Абдураҳим ПЎЛАТОВ нега ҚОПИБ ГАПИРАДИ? (2-қисм)


Толиб Ёқубов

Муҳаммад Солиҳ, Бахтиёр ва мен, шўрликлар, Васила Иноятова ва унинг ҳамма вақт оғзидан мағзава оқиб турадиган «шефи» билан бирга бўлиш керак эканлигини қайдан билибмиз? Мен, хусусан, ўзимнинг мустақил дунёқарашим, фикрим ва эрким бор, деб ўйлаб, мени Вашингтонда ҳақорат қилганда «тарихий шахс»дан юз ўгирган эдим. Бунда менинг мантиғим бўшлик қилди, чамаси: мен, эси паст, «у менга ота бўлмаса, ака бўлмаса, тоға бўлмаса, мени ҳақорат қилишга қандай ҳаққи бор?», – деб ўйлабман! Эҳ, шу қалтис ишим учун куёвим қамалишини билганимда, «Бирлик» раиси устимдан «а» қилиб юборганда ҳам ЎБХҲдан кетмас эдим! 1989-91 йилларда кўпгина  йирик олимлар ва бошқа зиёлилар Абдураҳим Пўлатовнинг ҳақоратлари ва ёқабуғишлари [1989 йили у Ёзувчилар уюшмаси биносида уюшма раҳбари шоир Жамол Камолнинг ёқасидан олиб, отаси қолмай, онаси қолмай ҳақорат қилганини ўз кўзим билан кўрганман; шундан сўнг Жамол Камол тиш-тирноғи билан «Бирлик»ка қарши позицияга ўтди] туфайли «Бирлик»ни тарк этган эди. У бечораларнинг тақдири нима бўлдийкин? Уларнинг ё ўзлари, ё болалари ва ё ака-укалари қамалиб кетгандир-ов?!

Бизни Ислом Каримов ҳам, Абдураҳим Пўлатов ҳам «хоин» дейди. Ишонмасангиз Ўзбекистон газеталарини ўқинг ва телекўрсатувларини кўринг, Абдураҳим Пўлатовнинг эса «Ҳаракат» сайтини очинг. «Чапаев» кинофильмида бир бечора қорни оч ўрис: «К белым пойдёшь – бьют, к красным пойдёшь – тоже бьют!» деганидек, биз «қорни тўймаслар» энди қаёққа борамиз? «Қорни тўймаслар» кимлар экан, деб ажабланманг. Тушунмаганлар диққатига етказмоқчман-ки, бундан олдинги жумладаги «қорни тўймаслар» иборасини Абдураҳим Пўлатовнинг ёзишича [қаранг: «Ҳаракат», 09.08.2008] Васила Иноятова ўзбек мухолифати ва ҳуқуқбонлик ташкилотларининг «турли нарсаларни баҳона қилиб» Ўзбекистондан ташқарига чиқиб кетган вакилларига нисбатан айтган экан. Шу жойда мен ўзимга-ўзим савол бердим: «Мен 2006 йили қорним тўймаслигидан ватандан Европага чиқиб кетган эканман, мендан 14 йил илгари Ўзбекистонни аввал Туркия, сўнгра жаннатмакон АҚШга алмаштирган Абдураҳим Пўлатов у ёқларга қорни тўймаслиги учун чиқиб кетганми ёки қорни ҳамиша тўқ бўлганлигиданми?». Акасининг орқасидан жўнаган Абдуманноб Пўлатов қорни тўймасмиди ўша вақтда ёки хирсдай тўқмиди? Турли йилларда ватанни тарк этишга мажбур бўлган Мадамин Нарзиқулов, Сулаймон Муродов (икковларини ҳам Аллоҳ раҳмат қилсин), Анвар Усмонов, Ҳазратқул Худойбердиев, Баҳром Ҳамроев, Исмоил Дадажонов, Абдулла Абдураззоқов, Алибой Йўляхшиев, Сафар Бекжон, Собитхон Устабоев, Собир Тўлаганов ва бошқа талай ватандошларимизни қандай ажратиб оламиз: қайсиси қорни тўймаслар гуруҳига киради, қайсиси қорни тўқларга? Критерияси қанақа? Қорни Абдуманноб Пўлатовникидек пуч бўлса – биринчи гуруҳга, қорни Васила Иноятованики каби тоғорадай бўлса – иккинчисига кирадими? Балки 1-гуруҳга «тарихий шахс»нинг одамларга илаётган бебурд  ёрлиқ ва айбловлари, разил ҳақоратлари ва бу билан заиф ва тарқоқ мухолифатни янада пароканда қилаётганига қарши чиққан одамлар киради-ю, 2-нчисига эса ҳукумат охуридан ем еяётганлар кирар? Қандай ажратамиз? Ҳозирча бизга қорни ҳамма вақт тўйиб юрган, эртага болаларимни қандай боқаман, деган муаммо ҳеч қачон бошига тушмаган икки одам маълум: булар – Васила Иноятова [чет элга чиқиб кетганларни «қорни тўймаслар» дея атаган бу хоним мантиғидан ўзи ҳамиша қорни тўқ бўлганлиги келиб чиқади ва бунга кўпчилик ажабланмайди] ва унинг иддаосини қўллаб-қувватлаётган Абдураҳим Пўлатовдир. Буерда «шеф»га нисбатан бироз қарама-қаршилик мавжуд: чет элларга чиқиб кетганларни «қорни тўймаслар» дея Васила Иноятова ўзи билар-билмас Абдураҳим Пўлатовга ҳам «ақлинг бўлса англаб ол» дегандай ишора қилади. Мен эса (мендан бошқалар ҳам) «Абдураҳим Пўлатов Ўзбекистондаги репрессив давлат сиёсати туфайли ватандан чиқиб кетишга мажбур бўлди» – дея кўпгина  мақолаларимда ёзиб, талай халқаро конференцияларда гапириб юрган эканман!. Ўзининг ўнг қўлининг гапи бўйича у «қорни тўймас» бўлганлиги учун у-буни баҳона қилиб чет элга чиқиб кетган экан! Унинг ҳаммадан илгари ватандан чиқиб кетганини ҳисобга олинса, сўзсиз у «қорни тўймаслар»нинг отасидир. Аллоҳ бундай «ота» ва «она»дан ўзи асрасин!

