Исёнкор шоирнинг” найранглари


Толиб Ёқубов

Ассалому алайкум Маҳкамжон!! Шу кеча-ю кундузда мен бир танишим билан Юсуф Жума масаласида фикр алмашдим. Мен унинг исмини ошкор қила олмайман: биз шунга келишганмиз. Танишимнинг исмини мен шартли равишда Тошматбек деб атайман. Мана менинг хатим:Тошматбек, мен Сизга ғалати бир савол билан мурожаат қилмоқдаман. Мен бу гапни ҳайрон бўлмаслигингиз учун айтаяпман. Кейинги пайтда мен юртдошимиз Юсуф Жумани таниёлмай қолдим. Ўзбекистондалигимизда иккаламизнинг муносабатимиз жуда яхши эди: мен унинг уйига (Қоракўлга) 2-3 марта борганман, у Тошкентга келса менинг уйимга келмасдан кетмас эди.Илгари Сиз уни қанчалик танигансиз – билмайман. Бироқ, шундай бўлса-да, Сизнинг фикрингизни билмоқчиман.У АҚШга келгач, мен билан алоқага чиқмади. Менинг куёвим ва Юсуф Жума битта зонада бўлишган. Қизим Жаслиққа борганда Азамжон Юсуф ҳақида билганларини айтиб юборар экан, қизим эса ўз хатида менга ёзар эди. Озода сафардан қайтганда АҚШ элчихонасидан телефон қилишиб чақирар ва Азамжон ҳақида информация сўрашар экан. Бир сафар борганда элчихона вакили Юсуф ҳақида ҳам сўрабди. Озода: “Эрим Юсуф аканинг ахволи яхши, қийноқлар тўхтаган, дедилар, лекин Қизил Хоч вакиллари келса икковларини Нукусга олиб кетар экан” деб айтган.Бир куни менга Алишер Жумадан: “Сизнинг қизингиз сотқин ва хоин экан, у АҚШ элчихонасида дадамнинг ахволи яхши, деб айтибди. Яқинда опам кўриб келди, дадамни қийнашаётган экан, қовурғасини синдиришибди. Тезроқ чиқиб кетиш учун куёвингиз Юсуф Жумани сотиш йўлига ўтган” дейилган хат келди. Мен қизимдан сўрадим, у менга вазиятни батафсил ёзиб юборди. Бу хатни мен бир ҳарфини ҳам ўзгартирмасдан Алишерга жўнатдим ва: “Мулла Ёқуб авлодидан ҳали хоин ва сотқин чиққан эмас. Даданг ва Азамжон, Худо ўлдирмаса, бир кун чиқиб келишар, ана ўшанда, ўлмай юрсам, мен сени улар билан юзлаштираман” деб ёздим.Озоданинг айтишича, Жаслиқда махбусларни қийноққа тутиш одатдагидай ҳол экан – буни ҳамма билади. Бироқ қийноққа тутилган одамнинг қариндош-уруғи келса ва ўша пайтда унинг баданида қийноқ асорати бўлса, бу маҳбусни келган қариндош-уруғи билан икки дунёда ҳам учраштиришмас экан. Озода бунинг тасдиғига бир неча мисоллар келтирди. У эрининг олдига қатнаганига 6 йилдан ошди ва бу орада Жаслиқ қамоқхонасининг анча-мунча пасту-баландликларини англаб етди. У: “Юсуф аканинг қизи Феруза “Дадамни мана бундай аҳволда кўрдим, ана ундай аҳволда кўрдим” деб ёлғон гапираяпти. Юсуф акани қийнашаётгани мумкин, бироқ у кишининг қобурғаси синдирилган бўлса, ёки баданида қийноқ белгиси кўриниб турса, Феруза тугул авлиёси келса ҳам Юсуф акани учрашувга олиб чиқмайди” – деди.

Балки шунинг учундир Юсуф менга чиқмагани.

Бошида бир неча нотаниш бухороликлар Юсуфни кескин танқид қилиб чиққанларида мен унинг ҳимоясига “Ҳукумат ўз сиёсатига содиқ” деган мақола ёздим. Юсуф лом-мим демади, мен эътибор бермадим. Яқинда икки мақола ва “Фалонимга” деган шеъри чиққач, мен яна бир мақола ёздим, номи “Мантиқ, эҳтирос ва манфаат” эди, балки ўқигандирсиз. Мақолаларимда мен унга нисбатан ёмон гап қилганим йўқ – фақат афсусланиш билдирдим. Иккинчи мақолада у Абдураҳимнинг таъсирига тушиб қолганини ва бу ишларни Юсуф унинг буюртмаси билан қилаётганини уқтирдим.

