“Халқпарвар” олимлар


Толиб Ёқубов

Қирғизларнинг жанубий Қирғизистонда шу йилнинг июнь ойида маҳаллий ўзбекларга қарши уюштирган қирғини ҳақида “Асосий буюртмачи” номли мақола ёзиб балога қолиб кетдим. Мен ҳозир ҳам ўз фикримда мустаҳкамман: 2005 йилнинг майида кўчага чиққан Андижон халқини қириб ташлаган Ислом Каримов Андижоннинг шундоқ ёнгинасида ўзбекистонлик ўзбеклардан хийла яхши яшаган қирғизистонлик ўзбекларга қақшатғич зарба берилишидан манфаатдор эди ва имконият туғилганда бу зарбани беришга асосий буюртмачилардан бири бўлган. Бу қабиҳ ният амалга ошиши учун унинг махсус хизмати катта жонбозлик кўрсатган.

Мен Ўзбекистон давлат раҳбари ва унинг махсус хизмати идорасига жиддий айб қўймоқдаман ва булар вақт ўтиши билан албатта юзага чиқишига аминман. Шуни таъкидлашим керак-ки, мен ҳеч қачон “У – қанжиқнинг боласи, бироқ у – бизнинг қанжиқнинг боласи” формуласини тан олмаганман.

Мен ўз мақоламга на И.Каримов ва на МХХдан жавоб кутганман, чунки мустабид тузумлар идоралари бундай мақолаларга босиқ, асосланган ва таҳдидсиз раддия келтирмасликларини биламан. Улар бу тилни тушунмайдилар, уларга бу тил ёт. Уларнинг ўзига хос ва мос йўллари бор: бу – муаллиф ёки унинг яқинларига зиён етказиш (ва ҳатто ўлдириш), ёки кимларнидир муаллифга қарши гапиртириш, ёздириш, қайраш ва ҳ.

Биринчи бўлиб тилшунос олим Бахтиёр Исабек ҳужумга ўтдилар. Гаплари кўп ҳам тушунарли бўлмаса-да (ҳарҳолда тилшунослар-да!), бироқ ғазабнокликлари жиддий эканини намойиш қилган ҳолда И.Каримов учун қалқон бўлишга тайёр эканликларини яширмаганлар.

Ҳужумга тарих профессори русзабон Файзулла Исҳоқов ўтганларидан кейин оғир артиллерия ишга тушганини сездим ва этим жунжикди. Мени ҳалқага олабошладилар.

Муҳтарам Бахтиёр Исабек билан бўлган 1-2 ёзишмамиздан кейин мен ўзимнинг нақадар гўллигимни ҳис қилдим. Мен филолог бўлмасам-да, ўзбек тилини бир қадар биламан, деб юрар эдим. Мутлоқ ундай эмас экан. Бахтиёр Исабек тузган жимжимадор, узундан-узоқ жумлаларни тушунишнинг ўзи бир санъат бўлса, уни маъносини сақлаган қисқа ташкил этувчиларга ажратиш ҳам ундан қолишмайдиган санъат бўлиб чиқди.

Ўзларини Турон деб таништирган бир ватандошимиз муҳтарам Бахтиёр Исабек ижодидан завқланиб мана бундай дея ёзибдилар: (Иқтибос):

Муаллиф бир одамни “саводсиз” деб хакорат килиш учун деярли ярим бет келадиган жумла тузибди-я!!! (Иқтибос тугади).

Янги Ўзбекистон тарихида ўзбек тилини “бўйинча” қилиб кийворган олий маълумотли мутахассислар пайдо бўлди. Уларни сиз прокуратура, МХХ, милиция ва суд органларида учрата оласиз. Бунинг учун улар ёзган айблов хулосаси ва ҳукмга ўхшаш ҳужжатларни қўлга олишингиз керак. Бир мисол.

2004 йил мен Зомин тумани прокуратурасида терговчи Янгибоев олиб бораётган жиноий иш материаллари билан танишдим. Бир ҳужжатда БИТТА жумла бир бетдан кўп жойни эгаллабди (онда-сонда вергул қўйилган). Мен уни ташкил этувчи жумлаларга ажратдим: 49 (!!!) та мустақил жумла ҳосил бўлди. Прокуратура терговчиларининг саводи ҳакалаб кетганини билдириш учун ўша ҳужжат ва унинг “расшифровкасини” Бош прокурорга юбордим.
Хаёл қурсин, баъзан ёмон фикрлар ҳам келиб қолади: ўша терговчиларни муҳтарам Бахтиёр Исабек ўқитмаганмикинлар? Ё ўзлари бир муддат прокуратурада ишламаганмикинлар?
Хуллас, шоир айтгандай:
Осон эрмас бу жаҳон ичра турмоқ,
Исабек панжасига панжа урмоқ.