Жирканч башаралар, тфу!!! Бу маразликларни очиш ва кўрсатиш учун мен ўзимни уларнинг даражасига туширишга катта қийинчилик билан мажбур қилдим. Нақадар инсон зеҳнини чарчатадиган, вақтни мутлақо беҳуда кетказадиган иш, бу.

Иғвогар Абдураҳим Пўлатов буни яхши билади ва шу сабабли изчиллик билан ўз сайтини турли иғво, тўҳмат, ёрлиқлар билан тўлдириб боради. У ҳатто қамоқда ётган шоир Юсуф Жуманинг ўғли Бобурнинг:  «Дадамга ёрдам беринг» – дея илтижо қилиб ёзган хатига берган жавобида ҳам ўзини одамларга иғво қилишдан ва уларга ёрлиқ осишдан тия олмаган. Бу одамда кўп сиёсий лидерларга хос бўлган бағрикенглик, ўз партияси аъзолари ва хайрихоҳларини эъзозлаш, сақлаш, уларнинг мусибатли ва қувончли кунларига шерик бўлиш, мухолифатнинг бошқа буғинларини тушунишга ва уларни ҳурматлашга ҳаракат қилиш хислатларини ҳар қанча изласангиз ҳам топа олмайсиз. Ажабо, Ислом Каримов ва Абдураҳим Пўлатов бу борада худди Ҳасан ва Ҳусандай бир-бирига ўхшайди-я!. Одатда, ҳокимиятга келган бундай одамлар авторитар режимдан бошқа нарса барпо эта олмайди.