Бир неча кун илгари Юсуф “Туркистонни тикла, Тангрим, ягона қил” деган, куракда турмайдиган ҳақоратлар билан тўлиб-тошган яна бир мақола ёзибди. Бу мақоласида у мени ҳам тилга олибди. Мазкур мақоласидан кейин,  у Абдураҳимнинг таъсирига тушиб қолганини ва бу ишларни Юсуф унинг буюртмаси билан қилаётганига мен тамоман амин бўлдим. Абдураҳим менга кўп осилди, бироқ удда қила олмади. Мен унинг кўп хато ва ҳатто жиноятларини биламан. Энди у менга қарши ҳатти-ҳаракатини Юсуфнинг қўли билан қилаяпти.

Бироқ уларнинг ораси бошда ёмон эди. Эшитишимча Юсуф Жума Абдуманноб вафоти муносабати билан фотиҳа қилгани Абдураҳимникига борганда иккаласи айтишиб қолишган экан. Юсуфнинг ўғли Алишер бу ҳақда ёзиб, Абдураҳимни қаттиқ танқид қилган эди – унинг мақоласи менда бор [уни илова қилмоқдаман]. Қандай қилиб энди улар апоқ-чапоқ бўлиб кетишганига мен тушунмадим.

“Бирлик” партиясининг бир вилоят бўлимининг раиси билан мен хат ёзишиб турар эдим – у ҳам Европада яшайди. Бир кун мен унга хат ёзиб: “Абдураҳим ҳозир мухолифат ичида катта деструктив иш олиб бораяпти, буни сизлар яхши биласизлар. Нега уни тартибга чақирмайсизлар ва ҳатто партия раислиги масаласини қўймайсизлар?” деб савол бердим. У ўта қисқа жавоб берди: “Биламиз, бироқ бизнинг иложимиз йўқ” деб ёзди у. Нега иложи йўқлигини у очиқламади. Уларнинг нима қўрқадиган ёки тили қисиқлик жойи бор экан – менга тушунарсиз. Тили қисиқлик жойи моддий манфаатдорликми, ёки уларнинг ватандаги қариндош-уруғларига Абдураҳимнинг босим ўтказиш имконияти борми, ёки биз билмайдиган бошқа жиҳати борми – тушуниш қийин.

Юсуф Жуманинг ёзганларини ўқиб бораётгандирсиз. Юсуф ўта шаллақи бўлган тақдирда ҳам у бу даражада беҳаёлик билан ёзаётгани ҳайратли. У кимга айб қўяётган бўлса, ҳаммаси Абдураҳимнинг айтиб ва ёзиб юрган гапларидан иборат. Шу жойда бир нарсани айтиб ўтай: Юсуф қамалганда унинг ўғли Бобур Абдураҳимга ёрдам сўраб хат ёзганда, у Бобурга қандай жавоб берганини кўпчилик ҳали унутгани йўқ – Абдураҳим одати бўйича қўпол гаплар билан айбни Юсуфга қўйган эди!

Юсуф бирор одамдан хафа бўлса, ўша одам ҳақида унинг фикрини ўзгартиришга ҳаракат қилиш деярли имконсиз эди – мен буни кўп кузатганман. Қандай қилиб у Абдураҳимнинг иродасига тамоман бўйсуниб қолдийкан? Абдураҳим унинг қандай сир-асрорини ишга солаяпти экан?!

Мен Юсуфнинг икки сирини билар эдим, бироқ у қамоқда эканида уларни ҳеч кимга айтмадим. Ҳозиргача ошкор қилганим йўқ. Алишер укаси Машраб ҳақида ёзиб: “Амаким укамни кўргани қамоқхонага борганда уни носилкада олиб чиқишган, у ўзи юра олиш даражасида бўлмаган” деган эди. Унинг шу гапига асосланиб мен ҳам ЎИҲЖнинг бир баёнотини чиқарган эдим.