Дарҳақиқат, муҳтарам Бахтиёр Исабекнинг мен ҳақимда ёзганларининг баъзи нуқталарини ҳар қанча тиришсам ҳам тушуна олмадим. Масалан, бул зотнинг: (Иқтибос):
“Шу ўринда мен математика орқасидан нон емаётганимни исботламоқчи эмасманку, лекин Сиз филологияни тўхтатсангиз, оч қолишингизга аминман!” (Тугади)

деганларини мен тушунишга кўп уриндим. Мен Бахтиёр Исабекни математика орқасидан нон емоқда, дея айблаганим йўқ. Бул муҳтарам зот нега бу гапни ёзганлари тамоман тушунарсиз. Бироқ “Сиз филологияни тўхтатсангиз” деган ибора нимани англатиши менга мавҳумлигича қолди. Қизиқ, мен филологияни қандай қилиб тўхтатаман?
Мен филолог эмасман ва у билан шуғулланмайман, дея қайта-қайта ёзганман. “Филологияни тўхтатиш” деган ғализ ибора билан муҳтарам Бахтиёр Исабек филология билан шуғулланишни назарда тутаётган бўлса – адашади.

Оч қолиш масаласи ундан-да мавҳум ва уни қитмирлик учун айтилган гап деб ҳисоблайман.
Муҳтарам олим, мени сиёсий қочқин сифатида қабул қилган Франция ҳукумати, гарчи мен Франция учун бир кун ҳам ишламаган бўлсам-да, мени яхши нафақа, текин тиббий хизмат, текин дори-дармон, яхши квартира ва бошқа имтиёзлар билан таъминлаб қўйган.
Менинг қўли гул ўғлим бор ва у Жиззахда кўзга кўринган автомашина устаси эди. Француздар унинг истеъдодига қойил қолиб, унга ишни ўзлари топиб бердилар. Ўғлим билан синов муддатисиз то пенсияга қадар контракт тузишди. Франция ҳукумати менга 1 (бир) евро бермаганда ҳам ўғлим мени боқиб олишга қодир. Яратганга шукур. Мен эса Сиз ва оилангизга ҳеч қачон оч қолишни ният қилмайман.

Сизнинг гапингиздан сассиқ Михаил Ардзиновнинг бадбўй ҳиди келмақда. У Ўзбекистон МХХ ва Россия ФСБга ишлашини 1998 йили аниқлаган ва одамларга айтган эдим. Бироқ алданган бирликчи ва эркчиларни у орқасидан …дай эргаштириб юрди. Қанчадан-қанча диндорларни МХХга ушлаб берди.

Мана у вазифасини бажариб бўлди ва укасининг олдига Санкт-Петербургга равона бўлди. Ўзбек мухолифати ва ҳуқуқбонлик ҳаракатига у прокуратура, МХХ, милиция ва суд органларига нисбатан кўпроқ зарба берди. У ҳуқуқбонларни бебурд қилиш учун МХХнинг оддий, бироқ самарали усулини қўллар, яъни “фалончи еб кетди, ичиб кетди” деб одамларни ишонтирар эди. Содда, ҳеч нарсадан хабари йўқ одамни энг ишонтирадиган гап ҳам “фалончи фалон доллар пулни еб кетди” деган гапдир.

Михаил Ардзиновнинг яқин шогирдларидан бири сифатида Сиз ҳам, муҳтарам Бахтиёр Исабек, ўша дуторни чалмоқдасиз. Михаил Ардзиновга нисбатан кўпларнинг кўзи очилди, бироқ Сизнинг кўзингиз ҳануз очилмабди.

Жиддий гапга ўтайлик. Сиз асосий мақолангизда мени ўзбек халқининг душмани қилиб кўрсатишга ҳаракат қилгансиз. Гўёки менинг мақоламдан кейин Қирғизистонда ҳар бир ўзбекни Ўзбекистон МХХ жосуси сифатида қарай бошлашади ва баттар уларни исканжага олишади, фикрингизча.

Сизнинг бу гапларингиз менга “Тоҳир ва Зуҳра” асарида айтиладиган: “Тоҳир ва Зуҳра буёғда, шоҳ боғида ўйин-кулгу қилиб юрганда, Қоработир уёқда, сандиқчилар маҳалласига ўт қўйиб юрган эди” гапни эслатди. Ўзбекнинг бошига мислсиз кулфатларни солган, Андижонни шафқатсиз отган, ўнминглаб бегуноҳ одамларни қамоқхоналарда чиритаётган, миллионлаб одамларни иш излаб ватандан чиқиб кетишга мажбур этган, халқ болаларини пахта далаларида қулдай ишлатаётган, маориф ва фанни оёқости қилган одам Ислом Каримов ва унинг тузуми эканини фақат кўр ва кар ёки ақли заиф одам билмаслиги мумкин.