Дарвоқе, Васила Иноятованинг чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлганларга муносабати бу ёрлиқ билан тугамайди. 2007 йил 18 март куни ЦентрАзия сайтида менинг «Постоянный скандальный фон среди оппозиции и правозащитного движения Узбекистана» номли мақолам чоп этилгач, Абдураҳим Пўлатов ва Васила Иноятоваларнинг жазаваси осмонга чиқди. Улар менга қарши дезинформацияга тўла бир неча мақолалар ёздилар. Васила Иноятова менинг мақоламда унга қўйилган жиддий айбларнинг бирортасини, хусусан, 2005 йил 30-инчи майдан 31 га ўтар кечаси Андижон қирғинига қарши уюштирилиши мўлжалланган (эълон қилинган ягонагина, бироқ ўтказилмаган) «Бирлик»нинг митингида иштирок этиш учун Тошкентга Фарғона водийсидан келган 12-13 одамни акасининг ҳовлисида спецназ гурухига топшириб юборганлиги фактини ҳам инкор эта олмади. Ўз кирдикорларини яшириш ва одамларни лақиллатишнинг энг яхши воситаси бўлган «Энг яхши ҳимоя – ҳужум» деган принципдан келиб чиқиб, у ЎИҲЖнинг чет элда яшаётган аъзоларига мен ҳақимда турли бўҳтон гапларни ёза бошлади. Хусусан, у Швецияда яшаётган ЎИҲЖ аъзоси Тўлқин Қараевга ёзган хатида чет элга чиқиб кетганларни «ватангадолар» – деб атаган. Нега мен бу нарсаларни эслаяпман? Шунинг учун-ки, бу хоним «ватангадо» ёрлиғи ўзининг «шеф»ига ҳам тегишли эканини ё англаб ҳам кўрмаган, ёки киши билмас уни «шефи»га ҳам осаётганга ўхшайди. Унинг ва Абдураҳим Пўлатовнинг чет элга чиқиб кетган мухолифат ва ҳуқуқбонлик ташкилотлари вакилларига осаётган «хоин», «қорни тўймаслар» ва «ватангадолар» каби ёрлиқларини ўз вақтида коммунистик режим ҳам четда туриб бу режимга қарши кураш олиб борганларга нисбатан кенг қўллаган бўлса, ундан кейин Ислом Каримов режими эстафета таёқчасини олдинги режимдан икки қўллаб қабул қилиб олди. Ўз вақтида Абдураҳим Пўлатов ҳам эътиқодли коммунист бўлгани ҳали эсимиздан чиққанича йўқ. «Ҳамма нима билан, у Ҳалиманинг а… билан» деганларидек, 1989 йили ҳамма ўзбек тилига давлат тили мақомини олиб бериш, мустақиллик, эркинлик учун курашаётган бир пайтда Абдураҳим Пўлатов компартия билетини қайтиб олиш учун одамларни митингга олиб чиққани бежиз бўлмаган, албатта. У билан мулоқот қилган одам унда бошқалар фикрига нисбатан коммунистик чидамсизлик бисёр эканини сезмай қолмайди. Унинг лексиконида соф коммунистик иборалар кўп учрайди: «сафларимизни текислаймиз», «сафларимизни тозалаймиз», «душманларимизнинг овозини ўчирамиз»… Ислом  Каримов ҳам шу ибораларни қўллаб, шу руҳда гапириб келмоқда. Коммунистик режим Александр Солженицин овозини ўчира олмади, аксинча, унинг асарлари бу тузумга гўр қазиди.

Табиий савол туғилади: Абдураҳим Пўлатов

– партия сафларини конкрет кимдан тозаламоқчи?

– кимларнинг овозини ўчирмоқчи ва қандай усуллар билан ўчирмоқчи?