Ҳукумат Машраб Жумаев қамоқхонадан қочди, деб эълон қилди, буни вилоят ТВсидан ҳам эълон қилишган. Мен, масалан, бунга мутлақо ишонмадим – биз Ўзбекистон қамоқхонасидан маҳбус қочганини бирор марта ҳам эшитмаганмиз. Хаёлимга келган биринчи нарса: “Уриб ўлдириб қўйиб, шу йўл билан жиноятни бекитишмоқчи бўлишаётган бўлиши мумкин” деган гап бўлди.

Бироқ амакиси келиб кетгандан кейин вольное поселениеда бўлган Машраб ҳақиқатан ҳам қочган ва Алматига бориб аяси ва ака-укаларига қўшилган экан. Буни менга Алматида қочқин мақомида юрган бир ватандошимиз ёзган эди – у Юсуфнинг бола-чақаси ва хотини Гулнора билан Алматида кўп марта учрашган. Мен бу одамга тамоман ишонаман, у ёлғон гапирадиган одам эмас. Қизиғи шунда-ки, юра олмайдиган одам қандай қилиб қочган? Шу жойда Алишер ёлғон информация тарқатган – бу кейинроқ маълум бўлди.

Машраб АҚШга аллақачон етиб борганига қарамасдан, бу фактни Юсуф ва оиласи ҳанузгача эълон қилишгани йўқ. Машраб халқаро ташкилотлар рўйхатида ҳозиргача қамоқхонада деб ҳисобланади.

Юсуфнинг ўзининг ҳам сири бор – у ҳам Қорақалпоғистоннинг Қўнғирот туманидаги қамоқдан (вольное поселениедан) қочган. Қочганлиги билингандан сўнг кучли тревога бўлган, қамоқхона бошлиғини дарров ишдан олиб ташлашган. Икки кунлан кейин, кечаси, Юсуф катта йўлда бир машинани тўхтатган. Машина тўхтаб уни миндирган, ҳайдовчи ишдан олинган бошлиқ бўлган ва у Юсуфни дарров ушлаган. Қамоқдан қочиш оғир жиноят ҳисобланади. Юсуфни қайтадан суд қилиб Жаслиққа жўнатишган.

Буерда тушунарсиз, сирли нарсалар хийла кўп. Балки бу сирларни Абдураҳим билган бўлиб, шуларни ишлатаётган бўлиши мумкиндир, балки? Қаёқдан билган бўлиши мумкин? Мен, масалан, бу воқеани, юқорида айтганимдай, бир мусулмон танишимдан эшитдим. У одам ҳам, мен ҳам буни сир сақладик. Абдураҳимнинг Машрабни Алматида кўрган таниши бўлишига мен ишонмайман. Менинг танишим Машрабни кўргани учун мен бу фактни билдим, бўлмаса мен ҳам билишим мумкин эмас эди. Машраб Алматида кўчага чиқмай яшаган.

Бир бўлса унга бу сирларни ҳукумат одамлари билдирган бўлиши мумкин, холос (мас., Васила Иноятова орқали).

4-5 ой илгари менинг аналитик фикрлаш қобилиятига эга бўлган, кўп нарсани биладиган бир танишим (юқорида айтилган одамга мен қанчалик ишонсам, бу танишимга ҳам шунчалик ишонаман), мен мутлақо ақлимга сиғдира олмаган, сенсацион, Юсуф Жума билан боғлиқ яна икки сирни айтди. Мен ҳалигача шу сирлар таъсирида юрибман. Буларнинг биринчисини у Юсуфнинг хотини ва ўғилларининг ўз оғизларидан эшитган экан.

Биринчиси: 2007 йил декабрда Юсуфни қамашганда, тинтув пайтида, унинг уйидан 130 миллион сўм пулини олиб кетишган. Ўша пайтда Юсуфнинг 10 та трактори, 5-6 та енгил машинаси, 2 қаватлими, 3 қаватлими (буни танишим аниқ айта олмади) жуда кўркам қилиб қурилган уйи, 300 таларча қорамоли ва қанчадир қўйи (“минг” дедими – эсимда йўқ) бор экан – буларни ҳам давлат тортиб олган экан. Ажаб, бунча бойликни Юсуф қачон ва қандай қилиб тўплаган?

