур моддада кўзда тутилган денонсация ҳуқуқидан фойдаланмаган бўлса, навбатдаги ўн йиллик муддатни кутишга мажбур бўлади ва шунга мувофиқ, у мазкур модда шартларига биноан ушбу Конвенцияни ҳар ўн йиллик муддат тугаши билан денонсация қилиши мумкин бўлади.

12-модда

  1. Халқаро Меҳнат Бюроси Бош директори Ташкилот аъзолари томонидан юборилган ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари ва денонсация актларининг барчасини рўйхатга олганлиги ҳақида Халқаро Меҳнат Ташкилотининг барча аъзоларига хабар беради.
  2. Бош директор, иккинчи ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатни рўйхатга олганлиги ҳақида Ташкилот аъзоларига хабар берганда, у Ташкилот аъзоларининг эътиборини Конвенциянинг кучга кириш санасига қаратади.

13-модда

Халқаро Меҳнат Бюроси Бош директори, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Низомининг 102-моддасига мувофиқ, юқоридаги моддалар қоидаларига биноан ўзи рўйхатга олган ратификация қилиш тўғрисидаги ҳужжатлари ва денонсация актларининг барчасига оид тўла маълумотларни Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бош котибига рўйхатга олиш учун юборади.

14-модда

Ҳар гал, Халқаро Меҳнат Бюроси Маъмурий кенгаши зарур деб топганда, Бош конференцияга ушбу Конвенциянинг қўлланилиши тўғрисидаги маърузани тақдим этади ва уни тўла ёки қисман қайта кўриб чиқиш ҳақидаги масалани Конференция кун тартибига киритиш кераклигини ёки керак эмаслигини кўриб чиқади.

15-модда

  1. Агар Конференция мазкур Конвенцияни тўла ёки қисман қайта кўриб чиқадиган янги конвенция қабул қилса ва янги конвенцияда зид келувчи қоидалар мавжуд бўлмаса, у ҳолда:
    1. Ташкилотнинг бирор аъзоси томонидан қайта кўриб чиқилган янги конвенциянинг ратификация қилиниши, қонуннинг ўз кучи билан, 11-модда қоидаларидан қатъи назар, мазкур Конвенциянинг зудлик билан денонсация қилинишига олиб келади, бунда қайта кўриб чиқилган янги конвенция кучга кирган бўлиши керак;
    2. қайта кўриб чиқилган янги конвенция кучга кирган санадан эътиборан, мазкур Конвенциянинг Ташкилот аъзолари тамонидан ратификация қилиниши тўхтатилади.
  2. Мазкур Конвенция, ҳар қандай ҳолатда, уни ратификация қилган, аммо қайта кўриб чиқилган янги конвенцияни ратификация қилмаган Ташкилот аъзолари учун амалдаги шакли ва мазмуни ўз кучида қолаверади.

16-модда

Мазкур Конвенциянинг инглизча ва французча матнлари бир хил кучга эга.

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s