Мен бу саволлар устида кўп ўйладим ва уларни тахлил қилдим. Биринчи саволни олайлик. Гап, чамаси, «Бирлик»нинг чет элларда яшовчи аъзолари ҳақида кетмоқда. Сабабини қуйироқда айтаман. Коммунистик раҳбарлар ўз сафларини тозалаганларида коммунистни ё партиядан ўчириб, уни жамиятнинг энг обрўсиз аъзосига айлантиришга ҳаракат қилишган, ё қамашган, ёки ўлдириб юборганлар. Бундан улар бошқа коммунистларни қўрқувга солиш, уларни коммунистик ғоя ва бошқарувга тобе қилиш мақсадини кўзлаганлар. Абдураҳим Пўлатов учун жиловини унга тутқазишни истамаган бирликчиларни партия сафидан чиқариш ягона йўлдир, чунки у уларни жамият ичида обрўсизлантира олмайди, қамата олмайди ёки ўлдириб юбора олмайди. Буни у Ўзбекистонда Ислом Каримов қўли билан қилиши мумкин, холос. Ислом Каримов Аҳмадхон Тўрахонов, Жўрахон Азимов, Шавриқ Рўзимуродов ва бошқа ўнлаб бирликчиларни ўлдириб, юзлабини қамаб, ўн минглаб, балки юз минглабини эса сиқув-қатағон ила «Бирлик»дан бездириб, бир марта Абдураҳим Пўлатовга, у чет элларда оромбахш ҳаёт кечириб юрганда, «Бирлик» халқ ҳаракатини жудаям «тозалаб» берган. Партиядан ўчириш қийин иш эмас ва унинг учун йиллар ўтиши шарт эмас. Бироқ, у чет элда «Биолик»ни кимлардан тозаламоқчи? «Эрк» ва «Озод деҳқонлар» партиялари, Демократик Ўзбекистон Конгресси, «Бирдамлик» халқ ҳаракати, ЎИҲЖ, «Мазлум» ташкилотлари [бошқа ҳуқуқбонлик ташкилотларидан чет элга чиқиб кетган вакиллар, билишимча, икки-учта, холос] вакиллари «Бирлик» партиясига алоқаси йўқ. Агар чет элларда минглаб, ёки ҳеч бўлмаганда юзлаб бирликчилар бўлганда эди, у ҳолда «Бирлик» сафида коммунистик «чистка», яъни, Абдураҳим Пўлатов айтганидек, «сафларни текислаш ва тозалаш»ни ўтказиш ҳақида гапириш мумкин эди. Менинг билишимча, ҳозир партиядан Исмоил Дадажоновни чиқариш ҳақида гап-сўз юрибди, холос. Бунинг учун ноғора чалиш ва коммунистик иборани қўллаб чираниш шарт бўлмаса керак?

Абдураҳим Пўлатов юрт ичида ҳам «текислаш ва тозалаш» тадбирларини ўтказа олмайди. Нега? У: «Бирлик» партияси Ўзбекистонда энг салоҳиятли ягона сиёсий  кучдир» – дея ҳар қанча чиранмасин, бу «куч» 2003-04 йилларда қандай тўпланганлигини кўпчилик яхши билади. Шу давр ичида партияга камида икки марта «аъзо» тўплаш жараёни кечди. Ўйлайман-ки, бу жараённи ҳукумат ҳам яхши кузатиб борган. Аъзолар «пуллик» бўлди, яъни бўлажак «аъзо»ларга 20000 сўмдан пул улашилиб партияга жалб қилинган. ЎБХҲга 1989 йилда пул бериб аъзо тўпланган эмас эди. ЎБХҲга аъзо бўлиш учун одамлар мамдакатнинг энг узоқ ҳудудларидан ўз ёнидан пул сарфлаб Тошкентга келишганларини мен яхши эслайман. Партияга эътиқоди билан кирган одамлар сони «пуллик» эътиқодсизлар сонидан салмоқли кўп бўлгандагина, бундай ташкилот ҳақиқий сиёсий кучга айланиши мумкин. Ўзбекистон шароитида пулга ташкил қилинган сиёсий (!!!) партиянинг умри бир кунлик капалакникидай бўлиши муқаррар, – бугун бор, эртага йўқ. Ўзбекистонда ҳозирги реаллик  фақат ҳукуматнинг тўлиқ назоратида бўлган сиёсий партия тузиш мумкинлигидадир. Ҳақиқий мухолиф позицияда туриб фаолият олиб борадиган партияга заррача йўл берадиган Каримов – Каримов эмас. «Ҳукумат «Бирлик», «Эрк» ва «Озод деҳқонлар» партиялари ҳақида гапирадими?» – деб сизга таниш бўлган ва ҳеч бўлмаганда озгина очилиб гапирадиган милиция ходимидан сўраб кўринг қани, у нима дер экан? ЎБХҲ Ислом Каримовнинг ўтакасини ёрган шиддатли 89-чи йил унинг миясида ўчмас из қолдирган ва у яна бир марта «Бирлик» билан юзма-юз келишга йўл қўймайди. Ҳозирги реаллик ана шундай.