Мен Юсуфникига 2-3 марта борганман ва оилада камида 5 эркак бўлган ҳовлининг ахволини кўриб ачинганман: ҳовлидаги токларга яқин 10 йилда қайчи текканми-йўқми, Худо билади. Катта ҳовлининг ҳожатхонасининг хароблигини кўриб ёқа ушлаганман – бизнинг қишлоқдаги энг ночор оиланинг ҳожатхонаси Юсуфнинг ҳовлисидагидан шинамроқ бўлса керак. Токнинг орқасидаги ҳовли-ерни ўт босиб кетган, кетмон урилмаган.

Мен шундай қўсқи, шу қўсқиликка эр ҳам, хотин ҳам, болалари ҳам ўрганиб кетган оилаларни кўрганман. “Қўсқи” – жиззахлилар шевасида “ифлос”,  “кир”, “тартибсиз” ва шунга ўхшаш сўзларнинг йиғиндисини англатади. Мен Юсуфникига охирги марта 2003 йилда борганман. Ўша пайта унинг 2 та эски, шалағи чиққан машинаси бор эди, холос. Фермер хўжалиги борлигини, ҳамма вақт пахта топшириш планини Ўзбекистонда 1-чи бўлиб бажариб келганини эшитганман. Бироқ, 10 та трактор, 5-6 та машина, замонавий қилиб қурилган кўпқаватли уй, 300 қорамол ва ҳ. – битта фермерлик билан шунча бойлик орттиришга жуда ишониш қийин. Айниқса Ўзбекистон шароитида.

Иккинчиси – ўта ғаройиб. Танишимнинг айтишича, Юсуфнинг озод этилиши СНБнинг ташаббуси эмиш. Мен эътироз билдирдим: бу – АҚШ ҳукуматининг ташаббуси, дедим. Рад этди. Унинг далиллари:

1) Юсуф Жумаев катта бойлик йўқотган ва у қўл силтаб кета олмайди, қайтиб олиш учун ҳар қандай йўлдан қайтмайди;

2) бойликни қонуний йўл билан топган эмас ва буни ҳукумат билади;

3) қамоқдан қочган одам қайта судлангандан кейин янги муддатни “от звонка до звонка” ўташи керак, уни эса (5 йиллик муддатни) 3,5 йилда озод этишди;

4) Жумаевлар оиласидан бир эмас, икки одам қочган;

5) танишимнинг ўша пайтда айтишича, Юсуф Жума тез орада ҳукуматнинг заказини бажара бошлар экан ва бу очиқ кўриниб турар экан

Танишимнинг иддаоларини қувватлайдиган томонлар бор.

1) Машраб қочганда Тошкентга келган ва у ердан Қозоғистонга ўтган. Бу ўта мураккаб ва хавфли сафар. Қидирув эълон қилинса, биринчи навбатда милиция ва чегара постларига хабар қилинади. Қочоқ четга чиқиб кетса, бу икки қўриқловчи орган бошлиқлари ишдан кетиши аниқ. Маълум бир пайтгача кузатув ва излаш кучайтирилади. Муборакдан Тошкентгача қўлга тушмасликнинг эҳтимоли ниҳоятда кичик;

2) Юсуф Жума “э-йўқ, бе-йўқ” Ўзбекистон Халқ Ҳаракати раҳбарларига қарши ҳужум бошлади – ҳозирги кунда ҳукуматнинг асосий бошоғриғи айнан ЎХҲ бўлиб тургани учун бўлса керак;

3) Юсуф Жума АҚШга боргандан Жаслиқ қамоқхонасида сақланаётган мусулмонларни нишонга олди, уларни ҳукумат каби “террорист” деб атади – бу бежиз эмас;

4) Қамоқхоналарда ахборот алмашиш, яъни ҳар бир қамоқхонага бошқа қамоқхоналардан маълум миқдорда информация етказиб туриш азалдан бу системада йўлга қўйилган. Табиий у Мамадали Махмудов, Мурод Жўраев, М.С.нинг укалари ва бошқа сиёсий маҳбуслар ҳақида нималарнидир эшитган бўлиши керак, бироқ АҚШга келгач улар ҳақида бирор бир нарса айтмади (ва ҳ.).

Сизга шу хатни ёзаётганимда “Ҳаракат” сайтида Юсуф Жуманинг Номоз Нормўминни ҳақоратлаб ёзган шеъри чиқибди. Уни ўқиб Юсуфдан тамоман ихлосим қайтди. Шоир халқи, айниқса Аллоҳ истеъдод берганлари, бунчалик бўлмаслиги керак. Дадамнинг гаплари бўйича бирор одамни “Ҳе, иймонсиз!” деб сўкиб ҳам бўлмас экан, чунки банданинг иймонли ёки иймонсизлигини Аллоҳ белгилай олар экан, холос.