Қилғилиқни қилганлар буёқда ўйин-кулгу қилиб юришибди, Сиз эса қанжиқнинг боласини ўз номи билан қанжиқнинг боласи деб атаганим учун менга осилаяпсиз!

Сиз Андижон қатлиомида ҳам қотилни қотил деганингизни мен эшитмаганман. Бу сафар ҳам қирғизистонлик ўзбеклар ҳимоясига жўяли бир нарса ёзмадингиз. Сизни халқпарвар, ўзбекпарвар дейишимиз учун бирор асосингиз борми? Ўзбек филологиясида нақадар маёқ эканингизни ёзганларингиздан кўрдик.

Менинг “Асосий буюртмачи” (“Главный заказчик”) мақоламдаги иддаолар аста-секин юзага чиқабошлади ва вақт ўтиши билан ўзининг тўлиқ тасдиғини топади, иншаАллоҳ.

И.Каримов Роза Ўтунбаевани туғилган куни билан табриклагани Сизга бирор нарсани англатдими? Нега қирғизлар бир тутам бўлишига, иқтисоди, 8.000 аскар, 2 та ҳарбий вертолет ва бирнеча БТРга эга бўлган армияси “ана ўлди, мана ўлди” даражасида бўлишига қарамай Ислом Каримовдан қўрқмайди?

БИЗ ИСЛОМ КАРИМОВДАН ҚЎРҚАМИЗ. 1996 йили Ўзбекистон Инсон Ҳуқуқлари Жамиятига Жиззах вилоятида яшовчи бир туркманнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга тўғри келди. Ҳеч кими йўқ, бутунлай ташлаб қўйилган бу инсон яшаган кулба атрофида, бир километр радиусли доира ичида бирор одам яшамас эди. Ўз вақтида Красноводскдаги дарё ва денгиз кемалари штурманлари мактабини битирган, рус тилини мукаммал билган, собиқ СССРнинг кўп минтақаларида ишлаган бу одам ойлаб иссиқ овқат кўрмас экан.

Мен Боймуҳаммад Шовалиев масаласида вилоят ҳокими Шавкат Мирзиёевга учрашдим. Вилоят ижтимоий таъминот бўлими Шовалиевга 850 сўм пенсия ва бир қатор имтиёзлар белгилади. Бироқ бу марҳамат нари борса 4 ойга чўзилди, холос.

Шовалиев ўз юртига кетишни орзу қилар эди. Шунинг учун мен Туркманистоннинг Тошкентдаги элчихонасига қатнай бошладим. Элчи Пирмуҳаммад Султонов (ёки Султон Пирмуҳаммедов – эсимда йўқ)нинг кабинетида уч марта Шовалиев масаласида сўҳбатлашганман. Учинчи марта у бор гапни айтди-қўйди: “Жаноб Якубов, мен сизга очиқ гапираман, биз Ислом Каримовдан қўрқамиз. Биз уни ғазаблантириб қўйишдан қўрқамиз”.

Бу гапни кўчада юрган содда бир туркман эмас, давлат элчиси айтди менга. Энди Туркманистон ва Қирғизистонни таққосланг. Аҳолиси деярли тенг, бироқ бошқа барча асосий параметрлар, айниқса иқтисод бўйича Туркманистон Қирғизистондан ер билан осмонча фарқ қилади. Туркманистон фойдасига, албатта.

Бироқ, Туркманистон И.Каримовдан қўрқади! Қирғизистон эса И.Каримовдан заррача қўрқмай ўзбекларни қирмоқда! Парадокс! Аслини олганда ҳеч қандай парадокс йўқ: қирғизлар И.Каримовда ўзбекларга нисбатан нафрат борлигини яхши биладилар. Андижон воқеалари қирғизларга буни бор бўйича кўрсатди.

Ўзбекистон ўзбеклари ҳам, қирғизистонлик ўзбеклар ҳам И.Каримов салоҳиятга келгандан бери унинг махсус хизмати найрангларига алданиб келмоқда. “Бирлик” ҳам алданди, “Эрк” ҳам алданди, 1999 йилги портлашлари бўйича ҳам диндорлар алданди, 2005 йил андижонлилар алдандилар ва ниҳоят 2010 йилда Ўш ва Жалолободдаги ўзбеклар алдандилар. Ҳаммасини санаб чиқиш қийин.

Мени сўкишдан тўхтаб дам олаётганингизда И.Каримов атрофига бир назар ташланг. У ўзига кимларни яқинлаштирган, кимлар махсус хизматларни бошқармоқда, кимлар давлатнинг асосий бўғинларини эгаллаган?

Зора кўзингиз очилса!

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s