Мен бу гапларни заҳархандалик билан ёки одамлар кўнглига ғулғула солиш учун ёзаётганим йўқ. Мен қачондир ўзбек мухолифати бир ёқадан бош чиқариб ёвуз тузумга қарши курашиш йўлига ўтишига ишонаман, бироқ бу кураш иғвогар Абдураҳим Пўлатовсиз ва унинг чириган ва сассиқ методларисиз олиб борилиши лозим.

Энди Абдураҳим Пўлатовнинг иккинчи даъвосига [юқорида келтирилган (а) га қаранг], яъни, масалан «сен «Бирлик»дан чиқиб кетиб, Ислом Каримов режимини мустаҳкамланишига ҳисса қўшдинг» деган даъвосига эътиборни қаратайлик. Назаримда, у бу нарсани ёзаётганда, кайф аралаш мени 1989-90 йилларда «Бирлик» лидерларидан бири Аҳмад Аъзам билан алмаштириб юборганга ўхшайди. Менинг математиклигимни билса-да, балки мени бирликчи-шоир Эркин Воҳидов билан алмаштирвордимикин? Кайф аралаш одам нималар демайди ва қилмайди?! Ислом Каримов режими мени 1998 йил мартида судлаб, бир йилга озодликдан маҳрум қилган (амнистия туфайли суд залида озод этилганман), ўнлаб марта (2, 3, 10 суткаларга) қамаган, мени терроризмда айбламоқчи бўлиб, 1999 йил 10 март куни 300 дан ортиқ, ваҳҳобийликда айбламоқчи бўлиб, 2004 йили 7 декабрь куни 250 дан ортиқ одам иштирокида устимдан Линч суди (жамоатчилик сазойиси) ўтказди, мен ва ЎИҲЖ аъзолари ўнлаб пикетларда наркоман ва алкашлар,  фоҳиша аёллар ва коллеж ўқувчилари тўдалари томонидан калтакландик. Аҳмад Аъзам ва Эркин Воҳидовлар эса қамоқхона эшиги олдига ҳам борган эмас. Хўш, Абдураҳим Пўлатов «Аҳмад Аъзам ва Эркин Воҳидов «Бирлик»ни ташлаб кетиб, Ислом Каримов режимини мустаҳкамладилар» деб бирор жойда ёздими? Абдураҳим Пўлатов бундай бирликчиларни қоралаганини ва улар Ислом Каримов режимининг мустаҳкамланишига ўз ҳиссаларини қўшди, деб ёзганини, масалан, мен кўрмадим.

Абдураҳим Пўлатов Ўзбекистонни тарк этган пайтда «Бирлик»нинг адашмасам 51 МК ва улар орасида 11 (ёки 13?) МК Ҳайъати аъзоси бор эди. Қани улар? Уларнинг камида 30-35 ининг 1993 йилдан бери, баъзиларини  баъзан «ош»да  учратиб қолишимизни ҳисобга олмаганда, овози чиққанини мен эшитмаганман. Аммо бизнинг шаввоз Абдураҳим Пўлатов курашни (сиёсий ёки ҳуқуқбонлик жабҳаларида) ҳеч қачон тўхтатмаган сафдошларини хоин деб атамоқда ва Ислом Каримов режимини мустаҳкамлашда айбламоқда. Мен ЎБХҲнинг 1989 йилдаги юз минглаб аъзолари ҳақида гапириб ўтирмайман – уларнинг ҳаммаси аллақачон «Бирлик»ни унутиб бўлган. Мен «Бирлик»ни унутмаган, унга содиқ қолиб, оғир (иқтисодий ва репрессив) шароитда қўлидан келгунча иш олиб борган одамларни қорни тўқ Абдураҳим Пўлатов Туркия ва кейин АҚШдан туриб астойдил, мунтазам ва ишнинг кўзини билган ҳолда пароканда қилишга ҳаракат қилиб келмоқда, дея иккиланмасдан айта оламан. Мана бир мисол.