Қамоқдан илгарими, ёки қамоқда хато йўлга кирганми, ҳар ҳолда Юсуф Жума хато йўлга кирганга ўхшайди. Маънавий покликни моддий манфаатга алмашганларни талай марта кўрганман. Алмашмай қашшоқ ўтиб кетган инсонларни ҳам кўрганман. Шу соф инсонлардан бири менинг қишлоқдошим, оддий ўқитувчи, қалами ўткирлигидан ўнлаб одамларни қамоқхоналардан чиқариб олган Мустафоқул Муқимов эди.

Абдураҳим – маълум одам, унинг кимлигини мен аллақачон тушунганман. Бироқ, Юсуф Жума масаласида тушунишим учун ҳали баъзи нарсаларнинг тагига етишим керак. Шунинг учун Сизга савол бермоқчиман: Юсуф Жуманинг бойликлари ҳақидаги гаплар бор гапми ёки тўқимами?

Тошматбек, жавобингизни кутаман, жавоб бермасангиз хафа бўлмайман. Мен ёзган нарсалар орамизда қолади, деб умид қиламан.

Ҳурмат ила Толиб акаман.

***

Ассалому алайкум ҳурматли Толиб ака!

Авваламбор Сизга улкан соғлик ва оилавий хотиржамлик тилайман.

Мен Юсуф Жума билан унчалик кўп таниш эмасман. Биз бир биримизни ғойибдан билардик. У билан биринчи марта Тошкентдаги “Саёҳат” меҳмонхонасида П.Охунов ташкиллаштирган анжуманда гаплашганман ва ўшандаёқ унда ўта ман-манлик хислати борлигини илғаганман. Ўша йиғинда Сиз ҳам бор эдингиз.

Юсуф Жума қамалганда мен жуда катта изтироб чекканман. У қамоқда эканлигида қанча мурожаатлар бўлса ҳаммасига қўл қўйдим, ўзим бир неча мақолалар эълон қилдим. Юсуф Жума қамоқдан чиқаётганини эшитиб йиғлаганман. У то Америкага келгунича Ж.Маматовга телефон қилиб турдим. У АҚШга етиб келганида у билан бир гаплашиб, кўнгил сўраб қўймоқчи бўлиб, Ж.Маматовдан унинг оиласининг телефон номерини сўрадим. Аммо буни қарангки, Ж.Маматов Ю.Жуманинг АҚШдаги номерини менга бермади. Ж.Маматовга “Нега қизғанасиз?”деган маънода гап қилувдим: “Нима қилай, Юсуфнинг ўзи берма деди, у сизни танимас экан” деган жавоб бўлди. Шу-шу у одам билан муносабатимиз тўхтади.

Биз яшайдиган … шаҳарда Юсуф Жуманинг юртидан жуда кўп одамлар бор. Ҳатто Юсуфнинг фермер хўжалигида ишлаган бир йигитча ҳам бор бу ерда.

Бир куни денг, Толиб ака, бир зўр ҳангома бўлди бу ерда. Ўн- ўн беш чоғли ватандошлар бир ерга тўпланиб ош қилдик. Даврадагилар асосан қоракўлликлар эди. Мен уларга Юсуфнинг “Озодлик”ка (қамоқдан чиққандан сўнг) берган интервьюсини интернетдан топиб эшиттирдим. Биласизми, ҳаммаси роса кулди. “Бу одам ғирт ёлғонларни гапиряпти” деди улар. Уларнинг айтишича Қоракўлда Юсуф Жумага ҳамма шароит қилиб берилган экан. Бир неча юз гектар ер, моллар… хуллас ҳаммаси. 2-3 талаб машиналари ҳам бўлган экан.

Қоракўлликларнинг айтишича, районида ундан зўр “ёзувчи” йўқлиги учун ҳамма ундан қўрқаркан. “Бир прицеп пахта билан планини тўлдирарди, хлоппункдагиларнинг жонини олиб қўйган, даласида қамишдан бошқа нарса ўсмасди” деди уни яхши таниганлар.