ЎИҲЖ Котибияти аъзоси, 1992 йилгача Ядро физикаси институтида илмий ходим бўлиб ишлаган, физика-математика фанлари номзоди Абдужалил Бойматов 1989-92 йилларда мазкур институтда «Бирлик»нинг жонбозларидан бири эди. Ҳаёт қийинчиликлари уни вақтинча сиёсий фаолиятдан четлашиб (ўша пайтда бундай қийинчиликлар юз минглаб одамлар бошига тушди) бизнес билан шуғулланишга мажбур этди. 2003-чи йилга келиб оиласи оёққа тургач, у яна сиёсий фаолиятга қайтмоқчи бўлиб Абдураҳим Пўлатовнинг ўнг қўли олдига борган, бироқ ундан телба-тескари гапларни эшитгач, ҳафсаласи пир бўлиб, ЎИҲЖда фаолият юргиза бошлади. Абдураҳим Пўлатов 1989-92 йилларда Абдужалилни жуда яхши билар эди. Абдужалил 2003 йилдан бошлаб ЎИҲЖ фаолиятида сезиларли ишлар олиб бора бошлади. У ЎИҲЖнинг пикетлар ҳаракатида фаол иштирок этди, 2003 (Тошкент) ва 2004 (Лондон) йилларда Европа қайта қуриш ва ривожланиш банки директорларининг йиллик кенгашларида иштирок этиб, уларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари вазиятини ёритувчи мазмунли маърузалар қилди. У 2004 йилдан 2006 йилнинг ўрталари оралиғида мунтазам кузатув остида юрди, бир неча марта судларга  тортилди ва уй қамоғига ташланди. 2006 йил июнида унга қарши жиноий иш қўзғатиш ҳаракати бошланди. Уни Дублин (Ирландия)даги «Фронт Лайн» номли ҳуқуқбонларни ҳимоя қилувчи халқаро фонд 6 ойлик (01.09.2006 – 29.02.2007) ҳуқуқбонлар ўқишига таклиф қилган эди. Абдужалил устидан жиноий иш қўзғатилаётганидан хабар топган «ФЛ» раҳбарияти уни 1 ой илгари Дублинга чақирди. У пайтга қадар ЎИҲЖнинг 11 аъзоси қамоқда эди. Буни билган «ФЛ» раҳбарияти Абдужалилнинг ўқиши тугагач, унга Ирландия ҳукуматидан сиёсий бошпана сўрашни маслаҳат беришди. Биз фахрланадиган Абдужалил Бойматов ҳақида Абдураҳим Пўлатов яқинда, 9 июль куни, ўз сайтида қуйидагича ёзди (унинг сафсатасини тўлиқ келтирамиз):

«Ҳозир Ирландияда яшаётганини айтаётган қандайдир ўзбек ҳимоячиси Абдужалил Бойматов ўзи нима қилаётганини тушунишига шубҳамиз бор. Манa бир неча ойдан, балки йилдан бери у Ирландияда ўтириб олиб ҳаммани қандайдир “Фронт Лайн” ташкилоти номидан Ўзбекистон ҳукуматига босим ўтказиш учун чақириш билан овора. Бир қарашдан савобли иш қилинаётгандек.
Аммо, “Бирлик” Партияси қайта-қайта гапираётганидек, тарих тажрибаси диктаторларга ташқи босим ўтказиб, демократик ўзгаришларга эришиш бефойда эканлигини кўрсатиб бўлди. Диктатураларни демократик дунёга интеграция қилиш, бир қарашда қанчалик мантиқсиз бўлмасин, чиройли политехнолигия эканлигини Ўзбекистон мисолида яна бир марта кўрдик. Аввал Европа Иттифоқи ва энди АҚШ “Бирлик” таклифлари йўналишида иш олиб боришга ўтишгач, Ўзбекистонда сиёсий муҳитни анчагина юмшатди. Бир қатор ҳуқуқ ҳимоячилари озод қилинди.
Тўғри, Ўзбекистон ҳукумати ҳам ўзига яраша ақлли политтехнологиялар олиб бормоқда. Ҳукумат шундай одамларни қамоқдан чиқардики, сиёсий муҳит юмшаган бўлса ҳам, жиддий ўзгаришлар бўлмади. Ўзгаришлар бўлиши учун эса, биринчи навбатда, сиёсий маҳбуслар озод қилиниши керак, Пўлат Охун масаласи бўйича “Бирлик” таклиф қилган ишлар амалга оширилиши керак.
Агар ўзбек ҳуқуқ ҳимоячилари ўз мамлакатларида ҳақиқий ўзгаришлар бўлишини исташса, “Бирлик”нинг таклиф ва талабларини қўллаб-қувватлаш йўлига ўтишдан бошқа иложлари йўқ. Барибир ўтишади, аммо, қанчалик тез ўтишса, миллат ва мамлакатимиз учун шунчалик фойда бўлади.
Энди Абдужалил Бойматовга қайтсак. У бугун Мўътабар Тожибоева Ўзбекистонда касаллигига адекват шаклда даволанмаётганини ёзиб, навбатдаги дод-войини солибди, шу масала бўйича ҳаммани Ўзбекистон президентига хат йўллашга чақирибди. Ёпирай, бирданига ҳамма Ислом Каримга хат ёзишга бошласа ва у ҳам тўлқинланиб кетиб, Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бошлаб юборса-я!
У бола хат тарқатишдан олдин ўйлармикан, ким ўзи Ўзбекистонда касалига адекват даволанмоқда? Ўзбекистонда шунга яраша медицина хизмати борми ўзи? Иқтисоди барбод бўлган ўлкада медицина ҳам ўша аҳволда-ку. Бор имкниятлар ҳам пули борларга берилган. Соғлиғи яхши бўлмаган ҳуқуқ ҳимоячисига озгина пул юборилса, у тезда даволанадиган жойни ўзи ҳам тополади.
Тўғри, фақат бу ҳуқуқ ҳимоячиси эмас, юз минглаб ўзбеклар шу аҳволда. Уларнинг ҳаммасига чет элга келиб олган ҳуқуқ ҳимоячилари моддий ёрдам беролмайдилар. Демак, муаммони тўла ҳал қиладиган йўллар устида ишлаш керак.
Хуллас, демоқчимизки, ақли расо одам мамлакатимиздаги умумий аҳвол, хусусан, медициананинг аҳволини ўйлаши керак. Ўзбекистонда тубдан сиёсий-иқтисодий ислоҳотлар қилинмаса, медицина соҳасидаги аҳвол ҳам ўзгармаслигини тушуниш керак. Ҳуқуқ ҳимочиларимиз буни тушуниб етишган дақиқадан бошлаб, асосий урғуни демократик ўзгаришлар, мухолифатни тан олиш ва сиёсий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш каби масалаларга ўтказишлари керак.
“Бирлик” ва бирликчи ҳуқуқ ҳимоячилар доим шундай қилиб келганлар ва шу йўлда давом этадилар. Уларнинг саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекистонда барибир ўзгаришлар бўлади.
Бирликчиларнинг курашини томошабин бўлиб кузатишдан нарига ўтолмаётган Абдужалил Бойматов каби “ҳуқуқ ҳимоячилари” эса, бир халқнинг мақолида айтилганидек, сувни ҳовончада толқон қилиш билан оворалар. Ирландияда яшаш ва сувни толқон қилиш билан ҳаёт кечириш, агар бу – ҳаёт бўлса, албатта, ҳаммага ҳам берилавермайдиган бахт. Қандингни ур, э кечирасиз, бахтингни ур Бойжалил!
Дарвоқе, Европа Иттифоқи “Бирлик”нинг эмас, Европа оромгоҳларига жойлашиб олган ўзбек мухолифатчиларию ҳуқуқ ҳимоячиларининг талаблари йўналишида иш олиб борса эди, Мўътабар Тожибоева ҳали ҳам қамоқда ўтирган бўларди. Буни ҳам унутмайлик».

Javob berish

Fill in your details below or click an icon to log in:

WordPress.com Logo

You are commenting using your WordPress.com account. Log Out /  Изменить )

Google+ photo

You are commenting using your Google+ account. Log Out /  Изменить )

Twitter picture

You are commenting using your Twitter account. Log Out /  Изменить )

Facebook photo

You are commenting using your Facebook account. Log Out /  Изменить )

Connecting to %s