Хуллас тушинишимча, у раҳбарлар мендан қўрқаркан деб, охирги йиллари бутунлай ўзидан кетган, раҳбарларни эшикларини тепиб кирадиган бўлган. Кейин уни қамашган…

У бугун энди ўзи билан бирга заҳмат чекиб юрганларнинг ҳам эшикларини тепа бошлади… Хуллас унда на фаросат, на тарбия бор экан…

Хафа бўлманг Толиб ака! Одамни насли тоза бўлмаса, барибир ўша зотига тортаверади… Юсуф Жума ҳақида билганларим шу. Бу гаплар орамизда қолсин албатта.

Саломат бўлинг. Тошматбек. (Тамом).

Хулосалар: (уларнинг бир қисми мен ҳам шу хулосага келган танишимнинг хулосаларидан иборат):

1) Юсуф Жума кўпчиликда шакллангандек, «И.Каримов истибдодига қарши курашувчан одам», деган одам эмас; у – ўз истеъдодидан шахсий манфаати йўлида усталик билан фойдаланиб келган шахсдир; бундай одамлар Ўзбекистонда битта-иккита эмас, етарлича кўп;

2) Юсуф Жума, балки, ўзига ортиқча баҳо бера бошлагани, унда «маҳаллий раҳбарлар мендан қўрқар экан» деган фикр шакллангандан кейин бу йўлга кирганлигининг эҳтимоли катта;

3) У И.Каримовни ит билан тенглаштириб шеърлар ёза бошлагандан кейин биринчи марта 2001 йилда СНБ уни қамади ва унга ЖКнинг 158 ва 159-моддалари бўйича айблар қўймоқчи бўлди, бироқ АҚШ маъмурияти унинг жонига аро кирди, узоқ муддатга қамалишдан олиб қолди (у фақат 71 кун СНБ подвалида ётди); АҚШ маъмуриятининг бу ҳатти-ҳаракати унда ўзига ишончни ва ман-манликни оширди; фикримча, шундан кейин у нафақат шеърлар, балки фош этувчи мақолалар ҳам ёза бошлади; унинг манфаат йўлига ўтишига маҳаллий раҳбарларнинг баъзилари қўрққанидан ундаган бўлиши ҳам мумкин; бир олган одамнинг яна олгиси келаверади ва у касалликка айланади;

4) Олиш касалликка айланса, одам ўзини тўхтатиши қийин; бунда одамнинг психологияси ўзгаради, унда очкўзлик касали ривожланади; акс ҳолда, Юсуф Жумада катта миқдорда пул (тинтувда унинг уйидан 130 миллион сўм олиб кетилган – бу фақат топилгани!),  2-3 қаватли шоҳона уй, 10 та трактор, 5-6 та енгил машина, 300 тача қорамол, юзлаб гектар ер ва ҳ. Бундай бойлик ўз-ўзидан пайдо бўлмайди;

5) Бу бойлик ундан 2007 йил декабрида тортиб олинган, яъни Юсуф Жума салкам 6 йил шантаж билан шуғулланган; бойликдан бир кунда, бирданига айрилган одам чексиз изтиробга тушади; унинг олдида иккита йўл туради: а) тақдирга тан бериш, яъни йўқотилган бойликни унутиш – бу ўта изтиробли йўл; б) тўлиқ ҳукумат томонга ўтиш, яъни бойликни қайтариб олиш эвазига ҳукумат буюрган ишни бекаму-куст бажаришга кафиллик бериш – бу ҳам осон йўл эмас, айниқса виждони тоза одамлар учун, бироқ табиатида очкўзлик шаклланган одам учун бу йўл айни муддао; чамаси, Юсуф Жума иккинчи йўлни танлаган бўлса керак; эътибор қилсангиз, у қамоқдан чиққач, мустабид тузумга эмас, асосан ЎХҲ раҳбарларига ва қамоқдаги мусулмонларга қарши хуруж бошлади – бу ҳукумат заказининг ўзгинасидир;

6) Юсуф Жума беқарор одам экан; буни Сиз мақолангизда бир неча мисолларда кўрсатгансиз; манфаат йўлида бундай одамлар «лик» этиб уёққа, «лик» этиб буёққа ўтаверади;

7) Юсуф Жуманинг оғзи илгари ҳам коски (ҳаром гапларни кўп гапирадиган, ҳақоратни кўп ишлатадиган) эди; қамоқхонада бу «санъати» янада юксалибди;

8) Табиатан унинг болалари отасидан ҳеч қолишмайди, отаси қамоқдалигида Феруза деган қизи ва Алишер деган ўғли отаси ҳақида муттасил ёлғон маълумотлар тарқатиб турди; бироқ кейинги бир йил ичида отаси ҳақида бирор нарса ёзганини мен кўрмадим; менинг тахминим бўйича, бу даврда Юсуф Жума билан СНБ орасида музокара кетаётган бўлиши мумкин.

9) Мен ташкилотимизнинг архивини қайта тартибга солиб чиқдим. Бир факт: мен Юсуф Жума ҳимоясига 50 дан ортиқ мақолалар ва билдиришномалар ёзган эканман. 2001 йил 18 ноябрда Хорватиянинг пойтахти Загребда менга «Тан олиш мукофоти» («Награда признания»)ни бериш маросимида ҳам Юсуф Жума ҳақида гапирган эдим.

10) 2004 йил ноябрида мен Москвада «Россия-Чеченистон дўстлиги жамияти»нинг икки раисдошлари (бири рус аёли, иккинчиси чечен йигит) билан учрашдим. Мен уларга: «Ўзбек шоири Юсуф Жума чечен халқи ҳақида ўлмас шеърлар ёзган, бундай шеърларни чечен шоирлари ҳам ёзмаган бўлса керак» дедим. Улар қизиқиб қолишди. Мен уларга Юсуфнинг шеърларини рус тилига таржима қилиб юборишни ваъда қилдим. Улар Юсуф Жума шеърини ўзларининг газетасида чоп этишларини айтишди. Тошкентга қайтгач, мен бир қанча одамлардан шу шеърларни рус тилига таржима қилиб беришларини илтимос қилдим, бироқ улар қўрқишди. Таржимани ўзим бошладим. Бироқ мен шоир эмасман, ишим жуда оғир кечди. Биргина шеърнинг таржимасини охирига етказа олмадим. Ваъдани бажара олмаганим учун мен ҳозиргача ўша мард одамлар олдида хижолатдаман.

БИРОҚ: Юсуф Жума ўзини бутунлай бошқа қиёфада намоён этди.

Маҳкамжон, бу материал ҳозирча тарқатилмаслиги керак. Бироз кутамиз. Вақти келганда ўзим айтаман.

Ҳурмат ила Толиб акаман

P.S. Қуйида Юсуф Жуманинг ўғлидан келган хатни илова қиляпман:

G’irt bo’xton

Abdurahim Po’latning “Harakat” saytida e’lon qilgan, Yusuf Juma Vashingtonda uchrashuvlar o’tkazdi, muxolifatchilikka da’vo qilayotgan o’zbeklarning uyida bo’ldi”, degan maqolasi haqida.

Abdurahim Po’latning maqolasida aytgan, barcha ma’lumotlari g’irt yolg’on:

1. Yusuf Juma, Vashingtonga faqat shaxsiy ishlari bilan bordi. O’zbekiston va muholifat haqida, hech kim bilan, hech qanday suhbat qilmagan.

2. Yusuf Juma Abdurahim po’latning uyiga, uning ukasi Abdumannop Po’latov vafoti munosabati bilan ta’ziya bildirish uchun borgan xolos. Taziyaga borib ham, tuxmatga qolishini bilganida, hatto ta’ziyaga ham bormagan bo’lardi.

Abdurahim Po’latning maqolasi tuxmatligini, Jahongir Muhammad ham tasdiqlashi shubhasiz. Chunki Yusuf Juma, Jahongir Muhammadning uyida bo’lmagan, hatto Jahongir Muhammadning Yusuf Juma Vashingtonga borganidan xabari ham yo’q.

Abdurahim Po’latning maqolasini o’qigan Yusuf Juma bundan so’ng Abdurahim Po’lat bilan mutlaqo gaplashmasligini, bunday kimsalarning to’yi- oshiga hech qachon bormaganligini, bundan keyin bunday kimsalarning ta’ziyasiga ham bormasligini bildirdi!

O’zini muxolifat peshvosi, deb bilgan, o’zini hammadan dono, deb bilgan, Abdurahim Po’latning bu tubanligidan jirkangan Yusuf Juma, o’zining o’zbekligidan or qilishi to’g’ri ekanligiga yana bir karra amin bo’ldi.

Alisher Yusufjon o’g’li,
12 iyun, 2011

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s